Қайднома

Қидирув

Бир ўйин атрофида...

Бир ўйин атрофида...

  05.05.2021 06:36
  0
  785
Бир ўйин атрофида...

Ўзбекистон Суперлигасида танаффус юзага келиши арафасида, 5-турдан ўрин олган "Бунёдкор" - "Сўғдиёна" ўйинини бевосита "Миллий" ёхуд "Бунёдкор" стадионида кузатгандим. Сал кечроқ бўлсада, таассуротлар билан ўртоқлашгим келди. Улар шунчаки, чексиз...

Старт. Аслида ўйин нисбатан сокин руҳда бошланди. Мухлислар ҳам кам, трибунада деярли сукунат ҳукмрон. Ўзиям Тошкент ва Жиззах жамоалари фан-клублари аъзолари ўртасига чипта сотиб олган эканман, билмаган ҳолда, албатта. Чап қулоғингда "Сўғ-диии-ё-наа", ўнг қулоғингда "Буун-ёд-коор"... Бундай ҳайқириқлар ажойиб эмасми?

Ташкилотчилик. Ўйин ташкилотчилигига ортиқча таъриф ножоиз. Ҳаммаси зўр, талаб даражасида, фақат битта ҳолат дилни бироз хира қилди. Улкан арена трибуналари бўш, чамаси 2000 мухлис бор, холос. Ваҳоланки, "Бунёдкор" стадиони ўз бағрига нақ 35000 мухлисни сиғдиради. Стадион ташқарисида эса, нари борса 200 нафар талаба қўриқлаш хизмати ходимларидан ичкарига киритишларини сўраб турибди. Ўзбек футболига қизиқиш билан стадионга келган мухлислар нега ортга қайтарилиши керак? Шу каби ҳолатлар футболимизга мухлисларни қайтаришда асосий тўсиқ эмасми? Балки талабаларга қандайдир енгиллик, имтиёз бериш керакдир. Тўғриси, клублар маъмурияти бундай ҳолатлар юзасидан тезроқ ечим топса, яхши бўларди.

Футбол сифати. Ўйин бошланиши билан меҳмон - "Сўғдиёна" мезбонлар дарвозаси томон ҳужумлар ёмғирини ёғдиришга тушди. Жасур Ҳасановдек тажрибали ярим ҳимоячи, Шоҳруз Норхоновдек иқтидорли ҳужумчи ўйинни ўз қўлларига олишди. Умуман, "Сўғдиёна"да жамоавий ўйин зўр ва Улуғбек Бақоевнинг бу борадаги ишлари мақтовга сазовор. Айниқса, комбинациялар ноодатий. Эътиборли жиҳати, Жиззах жамоаси ўйин аввалидаги устунликни ажо­йиб гол билан таблода ҳам акс эттирди. Мезбон жамоага келсак, унинг таркибидаги 60-70 фоиз футболчи ҳали ёш. Майдонда фао­лиятининг энг юқори даражадаги даврини тугатишга улгурган футболчи ҳам бор - Лутфулла Тўраев. Учрашувга адекват баҳо берсак, "Сўғдиёна"нинг устунлиги яққол сезилиб турди. Бироқ таблодаги якуний ҳисоб бунга мос бўлгани йўқ - жанговар дуранг (2:2).

Стадион муҳити. Тошкент нафақат пойтахт, балки юртимизда футбол учун марказлашган шаҳар ҳисобланади. Тошкент клублари мавқеига ортиқча баҳо бериш шарт эмас. Биргина "Пахтакор"нинг шонли ўтмиши ва замонавий футболимизда тутган ўрни бу фикрга яққол далил. Афсуски, "Бунёдкор", "Пахтакор" ва "Локомотив"­дек элит клубларга эга Тошкентда стадионлар йилдан-йилга бўшаб бормоқда. 30-35 минг сиғимга эга муҳташам стадионларга чемпионатимиз доирасида нари борса 2000 мухлис ташриф буюрмоқда. Ачинарли ҳолат, албатта. Бунга асосий сабаб сифатида чемпионатимиз грандлари ва ўртамиёналари ўртасидаги катта фарқни кўрсатиш мумкин. Дейлик, охирги 15 йилдаги турнир жадвали ҳолатига нигоҳ ташласак, фақат 2-3та, ошиб кетса 4та жамоа чемпионлик учун кураш олиб борганини кўрамиз. Шахсий фикримча, клублар ўртасидаги савия сезиларли даражада тенглашса ва чемпионатда рақобат янада ортсагина мухлислар стадионларга кўпроқ талпинишлари мумкин. Тўғри, инсоф юзасидан айтиш керак, водий ва воҳадаги ҳолат ҳозир ҳам ёмон эмас.

Сўнгсўз. Умумий олганда, "Бун­ёдкор" ва "Сўғдиёна" ўртасидаги учрашув ўзгача таасуротлар ҳадя этди. Салбий томони  - "Бунёдкор"дек ўзбек футболи марвариди олдингидек ўйин намойиш этмаяпти, Тошкент стадионлари мухлиссиз қолмоқда. Ижобий томони - Суперлигада яна бир жамоа чемпионлик учун курашишга шайланмоқда. Бу - "Сўғдиёна", шубҳасиз. Жамоалар ўйинида ҳам ижобий томонга ўзгариш бор, интрига чакки эмас. Хуллас, ўзбек футболини севамиз ва мухлислик қилишда давом этамиз. Муҳими, ишонч ва бирдамлик. Ўйлаймизки, миллий терма жамоамиз ҳам Суперлигадаги ўсиш ўлароқ, узоқ кутилган натижаларни тақдим этади ҳали.

Шерали ОРТИҚЗОДА


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz