Қайднома

Қидирув

Жаҳл келганда, ақл кетар!

Жаҳл келганда, ақл кетар!

  03.05.2021 07:07
  0
  579
Жаҳл келганда, ақл кетар!

Машғулот жараёнида баъзан футболчилар ўзаро тил топиша олмай қоладилар. Лекин асабларни жиловлай олмаган шоввозларнинг одатий машқни бокс ёки универсал жангга айлантириб юборишлари ўта камёб ҳодиса. Маълум бўлишича, «Челси»даги машғулотлардан бирида Антонио Рюдигер ва Кепа Аррисабалага ўртасида юзага келган зиддият жиддий муштлашувга айланиб кетган ва мураббий германиялик ҳимоячини машғулотдан четлатишга мажбур бўлган. Football.ua жаҳлига ва қўлига эрк берган юлдузлар ҳақида ҳикоя қилади.

Раҳим Стерлинг - Жо Гомес

2019 йилда ҳам Англия терма жамоасининг вингери ҳамда ҳимоячиси ошхонада ўзаро келиша олмай қолишганди. Ўшанда можаронинг ташаббускори бўлган «Сити» юлдузини бош мураббий Гарет Саутгейт Черногориядаги ўйиндан четлатиш билан жазолаганди. Нима сабабдан жамоадошларда орани очиқ қилиш эҳтиёжи пайдо бўлганди? Сал аввалроқ АПЛ доирасидаги баҳсда «Ливерпуль» «Манчестер Сити»ни маҳв этган ва Раҳим ўша мағлубият аламини Гомесдан олганди. Тез орада жаҳлидан тушган Стерлинг жамоадошидан узр сўраганди. Яқинда Гомес ҳам Раҳим билан аввалроқ ёмон муносабатда бўлганлиги, лекин ҳозир ҳеч қандай муаммо йўқлигини тасдиқлади.

Неймар - Нелсон Семеду

Ўзининг илк машғулотида мураббийлар штаби ва янги жамоадошларида кучли таассурот уйғотишни мўлжаллаган Семеду тўп учун курашда қўполликка йўл қўйиб, Неймардан тепки олганди. Шу тариқа кутилмаганда юзага келган тўқнашув Серхио Бускетс ва Самюэль Умтитининг аралашувидан кейин тезда тўхтади. Ғазабини жиловлай олмаган Неймар либосини бир четга улоқтирганча машғулотни тарк этди. Орадан бир неча кун ўтгач, бразилиялик ҳужумчи Францияга йўл олди ва «ПСЖ» билан шартнома имзолади.

Энди Кэррол - Стивен Тэйлор

Жиззаки табиати билан донг таратган баланд бўйли ҳужумчи машғулот базасида ўз жамоадоши Стивен Тэйлор билан жанжаллашиб қолди. Ўша куни унга жуда оз иш ҳақи белгиланганидан ёки Тэйлор унинг собиқ маъшуқаси билан дон олиша бошлаганидан дарғазаб бўлган Кэррол мушт билан Тэйлорнинг жағини синдирганди. Жабрланувчи мавсум охиригача сафдан чиқди. «Ҳаккалар» мухлислари эса бу зўравонлиги учун жамоа тўпурарини танқид қилиш ўрнига, уни қўллаб-қувватладилар. «Ньюкасл» ўзининг етакчи марказий ярим ҳимоячисидан жудо бўлган мавсумда Чемпионшип ғолиблигини қўлга киритди ва можаро тезда унутилди.

Александр Митрович - Абубакар Камара

«Фулхэм»нинг бу икки аъзоси 2019 йилдаги жамоавий йога машғулоти пайтида тўсатдан муштлашиб кетишди. Қолган ўйинчилар жанжалкашларни ажрата олмаётганликлари ўша пайтдаги бош мураббий Клаудио Раньерини ҳайрон қолдирганди. Айтишларича, Камаранинг йога мураббийини ҳурмат қилмаганлиги Митровичнинг ғазабини қўзғаган. Можародан аввалроқ «Борнмут»га қарши ҳал қилувчи ўйинда «Фулхэм» пенальти тепиш имкониятига эга бўлган, Камара эса тўпни Митровичдан тортиб олганди. Абубакарнинг гол ура олмагани низога сабаб бўлганди.

Жон Хартсон - Эял

Беркович

Машғулот майдончасида бўлиб ўтган икки футболчи ўртасидаги энг машҳур муштлашув. 1998 йилда «Вест Хэм» шарафини ҳимоя қилган Уэльс терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси ва исроиллик ярим ҳимоячи чигилёзди машқлари жараёнида жанжаллашиб қолдилар. Берковичнинг оғриқли тепкисига Хартсон кучли мушт билан жавоб қайтариб, клубдошининг жағини синдирди. «Агар менинг бошим ўрнида тўп бўлганида, у дарвозанинг юқори бурчагидан жой оларди», - деганди Эял кейинчалик. Хартсон эса бу қилмиши билан ҳеч қачон мақтанмагани, аксинча, фаолиятидаги ўта бемаъни қилиқни амалга оширганини тан олганди. Охир-оқибат, Хартсонни 20 минг фунт жарима билан жазолаб, 3та учрашувга дисквалификация қилишди.

Юнгберг - Мельберг

Швециялик юлдузларнинг АПЛ­даги ўзига хос «бокс»ларига мухлислар кўникиб қолишганди. Аммо Швеция терма жамоасида юзага келган зиддият сабаблари номаълум. «Тре Крунур»нинг машғулоти пайтида «Астон Вилла»нинг собиқ ҳимоячиси «Арсенал» афсонасини тўхтатишга уринди. Қанот ҳужумчиси буни тўғри қабул қилиш ўрнига, уни туртиб юборди. Оқибатда жамоанинг ЖЧ-2002 турнирига тайёргарлик жараёнига путур етди. Тўрт йилдан кейин бу муросасиз жуфтлик яна тортишиб қолди - энди улар терма жамоанинг ЖЧ-2006даги Тринидад ва Тобагога қарши старт беллашувига (0:0) танланадиган тактикаси хусусида тортишиб қолишганди. Швеция ФА эса можарони «қисқа қайноқ баҳс» сифатида баҳолаганди.

Марио Балотелли - Роберто Манчини

Марио доимо бор кучи билан ўзини кўрсатишга, самарали ўйнашга интиларди. Бироқ Манчини даврида ҳар қанча уринса ҳам, буни уддалай олмади. Машғулотларнинг бирида ҳужумчи Скотт Синклерга нисбатан кераги бўлмаган «подкат»ни қўллаганида, Роберто асабларини жиловлай олмади ва Балотеллини маҳкам ушлаган ҳолда майдончадан олиб чиқиб кетмоқчи бўлди. Бу Марионинг икки йил аввалги Мика Ричардс билан муштлашувидан кейинги иккинчи можароси эди. Бир ойдан сўнг жиззаки ҳужумчи «Милан»га сотиб юборилди, кейинчалик Манчини уни Италия терма жамоасига жалб этди.

Златан Ибрагимович - Огучи Оньеву

Агар бу баҳсга бокс нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, у ўта оғир вазн тоифасидаги беллашув сифатида қайд этиларди. Таэквондо бўйича қора камар соҳиби бўлган Златан «Милан» шарафини ҳимоя қилган даврида америкалик баланд бўйли ҳимоячи билан жанжаллашиб қолди. «Бу ҳақиқий ҳаёт-мамот жангини эслатарди. Мен унга бош билан зарба берганимдан кейин чинакам муштлашув бошланиб кетди. Биз бир-биримизни янчиб ташлаш истагида муштлашдик. Бу жуда даҳшатли эди», - деб ёзди швециялик ҳужумчи кейинчалик ўзининг автобиографик асарида. Ўша олишувда Златаннинг қовурғаси синди, Оньеву эса мавсум якунида сотиб юборилгач, «А» серияда кўриниш бермади.

Жоуи Бартон - Усмон Дабо

«Барнсли» соҳиби Дэниэль Стендель Бартоннинг бош зарбаси туфайли 2та тишидан жудо бўлишидан анча аввал «Манчестер Сити»нинг собиқ ярим ҳимоячиси ўз жамоадоши Усмон Дабони дўппослаб, сезиларли тан жароҳати етказганди. Усмоннинг машғулот пайтидаги турткисидан дарғазаб бўлган «Флитвуд Таун»­нинг амалдаги мураббийи зудлик билан ишга киришди ва жамоадошига зарбалар ёғдирди. Оқибатда Дабонинг кўзи ости кўкариб, тўр пардаси шикаст­ланди. Жабрланувчининг шикоятига асосан, муштумзўр суд томонидан 3 минг фунт стерлинг жарима ва 4 ойлик шартли қамоқ жазосига тортилди. АФА эса Бартонни 25 минг фунт стерлинг жарима ва 6 учрашувдан четлатиш билан жазолади.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz