Қайднома

Қидирув

Евротур: МАРРА ОСТОНАСИДАГИ КЕСКИНЛИК

Евротур: МАРРА ОСТОНАСИДАГИ КЕСКИНЛИК

  06.05.2021 02:32
  0
  235
Евротур: МАРРА ОСТОНАСИДАГИ КЕСКИНЛИК

Ҳисобот турида қайд этилган натижалар ниҳоясига етиб бораётган топ-чемпионатлардаги кескинлик гулханига том маънода мой қуйди. Яъни, бусиз ҳам ўта муросасиз курашлар остида ўтиши аниқ бўлган охирги тур беллашувларига қўшимча интрига ҳадя этди. Чемпионлик учун ҳаёт-мамот жанги кетаётган лигалар тугул, ғолиб номи барвақт маълум бўлган чемпионатларда ҳам бор куч-имкониятларни сарфлашга арзийдиган жиҳатлар етарли.

Англия. Шоҳсупа сари навбатдаги қадам

Чемпионликни барвақт нишонлаш мақсадида бўлган «Манчестер Сити» Лондонда «Кристал Пэлас» дарвозасига 2та жавобсиз гол уриш билан навбатдаги 3 очкони ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Умуман, 34-турнинг тўрт учрашуви 2:0 ҳисобида якунланди. Жумладан, «Арсенал» «Ньюкасл»ни, «Челси» «Фулхэм»ни ўйин савиясидаги фарқ эвазига, топларга хос салобат билан маҳв этишди. Яъни, керакли натижага эришгандан кейин асосий эътиборни устунликни бой бермасликка қаратган ҳолда, хотиржамлик билан тўп суришди.

«Тоттенхэм» - «Шеффилд» баҳсида эса майдон эгалари рақибни ҳам, ўзларини ҳам аяб ўтирмадилар - 4:0. Ҳисоб бунданда йирикроқ бўлиши мумкин эди, агарда меҳмонлар дарвозабони Ремсдейл ўз сэйвларини намойиш этмаганида. Балки «шпорлар» янги бош мураббийга ўз маҳоратларини кўрсатишга уринишгандир ёки Райан Мэйсон йирик ғалаба билан жамоа мухлисларидан Лига кубоги финалидаги мағлубият учун узр сўрагандир.

Душанба оқшомида «Бёрнли» майдонида меҳмон бўлган «Вест Хэм» эса 19-дақиқада аввалги тур қаҳрамони - Крис Вуднинг голини ўтказиб юборганига қарамасдан, Майкл Антонионинг «дубли» эвазига муҳим ғалабани расмийлаштирди.

Испания. «Барса» интрига тарафдори

Ҳа, пайшанба оқшомида 31-турнинг кечиктирилган учрашувида «Гранада»ни ўз майдонида енга олмаган «Барселона» ўзи истамаган ҳолда чемпионлик пойгасига қўшимча кескинликни туҳфа этди. Кейин Куман шогирдлари «Месталья»да жонбозлик кўрсатиб, «Валенсия» устидан иродали (3:2) ғалабани расмийлаштирдилар. Шу тариқа жамоа пешқадамлик имкониятини барбод қилди ва азалий рақиби - «Реал»га тенглашиб олиш имкониятини тақдим этди.

«Қироллик клуби» бу турда ўртамиёна «Осасуна»ни қабул қилиб, охирги 15 дақиқада рақибини таслим этди - 2:0. Ўз ўйинини топа олмаган Карим Бензема ва Винисиус Жуниорлар ўз мухлисларини асабийлашишга мажбур этган бўлсалар, Милитао ва Каземиро самарали зарбалари эвазига жамоадошларини хижолатдан фориғ этишди.

Зидан шогирдларининг зафари эътирозга ўрин қолдирмаган бўлса, пешқадамнинг «Эльче» майдонидаги ғалабаси (1:0) шубҳадан холи бўлмади - қўшимча вақтда «Атлетико» дарвозаси томон белгиланган пенальтига эътироз йўқ, Фиделнинг кучли зарбасига дарвоза устуни тўсиқ бўлгани ҳам ҳақиқат. Лекин зарба йўлланаётган паллада Ян Облак дарвоза чизиғидан ярим метр олдинга чиқиб кетганди. Қоидага биноан, VAR ҳакамлари зарбани қайтадан амалга ошириш хусусида бош ҳакамга хабар беришлари лозим эди. Бироқ улар бу вазиятни эътибордан қочиришди.

«Гранада» ҳамда «Севилья» чекига бу турда сенсациянинг салбий қаҳрамонлари қисмати битилган экан. Таажжубки, 3 кун аввал «Камп-Ноу»да «Барселона»ни таслим этган (2:1) «Гранада» ўз уйида «Кадис»га қимматли 3 очкони ҳадя этди - 0:1.

Таъқибчилардан анча олислаб кетган етакчи квартетнинг сўнгги вакили бўлмиш «Севилья» эса «Рамон Санчес Писхуан»даги «Атлетик»ка қарши беллашувни бошидан охиригача устунликда ўтказди. Аммо бундан самара чиқара олмади. Охир-оқибат, майдон эгаларининг бутун жамоа билан олдинга ташланганларидан унумли фойдаланган бильбаоликлар тезкор қарши ҳужуми Иньяки Уильямснинг аниқ зарбаси билан якунланди - 0:1.

Муҳим 3 очкодан маҳрум бўлган Хулен Лопетеги жамоаси шу тариқа совриндорлар учлигига бироз узоқлашиб олиш имкониятини берди. Балки бу аламли мағлубият уларни навбатдаги турга янада жиддийроқ тайёргарлик кўришга мажбур этар. Дарвоқе, 35-тур мавсумдаги ҳал қилувчи турга айланиши ҳам мумкин. Шанба оқшомида «Барселона» «Камп-Ноу»да «Атлетико» билан, «Реал» эса «Сантьяго Бернабеу»да «Севилья» билан ўзаро куч синашади.

 

Германия. Финалда «РБ Лейпциг» ва «Боруссия» Дортмунд

Ҳафтанинг сўнгги кунларида Бундеслига вакиллари дам олишди. «Вердер» ўз майдонида «РБ Лейпциг»га қарши (1:2), «Боруссия» Дортмунд эса «Хольштайн»га қарши (5:0) Германия кубоги ярим финалларида майдонга тушиб, нуфузли соврин тақдирини ҳал қилувчи беллашувда куч синашиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Лейпциг «буқалари» финал йўлида «мусиқачилар»нинг жиддий қаршилигига дуч келиб, 120 дақиқа тўп суришга мажбур бўлишди. Йўлланма тақдирини ҳал қилган ғалаба тўпи «овер-тайм»ларга қўшиб берилган вақтда киритилди.

Дортмундликлар эса қуйи дивизион вакилини енгишда қийинчиликка дуч келишмади ва дастлабки бўлимдаёқ меҳмонлар дарвозасига 5та жавобсиз гол уришди.

 

Италия. «Интер» - Скудетто соҳиби!

«А» сериянинг 34-тури чемпионлик тақдирини узил-кесил ҳал қилди. «Кротоне» майдонида меҳмон бўлган турнир пешқадами ҳеч бўлмаганда сўнгги поғонани тарк этиш ниятидаги «наҳанглар»нинг жиддий қаршилигига дуч келган бўлсада, сўнгги 20 дақиқа ичида ўз устунлигини ҳисобда акс эттира олди - Кристиан Эриксен (69) ва Ашраф Ҳакимининг (90+3) аниқ зарбалари Антонио Конте жамоасига 11 йил орзиқиб кутилган ғалабани ҳадя этди.

Назарий жиҳатдан пешқадамни қувиб етиш имкониятига эга бўлган «Аталанта» «Сассуоло» майдонида дуранг (1:1) билан кифояланишга мажбур бўлди. Шу тариқа чемпионлик масаласи кун тартибидан олинди.

Таъкидлаш жоизки, Контенинг янги кучларни ўз вақтида жангга жалб этиши самара берди - 65-дақиқада майдонга тушган Санчес Лукакуни, Ромелу эса Санчес билан бир вақтда ўйинга қўшилган Эриксенни тўп билан таъминлади. Бунгача ва Кристианнинг голидан кейин ҳам янги чемпион кўплаб имкониятларга эга бўлди, Лукакунинг голи «офсайд» туфайли инобатга олинмади, икки марта тўп дарвоза устунидан қайтди. Лекин қўшимча вақтда қарши ҳужумга отланган Ашраф Ҳакими ҳисобнинг чемпионга хос кўриниш олишини таъминлади - 0:2.

Энди етакчи олтиликнинг қолган вакиллари ўртасидаги ЕЧЛ йўлланмалари учун муросасиз беллашувларга гувоҳ бўламиз. Шу ўринда «Милан» ва «Ювентус»нинг ғалабалари муҳим аҳамият касб этади. Миланликлар «Сан-Сиро»да «Беневенто»ни ишончли тарзда (2:0) енгишди. Собиқ чемпион эса Удинедаги беллашувда 83-дақиқага қадар имкониятни бой бераётганди. Шу вазиятда Роналду жамоани мураккаб вазиятдан олиб чиқди. Тўпурарлар етакчиси аввал пенальтини голга айлантириб, мувозанатни тиклади. Орадан 5 дақиқа ўтгач, 3 очко келтирувчи голни амалга оширди - 1:2.

Охирги 2 турда 100 фоизли натижага эришган «Наполи» кутилмаганда «Кальяри»ни енга олмай, муҳим 2 очкодан маҳрум бўлди - Осимхеннинг 13-дақиқадаги голига меҳмонлар қўшимча вақтнинг 4-дақиқасида жавоб қайтаришди.

 

Франция. Ал қасосу минал ҳақ

Худди Ла Лига каби Лига 1да ҳам ғолиблик учун кураш тобора авжига чиқмоқда. Аввалги турда ўз майдонида турнир пешқадамига иродали (3:2) ғалабани совға қилган «Лион» энди Монакода айнан шундай зафарга эришиб, ўз мухлислари олдида айбини ювди. Эътиборлиси, 70-дақиқада озчилик бўлиб қолишгани ҳам «тўқувчилар» ғалабасига монелик қила олмади. Мазкур омадсизлик князлик клубининг имкониятларини пасайтириб юборди. Чунки дастлабки икки ўринни банд этган «Лилль» «Ницца»дан (2:0), «ПСЖ» «Ланс»дан (2:1) устун келишди. Чемпионлик тақдири шу икки етакчи ўртасида ҳал бўлса, ажабланмаймиз.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz