Қайднома

Қидирув

Мураббийлар: Флик кетади ва...

Мураббийлар: Флик кетади ва...

  03.05.2021 04:40
  0
  201
Мураббийлар: Флик кетади ва...

Ханс-Дитер Флик мавсум якунланганидан сўнг «Бавария»ни тарк этишини оммавий тарзда эълон қилди. Ҳозирча Мюнхен гранди буни тасдиқламади: шартномани бекор қилиш масаласидаги музокаралар давом этмоқда. ОАВ вакиллари ва инсайдерлар ушбу мутахассиснинг кетиш истагини бир сабаб билан боғлашмоқда - Германия термасидан таклиф тушган. Фликнинг ўзи бу борада ҳеч қандай музокаралар бўлмаганини айтмоқда. «Бавария»дан кетиш истаги сабабларини эса ошкор этмаяпти.

Сўнгги ойларда «Бавария»да Флик ва спорт директори Қасан Салихамиджичнинг чиқишолмаётгани ҳақида гап-сўзлар урчиди. Бу ҳақда ОАВда қайд этилган хабарлар инсайдларга асосланди, аммо расмий тасдиқлар ҳам учради. Флик «Бавария»нинг трансфер сиёсатига қарши чиқди, қўл остидаги таркибнинг нима сабабдан кучсизланаётганини тушунмади.

Унинг сўзларига эътибор беринг: «Менинг фикрим шундай. Мазкур клубни бир ярим йилдан буён бошқаряпман. Ўтган йили сифат нуқтаи назаридан яхшироқ жамоага эга эдик. Буни барча билади». Мавсум-2020Ғ2021да «Бавария» трансферларга 62,5 миллион евро сарфлади. Келганлардан фақат Лерой Сане ўйинини топа олди. Шупо Мотинг фақат Левандовски жароҳат олган пайтларда асқотди.

Ёзда Флик ёқтирган яна икки асосий футболчилар «Бавария»ни тарк этишади. Давид Алаба - унинг жамоасидаги муҳим ҳимоячи. Клуб австрияликни текинга қўйиб юбормоқчи. Чунончи, Флик уни сақлаб қолишни истамоқда: «Умид сўнгги паллада ўлади». Чемпионлар Лигаси ўйини арафасида Салихамиджич Жером Боатенг ҳам «Бавария»ни тарк этишини билдирди.

Bild нашрининг ёзишича, клубнинг айнан Боатенг борасидаги қарори Фликни ранжитган. Ушбу маълумотнинг ЕЧЛ олдидан оммавий тарзда эълон қилиниши эса сабр косасига тўкилган сўнгги томчи бўлди. Ўша паллада Флик Боатенгнинг сифатли ўйини ва машғулотларга ёндашувини алоҳида эътироф этганди. Мутахассис сўзларини шундай якунлади: «Бу билан барча гапимни айтдим». Боатенгнинг ўрнига Упомекано келади.

Румменигге ҳам ўз чиқишларида Флик ва Салихамиджич ўртасида келишмовчилик борлигини тасдиқлади. Мутасадди барчани бирлашишга чақирди: «Биз ҳамкорликда профессионал тарзда ишлашимиз керак. Бу клубдаги етакчиларимизга қўядиган қатъий талабимдир. «Бавария» ҳар доим муваффақиятни йўлга қўйишни уддалаган».

Daily Mail ҳам Мюнхен жамоасидаги вазиятни батафсил таҳлил қилди. Румменигге Фликни қўллаб-қувватламоқда. Клуб президенти Хайнер ва кузатув кенгаши раиси Ули Хенесс эса Салихамиджич томонида. Юзага келган ҳолатда бош директор лавозимида Руммениггенинг ўрнини эгаллайдиган Оливер Каннинг роли ҳам муҳим саналади. Унинг шартномаси 2022 йилнинг 1 январидан кучга киради.

«ПСЖ»га қарши кечган жавоб ўйинидан кейин Германия ОАВ Флик ва «Бавария» раҳбарларининг ҳал қилувчи учрашуви ҳақида бонг ура бошлади. Мураббийнинг ўзи «Вольфсбург» билан бўлган баҳсдан сўнг мазкур учрашувнинг бўлиб ўтганини тасдиқлади. У ёзда амалдаги келишувни бекор қилишни сўраган. Мазкур ҳолатда Флик «Бавария» раҳбарлари манзилига мақтов йўллашдан тийилган.

Флик - «Бавария» тарихидаги энг яхши ишлаган мураббийлардан бири. У клубга 2019 йилда келган. Дастлаб Ковачнинг ёрдамчиси ролини бажарди, кейин эса бош мураббий лавозимини эгаллади. Уни таклиф этишдан аввал «Бавария»да етакчилар билан боғлиқ муаммо бор эди, аутсайдерларга қарши баҳсларда жамоанинг иши юришмаётганди. Флик нафақат ушбу масалаларни ҳал этди - у барча турнирлардаги ғалабаларни таъминлади.

Флик бошқаруви даврида «Бавария» Бундеслига, Германия кубоги, Чемпионлар Лигаси, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати, Германия суперкубоги ва УЕФА суперкубогида зафар қучди. Флик «Бавария» қатнашган ҳамма нуфузли мусобақаларда совринларни қўлга киритди. Ҳаттоки, кетиши билан боғлиқ музокаралар ҳақида гапирганида ҳам «Бавария» «Лейпциг»дан 7 очко олдинда бораётганди. Жамоа ҳозир Бундеслигада пешқадам.

Фликнинг «Бавария»даги иш услуби ҳақида клубнинг Чемпионлар Лигасидаги ғалабасидан аввал ҳам гаплашгандик. У машғулотлар жараёнини ўзгартирди, таркибга етакчиларни қайтарди, муҳитни яхшилади. Фликнинг сўзларидан иқтибос: «Мен «Бавария»ни оиламдек кўраман. Ҳатто уйда ҳам рафиқам билан жамоа ҳақида гаплашаман». Ушбу позициясини кетишга шайланаётганда ҳам сақлаб қолди: «Муҳими, футболчилар истагим қандайлигини ўзимдан эшитишсин».

Шу ҳафта бошида «Бавария» матбуот хизмати «Лейпциг»да ишлаган Юлиан Нагельсманн Мюнхен жамоаси бош мураббийига айлангани ҳақида хабар берди. 33 ёшли мутахассис Мюнхен клубида 2021 йилнинг 1 июлидан иш бошлайди. Нагельсманн «Бавария» билан 5 йиллик шартнома имзолади. Журналист Кристиан Фалькнинг маълум қилишича, «Бавария» «Лейпциг»га мураббийнинг кетиши учун турли хил бонуслар билан 25 миллион евро товон пули тўлайди. Олдинроқ маълум бўлганидек, Нагельсманн янги клубида йилига 8 миллион евро маош олади. Ханс-Дитер Фликнинг талаби қаноатлантирилди ва унинг шартномаси шу йилнинг ўзидаёқ якунига етадиган бўлди.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz