Янгиланиш - ҳаёт қонуни. Тақдир измидаги бу жараёнга инсон омили аралашолмайди. Пайти келган палла гуллаб-яшнаётган жамият инқирозга юз тутади ва янгиланиш кузатилади. Футбол ҳам шу зайл янгиланишни истайди. Бироқ ҳаммаси осонгина кечмайди. Гоҳо янгиланиш учун ишонарли ҳолатларга гувоҳ бўласиз, лекин кутилган ўзгариш содир бўлмайди. Тақдир алдайди, ҳазиллашади. Ожиз бандалар эса "Нималар бўляпти ўзи?!" дея ажабланади, холос. Ана, "Барселона" бемажолгина "Гранада"ни енгиб, катта иштиёқ билан 1-ўринга кўтарилиши мумкин эди. Аммо Роналд Куман шогирдлари бу иш уддасидан чиқишолмади. Тақдир кулиб боқмади уларга. Тақдир юз тутмаса, Лионель Мессининг ҳам қўлидан ҳеч бир иш келмайди. Ўша куни кўпчилик "Барселона"ни омадсизлиги ҳақида сўзламади, аксинча, тақдир "Атлетико"ни сийлаётганию, унга раҳм қилаётганини ўйлади.
Шанба оқшомидаги воқеалар эса эҳтиросларни баттар авжлантирди. "Тақдир қўллагани-шу! "Атлетик" чемпион бўлолмаса, энди айб ўзида! - деди кўпчилик беихтиёр. Ян Облакнинг бармоқ учлари жамоасини биринчи ўрнини мустаҳкамлади. Ўта қалтис вазиятда тақдир Фидель Чавеснинг кўкрагидан итариб, муҳим ишга аралашишини тақиқлади. Шу тариқа Ла Лигада чемпионлик учун кураш олови ловуллади - интрига кучайди. Кўриниб турибдики, ҳаммасини "Гранада"нинг кутилмаган ғалабаси ўзгартириб юборди. Тақдир олдинда яна қандай воқеаларни ҳозирлаб қўйганини ҳеч ким билмайди. Куман кучли ва янгиланаётган "Барселона"нинг имкониятларини кўрсатиш иштиёқида. Жерар Пикенинг ҳаракатлари эса Анзур Исмоилов ва Егор Кримец хатоларини эслатмоқда. Савия катта ўйинларда яққол билинади. Хатолар эса савияни бир четга суради ва футболчиларни ўзаро қиёслашга мажбурлайди, беихтиёр. Дейлик, "ПСЖ"дан кетган Томас Тухелнинг ЧЛ ярим финалида иштирок этишини тахмин қилиш қийин эди. Тақдир экан, у яна катта саҳнада. Бу сафар имкониятлари паст баҳоланган "Челси" билан! Тўғри, Мадриддаги дуранг ва сафардаги гол ҳали ғалабани англатмайди. Тухель эса аллақачон ғалаба суруридан маст. Чунки у ўзига нисбатан ишончни қайтарди ва ЧЛ ярим финали бунинг учун етарлидир. Қолгани тақдир ҳукмига ҳавола. Германиялик мутахассис зукко ва забардаст Зайниддин Зидан билан беллашишга қай даража тайёр? Кўрамиз. Тухель учун бундай имконият - тақдир туҳфаси. Зидан учун эса ўзининг зўрлигини яна бир бор исботлаш имконидир.
Қаранг-ки, барча миллий жамоамиз Саудиядаги марказлашган турнирда қандай қийналиши мумкинлиги ҳақида ўйлаётганида, тақдирнинг ғалати ўйинлари кутилмаган юришни амалга оширди, яъни икки клубимизни Саудия муҳитида ўйнатиб қўйди. Икки кучли легионеримиз ҳам шу муҳитда тўп тепди. Муваффақиятсизликлар аламли, албатта. Лекин тақдир бу муваффақиятсизликлар ортида терма жамоамиз учун муваффақият ҳозирлаётган бўлса, не ажаб. Июнь ойида Саудияда ўтажак ЖЧ-2022 саралаш босқичи турнирига тўғри бориш ва ОЧЛ гуруҳ босқичи турниридаги адаптация-репетиция орқали бориш ўртасида катта фарқ бор, жуда катта. ОФК ўзи билмаган ҳолда, ҳеч кутилмаганда, терма жамоамиз учун фойдали ишга қўл урди, бизнингча. Вадим Абрамовнинг омади яна чопмоқда, барибир. Терма жамоамиз учун бундан ортиқ яна қандай тобланиш бўлиши мумкин?! Йўқ, бундан ортиғи тасаввурга ҳам сиғмайди. Икки жамоа таркибидаги футболчилар, шунингдек, Отабек Шукуров ва Жалолиддин Машарипов етарли даражада Саудия муҳитига мослашишди. Саралаш ўйинларигача бўлган қисқа муддат уларда шаклланган кўникмани йўқотолмайди. Ҳа, йигитларимизда шаклланган кўникма бироз издан чиқиши мумкин, лекин Саудияга етиб боришган заҳоти яна аввалги адаптация тикланади.
Агар ОЧЛ гуруҳ босқичи турнири бўлмаганида, терма жамоамиз қай аҳволга тушарди?! Бу хусусда ўйласак, ҳар доим бизни хавотир босарди. Энди ўша хавотирга ҳожат йўқ! "Пахтакор" ёшлари биринчи ва охирги ўйиннинг иккинчи бўлимида қандай шижоат билан ўйнашганини кўрдик ва яна уларнинг кучига ишона бошладик. Вадим Абрамов шу ёшларга ишонч билдирса, терма жамоамиз ўзагини улар орқали шакллантирса, юкимиз ерда қолмайди? асло. Терма жамоамиз кўп ҳолларда тақдир инъоми бўлмиш имкониятлардан фойдаланолмаган, арзимас хатолар туфайли рақиблар томонидан жазоланган. Хўш, воқеалар бу сафар қандай ривожланади? Вадим Абрамов тақдир туҳфаси бўлмиш адаптация ва репетициядан унумли фойдаланиш йўлини топа оладими? Ҳар доимгидек, шунга умид боғлаймиз.
Муҳаммад ВАЛИ
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20