Қайднома

Қидирув

Ракурс: Анжелина Жоли мисоли...

Ракурс: Анжелина Жоли мисоли...

  02.05.2021 09:09
  0
  284
Ракурс: Анжелина Жоли мисоли...

«Ювентус» чоршанба оқшоми Италия чемпионати 32-туридан ўрин олган ўйинда «Парма»ни 3:1 ҳисобида енгди. Меҳмон жамоанинг ягона голига учрашув бошида Гастон Бругман муаллифлик қилди. Диққатни тортган томони, «Парма» вакили жарима зарбасини амалга оширганида, «Ювентус» етакчиси Криштиану Роналду негадир юқори сакраш ўрнига бироз энгашиб, юзини қўллари билан ёпиб олди...

Мухлислар ва мутахассислар ушбу лавҳага нисбатан бир хил муносабат билдиришди: «Роналду тўп тегишидан қўрқар экан, унинг «жонли девор»га киришидан нима маъно?» @powellyowl ники остида ёзувчи фанат эса, барчасини Криштианунинг анчадан буён жарима зарбасидан гол уролмаётганига боғлади: «Жонли девор»даги Роналду жарима зарбасини тепишга чоғланган Роналдудан ҳам нўноқроқ экан...».

Таниқли журналист Танкреди Палмери ҳам португалиялик юлдуз ҳаракатидан роса ажабланганини яширгани йўқ: «Криш­тиану Роналду «жонли девор»да яна бир бора ношуд кўринди ва «Парма»нинг гол уришига имкон берди. Ҳар ҳолда, ўша вазиятда биргина Криш сакрамади. Роналду чиройли юзини шу қадар авайлар экан, шунчаки, уни «жонли девор»га қўйманг». Ижтимоий тармоқларда қолдирилган изоҳлар ҳам хилма-хил. Мана, улардан бири: «Роналдуга бежиз «Португалиялик Анжелина Жоли» лақаби берилмаган. У ўйинга борини бергани йўқ, аксинча, ҳурлиқолар қойил қолишлари учун юзини бенуқсон сақлаш ҳақида кўпроқ ўйлади. Клоу­надо!» Ҳа, Криш жорий мавсум «жонли девор»даги хатти-ҳаракати ортидан биринчи марта айб­ланаётгани йўқ. Дейлик, ЧЛ 1|8 финали доирасида «Порту»га қарши кечган баҳсда шунга ўхшаш ҳолат кузатилди - Сержиу Оливейра жарима нуқтадан зарба йўллагач, Роналду ўзини тўпдан олиб қочгандек туюлди. Якунда гол ва «Ювентус» турнирдан чиқиб кетди. Кейин ҳаттоки, клуб афсоналари - собиқ ҳужумчи Никола Аморузо ва собиқ бош мураббий Фабио Капелло ҳам португалияликни жиддий танқид остига олишди. «Шахсан мен Криштиануни ҳеч қачон «жонли девор»га қўймасдим. У тўп юзига тегишидан қўрқади, чунки ўз имиджига ўта ғамхўр...», - деди жумладан Аморузо. Капелло ҳам бу фикрни тўла қўллаб-қувватлади: «Кройфф вақтида чиройли футболчиларни ҳеч қачон «жонли девор»га қўймаслик кераклигини айтганди. Зеро, улар тўпни тўсишни эмас, юзларини сақлашни кўпроқ ўйлашади».

Сўз

- Афсуски, охирги вақтларда бугунги голникига ўхшаш вазиятлар кўп кузатилмоқда. Кейинги ўйингача барчасини таҳлил қилиб чиқамиз ва Криштиануни «жонли девор»га қўйиш-қўймаслик масаласида аниқ тўхтамга келамиз, албатта. Андреа Пирло («Ювентус» бош мураббийи, «Парма»га қарши кечган ўйиндан сўнг).

Муҳаммадсодиқ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz