Қайднома

Қидирув

Нигоҳ: Мессими ёки Гагарин?

Нигоҳ: Мессими ёки Гагарин?

  08.05.2021 04:04
  0
  550
Нигоҳ: Мессими ёки Гагарин?

1961 йилнинг 12 апрель куни инсоният тарихида илк марта космосга парвоз амалга оширилган ва камтарин фазогир Юрий Гагарин қисқа вақтда бутун сайёрамизнинг энг машҳур шахслари қаторига қўшилганди. Ўша пайтда ҳаттоки, собиқ иттифоқ ва Ғарб ўртасидаги сиё­сий зиддиятлар ҳам маълум муддат унутилди, барча газета-журналлар саҳифалари шу тарихий воқеа тафсилотларига ажратилди. Кейинчалик Юрий Алексеевич ҳамма-ҳамманинг чинакам ёқимтойига айланди-қўйди. Мана, орадан 60 йил ўтиб, космонавтларда юлдузлик мақомидан асар ҳам қолмади, улар ўрнини машҳур спортчилар, хусусан, футболчилар эгаллашди... Тушунарли ва табиийки, фазони забт этиш самолётда амалга ошириладиган оддий парвоздан кескин фарқланади. Космос бўйлаб учиш фазогирдан ўта пухта тайёргарлик талаб этилиши ҳам сир эмас. Дейлик, таҳлилчиларнинг айтишларича, Юрий Гагарин парвоз арафасида енгиб ўтган қийинчиликларни спорт оламининг бирор буюк чемпиони кўрган эмас. Айни шу жиҳатга эътибор қаратган championat.com сайти дастлабки парвозда қайд этилган рақамларни турли спортчилар мисолида ифодалашни лозим топди.

Ким кучлироҚ?

Инсоният тарихидаги илк парвозни амалга оширган фазогирдан идеал жисмоний тайёргарлик ва барча "космик" шартларга тўлиқ жавоб бериш талаб этилган. Замонавий спорт эса ўз юлдузларига унчалик талабчан эмас - улар шунчаки, мусобақаларга пухта ҳозирлик кўришса, бас. Хўш, қизиқарли савол юзага келади - "Ким зўрроқ - Гагаринми ёки замонавий чемпионлар?"

 

УчҚур Болтнинг 1,5 ойлик масофаси...

Юрий Гагариннинг парвози 1 соату 48 дақиқа давом этган. Фазогир жойлашган "Восток" космик кемаси Москва вақти билан соат 09:07да Бойқўнғир (Бойконур) космодромида старт олиб, Ер атрофида 1 марта айланган ҳолда, соат 10:55да Саратов вилояти Смеловка қишлоғи яқинида қўнади. Юрий Гагарин кемаси шу вақт оралиғида 40 868,6 км. масофани босиб ўтади. Унинг тезлиги соатига 28 километргача кўтарилади. Бу энг юқори суръат. Таққослаш учун сайёрамиздаги энг учқур спортчи - Усэйн Болтни оламиз. Ямайкалик спринтер 100 метр масофага 9 сониядан камроқ вақт сарфлайди. Қолгани математиканинг иши. Осонроқ бўлиши учун 9 сония бўйича ҳисоблаймиз. Тан олинган рекордчи спринтернинг 40 километрдан кўпроқ масофани югуриб босиб ўтиши учун 1130 соат ёхуд 47 кун кетар экан. Оддий айтганда, 1,5 ойдан кўпроқ вақт...

 

Даҳшатли ортиҚчаюкламалар...

Барчамизга яхши таниш Формула-1 болидининг суръати рекордчи-учқур инсон тезлигидан сезиларли даражада баланд, албатта. Унинг максимал тезлиги - 330 километр|соат. Демакки, Формула-1 болиди "фазовий масофа"ни 124 соат, яъни деярли 5 кун ичида босиб ўтади. Фазогир даҳшатли ортиқча юкламаларга дош берган. Лекин пойгачи Фернандо Алонсоники унданда даҳшатлироқ! Аниқроқ айтсак, Гагарин организми парвоз пайти 8-10 g бирлигига тенг юклама таъсирида бўлган, баъзан ушбу кўрсаткич 12га ҳам кўтарилган. Юрий Алексеевичнинг ўзи кейинчалик юклама энг юқори чўққига чиққан паллада ҳушини йўқотиш ҳолатига яқинлашгани, кема бортида қисирлашлар кучайгани ва парвознинг хайрли якунланишига ишонч қолмаганини ошкора тан олганди. "Мен ёняпман, алвидо, дўстлар!" деган экан дунёдаги дастлабки космонавт ўта мураккаб юкламаларга дуч келганида ҳаётдан умид узган ҳолда. Лекин бир кечада унинг саломатлиги тўлиқ тикланади. Формула-1 спортчисига тушадиган ўртача юклама анча паст. Дейлик, максимал ҳушёрлик талаб этиладиган трассаларда ҳам бу кўрсаткич 5-6 g бўлади. Пойгачининг боши қалпоқ билан қўшиб ҳисоблаганда, худди фазогирники каби 35 килограмм тош босади. Бундай оғирликни тутиб туриш учун ўта мукаммал тайёргарлик лозим. Вақтида 2 карра жаҳон чемпиони бўлган испаниялик Фернандо Алонсо Мельбурн трассасида мудҳиш фалокатга дуч келиб, қисқа муддатли, лекин ўта оғир бирликка тенг ортиқча юклама қабул қилганди - 46 g. Бу Гагарин дуч келган юкламадан 4 баравар ортиқ! Лекин шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Алонсо сонияга етмаган вақт ичида шундай зарба таъсирида бўлган, космонавт эса дақиқалар давомида. Тўғри, ҳаво кемасининг сирти 3000-5000 даража атрофида иссиқ бўлсада, Гагарин кабинасидаги ҳарорат +20дан ошмаган. Формула-1 болиди ичидаги ҳарорат эса, 50 даражагача кўтарилади, албатта, ёзнинг жазирама кунлари.

 

Юрак пульси бўйича ўзгариш

Гагарин пульси биатлончининг ўқ отиш пайтидаги кўрсаткичидан ҳам паст бўлган. Парвоз режасига биноан, Юрий Алексее­вич Ердан 7000 метр баландликда ҳаво кемасини тарк этади ва махсус капсула кўмагида белгиланган жойга қўнади. "Восток" сериясига мансуб кейинги 5та кема ҳам парвозни айнан шу тактик схема асосида якунлаган. Парашютчи спортчилар эса одатда 4200-5000 метр баландликдан сакрайдилар. Қизиқ, парвоз арафаси ва фазода Гагариннинг тиббий ҳолати қандай бўлган? Фазогирнинг пульс бўйича кўрсаткичи буни тўлиқ ифодалайди: парвоз арафасида - ҳар дақиқада 64та. қийин вазиятларда - 138та. Доимо ўзини назорат қилиши шарт бўлган космонавт учун меъёрдан анча баланд пульс. Бироқ бу дастлабки парвоз кўрсаткичи ва космонавтнинг ҳаяжонли ҳолати ўз таъсирини ўтказгани нишонасидир. Биатлончи спортчида эса кўрсаткич анча баланд: нишонга ўқ отиш пайти унинг юраги ҳар дақиқада 180 марта уради. Агар у нишонни кўпроқ мўлжалга олса, юрак уриши секинлашиб, баданида титроқ туради ҳатто. Натижада милтиқ ҳам тебраниб, ўқни нишонга теккизиш қийинлашади. Пойга ниҳоясига етганида спортчининг пульси 200гача етиши мумкин.

 

Месси космонавт ролига идеал номзод

Фазовий техниканинг имкониятлари ва ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда, дастлабки парвозга юксак талабчанлик асосида учувчи танлаб олишгани та­йин. Номзодлар олдига қўйилган асосий шартлар:

- Мукаммал даражада соғлом бўлиш;

- Пухта профессионал тайёргарликка эга бўлиш;

- Тартиб-интизомга қатъий амал қилиш;

- 30 ёшдан кичик бўлиш;

- Бўйи 170 сантиметрдан ошмаслиги;

- Вазни 68-70 килограмм атрофида бўлиши.

Юрий Гагарин ўша паллада 27 ёшда бўлган. Профессионал эркак спорти учун ҳам 27 ёш - ўта мақбул давр. Ҳар ҳолда, аксарият спорт турларида одатда 30 ёшдан ошган атлетнинг турли кўрсаткичлари пасая бошлайди. Бўй ҳамда вазн борасида эса, спорт ва фазо талаблари ўртасида сезиларли тафовут бор. Дейлик, Россия терма жа­моаси ва "Вашингтон Кэпиталз" клубининг машҳур хоккейчиси Александр Овечкиннинг бўйи 188 сантиметр, вазни 108 килограмм­га тенг ва бундай жисмоний кўрсаткич билан космосни орзу қилиш беҳуда. Криштиану Роналду нисбатан ихчам ва енгилроқ (бўйи - 185 см., вазни - 85 кг.) бўлсада, саралашдан ўтолмайди, барибир. Фигурали учиш бўйича Олимпиада чем­пиони Алина Загитова эса, аксинча, жуда енгил (бўйи - 160 см., вазни - 43 кг). "Барселона" ҳамда Аргентина миллий жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси - энг муносиб номзод. Унинг бўйи - 170 сантиметр, вазни - 70 килограмм. Лео ҳозирнинг ўзида парвозга шай! Россиялик биатлончи, жаҳон чемпиони Максим Чудов ҳам 169 см. ва 67 кг. кўрсаткичи билан Леога шерик бўла олади.

 

Триатлончи - Қарийб фазогир

Спорт оламида шундай соҳалар ҳам борки, унинг қатнашчилари худди Гагарин каби 2 соатдан кўпроқ тинимсиз кураш олиб борадилар. Жумладан, марафончилардан шундай иштирок талаб этилади. Кениялик Элиуд Кипчоге 42 километр195 метр масофани 2 соатдан камроқ вақтда босиб ўтган дастлабки спортчидир. Кўрсаткичларга қараб айтсак, айнан у Юрий Гагарин билан юклама кўтариш хусусида мириқиб суҳбатлашарди агар имкони бўлганида. Хуллас, замонавий спортда парвоз билан қиёслашга арзийдиган жиҳатлар кўп, яна нуфузли сов­ринлар ҳам етарли. Бироқ уларнинг ҳеч қайси бири бундан 60 йил муқаддам Гагарин эришган зафар билан тенглашолмайди, барибир...

А. АҲМЕДОВ  тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz