Қайднома

Қидирув

Себастьян Ларссон: «Ўтмишга қайтиш гўзал ва хавфли»

Себастьян Ларссон: «Ўтмишга қайтиш гўзал ва хавфли»

  02.05.2021 02:22
  0
  287
Себастьян Ларссон: «Ўтмишга қайтиш гўзал ва хавфли»

Етакчилик салоҳияти, оғир-босиқлиги ва тўпни ушлаб туриш қобилияти билан Ларссон 35 ёшда, Швеия термаси учун ажралмас футболчи бўлиб турибди. Бундан ташқари, у ЖЧ-2022 мундиали саралаш босқичининг дастлабки ўйинларида ҳам сардорлик боғичида майдонга тушди.
Шведлар эса «В» гуруҳидаги курашни икки ғалаба билан бошлашди. Маҳоратли ярим ҳимоячи FIFA.com сайтига берган интервьюсида ўз мамлакатининг мақсадлари ҳақида хотиржамлик билан гапирмоқда. Шунингдек, у Англияда ўтган 17 йилини, у ерда «Арсенал», «Бирмингем Сити», «Сандерленд» ва «Халл Сити»да ўйнаганини эслади, Тьерри Анри билан машғулот хотиралари ва 120тадан кўпроқ ўйинда майдонга машҳур сариқ формани кийиб тушганини фахр-ифтихор билан сўзлади...

- Бутун фаолиятингиз Англияда ўтганига қарамай, 2018 йили, 33 ёшингизда АИК таркибига қўшилдингиз. Бутсаларни михга илишдан олдин ўз юртингизда ҳам чемпионликни бошдан кечиришни хоҳладингизми?

- Ёш ўтгани сари бу ҳақда тобора кўпроқ ўйлардим. Англияга 16 ёшимда бордим ва у ерда 17 йил қолдим. Швецияда ўзимни энг юқори даражада ўйнаётганимни қандай ҳис қилаётганим мени тобора кўпроқ қизиқтирарди. Фаолиятим давом этаркан, бу туйғу тобора кучайиб борди ва имконият туғилганда, тўғри вақт туғилганини ҳис қилдим. Уйга қайтганимдан жуда мамнунман.

- Биринчи мавсумингизда АИКнинг чемпион бўлишига ёрдам бергандингиз...

- Қайтиш ҳақида ўйлай бошлаганимда, уни пайсалга солишни ёки бироз дам олиб, яна майдонга қайтишни хоҳламагандим. Ҳали ҳам ғолибликка интилишим ва иштиёқ бўлган пайтда жамоага ёрдам берадиган ва унинг муваффақиятига ҳисса қўша олишимга ишонадиган даражада яхши бўлишни хоҳлайман.

- «Арсенал»нинг асосий жамоасида 2004 йилда дебют қилгансиз. 19 ёшда Тьерри Анри, Патрик Виейра, Деннис Бергкамп, Жилберто Силва ва Фредди Юнгберг каби футболчилар билан кийиниш хонасида бирга ўтириш қандай эди?

- Бу «Арсенал» учун ғайриоддий давр бўлган. Истисносиз, барча футболчилар энг яхшилари эди, албатта, ҳар бир позицияни назарда тутяпман. Мен учун, ўспиринлигимда, фаолиятимни бошлашга интилаётганимда, ушбу футболчилар билан машғулот ўтказиш имконияти ажойиб тўйғу эди. Албатта, ёлғон гапирмоқчи эмасман, бошида жуда асабийлашгандим. Ушбу юлдузлардан ўрганганларим ақл бовар қилмас тажриба бўлди. Уларнинг менталитети, майдондаги ҳаракатлари сифати, машғулотларда қандай меҳнат қилганликлари... эътиборлари фақат ва фақат ишга қаратилганди. Бугун, 35 ёшда, ўша муҳитда ёшлигимга назар ташлаганимда, барчаси мутлақо мукаммалдек кўринади, деб ўйлайман. Шубҳасиз, ушбу жамоада ўйин амалиётига эга бўлиш ёки бир учрашувда тўлиқ ҳаракат қилиш жуда қийин бўлган. Бироқ футбол таълими ҳақида гапирадиган бўлсак, мен ундай эмасман.

- Энди эса ўн ярим йилдан сўнг, сиз тажрибали футболчисиз. Ўша пайтдаги футболчилар билан бугунгилари ўртасида фарқ борми?

- Тафовут катта. Жамият сингари футбол ҳам ўзгарди ва бу яхши. Жамият ривожланиб бораётган бир пайтда сиздан бир хил бўлишингизни кутиш мумкин эмас. Майдон ташқарисидаги ишлар ҳақида гап кетганда, айниқса, бугунги кунда ёш футболчилар ўз касбларига жуда жиддий ёндашмоқдалар. Энди сиз ёшлигингиздан нима ейишингиз, ўзингизга қандай ғамхўрлик қилишингиз, неча соат ухлашингиз ҳақида ўйлайсиз... Бу олдинга ташланган катта қадамдир. Аммо биринчи марта катта ёшдаги жамоани йиғишга муваффақ бўлганимда, ишлар бироз бошқача эди. Бир томондан, биз ушбу ҳуқуқни қўлга киритишга мажбур бўлгандик. Ҳали ҳам ёшлигимни, жамоага ёрдам беришим ва ёши каттароқ футболчиларга хизмат қилишим кераклигини билардим. Сиз шу тарзда ривожланиб, тўлақонли жамоавий ўйинчига айландингиз. Иккала даврни таққослаш орқали яхши ва ёмонни топишингиз мумкин, аммо охир-оқибат футбол жамиятда илдиз отган.

- Ортга назар ташлаб, 2008 йилда Швецияда дебют қилиши керак бўлган ёш Себастьян Ларссонга қандай маслаҳат берасиз?

- Унга ҳар лаҳзадан завқ олишга ҳаракат қилишини айтардим. Терма жамоада шунча вақт бўлганимдан жуда бахтиёрман ва ортга назар ташласам, бу биринчи кўриниш ўзига хос лаҳза бўлиб қолади. Лекин мен иштирок этган ҳар бир дақиқани жуда яхши кўрардим - бу шундай шараф эди. Қисқаси, мен бу йигитга ҳамма нарсани қадрлашни маслаҳат бераман: айниқса, кўпроқ тажрибага эга бўлган футболчилардан ўрганишга ҳаракат қилишини. Ёшлигингизда, узоқ вақтдан бери фаолият юритаётган савияли ўйинчилар ҳақиқатан ҳам ёрдам беришлари мумкин. Мен ҳар доим шунга - тажрибалилардан нимадир ўрганишга интилдим.

- 13 йил ўтиб, сиз яна сардорлик боғичини олдингиз ва ҳисобингизда 120дан ортиқ ўйинга эгасиз. Ҳозир Швеция термаси тарихига кирганингиздан хабардормисиз?

- Бу мен учун катта шараф. Миллий жамоадаги 100-ғалабамни эслайман. Бу жуда муҳим воқеа эди, чунки ушбу маррага атиги бир неча футболчи етиб келишди. Аммо мен ҳамиша ортга қарамасликка ҳаракат қилганман - ҳеч бўлмаганда, фаоллигим ва келажакка умид боғлашим шарт экан. Лекин охирида, албатта, буни катта ғурур билан эслайман.

- ЖЧ-2018 чорак финалида Швеция Англияга ютқазди. Бу қандай ҳис-туйғуларни уйғотди: дунёнинг энг кучли саккизлигига кирганингиздан ғурурланасизми ёки мусобақадан чиқиб кетганингиздан ранжидингизми?

- Ҳар икки туйғуни ҳис этдим. Бу биз учун катта ютуқ эди. Ўйлашимча, кўпчилик жаҳон чемпионати чорак финалига чиқишимизни кутмаганди. Бу ажойиб воқеа эди. Аммо шу даражага етиб борганингизда, яна ҳам олдинга интилишни хоҳлайсиз, шунинг учун нокаут бўлиш мен учун катта умидсизлик эди. Энг муҳими - турнирни давом эттириш учун етарли салоҳиятга эга бўлгандик. Аммо ЖЧ чорак финали учун талаб даражасида ўйнай олмаганимиздан хафаман. Англия ушбу ўйинда ғалаба қозонишга лойиқ эди, аммо медаль учун ўйнашга атиги битта ўйин қолганида, мақсадингизга бу қадар яқинлашмаслик жуда ачинарли. Умуман олганда, биз эришган ютуқларимиздан фахрланамиз.

- Бундан уч йил ўтиб, Швеция ёзда Европа чемпионатида ўйнайди, аммо Миллатлар Лигасида ўз гуруҳида сўнгги ўринни эгаллади. Бу сўнгги йилларда жамоанинг ривожланганлигини анлатадими ёки пасайишними?

- Биз энг яхши жамоага айландик, деган бўлардим. Жамоа таркибига ниҳоятда иқтидорли ёш футболчилар киритилди ва улар бизга туртки беришди. Ўринлар учун рақобат бугун ҳам олдингидек қизғин. Футболчиларимизнинг Европа юқори лигаларида яхши ўйин кўрсатишаётганини кўряпсиз, бу фақат ривожланишга олиб келиши мумкин. Тўғри, биз Миллатлар Лигасида гуруҳимизда сўнгги ўринни эгалладик, бироқ қаршимизга кимлар чиққанига ҳам эътибор беринг: Франция, Португалия ва Хорватия. Биз бу даражадаги жамоаларга қарши ўйнашга ўрганмаганмиз, аммо бундай ўйинлар кўп нарсаларни ўргатади. Биз ечимларни топиш, фарқни қандай қоплаш ва рақобатлашишни ўрганиш учун турли услубларни синаб кўришимиз керак. Шу билан бирга, нима қилмасликни ҳам ўрганишимиз лозим. Биз тезда англадикки, ўйинда устунликка эришган тақдиримизда, ортиқча нарсани ошкор қилсак, у ҳолда рақиб бизни дарҳол жазолайди. Швеция каби термалар буни дунёнинг энг яхши жамоаларига қарши ўйнаш орқали ўрганишлари керак, чунки улар сизни ҳар бир хато учун хун тўлашга мажбур қилишади.

- Бу тажрибани ЖЧ-2022 саралашида қўллашингиз мумкинми? 2018 йилда эришган ютуқларингизни такрорлай оласизми?

- Бу ибтидо нуқтаси. Сиз ҳар доим аввалгидан кўра кўпроқ нарсага эришишни хоҳлаган ҳолда, қилган ишингиздан сабоқ олишингиз ва уни амалда қўллашингиз керак. Яхшироқ бўлишни истасангиз, албатта. Акс ҳолда, ҳеч нарсага эриша олмайсиз. Биз қанчалик қийинлигини ва қандай жамоалар рақобатлашаётганини биламиз, шунинг учун доимо максимал самарадорлик билан ишлашимиз керак. Яхши янгилик шундаки, сўнгги икки йил ичида биз вақти-вақти билан энг яхши жамоалар билан рақобатлашиш учун зарур бўлган нарсаларга эга эканлигимизни намойиш этдик. Биз уларни қийинчиликка дуч келишларини таъминлай оламиз.

- Шахсан сиз учун ЖЧ-2022даги иштирок алоҳида аҳамият касб этадими?

- Ростини айтсам, келажакни кўзлаб иш тутишга интилмаганман. Халқаро футболдан кетишимга кўп қолмагандир, аммо ҳали бир қарорга келмаганман ва бу ҳақда ҳали ўйлашни истамайман.

- Олисга қарашни истамайдиган ёшдасиз, лекин фаолиятингизни қайта тиклаш имкони туғилса, бошқача йўл тутган бўлармидингиз?

- Ўтмишга қайтиш гўзал бўлиши мумкин, аммо айни пайтда хавфли. Ишончим комилки, сиз ҳар доим бошқача тарзда амалга ошириладиган нарсаларни топишингиз мумкин. Мен ёшлигимда Швецияни тарк этишга қарор қилдим, аммо умумий фаолиятимдан фахрланаман. Болалигимдан орзу қилган лигада - АПЛда узоқ вақт ўйнаганман. Бу вақтда ҳар доим жисмоний ҳолатимни мукаммал тарзда сақлаб туришга муваффақ бўлганман, шунинг учун ҳам жиддий жароҳатларга йўлиқмадим. Айниқса, терма жамоадаги кўплаб учрашувларимни бунга мисол қилиш мумкин. Сўнгги жаҳон чемпионати шахсан мен учун муваффақиятли ва муҳим лаҳза бўлди. Шу сабабли, қўлга киритган барча ютуқларим билан фахрланишни афзал биламан ва нима қилишим мумкинлиги ҳақида ўйламайман.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz