Қайднома

Қидирув

Александер Чеферин: «Суперлига – бу мухлисларга тупуриш…»

Александер Чеферин: «Суперлига – бу мухлисларга тупуриш…»

  30.04.2021 09:39
  0
  366
Александер Чеферин: «Суперлига – бу мухлисларга тупуриш…»

Европа футбол саҳнасини чинакамига ларзага солган Суперлига лойиҳасининг бекор қилинишида УЕФА президенти Александер Чеферин ҳам катта роль бажарди, албатта. Янги турнирга асос солингани ҳақида хабар чиқиши билан «Уларнинг футболни биздан тортиб олишларига асло йўл қўймаймиз!» дея баёнот берган ва бу масалада оқилона сиёсат олиб борган словениялик функционер кўп ўтмай, УЕФА Ижроий қўмитасини тезкор йиғилишга чақирди ва Европанинг етакчи ОАВ журналистлари учун махсус брифинг ўтказди. «СЭ» нашри вакиллари ҳам қатнашган тадбир 1 соатча давом этди ва унда албатта, Англия, Испания ҳамда Италиянинг 12та клуби баёноти, Суперлига лойиҳаси ҳақида гап борди. Олдинга ўтиб айтиш керак, ўша куни кечаси янги турнир лойиҳаси «қулади» ҳам...

- 12та клуб бирданига Суперлига ташкил этилишини эълон қилишини ҳеч ким кутган эмасди. Бу нимани англатади ва УЕФАнинг муносабати қандай?

- Ҳеч қачон ўз мусобақаларимизни очкўз клублар гуруҳига ёпиб қўёлмаймиз. Мана, 2024 йилдан ЧЛда янги формат қўлланилишини тасдиқладик. Ҳар қандай жамоа УЕФА турнирларида иштирок этиш ҳуқуқига даъвогарлик қилиш имкониятига эга бўлиши шарт, албатта, майдондаги натижалари асосида. Очиғи, Суперлига лойиҳаси атрофидаги воқеаларга қандай муносабат билдиришга ҳам ҳайронман. Бутун футбол олами ушбу шармандали ҳолатга қарши чиқиб, УЕФА билан бирлашди. Зеро, бу очкўзлик туйғуси сингдирилган бир неча клубнинг бўлмағур ҳаракатидан бошқа нарса эмас. Лойиҳага нафақат футбол олами, балки оддий одамлар, жамият ва ҳукуматлар ҳам қарши. Ахир футбол - умумий маданиятимиз. Ҳеч ким бундай бемаъни ғояни қўллаб-қувватламайди. Анг­лия, Италия, Испания футбол ассоциациялари, АПЛ, Ла Лига, «А» серия раҳбарияти, қолаверса, ФИФА ва албатта, УЕФАнинг 55та аъзоси ҳам бундай турнир тузиш режасига қарши. Демакки, бунга жим қараб туришга ҳаққимиз йўқ ва ҳеч қачон йўл қўймаймиз ҳам. ФИФА ва 6та конфедерация томонидан эълон қилинган қоидага мувофиқ, ёпиқ лигада ўйнайдиган футболчилар ЖЧ ва қитъалар чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишади. Яъни уларнинг ҳар қандай турнирда миллий жамоалар шарафини ҳимоя қилишлари тақиқланади.

Ўйлайманки, бугун УЕФА амалга оширилаётган ишлар, ҳозирги ўзгаришлар футболга фойда келтиради. Яқин келажакда соҳа даромади ошишига ҳам ишонаман. Шу тариқа ҳаммамиз бирдек яхши кўрадиган ўйин - футбол қадриятларини тўлиқ сақлаб қолишга эришамиз. Шу ўринда кўплаб мухлислар билмайдиган фактга тўхталишим керак: УЕФА умумий даромадидан нақ 90 фоизини қайта футболга йўналтиради - нафақат профессионал, балки ҳаваскорлар ва аёллар футболига сармоя киритади. Тизимли ривожланиш, захира тайёрлаш ва ҳоказо ишларга ҳам бефарқ эмасмиз. Суперлигачи? Бу - атиги 12 клуб учун даромад манбаи. Уларни фақат пул қизиқтиради. Йўқ, ҳозир «Ифлос 12талик» атамасини ишлатмоқчи эмасман, бироқ... Афсуски, УЕФА футболни изчил ривожлантираётганини тушунмайдиганлар ҳам бор. Ислоҳотлар ички рақобатни сақлаб қолишни таъминлайди. Энг муҳими шу. Ушбу тамойил ҳеч қачон ўзгармайди. Албатта, мусобақалар янада замонавий ва қизиқарли бўлиши йўлида доимий изланишдамиз, турнирларни ислоҳ қилиб бориш ҳаракати асло тўхтамайди, иш принциплари мус­таҳкам. Асосий қоидалардан бири - бирдамлик. Бироқ ҳамма ҳам бу тамойилга амал қилмайди. Баъзилар учун энг муҳими - пул. Улар фақат ўз чўнтаклари, ундаги пул миқдорини ўйлашади, афсус... Ўз ўрнида, бутун футбол оиласи - ўйинчилар, мухлислар, мураббийлар, клублар, федерациялар, давлатлар ва ЕИ раҳбарларига миннатдорчилик билдираман. Мухлислар, Европа қадриятлари ва маданиятини ҳурмат қиладиганларга раҳмат. Суперлига ғояси - биз томон, мухлислар томон тупуриш. Қўполроқ айтганда, бу мухлислар юзига, жамиятга тупуришдир. Хотиржам бўлинг, уларнинг футболни тортиб олишларига йўл қўймаймиз.

- Ушбу 12та клубни тўхтатиб қолиш қийин бўлса керак. ЧЛни уларсиз ўтказиш мумкинми?

- Албатта, ахир Европада жамоалар етарли, яхшилари ҳам кўп. Мана, бугун 2024 йили кучга кирадиган еврокубокларнинг янги форматини тасдиқладик. Қисқаси, шу 12таси бўладими-бўлмайди - фарқи йўқ, турнирларни ўтказаверамиз.

- Еврокубокларнинг жорий мавсуми нима бўлади? Тегишли санкциялар қачон кучга киради - дарҳолми ёки янги мавсумда?

- Айни пайт вазиятни баҳолаш жараёни кетяпти, адвокатлар билан маслаҳатлашяпмиз. Дарҳол кескин қарорлар қабул қилиш ярамайди. Чунки Суперлига хусусидаги янгилик якшанба тунида тарқалди. Эҳтимолки, ҳужжатларда мавжуд санкцияларни қўллармиз, лекин шошилиш йўқ. Шахсий фикримча, агар ўша клублар фикридан қайтмаса, уларни турнирлардан имкон қадар эртароқ четлаштириш керак.

- Айтишларича, еврокубокларнинг янги формати маъ­қулланишини бир неча ҳафта олдин эълон қилмоқчи бўлгансиз, аммо катта клублар имтиёз сўраган. Айрим йирик функционерларнинг бундай хатти-ҳаракатини қандай изоҳлайсиз?

- Ҳаётда кўп нарсалар, турфа хил одамларни кўрдим. 24 йил давомида жиноят ишлари бўйича адвокат сифатида ишладим. Аммо бунақа айёрликка биринчи марта дуч келдим. Гапни «МЮ» раҳбари Эд Вудворддан бошлайман: у пайшанба куни қўнғироқ қилиб, ҳаммасидан розилини айтди, фақат молиявий «Фейр-плэй»дан бироз ташвишланди. Аммо Эд ўша пайтгача аллақачон нималаргадир имзо чекишга улгурган экан. Иккиюзламачилик. «Ювентус» президенти Андреа Аньелли ҳақида ҳам кўп гапиришни истамайман. Эҳтимол, айнан у асосий хафагарчиликдир. Аньелли шахсига тўхталмоқчи эмасман. Аммо ҳеч ким менга у каби кўп ёлғон ишлатмаган. Шанба куни тушдан кейин алоқага чиққанимда, Андреа шунчаки, барчаси миш-мишлиги, жиддий гап йўқлигини айтди, ташвишланиш ортиқча эканлигини ҳам. Яна 1 соатдан сўнг қайта қўнғироқ қилишга сўз бердию, кейин телефонини ўчириб олди. Ҳаётда ҳеч қачон бундай очиқ ёлғонни кўрмаган эдим. Очкўзлик шунчалик кучлики, барча инсоний туйғуларни ёпиб қўяди. Аммо биз бошқачамиз ва ўзгача йўл тутамиз. Бир томондан шундай воқеанинг содир бўлгани яхши: ким аслида кимлигини билиб олдик. Энди буни бутун дунё билади. Улар нима дейишмасин, Суперлига ғояси пандемиядан анча олдин юзага келган. Яъни барчаси анча олдин, эҳтимол, кўп йиллар аввал муҳокама қилинган. Флорентино Перес ва Аньелли бу ҳақда гапиришганди ҳам. Аслида ғояни муҳокама қилиш ва ҳаттоки, ёрдам беришга тайёр эдик. Аслида УЕФА бош котиби Теодор Теодоридис уларни ўзаро учрашувга чақирган, турли ғояларни муҳокама марказига ташлашни сўраган. Аммо Аньелли кейинроқ учрашишни хоҳлади. Очкўзлик ҳаммасидан устун. Бор гап шу, бошқа ҳеч нарса йўқ.

- Албатта, ҳозир ўзингизни алданган киши сифатида ёмон ҳис қиляпсиз. Лекин ҳали ҳам кимларгадир ишонишингиз мумкинми?

- Адвокатлик фаолиятим давомида турфа одамлар билан учрашдим - ғалатироқ, ёлғончилар, тўғрисўзлар... Албатта, васвасага берилмаган футбол лигалари, Германия ва Франция клубларига ишончим катта. Футболда дўстларим етарли, тизим бузилган эмас. Фақат очкўзлик домига тушган кичик гуруҳлар бор. Уларни футболнинг ўзи қизиқтирмаса керак. Баъзилар кўйлак алмаштирганимиз каби клубларни тез-тез алмаштириб туришади. Уларни таблодаги рақамлар эмас, балки шахсий ҳисобларидаги суммалар қизиқтиради. 12та бойдан иборат гуруҳ ҳеч нарсани англатмайди. У шунчаки, футболни ўғирламоқчи. Бу гуруҳ вакиллари аллақачон машҳур, аммо ёмон маънода. Бугун дунёнинг барча мамлакатларида улар ҳақида ёзадилар... Ҳозир мутлақо хотиржамман, ҳаттоки, шу воқеалардан хурсандман. Энди ким футболга чин муҳаббат туфайли, ким бош­қа сабаблар ортидан келганини биламиз.

- Евро-2020 тақдири бўйича нима дея оласиз? Мюнхенда вазият қандай, Бильбаодачи?

- Ҳаммасини Ижроий қўмита видеоконференциясида кўриб чиқамиз. 

- ФИФА баёноти қатъий кўринмади. Жанни Инфантино билан суҳбатлашдингизми?

- Ҳа, ФИФА президенти билан гаплашдим. У ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ваъда берди.

- Инфантинога тўлиқ ишонишингиз мумкинми?

- Ҳа. У - дунё футболини бирлаштирган ташкилот раҳбари ва асосийси, Суперлигага қарши куч.

- Суперлига УЕФАга қарши туриш учун қонуний ҳужжатларни топширганини маълум қилди. ЕИдан қандай муносабат кутяпсиз?

- Тўғриси, асли йўқ ташкилот баёнотини тинглашдан нима наф? Ҳа, ЕИ расмийлари билан учрашишимиз керак. Билишимча, уларнинг позицияси тайин - футбол кичик гуруҳлар эмас, ҳамма учун. Яъни ЕИ ёпиқ эмас, очиқ турнирлар тарафдори.

— 12та клуб билан музокара бошлашга тайёрмисиз?

—Суперлига номини олган гуруҳ билан ҳеч қандай музокара ўтказмаймиз. УЕФАга тезкор учрашув талаби ёзилган мактуб юборилди. Аммо шошилишдан маъно йўқ. Яна хат ким томонидан имзоланганини билмайман. Кўринишидан, қандайдир Супер­одам имзо чеккан, чунки у кўринмаяпти.

- Ушбу жамоалар ортга қайтиши ҳам мумкинми?

— Ҳозирча уларнинг Европа футболидан чиқариб юборилганини айтганим йўқ. Қайтиш учун нима қилиш керак? Йўқ, ялиниш шарт эмас. Шунчаки, ҳурмат билан ёндашилса, бас. Демоқчиманки, бошқа клубларни ҳурмат қилиш керак. Тушунинг, 247та аъзони ўз ичига олган клублар ассоциацияси президенти Аньелли бирданига қочиб кетди. Одамнинг шунчаликка боришини тушунишим қийин.

— Ҳозирги ҳолатда футболчилар қандай йўл тутишлари керак? Ахир улар бир неча йил олдин шартнома тузишган...

- Ҳуқуқий масала, қизиқарли савол. Битта брифингда барчасига аниқ-тиниқ ойдинлик киритишнинг иложи йўқ. Футболчилар муаммосини улар юзага қалқиб чиққан паллада ҳал қиламиз. Амалдаги шартномалар бошқа масала. Бордию, футболчилар бундай клублар билан янги шартнома тузишса, шундан кейин дисквалификация чораларини қўллашдан ўзга чорамиз қолмайди. Зеро, ёпиқ турнирда қатнашадиган футболчининг бизнинг турнирларда ўйнаши мантиққа зид.

- Номи ҳали номаълум яна 3та клубни йўқотишдан хавотир йўқми?

- Ҳозирча бир қатор клублар вакиллари билан гаплашдик. Ҳам катта ва ўртамиёна, ҳам кичик жамоалар билан. Улар УЕФА турнирларини тўлиқ қўллаб-қувватладилар. Демакки, на хавотир бор ва на қўрқув.

- Жорий ЧЛ ва ЕЛда курашни давом эттираётган, бироқ Суперлигага кирган клубларнинг тақдири нима бўлади? Агар вазият ўзгармаса, 12та жамоа футболчиларига Европа чемпионатида ўйнаш чиндан ҳам, тақиқланадими?

- Ҳали аниқ эмас. Ушбу масалалар билан адвокатлар гуруҳи шуғулланади. Қайтараман, дангал гапиришга эрта. Барчаси ҳақида кейинроқ расман хабар берамиз.

- Миллий чемпионатларда катта клублар билан ўйнаш қизиқроқ...

- Улар қандай шаклланади? Эсимда, «Ювентус» бундан бир неча йил олдин «В» серияда ўйнаганди, Алекс Фергюсон иш бошлашига қадар «МЮ» қаерда эди? Балки бугун «Ювентус» ёки «МЮ» эмас, «Астон Вилла» катта клубдир? 12та жамоани миллий чемпио­натларда сақлаб қолиш шарт­ми? Умуман, уларнинг Суперлига ва чемпионатларда бир хил куч сарф­лашига кафолат борми? Балки миллий лигаларда шунчаки, ёшлар таркибидан фойдаланар... Хуллас, ҳаммасини обдон ўйлаб кўриш керак.

- Демак, сизнингча, миллий лигалар 12та клубни четлаштириши керак...

- Буни лигалар мустақил равишда ҳал қилади. Ишончим комил, ҳар жойда биз каби қонун асосида иш тутишади.

- Ҳозир гаровга олинганлар ролида бўлиб қолган ва эҳтимолки, нима қилишни билмаётган мураббийлар ва футболчиларга нима дея оласиз?

- Аввало, ҳурмат билан қарайман. Яъни уларга пул эмас, балки футбол билан шуғулланган киши сифатида муносабатда бўламан. Футболни ўлдириши мумкин бўлган очкўзликни ёқламайдиларга таъзим этаман!

Якунда Суперлига ташкил этилганини эълон қилганларга мурожаатим бор. Яхшиси, барчасини ўйлаб кўринг! Футбол ҳамма учун. У умумий маданиятимизнинг бир қисмидир. Бу фақат пул топиш воситаси эмас. Бир ҳолатни сира тушунмаяпман - сизларда етарлича пул бор, яъни камбағал эмассизлар, лекин нега халқ қувончини тортиб олиш эвазига янада кўпроғини хоҳлаяпсизлар? Ахир футбол бутун тарихимизнинг ажралмас қисми, клублар ҳам худди шундай. Мухлислар Суперлигага қарши, уларни қандай эътиборсиз қолдиришингиз мумкин?

-----------------------------------

P.S.: ушбу брифингдан кейин Англияда мухлислар оёққа туришди ва Суперлигага кирган клубларга ошкора қарши чиқишди. Якунда АПЛнинг 6та жамоа­си бирин-кетин Суперлигада ўйнаш ғоясидан воз кечди ва барчаси яхшилик билан якунига етди. Эҳтимолки, АПЛ вакиллари УЕФА ва унинг президенти ваъдаларини ҳам инобатга олгандир...

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz