Қайднома

Қидирув

Евротур: ФИНИШДАГИ АЛАМЛИ ЙЎҚОТИШЛАР

Евротур: ФИНИШДАГИ АЛАМЛИ ЙЎҚОТИШЛАР

  20.05.2021 07:47
  0
  281
Евротур: ФИНИШДАГИ АЛАМЛИ ЙЎҚОТИШЛАР

Ўтган ҳафтада қайд этилган натижалардан кейин топ-чемпионатлар бешлигининг 2тасида ғолиб охирги турда аниқланадиган бўлди. Уларнинг бирида пешқадам ўз майдонида муҳим 2 очкони йўқотиб, сўнгги беллашувни хотиржамлик билан ўтказиш имкониятидан маҳрум бўлди. Иккинчисида эса қўшалоқ турда 5 очкони кўкка совурган фаворит ғолибликдан умидини узишга мажбур бўлди.

Англия: «Лестер»га аталган ҳафта

Ҳа, 11 май санасида «Олд Траффорд»да «МЮ»ни 2:1 ҳисобида маҳв этган «тулкилар» Манчестернинг қизил қисмини йиғлатиб, кўк қисмига чемпионлик унвонини совға қилишганди. Шанба оқшомида эса Брендан Рожерс шогирдлари «Уэмбли»да «Челси»дан 1:0 ҳисобида устун келиб, жамоа тарихида илк бора Англия Кубоги соҳибига айланишди. Тақвим ҳукмига биноан, бу икки жамоа яна Лондонда, бироқ «Стэмфорд Бриж»да АПЛнинг 37-тури доирасида ўзаро куч синашдилар. Бу галги баҳс ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритишда муҳим аҳамиятга эга. Чунки етакчи квартет остонасида «Ливерпул»дек жиддий даъвогар пайдо бўлди.

Юрген Клопп шогирдлари аввалига «Олд Траффорд»да «МЮ»га қарши кечиктирилган учрашувни (4:2) ишонарли тарзда ўз фойдаларига ҳал қилдилар, кейин «Вест Бромвич» майдонида навбатдаги ғалабани расмийлаштирдилар. Шу тариқа собиқ чемпион ниҳоят, етакчи тўртликка қўшни бўлиб олди. Сал аввалроқ ЕЛ орзусида юрган жамоа энди ЕЧЛ йўлланмасига даъво қилмоқда. Ҳар ҳолда, чакки эмас!

«Ньюкасл» майдонига ғолиб мақомида ташриф буюрган «Ман.Сити» чемпионликни ажойиб ғалаба билан нишонлади, 4:3. Испаниялик Ферран Торрес ўйиннинг бош қаҳрамони бўлди. Аввалига у жарима зарбаси билан узатилган тўпни товони билан дарвозага йўналтириб, ҳатто Ибрагимович ҳам қойил қоладиган тарзда 2 марта мувозанатни тиклади. 2-бўлимда майдон эгалари Уиллокнинг пенальтидаги қайта зарбаси эвазига яна олдинга чиқиб олганларида, Ферран 4 дақиқа дублга эришиб, ғалабани таъминлади.

«Стэмфорд Бриж»даги «Челси» - «Арсенал» дербиси Смит-Роунинг аниқ зарбаси эвазига «тўпчилар» фойдасига ҳал бўлди.

Турнинг энг ҳайратланарли натижаси «Гудисон-Парк»да қайд этилди , аллақачон тақдирга тан бериб улгурган «Шеффилд» ҳеч бўлмаганда ЕЛ йўлланмасини қўлга киритиш илинжида бўлган «

«Эвертон» ни муҳим 3 очкодан маҳрум этди - 1:0. қизиғи шундаки, Анчелотти шогирдларида меҳмонларнинг тезкор (7) голига жавоб қайтариш учун вақт етарли эди.

 

Испания: Эҳ, «Барса», «Барса»...

Ҳисобот ҳафтасида 5 очкони бой берган «Барселона» чемпионлик пойгасини тўхтатди. Аввалига «Леванте» майдонида жанговар (3:3) дурангга рози бўлган Куман шогирдлари 37-турда «Сельта»дан «Камп-Ноу»да аламли мағлубиятни (1:2) қабул қилиб олишди. Ваҳоланки, баҳс мезбонлар фаоллигида бошланиб, Месси ҳисобни очганди. Бироқ танаффусга қадар мувозанатни тиклаган Санти Мина ўйин якунланиши арафасида яна бир марта тер Штегенни ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этди.

Мадрид грандлари эса навбатдаги ғалабаларини расмийлаштириб, ғолиблик тақдирини сўнгги турга қолдиришди.

Тўғри, рақибларидан 3 очкони тортиб олиш ҳар 2 етакчи учун айниқса, 37-турда осон бўлмади. Аввалги турда танаффусгача 2 тўп устунлигини таъминлай олган «Атлетико» сўнгги дақиқаларда «Реал Сосьедад»нинг жавоб тўпини ўтказиб юборганди. Кейинги турда эса «Осасуна»нинг 75-дақиқадаги голига 82- ва 88-дақиқаларда икки гол билан жавоб қайтарди.

«Қироллик клуби» ҳам сафарда «Гранада»ни маҳв этишди айтарли қийинчиликка дуч келмади - Модрич ва Родригонинг аниқ зарбалари Зидан жамоасини олдинга олиб чиққанди. Майдон эгалари 71-дақиқада жавоб қайтариб, балога қолишди ва 2 дақиқа ичида Одриосола ва Бенземадан гол қабул қилиб олишди. Бильбаодаги беллашув эса ҳар икки томон мухлисларини сўнгги дақиқаларгача хавотирда ушлаб турди. Якунда Начонинг ягона голи ўйин тақдирини ҳал қилди.

Аввалига ўз майдонида «Валенсия»ни камтарона (1:0) маҳв этган «Севилья» кейинги турда «Вильярреал»га йирик (0:4) ҳисобда имкониятни бой берди. Шу тариқа қўшалоқ турдаги 50 %ли натижа андалусияликларга бронза медаллари учун курашиш имкониятини берди. «Сув ости ғаввослари» эса еврокубоклар йўлланмасини нақд қилишди.

37-турда «Валенсия»дан йирик ҳисобда (1:4) енгилган «Эйбар» янги мавсумни Сегундада ўтказиши аниқ бўлди. Тўғри, бу жамоа очколар бўйича «Уэска» ёки «Эльче»га етиб олиши мумкин. Бироқ ўзаро учрашувларда салбий натижага эга.

 

Германия: Нимадир якунланади, нимадир бошланади

«Майнц» майдонида меҳмон бўлган «Боруссия,Д» 3:1 ҳисобидаги ғалаба эвазига мезбонларнинг 9 учрашувли мағлубиятсиз мағлубиятсиз сериясига нуқта қўйди. Ўзи эса Лейпцигда ғалабани сақлаб қола олмаган (2:2) «Вольфсбург»га тенглашиб, тўплар нисбатига кўра 3-поғонага чиқиб олди.

Яққол аутсайдер бўлмиш «Шальке» элитани тарк этиш арафасида «Айнтрахт» дарвозасини 4 марта ишғол этди. Тўғри, ўзи ҳам 3та гол ўтказиб юборди, лекин ғалабани бой бермади.

Берлинда «Герта» билан нурсиз (0:0) дурангга имзо чеккан «Кёльн» сўнгги турда «қора гуруҳ»даги қўшнисини қабул қилади. Қизиқ, сўнгги баҳсда қайси жамоа ғолиб чиқади? Ҳар ҳолда, «Кёльн»да имконият бор.

Чемпионликни расмийлаштириб улгурган «Бавария» «Фрайбург» билан битим имзолашни (2:2) маъқул кўрди, Роберт Левандовски эса пенальтидан гол уриб, сўнгги турда афсонавий Герд Мюллер даврига нуқта қўйиш учун замин яратди. Агар Левагол «Аугсбург» дарвозасига йўл топа олса, янги давр асосчисига айланади.

 

Италия: 2 йўлланмага 3 даъвогар

Қўшалоқ турда қайд этилган натижалар ЕЧЛ йўлланмалари учун курашни янада кескинлаштирди. Бергамода «Беневенто»ни 2:0, Генуяда «Женоа»ни 4:3 ҳисобларида маҳв этган «Аталанта» нуфузли турнир иштирокчисига айланди. Собиқ чемпион - «Ювентус» эса «Сассуоло» (3:1) ва «Интер» (3:2) устидан қозонган ғалабалари эвазига қолган 2 йўлланмадан бирига даъвогарлик қилиш имкониятини қўлга киритди. Айнан шу мақсадда майдонга тушаётган «Наполи» ҳам «Удинезе» (5:1) ва «Фиорентина»ни (2:0) енгиб, 3 даъвогарнинг бири бўлиб турибди.

«Милан» эса Туриндан ўта йирик («Торино»,7:0) ғалаба билан қайтиб, «Сан-Сиро»да «Кальяри»ни енга олмади - 0:0.

Натижада вазиятнинг кескин тус олишига сабабчи бўлди. Энди Пиоли шогирдларига Бергамода «Аталанта»ни маҳв этиш ёки 2 даъвогардан бирининг очко йўқотиши нуфузли йўлланмани тақдим этади.

 

Франция: Ҳаммаси охирги турда ҳал бўлади

Лига 1нинг янги ғолиби, совриндорлари ва еврокубок йўлланмалари соҳиблари, шунингдек, қуйи лига вакили билан ўтиш беллашувида куч синашадиган жамоа номи 23 май санасига белгиланган ва бир вақтда бошланадиган сўнгги тур учрашувлари натижаларидан кейин маълум бўлади.

37-турда пешқадам мақомида майдонга тушган «Лилль» ўз уйида «Сент-Этьен»ни енга олмай, ўз имкониятини чеклаб қўйди. Энди уни фақат «Анже» устидан ғалаба шоҳсупага олиб чиқади.

Амалдаги чемпион Парижда «Реймс» дарвозасига 4та жавобсиз тўп йўллади ва етакчига анча яқинлашиб олди.

Шунингдек, Монако» ҳам «Ренн» устидан навбатдаги ғалабасини (2:1) расмийлаштирди. Натижада пешқадамнинг ўз майдонида дурангга рози бўлгани Нико Ковач жамоасига чемпион бўлиш учун оз бўлсада имконият яратди.

«ПСЖ»нинг навбатдаги рақиби , «Брест» хавфли ҳудудда эканлигини инобатга олсак, чемпионга жиддий қаршилик кўрсатишини тахмин қилиш мумкин.

Бундан ташқари, сафарда «Ним»ни йирик (5:2) ҳисобда маҳв этган «Лион» ҳам ЕЧЛда иштирок этишга бефарқ эмаслиги аниқ. Ўз майдонида «Ницца»ни қабул қиладиган «Тўқувчилар» князлик клуби»ни қувиб ўтиш учун бор имкониятларини сафарбар этишларига шубҳа йўқ. Лекин «Монако» ҳам 1 очко устунлигини осонликча бериб қўймаслиги аниқ.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz