«Пахтакор» қишлоқ спорт жамияти узоқ 1951 йили ташкил этилган. «Пахтакор» футбол жамоаси эса 1956 йилдан фаолият бошлаган. Ўшанда жамоанинг катта мураббийи лавозимига Москва «Динамо»сининг таниқли собиқ футболчиси Валерий Бахтенев таклиф этилганди. Маълумот учун, у «Динамо»нинг 1945 йили Буюк Британия бўйлаб чиққан ўша машҳур сафари давомида жамоа асосий таркибида жавлон урган. Умуман олганда, Бахтенев «Пахтакор»га келишига қадар Бишкекнинг «Меҳнат захиралари» (Трудовўе резервў»), Кишинёвнинг «Буревестник» ва собиқ Горький (ҳозирги Нижний Новгород)нинг «Торпедо» клубларини бошқарган эди. Дарвоқе, кейинчалик чинакамига довруғ қозонган Слава Метревели катта футболга дастлабки қадамларини айнан Бахтенев бошқарувидаги «Торпедо»да қўйганди.
Валерий Бехтенев 1956 йилнинг бошидаёқ «Физкультурник Узбекистана» («Ўзбекистон физкультурачиси») газетасига биринчи интервьюсини беради ва Тошкент жамоасининг «Б» тоифадаги чемпионат ўйинларига қандай тайёргарлик кўраётгани хусусида маълумот тақдим этади. Ўшанда «Пахтакор» асоси Тошкент «спартакчилар»и - Анатолий Козенков, Лазиз Мақсудов, Идгай Тазетдинов, Виталий Виткалов, Акмал Азизхўжаев, Қобил Муқимов, Яков Капров, Юрий Усков, Николай Юшков ва Валентин Трошиндан ташкил топган эди. Шунингдек, Тошкентнинг «Динамо»сидан Альберт Содиқов ва дарвозабон Олег Жмак, «Пишевик»дан Владимир Шеффер таклиф қилинади. Кейинроқ ОДО ҳужумчиси Олег Моторин ҳам «Пахтакор» сафига қўшилади.
Хуллас, Бахтенев жамоа таркибини шакллантиришда муҳим позицияларни тажрибали футболчилар билан тўлдиришга алоҳида эътибор қаратади. Жумладан, мураббий Орехово-Зуеводан дарвозабон Пётр Волостновни чақиради, бироқ у якунда Тошкентда бир мавсум ўйнаш билан чекланади. Тушунарлики, Бахтенев собиқ ҳужумчи сифатида жамоанинг олдинги чизиғини кучайтиришга бирламчи вазифа сифатида қарайди ва Москванинг «Спартак» клуби захира таркибидан Владимир Канунников (москвалик ўша машҳур ҳужумчи Павел Канунниковнинг жияни)ни таклиф қилади. Бироқ у ҳам Тошкентда атиги бир мавсум ўйнаб, Ереваннинг «Спартак» (кейинчалик - «Арарат») клубига ўтиб кетади. Шунингдек, «Нефтчи» (Боку)дан Михаил Боркин ва Москва вилоятидан Александр Мурашов келгандилар. Шундай қилиб, қўлимизни кўксимизга қўйиб, ғурур ва ифтихор билан айтишимиз мумкинки, «Пахтакор»нинг пойдевори асосан маҳаллий футболчилардан ташкил топган ва бу қувонарли ҳол. Ҳа, кейинчалик ҳам ташқарига таклифномалар жўнатилади, фақат саноқли...
«Пахтакор»нинг илк ўйинчиларини эслар эканмиз, жамоанинг биринчи авлод футболчиларига ҳурмат бажо келтиришимиз жоиз. Чунончи, ҳамиша ниманидир бошлаб бериш қийин. Қайта ташкил этилган жамоа машғулотлар ва ўртоқлик ўйинларини Тошкентнинг Эски шаҳар мавзесида жойлашган «Спартак» стадионида ўтказарди. Республиканинг асосий аренаси - «Пахтакор» стадиони эса 1956 йил август ойида фойдаланишга топширилади. Умуман, «Пахтакор» «Б» тоифасидаги биринчиликда илк ўйинини 8 апрель куни ўтказади.
«Пахтакор» - Пермь шаҳри жамоаси - 1:0 (1:0)
Тошкент. «Спартак» стадиони.
Гол: Мақсудов (44-пенальтидан).
«Пахтакор»: Волостнов, Азизхўжаев, Козенков, Виткалов, Тазетдинов, Муқимов, Капров, Мақсудов, Канунников, Мурашов, Боркин.
«Пахтакор»нинг ушбу биринчи таркибидан жой олган 4 нафар футболчи кейинчалик Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий мақомини олади. Булар - Акмал Азизхўжаев, Виталий Виткалов, Идгай Тазетдинов ва Лазиз Мақсудов. Улар кўп йиллар давомида Ўзбекистон футболи шон-шарафи учун ишладилар. Хусусан, Идгай Тазетдинов 1979 йилги авиаҳалокатда самога сочилган ёрқин жамоа мураббийи эди. Лазиз Мақсудов ва Яков Капров турли йилларда жонажон жамоаларига устозлик қилишган, Акмал Азизхўжаев ва Виталий Виткалов республикамиз клубларини муваффақиятли тарзда бошқаришган.
Алоҳида айтиш керак, «Пахтакор» чемпионатни яхши кайфиятда бошлаганди - кетма-кет 5та ўйинда ғалаба қўлга киритилади, биринчи мағлубият фақат 11-турдагина қайд этилади. Спортча кураш ва шиддат остида ўтадиган учрашувлар футбол мухлислари эътиборини жалб қила бошлайди. «Ўзбекистон физкультурачиси» газетаси шарҳидан бир парча: «Навбатдаги учрашув худди аввалгилари каби мухлислар билан тўлиб-тошган стадионда бўлиб ўтди. Футбол мухлислари шунчаки, «Пахтакор» билан «оғриб қолишди». Орадан кўп ўтмай, Эфиопия терма жамоасига қарши биринчи халқаро учрашув ташкиллаштирилади. Июнь ойининг иссиқ кунида «Пахтакор» катта ташаббусга эришиб, муаммосиз ғалаба қозонади - 3:0. Бироқ ғалати томони шуки, ушбу чиройли ғалабадан кейин Тошкент клуби ўйинида кескин пасайиш кузатилади ва чемпионат ҳисобидан қаторасига 6та мағлубият қайд этилади. Учрашувлар ҳақидаги шарҳлардан бири «Ғалаба қозонишга ирода йўқлигида», деб номланган эди.
«Пахтакор» жамоаси ўша йилнинг август ойида биринчи хорижий турнега чиқади - Афғонистон бўйлаб сафар. Жамоа у ерда 2та учрашувда ғалаба қозонади. Шу тариқа йигитлар кайфияти кўтарилади ва «Пахтакор» чемпионатда яна муваффақиятлар сериясини бошлайди. Аммо вакилларимиз мавсум якунигача барқарорликни сақлаб қололмайдилар ва якунда турнир жадвалининг 13-поғонасидан жой оладилар. «Пахтакор» кейинги мавсумга тайёргарликни эса янги мураббий - таркибни бироз ўзгартирган Лев Абрамович Ольшанский билан бошлайди.
Манба: «Пахтакор». Ярим аср хроникаси» (В.Сафаров),
Мавлон ШУКУРЗОДА
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20