Қайднома

Қидирув

Ракурс: АПЛда ШОН-ШУҲРАТ ЗАЛИ

Ракурс: АПЛда ШОН-ШУҲРАТ ЗАЛИ

  20.05.2021 05:53
  0
  282
Ракурс: АПЛда ШОН-ШУҲРАТ ЗАЛИ

Англия Премьер-лигасининг «Шон-шуҳрат зали»ни ташкил этиш режаси ўтган йили маълум бўлганди. У турнир тарихида ўчмас из қолдирган буюк ўйинчилар хизматларини муносиб тақдирлашни ният қилганди. Сайёрамизга қўққисдан ёпирилган пандемия туфайли хайрли ташаббусни кечиктиришга тўғри келди. Бироқ шу йилнинг апрель ойида тарихий воқеа амалга ошди, юксак эҳтиромга муносиб топилган дастлабки икки нафар лауреат номи эълон қилинди, йил охиригача яна 6 нафар футболчи Залнинг фахрий аъзолари сафидан жой оладилар.

Шон-шуҳрат залидан ўз фаолиятини якунлаган футболчилар жой олишади, «Юлдузлар хиёбони» инглиз футболидаги энг юқори шахсий мукофот мақомига эга бўлиши кўзда тутилган.

Номзодларни аниқлашда фақат 1992 йилда ташкил этилган АПЛ доирасидаги фаолият натижалари инобатга олинади, унинг ташқарисидаги фаолият ҳисобга олинмайди. Марҳамат, Шон-шуҳрат залининг илк аъзоларини кутиб олинг!

 

Илк қалдирғочлар

Шон-шуҳрат залининг дастлабки аъзоларини АПЛ раҳбарлари танладилар. Алан Ширер ва Тьерри Анри овоз бериш жараёни кўмагисиз ғолибликка сазовор бўлдилар. Бунга ҳеч ким эътироз билдирмаслигига шубҳа йўқ - сайловчилар дастлабки турдаёқ айнан шу номзодлар учун овоз беришлари аниқ эди. Алан 260та гол билан АПЛ тарихидаги энг сермаҳсул тўпурар.

Франциялик афсона эса майдондаги нафис ҳаракатлари ҳамда «Арсенал»нинг ўта муваффақиятли давридаги ёрқин иштироки билан барчани ўзига ром этганди. Жумладан, 2003|2004 йиллар мавсумидаги «енгилмаслар» етакчиси икки карра АПЛ чемпиони, 258 учрашувда урган 175та голи билан турнир тўпурарлари рўйхатида 6-ўринни банд этган.

Жанжалкаш Гиггз.Райан - «офсайд» ҳолатида

Зеҳни ўткир мухлислар афсонавий Райан Гиггзнинг олий мукофот даъвогарлари рўйхатидан четда қолиши оқибатида ўта кучли адолатсизлик юз берганини аллақачон фаҳмлаб улгурдилар. Уэльслик футболчи АПЛ доирасида 632 марта (Гарет Бэрридан кейинги кўрсаткич) майдонга тушиб, самарали узатмалар бўйича (161) яққол етакчи бўлиб турибди. Энг муҳими, Гиггз - АПЛдаги энг совриндор ўйинчи. «МЮ» сафида у 13 марта чемпионлик унвонини қўлга киритган, бошқа бирор-бир футболчи шундай натижа билан мақтана олмайди. Аслида, нуфузли Зал эшиклари айнан шу футболчининг қадами билан очилиши кутилганди, лекин сўнгги паллада унинг ўрнини Тьерри Анри эгаллади. Сабаб - куздан бери давом этаётган суд жараёни ниҳоясига етмаган. Райан ўз маъшуқаси ва унинг 20 ёшли синглисига ҳужум қилганликда айбланмоқда. Гиггз айбни бўйнига олгани йўқ, бироқ жараён унинг учун ижобий эмас. Мазкур можаро туфайли собиқ футболчи Уэльс терма жамоасини Евро-2020 турнирида мураббий сифатида бошқариш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлди.

Гиггзга яқин манбанинг хабарига кўра, бу ўзгариш Райанни шок ҳолатига туширган. Чунки у Алан Ширер билан Шон-шуҳрат залидан жой олишини биларди. Шунингдек, 2021 йилда 6 нафар лауреат саралаб олинадиган 23 нафар номзодлар рўйхатидан ҳам четда қолди. Шу ўринда аниқ бир жавоби бўлмаган ўта нозик савол кўпчиликни ўйлантириб қўйиши аниқ: ўйинчининг шахсий ҳаётидаги воқеалар футболдаги фаолиятини баҳолашга таъсир этиши керакми ёки керак эмасми?

Шон-шуҳрат залидан жой оладиган навбатдаги 6 нафар лауреатлар номи 23 нафар номзодлар орасидан танлаб олинади. Даъвогарлар: Тони Адамс, Дэвид Бекхэм, Деннис Бергкамп, Сол Кэмпбелл, Эрик Кантона, Рио Фердинанд, Лес Фердинанд, Энди Коул, Эшли Коул, Дидье Дрогба, Фрэнк Лэмпард, Стивен Жеррард, Робби Фаулер, Рой Кин, Мэттью Ле Тиссье, Майкл Оуэн, Петер Шмейхель, Пол Скоулз, Жон Терри, Робин ван Перси, Неманья Видич, Патрик Виейра, Иан Райт.

Буларнинг барчаси - буюк афсоналар. Шу билан биргаликда, рўйхат одилона ёндашув асосида тузилган. Унда  турли жамоалар вакиллари, таниқли чемпионлар ва номдор «омадсизлар»ни, эркатойлар ва меҳнатсеварлар, намунали одоб-ахлоқ соҳиблари ва безориларни кўриш мумкин. Сўнгги тоифа вакили сифатида Эрик Кантонани кўрсатсак, адашмаган бўламиз.

Яқинда франциялик афсона 1995 йилда юз берган тарихий можаро - «Кристал Пэлас» мухлиси Мэттью Симмонсни кунг-фу услубида дўппослаганини ўзига хос тарзда изоҳлаганди: «Ўшанда уни дурустроқ саваламаганимдан афсусдаман. Мени 9 ойга дисквалификация билан жазолашди. Улар мендан бошқаларга ибрат воситаси сифатида фойдаланишганди».

Афтидан, Шон-шуҳрат залидан жой олиш учун ҳар тарафлама «беназир йигит» бўлиш шарт эмас, шекилли. Балки қирол Эрик бўлиш талаб этилар?! Нима бўлганда ҳам, Райан Гиггз - рўйхат муаллифлари «унутиб қўйган» ягона футболчи эмас. Тўғри, Райан судга аралашиб қолгани учун четда қолди, дейлик. Лекин Гарет Бэррининг даъвогарлар сафида эмаслигини нима билан изоҳлаш мумкин?

653 - бу рақам Барри номзодини «унутиш»га умуман имкон қолдирмайдиган далил. АПЛдаги 22 йиллик фаолияти давомида 653 марта майдонга тушган, «абадий» Райандан кўпроқ тўп сурган. Шундай футболчига ҳатто даъвогарлар сафида ҳам жой топилмади. Бу эса жиддий ўйлаб кўришни талаб этади. Ахир эътироз билдириш учун асослар етарли, тўғрими? Аммо иккинчи тарафдан, рўйхатдаги ранг-баранглик ҳар қандай мухлисда соғинч ҳисларини уйғотади.

Қандай ажойиб, суюкли номлар! Ҳатто қайсидир номдор клуб ишқибози бўлмаган мухлис ҳам ўзини ром эта оладиган афсонани топа олади. Масалан, Деннис Бергкампнинг маҳорати кимларни мафтун этмаган, дейсиз? Нидерландиялик футболчи учун 89 дақиқа ва 59 сония майдонда ишсиз юриш, аммо бир сонияда ҳаммасини ўзгартириб юбориш ҳеч нарса эмасди. Айнан АПЛ туфайли футбол оммавий санъат даражасига кўтарилди - буни бир неча йиллар аввал намойиш этилган ўйинлардан яхши хабардор бўлган, бугунги замонавий футболни томоша қилаётган ҳар қандай мухлис ҳеч иккиланмасдан тасдиқлайди.

Шмейхель ёки Фаулер, Скоулз ёки Терри, Видич ёки Коуллар сулоласининг истаган вакили - айнан шу афсоналар туфайли бу чексиз олам аҳлининг катта футболга муносабати тубдан ўзгарди. Миллионлар ўйини «Дисней» йўналишидаги яна бир ўзгариш остонасида турган паллада, ўтган асрнинг 80-90-йилларида фақат ўз манфаатларини кўзлаганликда мухлислар танқидига дуч келган АПЛ 30 йилдан кейин миллиардларнинг суюкли ва ажралмас ҳамроҳига айланди. Асрлар алмашуви даврида инглиз футболи гуллаб-яшнади, АПЛнинг ўз Шон-шуҳрат залига эга бўлганлиги - нур устига аъло нур!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz