Швеция футболида антиқа чеклов - футбол ўйинини стадионда атиги 8 (ҳа, саккиз!) нафар мухлис томоша қилиши мумкин. Фанатлар бу қарорга нисбатан савдо марказида катта норозилик намойиши ўтказишди. Маълумот учун, «баҳор-куз» тизими амал қилинадиган Швеция чемпионатининг янги мавсуми апрель ойида старт олди. Швеция ҳукумати ўйинларни мухлислар гувоҳлигида ташкиллашга рухсат берди, аммо белгиланган чеклов жуда ажиб, кулгули. Диққат қилинг, стадион трибуналаридаги фанатлар сони 8 нафардан ошмаслиги керак. Буни қандай тушуниш мумкин?
Табиий савол туғилади - нега айнан 8 нафар? Бу ажиб сон қаердан олинган ва унинг моҳияти нима? Олдинроқ Швеция ҳукуматининг короновирус пандемияси бўйича тузилган махсус комиссияси турли йиғилиш ва тадбирларда қатнашчилар сони 8 нафардан ошмаслиги хусусида қарор чиқарганди. Бунда спорт тадбирлари учун алоҳида банд йўқ. Хуллас, комиссия қарори ҳаммага тенг, хусусан, футбол ўйинларида ҳам стадионда томошабинлар сони белгиланган миқдордан ошмаслиги зарур. «8» рақамининг моҳияти шу. Эндиликда ҳар бир ўйинга 8та чипта чиқарилмоқда ва у лотерея ўйини воситасида тарқатиляпти.
Норозилик моҳияти. АИК клуби фанатлари ҳам бу қарорга нисбатан антиқа усул билан эътироз билдиришди. Улар стадион яқинидаги савдо марказини турли ҳажмдаги баннерларга тўлдириб ташлашди, яна жўр бўлиб қўшиқ ижро этдилар. Баннерлардан биридаги ёзув маъноси: «Бизнинг миллий спорт 8 нафар мухлисдан кўпроғига лойиқ. Илтимос, ушбу телбавор қарордан тезроқ халос этинг».Намойиш учун айнан савдо марказининг танланганлиги бежиз эмас. Мухлислар бу ҳудуддаги гавжумликка эътибор қаратишди: «Наҳотки, савдо марказларида короновирусга чалинишдан қочиш имконияти анча кўпроқ бўлса...?»
Айтиш жоиз, Швецияда одамлар январь - сентябрь оралиғида турли чекловларга амал қилишлари шарт. Масалан, савдо марказлари ва катта универмаглар бир пайтнинг ўзида 500 нафардан кўп мижозни қабул қилолмайди, спорт заллари, кичик дўконларда эса, 10 квадрат|метр атрофида бир киши бўлишига рухсат бор, холос.
Швеция элит лигалари ассоциация бош котиби Матс Энквист чеклов юзасидан мулойимгина эътироз билдирди: «Ҳозирги муаммони тўғри тушуниб турибмиз - вирус тарқалиши олдини олиш учун чекловлар зарур. Лекин шундай тасаввур ҳам йўқ эмаски, футбол ҳолатини жиддий қабул қилишмаяпти. Ана, савдо марказлари, бар ва кафеларга енгиллик берилди, футболни эса ҳеч ким ўйлаётгани йўқ. Билмайман, нега бундай йўл тутиляпти?»
Швеция ҳукумати март ойи охирларида турли чекловлар муддатини узайтирди. Чунки мамлакатда вирусга чалиниш фоизи ошиб кетди. Ваҳоланки, пандемия бошланган вақтда Швеция чеклов ва карантиндан мутлақо воз кечганди. Бунда коронавирусга қарши жамоавий иммунитет ҳосил қилиш ва мамлакат иқтисодига путур етказмаслик кўзда тутилди. Ҳукумат жорий йил июнгача 5 миллион кишини эмлашни режалаштирганди, аммо ўхшамаяпти - етарли миқдорда вакцина билан таъминлашнинг иложи йўқ. Бу вақтда вирус юқтирганлар сони ортиб бормоқда. Дейлик, 10 миллион аҳолиси бор мамлакатда касалланганлар сони 1 миллионга яқинлашиб қолди.
О.ТУРСУНХЎЖАЕВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20