Қайднома

Қидирув

Бутунлик бароғини ким ҳилпиратади?

Бутунлик бароғини ким ҳилпиратади?

  21.05.2021 04:44
  0
  422
Бутунлик бароғини ким ҳилпиратади?

Муҳтарам мухлис! Бу сафар мулоҳазаларимизни «тулкилар» тантанаси тавсифи билан бошламоқчимиз. Англия кубоги финал учрашуви якунланганини билдирувчи ҳуштак чалиниши билан майдон узра тўлиб-тошган шодлик шаршарасини таърифлашга тил ожиз. «Лестер» яна бир яхши тарих яратди. Камтарин жамоа тасодифлар сарҳадини босиб ўтиб, АПЛ грандлари ичра ўз сўзини баралла айтди. Унинг қаршисида ЧЛда енгилмаётган «Челси» чекинди. Қисқаси, илк марта кўҳна соврин соҳибига айланган «Лестер» сурурдан сармаст. «Тулкилар» завқи, сурури, тантанасини кўриб, беихтиёр бир савол хаёлимиздан ўтди: «Биз қачон шундай қувонамиз, бир-биримизни мислсиз ҳаяжон билан қутлаймиз?» Жавоб тайин ва ягона - ЖЧ-2022 йўлланмаси қўлга киритилган кун! Фақат шундай натижагина бизни чек-чегарасиз шодликларга тўлдириб, севинч осмонида парвоз қилдириши мумкин...

Хуллас, «Лестер»нинг ғалаба муҳитига шунчаки, ҳавас қилдик. «Тулкилар» «Челси»ни енгиб, Англия кубогини қўлга киритишганида миллий жамоамиз нима учун саудиялик футболчиларни мағлуб этиб, ЖЧ саралашининг кейинги босқичига йўл олмаслиги керак?! «Ювентус»дан скудеттони ниҳоят, тортиб олган «Интер» ҳақида бундай тўлқинланиб ёзолмаймиз. Негаки, «Интер»да шонли тарихи бор, қолаверса, Антонио Конте каби мураббий учун бу марра кутилмаган манзил ҳисобланмайди. «Нерадзурралар» кўп бора амалга оширган ишларини яна бир марта такрорлашди, холос. Аммо «Лестер»нинг ғалабаси ҳаммани ҳайратлантирди. Ҳа, «тулкилар» бутунлик байроғини ҳилпиратишди.

Қизиқ, «Челси»дан нима учун омад юз ўгирди? Нима, Томас Тухель тактика танлашда адашдими?  Йўқ, «Челси» ҳамон ўша-ўша. Жамоа финал ҳуштаги чалингунига қадар «Лестер»ни босим остида ушлаб турди. У ҳолда Тухель шогирдларининг ғалаба қозонишларига нима халақит берди? Фикримизча, бу ерда асосий гап ниятни бутун ҳолатда қайсидир мақсад сари йўналтиришда. Аёнки, «Челси»нинг бош мақсади - ЧЛ бош совринини қўлга киритиш. Айни чоғда «аристократлар» йўл-йўлакай Англия кубогига эга чиқишни ҳам исташди.

«Лестер» учун эса кўҳна сов­ринга эга чиқиш бош мақсад эди. Фарқ мана шунда. Шу фарқ ва мантиқ ортидан «Лестер» кўчасида бугун шодиёна. Тухель эса омадсизликдан ҳайрон. Аслида у ажабланмаса ҳам бўлаверади. Зеро, бутунлик байроғини бош мақсад сари борлиғи билан борадиганларгина ҳилпиратадилар. Агар ЧЛ ғолиблиги «Челси»ни бош мақсади бўлса, жамоа буни Портудаги «Драгау» стадионида исботлаши лозим. Ҳозирча Хосеп Гвардиола ўйлаб ўтирмай, АПЛдаги чемпионлик «Манчестер Сити»нинг бош мақсади бўлганини эълон қилиб юборди.

Хўш, испаниялик мутахассис баёноти ҳал қилувчи ўйинда «Сити»га халақит бериши мумкинми? Мумкин, албатта. Тўғри, муайян жамоа бир йўла нечтадир совринга эга чиқиш имкониятига эга. Бироқ бунинг учун ўша жамоада бош мақсад шунга яраша улуғвор, барқарор ва бутун бўлиши, яна қувват йўқолмаслиги даркор. Шу маънода айтсак, Гвардиола мулоҳаза билдиришда қисман хато қилгандир балки.

Ана, АГМК бир киши кам бўлиб ўйнаб ҳам «Бунёдкор» устидан ғалаба қозонди. Бошқача айтганда, «Бунёдкор» бир киши кўп бўла туриб, зўр имкониятдан фойдаланолмади. Нега? Келинг, футбол ва айнан шу ўйинга тааллуқли омилларни бир четга сурамиз. Назаримизда, «Бунёдкор»нинг хаёли бўлинди. Жамоа негадир ўзига ўхшамади. Гоҳо айрим клублар шу каби тушунарсиз ҳолатлар кузатилади. Масалан, «Барселона»ни шукуҳ билан енгган «Гранада» ўз майдонида «Реал»га жиддий қаршилик кўрсатолмади. Сабаб - хаёлнинг бўлиниши, бутунликнинг йўқолиши. Шундай сабабга кўра, «Барселона» охирги турда «Сельта»га ютқазди. Бутун борлиғини чемпионлик сари қаратган «Атлетико» эса иродали ғалабага имкон топди якунда. Топмаса ҳам бўлмасди-да. Акс ҳолда, Диего Симеоне оммавий танқид остида қоларди. Ҳа, бутунлик шаклланмаса, барчаси бекор. Абдусалом Азизов терма жамоаларимиз ва клублар олдига қўйган бош вазифа ҳам бутунлик масаласидир. Чунки бутунлик ғалаба омили ҳисобланади. Вадим Абрамов шогирдлари шуни унутишмаса, бас!

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz