Қайднома

Қидирув

Мендилар ярим финали/финали

Мендилар ярим финали/финали

  16.05.2021 05:50
  0
  354
Мендилар ярим финали/финали

Мана, ЧЛнинг жорий мавсуми ҳисобидан якуний ўйин қолди, холос. Бу йил ярим финалга чиққан 4та клубдан 3таси таркибида Менди фамилияли футболчи борлигига эътибор қаратдингизми? Улардан иккиси ўртасида қариндошлик риштаси бор, шунинг баробарида ҳар учаласини боғлаб турган умумийлик ҳам йўқ эмас. Хуллас, ярим финалчилар - «Реал», «Челси» ва «Манчестер Сити»да ўз Мендиси бор, биргина «ПСЖ»да бундай фамилияли ўйинчи йўқ. Лекин Париж клуби тизимида ҳам Менди бор. Гап айни пайт «ПСЖ» аёллар жамоаси бош мураббийига кўмаклашаётган собиқ футболчи Бернар Менди ҳақида кетмоқда. Қисқаси, 3та ярим финалчида 3 нафар амалдаги ва хилма-хил Менди...

- Эдуар Менди - «Челси»нинг 29 ёшли дарвозабони

- Бенжамин Менди «Манчестер Сити»нинг 26 ёшли чап қанот ҳимоячиси

- Ферлан Менди «Реал»нинг 25 ёшли чап қанот ҳимоячиси

***

Биринчи мантиқий савол оддий - улар ўртасида қариндошлик ришталари борми? Ҳа, фақат иккиси қариндош. аниқроғи, «Челси» кипери Эдуар ва «Реал» ҳимоячиси Ферлан - амакиваччалар. Қаранг, ака-укаларнинг фарзандлари клублари шундай йирик турнир ярим финалида ўзаро тўқнаш келди. Ҳа, бу дунё ишлари ажиб.

***

Иккинчи савол - улар қайси мамлакатлар фуқаролари? Диққат қилинг, ЧЛнинг ярим финалига чиққан 3 нафар Менди ҳам битта мамлакат - Сенегал паспорти билан ўзаро боғланган. Аммо биргина Эдуар африкалик «шерлар» сафида ўйнайди. Ферлан ва Бенжамин эса халқаро фаолият учун Франция миллий жамоасини танлашган. Жумладан, «Сити» ҳимоячиси Россия-2018 мундиалида қатнашди ва ортга жаҳон кубоги соҳиби сифатида қайтди.

***

Учинчи савол - уларни бирлаштирадиган клуб борми? Қанчалик ғалати туюлмасин, шундай клуб бор! Бу - «Гавр» (Франция). Бенжамин ва Ферлан Мендилар катта футболга айни шу жамоада қадам ташлаганлар. «Челси» кипери эса, «Гавр» дарвозасини ёшлигида қўриқлаган.

***

Тўртинчи савол - улар ўртасида яна қандай умумийлик бор? Битта фамилия, битта клуб, битта позиция, ҳаттоки, трансфер суммаси миқдори ҳам нисбатан тенг. Ҳа, Бенжамин ва Ферланнинг тасодифий «боғлам»лари бисёр. Дейлик, Ферлан «Гавр»дан «Лион»га 5 миллион евро эвазига ўтган бўлса, «Марсель» Бенжамин учун 4 «лимон» тўлаган. Тўғри, уларни вақт бироз ажратиб туради - Бенжамин «Гавр»нинг асосий таркибида порлай бошлаганида, Ферлан ҳали ёшлар жамоасида тажриба тўплаётганди.

***

Бешинчи савол - улар қачон топ-клублар сафига қўшилишди? Ҳаммалари охирги 10 йиллик якунида. Тўғри, Мендиларнинг гранд­ларга кўчишлари турли йилларда кузатилди, барибир. Демак, Бенжамин 2017 йили «Манчестер Сити» либосини кийди, Ферлан 2019 йили «Реал» билан шартнома тузди, Эдуар эса 2020 йили фаолиятини «Челси»да давом эттиришга қарор қилди.

***

Олтинчи савол - еврофутболда яна неча нафар Менди бор ва улар қайси клубларда ўйнашади? Қолган Мендилар ҳали машҳурликка эришмаганлар. Умуман олганда, transfermarkt портали маълумотига кўра, Европа футболи Менди фамилиясига эга 77 нафар собиқ ва амалдаги ўйинчиларни кўрган. Улар орасида сенегалликлар кўп. Шунингдек, гамбияликлар етарли, ҳаттоки, италиялик, испаниялик, австралиялик ва норвегиялик Мендилар ҳам бор. Нисбатан танилган Мендилар:

- Нампали Менди - «Лестер» таянч ярим ҳимоячиси

- Александр Менди - «Кан» ҳужумчиси

- Ариал Менди - «Серветт»нинг чап қанот ҳимоячиси

- Батиста Менди - «Нант» таянч ярим ҳимоячиси

- Фредерик Менди - «Сетубал» ҳужумчиси

***

Еттинчи савол - Менди фамилияси ҳақида нималар маълум? Nameslist.org портали маълумотлари бўйича айтсак, ушбу фамилия айниқса, Сенегалда жуда кенг тарқалган. Шунингдек, Гамбияда ҳам Мендилар жуда кўп. Баъзи тахминларга кўра, Менди аслида баскларга хос фамилия. Маъноси - тоғли ҳудуд. Бошқа вариантда айтилишича, Менди фамилиясининг келиб чиқиши яҳудийларга тақалади ва бу бойлик маъносини англатади. Nameslist.org маълумотларидан статистик кўчирма:

- Менди фамилияси камида 32та мамлакатда бор;

- Менди фамилиясига эга одамларнинг 75 фоизини эркаклар ташкил этишади.

Бонус

 

Футбол оламида қайси фамилияли машҳур ўйинчилар кўп? BBC 2018 йили келажакда АПЛда ўйнаши учун болакайга қандай исм-шариф бериш кераклиги ҳақида таҳлилий кўрсатув тайёрлади. Бунда асосан энг машҳур футболчиларнинг туғилган санаси ва исм-фамилиясига эътибор қаратилганди. Натижаларга келсак, АПЛда ўйнаган футболчилар орасида 28 май куни туғилганлари кўпроқ. Сильва эса - энг кенг тарқалган фамилия. Аммо Англия  футболининг бутун тарихини олсак, устунлик Жонс ва Смит фамилиялари тарафига ўтиб кетади. Германиядаги Мюллер ёки Испаниядаги Гарсия фамилияси ҳақида ҳам худди шу гапларни такрорлаш мумкин. Менди ва шунга ўхшаш фамилиялар эса Франция ҳамда Африкада кўп. Transfermarkt портали учун 200 нафардан Камара ва Траоре, чамаси 140 нафар Туре ва 100 нафардан кўп Сиссе рўйхатини тақдим этиш муаммо эмас. Аммо уларнинг барчасидан фарқли ўлароқ, 3 нафар Мендининг Чемпионлар Лигаси ярим финалига чиққан 3та клубда бўлиши тарихда биринчи марта кузатилди. Боз устига, тўртинчи ярим финалчида ҳам Менди бор, клуб тизимида бўлсада. Ажиб ҳолат... Айтганча, Мендиларнинг иккиси - Эдуар ва Бенжаминни олдинда финал кутмоқда...

О.АТАБОЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz