Қайднома

Қидирув

Эътироф: Истиқболли ижара

Эътироф: Истиқболли ижара

  30.04.2021 08:08
  0
  238
Эътироф: Истиқболли ижара

2021 йилнинг 1 январь куни «Манчестер Юнайтед» ўз майдонида «Астон Вилла»ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ўйиндан кейин журналистлар Премьер-лига жорий мавсумида 4 марта қайдномага киритилиб, бир дақиқа ҳам ўйнамаган маъюс Жесси Лингарддан интервью олишди. Маҳоратли футболчи гапини қисқа қилди: «Ҳозир ишларим яхшимас. Кўпроқ майдонга тушишни истайман, ижарага кетишга эҳтиёж сез­япман».

Сўнгги йил Лингард учун чиндан ҳам қайғули ўтди. Севимли ва қадрдон клуби ўйнаш имконини бермади, бошқа жамоаларга қўйиб юборишни ҳам хоҳламади. Унинг «МЮ» билан шартномаси 1 июлда якунланар, 31 декабрда, Янги йил кириб келишига саноқли соатлар қолганда клуб келишувни яна бир мавсумга узайтирганди. Бироқ вазият ўзгармади - Жесси жамоага керак эмасди.

Ўйин вақти бўйича паст кўрсаткич Сульшер билан муносабатларнинг бузилиши билан боғлиқ эди. Барчаси бир йил аввал, Лингард Манчестер дербисида «қовун туширганидан» кейин бошланганди. Ноаниқ пасдан кейин Оле-Гуннарнинг асаблари дош бермади: «Яна битта шундай хато қилсанг, майдонни тарк этасан». Ўйиндан кейин кийиниш хонасида улар бир-бирларига бақиришган.

Шундан сўнг Англия ОАВ Сульшернинг Лингардга эътирози, машғулотлардаги ҳаракатлари ва майдон четида ўзини тутишидан норози эканлиги ҳақида ёзди. Хусусан, The Sun ноябрь ойидаги машғулот пайти Лингард Сульшер билан уришиб қолгани хусусида маълумот тарқатди - футболчининг айтишича, мураббий унга ёмон муносабатда бўлган, тез-тез танқид қилган. Шу тариқа икковлон чиқишолмай қолишди.

Январь ойи ўрталарида журналистлар Сульшерга Лингарднинг келажаги ҳақида савол беришди. Жавоб шундай бўлди: «Билмадим, унинг жамоадаги ролига баҳо беролмайман. Агар у ўзини яхши томондан кўрсата олса, вазиятни ўрганиб чиқамиз. Ҳозирча Жессига асосий таркибдан жойни кафолатлай олмайман». Лингарднинг жамоадан кетиши мумкинлигига яна бир ишора. Орадан икки ҳафта ўтиб, «Вест Хэм» Жессини мавсум охиригача ижарага олди.

Лондон клубидаги сермаҳсуллик, термадан таклиф

Лингард «Вест Хэм» билан шартнома имзоланганидан кейин илк интервьюсида қуйидагича фикр билдирди: «Бу ерга мунтазам тўп суриш учун келдим, ниятим амалга ошмоқда. Шундай экан, бахтлиман. Ғалабаларга эришяпмиз, «Тоттенхэм» билан ўйинимиз ажойиб кечди - бундан яхшиси бўлмайди. Гап барқарорликда, эҳтимол, авваллари менга шу жиҳат етишмагандир. Аммо ҳозир бор эътиборни ўйинга қаратиб, ҳар ҳафта майдонга тушадиган даврим келди. Бундай ҳолатга кўникмагандим».

Лингарднинг ишлари юришиб кетди. Ижарага ўтганидан буён ҳаёти қанчалик ўзгарганига ўзингиз баҳо беринг:

* АПЛдаги 9та ўйинда 8та гол ва 3та ассист расмийлаштирди. Бунга қадар «Манчестер Юнайтед» футболчиси мақомида Премьер-лигада ўтказган 1131 куни давомида худди шунча тўп киритганди.

* Англия термаси сафига қўшилди. Гарет Саутгейт авваллари Лингардни бундай кўтаринки кайфиятда кўрмаганини алоҳида таъкидлади. Ўз навбатида, инглизлар миллий жамоаси устози Лингардга термадан мунтазам таклиф олишни истаса, «Вест Хэм»да қолиши кераклигини тавсия қилди.

* Айтганча, қаҳрамонимиз Англия термасида 565 кунлик танаффусдан сўнг илк марта ўйнади. Учта учрашувда битта ассистни амалга оширди.

* «Лестер»га қарши кечган баҳсда у АПЛнинг жорий мавсумида «болғачилар» сафидаги 8-голини уриб, шахсий рекордини такрорлади.

Лингарднинг ўзи қайд этаётган сермаҳсуллиги хусусида шундай фикр билдирди: «Мен «Манчестер Юнайтед»ни яхши кўраман, лекин сўнгги пайтларда у ерда оғир дамларни бошдан кечирдим. Фаолиятим ўнгланганидан бахтлиман. «Вест Хэм»да менга барча илиқ муносабатда бўлмоқда. Футболга нисбатан қарашларим ўзгарди. Яъни, янада яхшироқ тўп сурмоқчиман».

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz