Қайднома

Қидирув

Футбол ва оила: Бир муҳаббат тарихи

Футбол ва оила: Бир муҳаббат тарихи

  30.04.2021 04:19
  0
  291
Футбол ва оила: Бир муҳаббат тарихи

Ўз вақтида АПЛ ҳакамлари орасида афсонага айланган Говард Уэббни яхши эсласангиз керак: лигадаги ўн йилдан ортиқ давом этган фаолият, Чемпионлар Лигаси ва жаҳон чемпионати финаллари, «МЮ» билан дўстона алоқалари ҳақидаги миллионлаб ҳазиллар ва авваллари полицияда ишлаган тақирбош амаки сиймоси. Бибиана Штайнхаус тўғрисида ҳам етарлича маълумотга эгадирсиз, ҳойнаҳой: Бундеслигадаги илк аёл ҳакам, эркаклар футболида аёлларнинг ҳакамлик қилиши шов-шувли тарзда қабул қилинган даврнинг муҳим тимсолларидан бири. Мана, шу икковлон турмуш қуришди!

Буни Бибиана Штайнхаус Германиянинг Bild нашрига берган интервьюсида тасдиқлади: «Халқаро танаффус пайти турмуш қурдик, жудаям бахтиёрмиз. Афсуски, коронавирус сабаб тўй маросими меҳмонларсиз, гувоҳларсиз ўтди, шу боис, Говард билан ушбу муҳим қадамни бирга қўйдик».

Ҳакамлар курсидаги танишув ва ажрим

2014 йил. Рим. ФИФА ҳакамлар малакасини ошириш бўйича курс ташкил этди. У ерда Штайнхаус илк бор Уэбб билан учрашди. «У билан меҳмонхона залида танишгандик. «Салом, Биби. Менинг исмим Говард», деди. Бироз уялдим, бир амаллаб уни танишимни билдирдим. Ўша ҳолатда ўзимни йўқотиб қўйганимдан, ортиқча бирор сўз айтолмагандим».

Кейинчалик Уэбб Англия федерациясидаги иш бўйича Германияга меҳнат таътили уюштириб, бир неча марта Штайнхуснинг Ганновердаги уйига меҳмонга борди. Шундай учрашувларнинг бирида Говард анча ушланиб қолгани сабабли, сал қолса, Саудия Арабистонига (яна иш бўйича) учадиган самолётга кечикаёзди. Ўшанда мазкур воқеа ҳақида гапириб берганди: «Кечки овқатдан кейин Бибига нисбатан туйғуларим анча жиддий эканлигини ҳис қилдим. Уни ёқтириб қолгандим. Бу оддий яхши кўриш эмасди».

Уэбб ва Штайнхаус хуфёна учрашиб юришди. Бибиана атайин Англияга бормади, Говарднинг рафиқаси Кейга тўқнаш келишни, маҳаллий матбуотчилар назарига тушиб қолишни истамади. Аммо Германия газеталари ҳам ушбу жуфтликнинг шахсий ҳаётини зимдан кузатишга одатланишди. 2016 йили Kicker журналистлари Уэббни Штайнхауснинг Ганновердаги уйи яқинида учратиб қолишди. Орадан тахминан икки ҳафта ўтиб, англиялик ҳакам рафиқаси билан ажрашганини маълум қилди. Улар 21 йил бирга яшашган, уч нафар фарзандлари бор эди.

Бибиана депрессиядан қутқарди

Говард ва Кей 1988 йили танишишганди. Ўшанда 17 ёшда бўлган Уэбб банкда иш бошлаганди. Қаллиғи эса қисқа муддатда катта менежер лавозимини эгаллаганди. Жуфтлик уч йилдан кейин учрашиб юришди. Яна тўрт йилдан кейин эса турмуш қуришди.

Уэбб бу пайтга келиб банкдан кетган, полицияда ишлаб, бўш вақтида ҳакамлик билан шуғулланарди. Вақт ўтиб, уни олий лига ўйинларига таклиф қилишди - бу омил тез-тез оиласини ташлаб, бошқа шаҳарга кетишни тақозо этарди. Даставвал Кей вазиятни тўғри тушунди. Аммо Уэбб Чемпионшип ва АПЛ даражасигача кўтарилгач, эрининг фао­лиятига муносабати ўзгарди.

Говард ўз китобида ўша давр ҳақида алоҳида тўхталганди. Муаллиф Кей ҳақида гапираркан, уни собиқ рафиқаси сифатида кўрсатган: «Муносабатларимизга совуқлик оралаганди. Кўпинча келишолмасдик. Кей ҳар гапимдан айб қидирарди. Менинг ёмон отага айланиб қолганимни айтарди».

Мана, яна шундай қайдлардан бири: «ЖЧ-2010даги ҳар бир ўйиндан кейин биз (ҳакамлар билан) ҳамкасбларимиздан бирининг хонасига кириб, вақтичоғлик қилардик. Ўша онлар ёқимли хотиралар билан эслайман, аммо ЖАРдан уйга жуда ёмон кайфиятда қайтардим».

2015 йилга яқин Кейнинг муносабати тамомила таъна-дашном ва можароларга кўмилди. Шундай паллада англиялик ҳакам Штайнхаус билан танишиб қолди. Ажралиш ҳақида хабар бериши ҳамоно, Бибиана билан муносабатлари яқинлигини ҳам тан олди: «Уни жуда яхши кўраман. Германияга кўчиб ўтяпман. Бу аёл сўнгги йиллар мобайнида оилавий кўнгилсизликлар сабаб юзага келган депрессияни енгишда менга ёрдам берди. Кей билан ўтказган умрим тўлиқлигича ёмон ўтган демоқчи эмасман. Унга ҳаётимдаги роли учун миннатдорлик билдираман. Аммо эндиликда Биби иккимизнинг давримиз бошланди. Мен бахтлиман».

Уэбб ва Штайнхаус бир-бирлари ҳақида нималар дейишган?

* Штайнхаус: «Ажойиб инсон. Ёрқин, позитив кайфиятдаги ва жуда тартибли».

* Уэбб: «Бибини севаман. У ҳаётимни муҳаббат шуълалари билан ёритди».

* Штайнхаус: «Қаерда бўлмайлик, нима билан шуғулланмайлик, Говард ҳар доим менинг энг асосий танқидчим ва буюк тарафдорим ҳисобланади».

* Уэбб: «Вақтимни у билан бирга ўтказишдан мамнунман, аммо футбол томоша қилишни ёқтирмайман. Ўйиндаги эпизодлар бўйича тез-тез қарашларимиз бир-бирига мос келмайди».

* Штайнхаус: «Бундеслигадаги дебютимдан буён кўплаб мухлисларга эга бўлдим. Аммо Говард - улар орасида энг асосийсидир».

Оила учун илк синов

Бибиана айни пайт Ганноверда яшаяпти, аммо иш юзасидан Кёльндан ижарага хонадон олган. Уэбб эса Нью-Йоркда истиқомат қилмоқда, МЛС ҳакамларига маслаҳат бериб келяпти.

Жуфтлик йўлларнинг яна қачон туташишини билишмайди. Шунга қарамай, Штайнхауснинг аҳди қатъий: «Бу қачондир рўй беради. Ўйлашимча, яқин орада учрашамиз. Аслида, айни пайтдаги муносабатларимиз кучли соғинчни тақозо этади».

 

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz