Қайднома

Қидирув

Тухелнинг тантанавор теоремаси ёки яна ЕЧЛ ғолиблари туғрисида

Тухелнинг тантанавор теоремаси ёки яна ЕЧЛ ғолиблари туғрисида

  03.06.2021 06:36
  0
  319
Тухелнинг тантанавор теоремаси ёки яна ЕЧЛ ғолиблари туғрисида

«Шалпангқулоқ» совринга бош даъвогар «Манчестер Сити» энди Портудаги «Драгау» стадионига бошқача қараса керак-ов... Диққат қилинг, Хосеп Гвардиоланинг мафтункор жамоаси ЧЛ-2020|2021 доирасида бу аренага 2 марта ташриф буюрди ва гол урмаган ҳолда, 1тадан дуранг ва мағлубият қайд этди. Таққослаш учун айтсак, «шаҳарликлар» бошқа стадионларда 25та гол уриб, 11 марта ғалаба қозонишди. Эслатма, «Сити» турнирнинг гуруҳ босқичида «Драгау» эгаси «Порту»ни енголмаганди - 0:0. Энди Гвардиола дружинаси «аждарлар» аренасида финални ҳам бой бериб ўтирибди. «Челси» кўчасида байрам, Томас Тухель теоремаси тантанаси!

финал

 

29 май

МАНЧЕСТЕР СИТИ - ЧЕЛСИ - 0:1 (0:1)

Порту (Португалия). «Драгау» стадиони. 14110 томошабин.

Бош ҳакам: Матеу Лаос (Испания).

Гол: Хаверц (42).

Манчестер Сити: Эдерсон, Стоунз, Рубен Диаш, Уокер, Зинченко, Фоден, Бернарду Сильва (Фернандиньо, 64), Стерлинг (Агуэро, 77), де Брюйне (Габриэль Жезус, 60), Маҳрез, Гюндоган.

Челси: Менди, Чилуэлл, Жеймс, Рюдигер, Аспиликуэта, Маунт (Ковачич, 80), Жоржиньо, Хаверц, Канте, Тьяго Сильва (Кристенсен, 39), Вернер (Пулишич, 66).

Огоҳлантиришлар: Гюндоган (34), Габриэль Жезус (88) - Рюдигер (57).

тўпурарлар

Холанд (Боруссия Д.) - 10та

Мбаппе (ПСЖ) - 8та

Бензема (Реал) - 6та

Жиру (Челси) - 6та...

Ўйиндан кейинги фикрлар

Томас Тухель («Челси» бош мураббийи): - Буни уддаладик. Хурсандчиликни ҳамма билан бўлишиш нақадар яхши. Яна нима дейишни билмайман. Йигитлар фақат ғалабани ўйлашди. Улар «Сити» футболчилари бутсасидаги тош бўлдилар. Ниҳоят, Роман Абрамович билан биринчи марта учрашдим. Ҳали яна гаплашамиз, ишонтириб айтаманки, ғалабага чанқоқлигимча қоламан.

Хосеп Гвардиола («Манчестер Сити» бош мураббийи): - Таркиб тузишда бор имкониятни ишга солдим, энг яхши вариантни танлашга ҳаракат қилдим. «Челси»нинг ҳимоявий тузилмасига қарши ўйнаш осон бўлмади. Афсуски, ғалаба қозонолмадик, ҳаракат қилдик, бироқ уддалолмадик. Демак, янада жиддий ишлаш керак. «Сити» кейинги бир неча йилда жаҳоннинг энг кучли клуби бўлишига ишонаман.

ЧЛ-2020|2021 рамзий терма жамоаси

 

Дарвозабон: Эдуар Менди («Челси»)

Ҳимоячилар: Кайл Уокер («Манчестер Сити»), Антонио Рюдигер («Челси»), Рубен Диаш («Манчестер Сити»), Сесар Аспиликуэта («Челси»)

Ярим ҳимоячилар: Илкай Гюндоган («Манчестер Сити»), Жор­жиньо («Челси»), Фил Фоден («Манчестер Сити»)

Ҳужумчилар: Муҳаммад Салоҳ («Ливерпуль»), Эрлинг Холанд («Боруссия» Д.), Килиан Мбаппе («ПСЖ»)

**      «Челси» дарвозабони Эдуар Менди ЧЛ мавсумида 9-«қуруқ» ўйинини ўтказди. Бу турнир дебютантлари учун рекорд натижадир. Лондон жамоаси сафига 2020 йилнинг кузида «Ренн»­дан қўшилган сенегаллик кипернинг атиги 3та учрашувда гол қўйиб юборганини ҳам айтиш жоиз.

**      Хосеп Гвардиола «Ман­чес­тер Сити» бошқарувида «Челси»га 14 марта тўқнаш келди ва 7-мағлубиятни қабул қилиб олди. Испаниялик мутахассис «шаҳарликлар» билан Англиянинг бошқа бирор жамоасига бу қадар кўп ютқазмаган. Унинг учун туманли ўлкадаги иккинчи рақамли ноқулай рақиб - «МЮ» (14та ўйинда 6та мағлубият). Қизиғи, «Челси»дан учралган 7та мағлубиятдан 3таси охирги 2 ойда содир бўлди: 17 апрел куни Англия кубоги ярим финалида (0:1), 8 май куни АПЛда (1:2) ва энди ЧЛ финалида (0:1).

**      «Шалпангқулоқ»нинг янги соҳиби «Челси» ЧЛ мавсумида атиги 4та гол қўйиб юборди («Краснодар», «Ренн», «Реал» ва «Порту»дан). Бу - якунланган компаниядаги энг яхши кўрсаткич.

**      «Челси» ярим ҳимоячиси Н~Голо Канте финалнинг энг яхши футболчиси сифатида махсус соврин олди. «У «Челси» ярим ҳимоясида мустаҳкам туриб, рақиб футболчиларини изчил таъ­қиб қилди, тўпни айёрона олиб қўйиш асносида ҳужумларни тўхтатди. Канте шунингдек, иккинчи бўлим бошида Кевин де Брюйнега нисбатан чиройли «подкат» усулини қўллади - ҳал қилувчи вазиятлардан бири шу», - дейилди УЕФА сайти изоҳида.

**      «Манчестер Сити» ЧЛ финалида дарвоза томон атиги 1 марта аниқ зарба йўллади (биринчи бўлимда). «Шаҳарликлар»нинг 2та зарбалари ноаниқ чиққан бўлса, 4таси тўсиб қўйилди. «Челси»нинг бу борадаги статистикаси: 8та зарбадан 2таси аниқ, 5таси ноаниқ, 1таси тўсиб қўйилди. Шунинг баборарида «Сити»да тўп назорати 59 фоизни ташкил қилди (612та узатмадан 526таси аниқ). «Челси»нинг кўрсаткичи - 41 фоиз назорат, 408та узатма (329таси аниқ).

**      ЧЛда қаторасига 3-мавсум германиялик мураббий ғалаба қозонди. Бошқача айтганда, Юрген Клопп («Ливерпуль») ва Ханс-Дитер Флик («Бавария»)дан кейин эстафеда таёқчаси Томас Тухель қўлига ўтди.

**      «Челси» ўз тарихида 2-марта ЧЛ ғолибига айланди, яна мавсум давомида бош мураббийни алмаштирган ҳолда. Мавсум-2011|2012да Андре Виллаш-Боаш ўрнини эгаллаган Роберто ди Маттео «кўклар»ни ғалаба сари етаклаганди. Эслатма, Томас Тухель январда Фрэнк Лэмпард ўрнига тайинланган эди. Эътиборлиси, «Челси» яна бир марта алмаштирилган мураббий билан ЧЛ финалига чиққан - мавсум-2007|2008да жамоани Жозе Моуриньодан қабул қилиб олган Авраам Грант «кўклар»ни ҳал қилувчи баҳсгача олға бошлаганди.

**      «Челси» Роман Абрамович даври (2003 йил) ҳисоби бўйича 19-совринни ютди. «Кўклар» бу оралиқда ЧЛда 2 марта, Англия чемпионати ва кубогида 5 мартадан, Англия Лига кубогида 3 марта, Анг­лия суперкубогида 2 марта ғолиб чиқишди.

**      Хосеп Гвардиола 2011 йилдан буён ЧЛда ғолиб чиқолмаяпти. Испаниялик мураббий аввалги 2та финални ўз фойдасига ҳал қилганди (2009 ва 2011 йилларда «Барселона» билан).

**      Томас Тухель 2ой ичида Хосеп Гвардиола билан 3 марта тўқнашиб, 3та ўйинда ҳам устун келди. Икки мураббий Германияда 5 бора учрашган: Тухель бошқарган «Майнц» ва «Боруссия» Д. Гвардиоланинг «Бавария»сига 2 мартадан ютқазган, яна бир ўйинда дуранг қайд этилган.

**      Англия жамоалари ЧЛда 14-марта ғалаба қозонди, Испания  ҳисобида 18та «шалпангқулоқ» кубок бор.

**      «Челси» хавбеки Кристиан Пулишич ЧЛда ғалаба нашидасини сурган АҚШ футболининг биринчи вакилига айланди.

**      Эдуар Менди - ЧЛ финалида иштирок этган африкалик биринчи дарвозабон. Тўғри, 1985 йилги ЧК финалида зимбабвелик дарвозабон Брюс Гроббелар «Ливерпуль» шарафини ҳимоя қилганди.

**      Тьяго Сильва ЧЛнинг қаторасига 2та финалида турли клублар сафида ўйнаган Марсель Десайи («Марсель» ва «Милан»), Паулу Соуза («Ювентус» ва «Боруссия» Д.), Самуэль Это~О («Барселона» ва «Интер») ҳамда Альваро Мората («Реал» ва «Ювентус») сафига қўшилди. «Челси»нинг бразилиялик ҳимоячиси олдинги финалда «ПСЖ» таркибида эди. Қолаверса, Сильва «Челси»нинг финалда иштирок этган энг ёши катта футболчиси бўлди. 36 ёшу 249 кунлигида майдонга тушган ҳимоячи Клод Макелеле (35 ёшу 93 кунлик)га тегишли рекордни янгилади.

**         Сесар Аспиликуэта («Челси») - ЧЛ финалига бошқа мамлакат жамоасини сардор сифатида бошлаб тушган испаниялик биринчи футболчи.

ЧЛ|ЧКда энг кўп ўйин ўтказган футболчилар

 

1. Икер Касильяс (Испания) - 177та

2. Криштиану Роналду (Португалия) - 176та

3. Хави (Испания) - 151та

4. Лионель Месси (Аргентина) - 149та

5. Рауль (Испания) - 142та

ЧЛ|ЧКда энг кўп гол урган футболчилар

 

1. Криштиану Роналду (Португалия) - 134та

2. Лионель Месси (Аргентина) - 120та

3. Роберт Левандовски (Польша) - 73та

4. Рауль (Испания) - 71та

5. Карим Бензема (Франция) - 71та


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz