Қайднома

Қидирув

Эътироф: Қишлоқдан чиққан қаҳрамон...

Эътироф: Қишлоқдан чиққан қаҳрамон...

  04.05.2021 06:36
  0
  277
Эътироф: Қишлоқдан чиққан қаҳрамон...

«Уфа» ярим ҳимоячиси Владислав Камилов «Спартак» билан ўтган ўйиннинг бош қаҳрамонига айланди. 25 ёшли футболчи «дубль» қайд этиб, жамоасига муҳим ғалабани тортиқ этди. Учрашув давом этаётган паллада ижтимоий тармоқларда шов-шувли хабар тарқалди: гўёки, Камилов сариқ карточкалари кўпайгани сабаб «қизил-оқлар»га қарши ўйинда майдонга тушмаслиги керак эди, бироқ РПЛ маълумотни дарҳол рад этди. Қуйидаги мақола «спартакчилар»ни қийнаган йигитчага бағишланади.

Қишлоқдаги ҳаёт, «Барселона»га қарши ўйин ва «Реал»даги амалиёт

Камилов Алтай ўлкасидаги аҳолиси бир неча минг кишини ташкил этадиган Калманка қишлоғида туғилган. Ўзининг айтишича, футболга болалик давридан меҳр қўйган. Кичкинтой Владик бўр ёрдамида почтанинг ёғоч биноси деворига дарвоза чизиб, тўп билан уни нишонга олган.

«Деворнинг ярми ёғоч, ярми майда шишалардан иборат эди. Уни синдириб, қочардим. Бразилча тизимда шуғулланардим. Отам футболни яхши кўрарди, шу боис синган шишалар учун сўкмасди», - дейди футболчи Sports.ru сайтидаги «Football Maniacs» блогига берган интервьюсида.

7 ёшида Камиловни Барнаулнинг «Динамо» клуби мактабига қабул қилишди. Бир йилдан сўнг ўзи тонгги соат 6да «Газел»га ўтириб, Барнаулдаги машғулот қатнай бошлади. Кейин эса дарс­лар, уй вазифаси, оқшом пайти - яна футбол. «Краснодар» дарвозабони Евгений Городовнинг отаси Александр қаҳрамонимизнинг дастлабки мураббийларидан бири бўлган. У Камиловни жамоа сардори этиб тайинлаганди.

2006 йили Камилов Коноплёв номидаги Академия кўригидан муваффақиятли ўтди, лекин Тольяттига кўчиб ўтиш масаласида бироз иккиланди. Дастлаб унга Барнаулда тўп суришига рухсат беришди, академияга эса фақат турнирлар ўтказиладиган пайт келди. Бироқ ота-онаси қишлоқдан кўчиб кетиши кераклигини уқтираверганларидан сўнг, ўғил уларнинг сўзига кўнди.

«Боришни хоҳламагандим. Мен қишлоқдан чиққан оддий йигитман, ҳеч қачон футболда улкан натижаларга эришишни ўйламаганман. Жаҳоннинг энг яхши футболчиси бўлиш ёки «Барселона»да ўйнашни орзу ҳам қилмаганман. Эркин қишлоқ ҳаётида яшаганман, ундан роҳатланганман. Аммо якуний танловни қабул қилиш вақти келди: озодлик ёки академия. Ота-онам маслаҳат беришди: футбол ўйнашни хоҳласанг, боришинг керак».

Камилов Коноплёв академияси жамоаси таркибида «Барселона» ва «Аякс»даги тенгқурларига қарши ўйнаган, бир сафар ҳатто Мадриднинг «Реал» клубида амалиёт ўташга борганди - бу Москвадаги турнирда энг яхши футболчи мақомига эришгани учун қироллик бонуси эди.

«Москвада Volkswagen Cup мусобақаси ўтказилганди. Ўйиндан роҳатлангандим ва кутилмаганда - энг яхши ўйинчи соврини ва қўшимча мукофот сифатида «Реал»даги стажировкага эга бўлдим. Ўша пайтдаги ҳолатимни эсласам, кулгим келади, чунки Мадридга боришни хоҳламагандим. Ўйлаб қолдим: яна ёлғиз ўзим, яна кетаман. Отам эса истамаётган бўлсам қишлоққа қайтишим кераклигини таъкидлади. Йўқ, бораман, дедим. Аммо кўп ўтмай ёлғиз парвоз қилмаслигим ойдинлашди. Амалиётга Аяз Гулиев билан бирга бордик, тўғри, унинг сафар харажатларини ота-онаси қоплади».

Влад «Сантьяго Бернабеу»да бўлган, мадридликлар музейига кирган, асосий жамоа машғулотларини бевосита кузатган. Эсдалик сифатида «Реал» либоси ҳамда «Қироллик клуби» маълумотларига кўра, тўғри овқатланиш тартиби қайд этилган йўриқномага эга бўлди.

ПФЛ, ФНЛ, жорий йилдан - РПЛда

Камиловнинг профессионал фаолияти ҳам Барнаулнинг «Динамо» клубида бошланган, ўшанда мазкур жамоа ПФЛда қатнашарди. Орадан ярим йил ўтиб, 2013 йилнинг ёзида ёш футболчи «Ростов»га ўтди. Бироқ Дон бўйида Владислав фақат ёшлар биринчилигида тўп суриб, кўп ўтмай Барнаулга қайтди.

Кейинчалик «Динамо» Камиловни ПФЛнинг бошқа бир клуби - «Носта»га ижарага берди. Новотроицкда қаҳрамонимиз асосий таркибга мустаҳкам жойлашди, клуб унинг трансферини икки марта сотиб олди. 20 ёшли футболчи «Носта» сафида 23та ўйин ўтказиб, 3та гол урди.

Астраханнинг «Волгар» клубида ўтган қисқа муддатли фаолиятдан сўнг Камиловнинг ўйинларини диққат билан кузатган «Шинник» бош мураббийи Александр Побегалов уни жамоасига таклиф қилди. Ушбу мутахассис унга тўлиқ ишонч билдирди, хатоларга кўз юмди, янги шогирдининг кучли жиҳатларини ривожантиришга интилди. Владислав кўп ўйинларни ўтказиб юборди, шунга қарамай, 68 учрашувда 7та гол ва 4та самарали узатмани амалга оширди.

2019 йилнинг ёзида «Шинник» инқирозга учради, Камилов эса Вадим Евсеевнинг олдига - Хабаровскка кўчиб ўтди.

«Евсеев жамоасида ўйнашни хоҳлагандим. У СКА бош мураббийи сифатида ишлаганда, жамоаси дарвозасини ишғол қилгандим, умуман, юқори савияли ўйин ўтказгандим. Вадим ҳаракатларимни кўриб, СКА мени сотиб олишини хоҳлаган. Евсеев кўп ўтмай «Уфа»га кетди, аммо ўйлашимча, унинг ўша пайтдаги тавсияси трансфер амалга ошишига туртки бўлган».

Хабаровскда Алексей Поддубский қўл остида Камилов бир мавсумдан кўпроқ тўп сурди. 38та ўйин ўтказиб, 7 гол, 5 ассист расмийлаштирди, ўтган йилнинг сентябрь ойи ўрталарида эса Евсеев билан топишди. Энди ҳамкорлик жойи «Уфа» эди.

Тўғри, бу ерда ҳам биргаликда узоқ ва бахтли фаолият юритиш уларга насиб қилмади. Евсеев бошқарувида Владислав атиги иккита ўйин ўтказди - «Зенит» ва «Ротор»га қарши. Рашид Раҳимов келгач, 25 ёшли ярим ҳимоячи асосий таркибга киришда давом этди, «Тамбов» ва «Химки» жамоалари билан ўйинларда гол урди. Москва «Спартак»и дарвозасининг икки марта ишғол қилиниши эса Алексей Стукалов бош мураббийлик даврига тўғри келди.

«Бу фаолиятимдаги энг яхши ўйин»

«Спартак»ка қарши кечган баҳс­дан сўнг бирданига икки Камилов - отаси Георгий ва ўғли Championat.com сайтига интервью бериб, таассуротлари билан ўртоқлашишди.

«Албатта, бу фаолиятимдаги энг яхши ўйин бўлди, - дейди Влад. - Кийиниш хонасида ҳамма хурсанд эди. Ҳа, иккита гол урдим, аммо уларга батафсил тўхталишни хоҳламайман. Буларнинг бари жамоавий меҳнат маҳсули. Шерикларимсиз ҳеч нимани уддалай олмасдим. Алоҳида тайёргарлик? Жадвалга қаранг, биз ҳар бир ўйинга ўзгача ёндашишимиз керак. Шунчаки, бугун «Спартак» рўбарў келди. Шамиль Камилович кийиниш хонасида бу ерда ортиқча гапга ҳожат йўқлиги, айтишга арзигулик сўз тополмаслигини таъкидлади. У, дарвоқе, янада кўпроқ гол уришимизни кутган экан. Газизов «Уфа»га қайтгач, жамоада мени ҳам Камилич деб чақирадиган бўлишди».

Шунингдек, футболчи «заявка» ва сариқ карточка билан боғлиқ воқеага ҳам тўхталди: «Сафсата. ФНЛда иккита «сариқ» олгандим, кейин эса РПЛда ўйнадим. «Урал» билан ўйинда дисквалификация муддати тугаганди. Нега бундай ёзишганини ўзим ҳам тушунмадим. Ваҳоланки, ўйиндан олдин ҳам шундай хабарларга кўзим тушганди. Лекин мен хотиржам эдим, карточкаларим сони иккита эканлигини билардим».

Футболчининг отаси Георгий Камилов ўғлининг ҳаракатларини «Откритие Арена» трибунасидан туриб кузатди. Учрашувдан кейин эса қуйидагича фикр билдирди: «Стадионда эдим. Ҳиссиётларнинг чеки йўқ. Барчаси ижобий, ҳамма чин дилдан мухлислик қилди. Биз Барнаулдан 35 километр узоқликда, қишлоқда яшаймиз. У ернинг аҳолиси сони 3000га яқин. Ҳамма ёзди, табриклади, мадад берди. Жуда кўпчиликдан қутлов келди! Аммо мен Владни биламан, унинг имкониятларидан хабардорман. Унга мураббий ишонса бўлди, тоғларни кўчиришга тайёр.

Ўзгача ўйин гувоҳига айландик. «Халқ» жамоаси мағлубиятга учратилди! Ҳозир «Уфа»да ҳамма ўз позициясида ўйнамоқда. Муваффақият калити шунда. Авваллари бундай эмасди. Ҳаммаси ўнгланмоқда, улар ўйинларини топиб олишди. Шамиль Камилович ўсишни таъминлади. Агар у қайтмаганда, қийин бўларди. У жамоани ҳам ҳимоя қилади, ҳудудни ҳам ташлаб қўймайди. Барчаси ўша ерда яшаётган одамларга боғлиқ.

Негадир ўғлим доимо мураккаб йўлни танлайди. 18 ёшида «Краснодар» ва «Ростов» таркибига қўшилиш имкони бор эди. У жуда тарбияли бола, ҳаддан зиёд қаттиққўл мураббийлар билан ишлолмасди. Шунга қарамай, мақсадларимиз улкан - доимо яхшиликдан умидвормиз».

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz