Қайднома

Қидирув

АПЛда «Норвич» промоушени

АПЛда «Норвич» промоушени

  02.05.2021 07:00
  0
  265
АПЛда «Норвич» промоушени

Ўтган ҳафта рўй берган диққатга молик воқеаларга эътибор қаратиш асносида кўпчилик яна бир муҳим воқеани назардан четда қолдирган бўлишлари мумкин - «Норвич Сити» Чемпионшипда мавсум якунланишига 4 тур қолган бир паллада АПЛ йўлланмасини нақд қилди. Қуйидаги мақолада «канарейкалар»нинг муваффақиятга эришиш давомида босиб ўтган йўллари ҳақида сўз боради.

Биринчидан, эслатиб ўтамиз, «Норвич» бир йил аввал Англия футболи элитасида қатнашган. Аммо ўшанда, мавсум-2019|2020да германиялик мураббий Даниэль Фаркенинг жамоаси АПЛда жон сақлашни уддалай олмай, лиганинг энг ёмон жамоасига айланганди. «Канарейкалар» раҳбарияти бундан фожиа ясамади, 44 ёшли мутахассис ишдан бўшатилмади. У эса, шогирдлари билан бирга қўлидан келган барча ишни бажариб, мутасаддилар ишончини оқлади.

Бу қандай содир бўлди?

Чемпионшип 41-тури якунларига кўра, «Норвич» 90 очко билан жадвалда яққол пешқадам бўлиб турганди. Иккинчи ўриндаги «Уотфорд» 82, учинчи поғонадаги «Суонси» эса 75 очко тўплаганди. 74 очко жамғарган «Брентфорд» тўртинчи эди. Математик ҳисоб-китобларга кўра, финишга 5 тур қолган паллада «Брентфорд» ва «Суонси»нинг ўз рақибларини мағлубиятга учрата олмаслиги «Норвич» учун кифоя қиларди. Якунда шундай ҳам бўлди.

«Суонси» «Уикомб Уондерерз» билан (2:2), «Брентфорд» эса «Миллуол»  билан (0:0) дуранг қайд этди. Гарчи «Норвич» ўз уйида «Борнмут»га ютқазган бўлсада (1:3), воқеалар ривожи «яшил-сариқлар»нинг элита йўлланмасини қўлга киритишларига замин яратди.

Қизиғи, иккинчи ўриндаги «Уотфорд» ҳам бу турда мағлубиятга учради («Лутон», 0:1), натижада якунга тўрт тур қолган бир паллада «канарейкалар»нинг устунлиги 8 очкога етди - турнир олтин медаллари учун курашда салмоқли кўрсаткич эканлиги тушунарли.

«Норвич» учун

мавсум нечоғли ёрқин ўтди?

Бу жамоа чиндан ҳам ажойиб ўйинлар намойиш этди, бу клубнинг 119 йиллик тарихидаги рекордга айланиши мумкин. Ҳар ҳолда, иккинчи дивизионда жамғарилган очколар нуқтаи назаридан шундай.

Айни пайт уларнинг даража бўйича иккинчи ҳисобланадиган дивизионда очко тўплаш бўйича рекордлари 94га тенг. «Норвич» икки марта шундай кўрсаткич қайд этган - мавсум-2003|2004 ва 2018|2019ларда (ҳар иккисида чемпионликка эришган). Мавсум-2009|2010да «Норвич» 95 очко жамғарган, фақат... Биринчи лигада (учинчи дивизион). Чемпионат якуни бўйича 95 очко - Англия футболининг барча профессионал дивизионларидаги рекорд ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, ҳозир «канарейкалар» ҳисобида 90 очко ва захирада яна тўртта ўйин бор. Шунингдек, агар мавсум-2018|2019 билан солиштирсак, «Норвич»нинг ҳимоявий ҳаракатлар бўйича янада ўсишга эришганини қўшимча қилиш даркор. Ўшанда чемпионатдаги 46та ўйин якунига кўра, жамоа 57та гол ўтказиб юборганди (лигадаги 7-кўрсаткич), ҳозир эса Фарке жамоасининг 42та ўйинда ўтказиб юборган голлари сони 31тага тенг (лигада «Уотфорд»дан кейинги иккинчи энг яхши мудофаа).

Бу «Норвич»да кимлар етакчи?

Одатда, жамоалар қуйи дивизионга равона бўлганда, етакчилар кетиб қолишади. Бу сафар «Норвич»да бундай ҳолат рўй бермади. Асосий ўйинчиларнинг деярли барчаси «Кэрроу Роуд»да қолишди. Албатта, биринчи навбатда Эмилиано Буэндия ва Теему Пуккини эътироф этиш ўринли. Бир томондан, 2020 йилнинг ёзида АПЛ клублари ушбу футболчиларни қўлга киритишмагани бироз ғалати. Бошқа томондан, уларнинг таркибда сақлаб қолингани «канарейкалар» раҳбарияти учун катта плюсдир.

Бундан ташқари, тажрибали дарвозабон Тим Крул, ҳимоячи Макс Ааронс, ярим ҳимоячилар Тодд Кантуэлл ва Кенни МакЛин каби ижрочиларни олиб қолиш ҳам муҳим эди. Фақатгина ҳимоячи Бен Годфрининг яхшигина сумма (қарийб 27 млн. евро) эвазига «Эвертон»га ўтиб кетганини жиддий йўқотиш сифатида баҳолаш мумкин.

Айнан юқорида номи қайд этилган футболчилар бугунги «Норвич»нинг етакчилари ҳисобланишади. Теему Пукки сермаҳсуллик мўъжизаларини намойиш этишдан тўхтамаяпти, жорий мавсум унинг ҳисобида 25та гол бор («Брентфорд» аъзоси Иван Тонидан (29та гол) кейин лигадаги иккинчи энг яхши тўпурар). Дарвоқе, ғалабали мавсум-2018Ғ2019да айнан Пукки 29та гол (қўшимчасига 10та ассист) билан Чемпионшипда тенгсиз тўпурар бўлганди. Эмилиано Буэндия нафақат рақиблар дарвозасини ишғол қилишда фаол, балки шерикларини самарали узатмалар билан таъминлашда ҳам барқарорликка эришмоқда - гол}пас тизимида 13}7. Тодд Кантуэллда - 6}4. Юқорида номи келтирилган ҳимоячи Макс Ааронс чемпионатдаги 42 учрашувдан 41тасида қатнашди. Бу борада Оливер Скипп жамоа етакчиси саналади - барча 42 ўйинда тўп сурган.

Футболчиларнинг муносабати қандай бўлди?

Теему Пукки «Твиттер»даги саҳифасида шундай қайд қолдирди: «Сўнгги икки йил мобайнида тўккан энг бахтиёр кўз ёшларим». Ваҳоланки, ушбу форвард шу икки йил мобайнида миллий жамоаси билан ҳам тарихий натижага эришди - Финляндия термаси илк марта Европа чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Шундай экан, Пуккининг «бахтиёрлик кўз ёшлари» ҳақида айтганлари аслида қайси воқеага тааллуқли эканлигини ҳали аниқлашга тўғри келади.

Макс Ааронс «Норвич Сити»нинг «Твиттер»даги аккаунтида муҳим воқеа юзасидан қўйилган расмий постга «Вау» деган ёзув қолдириш билан чекланди.

«Норвич»нинг АПЛдаги аввалги мавсумида муҳим роллардан бирини бажарган ярим ҳимоячи Онель Эрнандеснинг гапларига эътибор беринг: «Биз ўзимиз бўлишимиз керак бўлган ерга қайтдик».

Нима ҳам дердик, «Норвич» яна Англия футболи элитасига чиқди, буни яна бир бор катта умидлар билан амалга оширди. Бу сафар клуб ниятларини рўёбга чиқаришда фаолроқ бўлишини хоҳлаймиз. Албатта, жамоа ёзда таркибини кучайтириши лозим, буни 2019 йилнинг ёзидан фарқли равишда сифатлироқ тарзда амалга оширишини истаймиз. Аввал қайд этганимиздек, раҳбарият бош мураббийга ишонади, Даниэль Фарке истеъфога чиқмай туриб, қўл остидаги жамоани икки марта АПЛга олиб чиққан камсонли мутахассислардан бирига айланди. Сўнгги марта шундай ишонч Шон Дайчга кўрсатилган, у 2013-2015 йиллар мобайнида «Бернли» билан айни йўлни босиб ўтганди.

Омад, «канарейкалар»!

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz