Қайднома

Қидирув

Муфлис эмас, мухлис бўлайлик...

Муфлис эмас, мухлис бўлайлик...

  09.05.2021 02:42
  0
  296
Муфлис эмас, мухлис бўлайлик...

Касб ва вазият тақозоси билан юртимиз клублари мухлислари томонидан ижтимоий тармоқларда очилган турли гуруҳларни кузатиб боришга тўғри келади. Сабаби, баҳс-мунозараларга турлича қарайдиган, хилма-хил фикрлаш дунёсига эга инсонлар мулоҳазалари жамоаларимизни қийнаётган муаммолар, футболимиз атрофида кузатилаётган воқеа-ҳодисалар моҳиятини янада чуқурроқ англашга ёрдам беради.

Маълумки, бағрикенг халқимиз азал-азалдан самимий феъл-атвори, хушмуомалалиги, ўзгаларга дўстона муносабатда бўлиши, ўзига хос маданияти ва камтарона хулқи билан донг таратган. Шунинг учун бўлса керак, юртимизга келган ҳар қандай хорижлик ўзбек халқига тасаннолар айтади, фақат илиқ таассуротлар билан қайтади. Дарҳақиқат, ҳамиша юзида самимийлик акс этиб турадиган, ҳаммага табассум улашадиган синиқ табиат, танти халқимиз билан ҳар қанча фахрлансак, шунча оз. Аммо таассуфки, жамиятга жадал суръатларда кириб келган ижтимоий тармоқлар узоғимизни яқин, оғиримизни енгил, мушкулимизни осон, билмаганимизни ўргатиш билан бир қаторда одамлар орасидаги меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат, қадрият ва ҳаттоки, иймон-эътиқодимизга ҳам путур етказмоқда. Бунинг яққол исботини юртимиз футбол мухлислари томонидан турли ижтимоий тармоқларда очилган саҳифаларни кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз.

Афсуски, оддийгина бир ўйин ёки ўткинчи натижани асос қилиб олганча, бир-бирига ашаддий душманга айланиб бораётган мухлисларимиз талайгина. Майли, улар ҳаётда ҳеч қачон рўбарў келишмас, эҳтимол, шу хаёл билан ҳам рўйхотирликни четга суриб, ўз ҳиссётларига ортиқча эрк беришаётгандир... Аммо куракда турмайдиган сўзларни ўқиган ва эшитган киши дили хуфтон бўлиши ҳам бор-ку. Энг ёмони, айримлар "душман" томоннинг сингиллари ва оналарини ҳам қўшиб ҳақоратлашаётганига нима дейсиз? Уларда нима гуноҳ?

Сир эмас, кўп йиллардан буён мухлислик маданиятини оширишга ҳаракат қилинмоқда, бу борада етарлича фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Аммо натижа... Йўқ, аслида бирор мухлисни маданиятсизликда айбламоқчи эмасмиз. Футбол - ҳиссиётларга тўла ўйин. Ҳеч ким суюкли жамоаси ўйинини шунчаки, бепарво ҳолда кузатолмайди. Ҳа, у стадионда бақиради, баъзан сўкиниши ёки ҳақоратлаши мумкиндир, гарчи буниси жуда хунук бўлсада. Оддий айтганда, мухлис хумордан чиқишни хоҳлайди. Ўйиндан кейин ижтимоий тармоқда бошланажак "жанг" эса мутлақо ортиқча. Кўпчилик мухлислар ўз жамоаси шарафи, обрўси ва қадр-қийматини шу гуруҳларда ҳимоя қиладилар, гўё. Ахир ҳақиқий мухлиснинг вазифаси ўз жамоасини ҳар қандай ҳолатда ҳам, стадионда қўллаб-қувватлаб, фақат олға ундаш эмасми? Бўлди, аслида мухлислик шу. Ким биландир талашиб-тортишиш нимани ўзгартиради? Ҳайтовур, шундайларни тартибга соладиган, инсонгарчиликдан четга чиқиб кетувчиларни огоҳлантириб, эътиқодни эслатиб қўядиганлар ҳам бор. Шунисига ҳам шукр. Аммо таассуфки, ҳар куни қайсидир гуруҳда қандайдир иллат кузатилмоқда, барибир. Бунинг одат тусига кириб бораётгани, ҳақоратлар биродарларимиз "оғзи"дан чиқаётгани ниҳоятда ачинарли. Унутмайлик, ҳар қандай жамиятда зарарли иллатлар, ҳаром ишлар тақиқланган. Хусусан, муқаддас динимиз Ислом шариатида ҳар қандай зулм кескин қораланади. Зулм нима? Кишининг моли, обрўси ва шаънига тажовуз қилиш. Баски, ким шундай қилса, ўзи қаттиқ зарар топади.

Келинг, энди бироз чекиниб, сарлавҳага олинган "муфлис" сўзи маъносини келтириб ўтайлик. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам "Муфлис нималигини биласизми?" деб сўрадилар. Саҳобалар "Эй Аллоҳнинг Расули, бизнингча, муфлис на дирҳами ва на матоси йўқ кимсадир", дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салам айтдилар: "Умматимнинг муфлиси шундай бир кимсаки, у қиёмат куни рўза, намоз ва закоти билан келади. Аммо унга зулм қилган, бунинг молини еган, бошқасини урган, яна бировни сўккан. Бас, у ўтиради, бундан унга, бунинг яхшиликлари қасос қилиб олиб берилади. Агар унинг зиммасидаги хатолари адо қилинмасдан туриб яхшиликлари тугаб қолса, унинг гуноҳлари олиниб, бунинг зиммасига юклатилади, кейин эса жаҳаннамга отилади".

Хулоса ўзингиздан азизлар! "Мен сендан қоламанми?" қабилида ўйлаб, оддийгина бир ўйин, ўткинчи натижа-ҳодисалар ва ҳиссиётлар туфайли  бир-биримизга озор етказишдан тийилайлик. Муборак Рамазон ойида ҳаммага яхшилик илинганимиздан шу ноодатий мақолани тайёрладик. Ўйлаймизки, энди нима қилиш кераклигини ўзингиз жуда яхши биласиз. Муфлис эмас, мухлис бўлайлик қадрдонлар!

Хуршид ЮСУПОВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz