Қайднома

Қидирув

Евротур: Фусункор финиш

Евротур: Фусункор финиш

  07.06.2021 04:49
  0
  288
Евротур: Фусункор финиш

«Атлетико» «Вальядолид» устидан иродали ғалабага эришиб, 11-марта Испания чемпиони бўлди. «Барселона» 2008 йилдан бери илк бора Ла Лигада учинчи ўринни эгаллади. «Вердер» ўз тарихида иккинчи бор Бундеслигани тарк этди. «Бавария» ҳужумчиси Роберт Левандовски рақиблар дарвозасини 41 марта ишғол қилиб, Герд Мюллер рекордини янгилашга эришди. Қуйида якунланган ҳафтада топ-5 чемпионатларида рўй берган воқеалар ҳақида гаплашамиз. Эслатма, «кучли бешлик»да чемпионатлар ниҳоясига етди.

Испанияда чемпионлик интригаси сўнгги тургача сақланиб қолган бўлса, Германияда «Бавария» икки ҳафта олдин бу масалани ҳал қилиб улгурганди. Шунга қарамай, мюнхенликлар шанба оқшомида «Аугсбург»ни аяб ўтиришмади - 5:2.

Ўйиннинг муҳим воқеаси сифатида Роберт Левандовскининг 90-дақиқада урган голини кўрсатишимиз мумкин. Айнан шу гол туфайли у Герд Мюллернинг «абадий» рекордини янгилади. Польшалик футболчи «планка»ни биттага кўтариб қўйди - 41 гол. Бунинг учун унга 29та учрашув кифоя қилди. Ўз ўрнида, Томас Мюллер 18та пас билан қаторасига иккинчи бор энг яхши ассистент бўлди.

Ўз ўрнида, «Бавария» яна бир ажойиб натижа соҳибига айланди. Мюнхенликлар Бундеслиганинг жорий мавсумида барча турларда гол уришга эришдилар. Бундай ҳолат турнир тарихида учинчи марта такрорланди.

Дортмунднинг «Боруссия» клуби ҳужумчиси Эрлинг Холанд ҳам мавсумни мажор нотада якунлади. «Қовоғарилар» ўз майдонларида «Байер»ни 3:1 ҳисобида мағлуб этишди. Норвегиялик футболчи «дубль» қайд этиб, чемпионатдаги голлари сонини 27тага етказиб олди. Умуман олганда, у «Боруссия» сафида барча турнирларда 41 учрашув ўтказиб, 41та гол урди. Аммо тўпурарлар баҳсида учинчи бўлди, холос. «Айнтрахт» ҳужумчиси Андре Силва ундан битта голга ўзиб кетди.

«Боруссия» ва «Бавария»дан ташқари Чемпионлар Лигасида «Лейпциг» ва «Вольфсбург» ҳам иштирок этади. Конференциялар Лигасига «Айнтрахт», «Байер» ва «Унион» чиқди.

Менхенгладбахнинг «Боруссия»сига 2:4 ҳисобида имкониятни бой берган «Вердер» Бундеслигани тарк этди. Германиянинг тўрт карра чемпиони ҳисобланган бременликлар 41 йиллик танаффусдан сўнг лигани тарк этишмоқда. «Шальке» эса муддатидан олдин қуйи лига масаласини ҳал қилиб қўйганди.

Испанияда чемпионлик учун интрига нафақат сўнгги тур, балки охирги дақиқаларгача сақланиб қолди. Бош соврин учун Мадриднинг икки гранди - «Реал» ва «Атлетико» кураш олиб боришди. Диего Симеоне шогирдлари «Реал»дан икки очко олдинда боришаётганди. Аммо чемпионликни нишонлаш учун улар «Вальядолид»ни мағлуб этишлари талаб этиларди.

Ўйиннинг 18-дақиқасида «Атлетико» ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди. Гол муаллифи - Оскар Плано. «Реал» бу вазиятдан фойдаланиб қоладигандек кўринарди. Аммо «Қироллик клуби» ҳам худди шундай вақтда ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди. Танаффусдан сўнг пойтахт клублари ўз ўйинларини топишга эришдилар. 57-дақиқада Анхель Корреа ҳисобни тенглаштирди. Орадан бироз ўтиб, Луис Суарес «Атлетико»нинг ғалаба тўпини киритди. Шу ўринда «Реал» ҳам сўнгги дақиқаларда «камбэк»ни амалга оширди. Карим Бензема ва Лука Модричнинг голлари эвазига жамоа ғалабани илиб кетди. Шу тариқа «Атлетико» 11-марта чемпионликни нишонлади. Охирги етти йилда илк бора «Реал» ёки «Барселона» ғолиб бўлмади.

Пойтахт жамоаларидан таш­қари, ЕЧЛда «Барселона» ва «Севилья» ҳам ўйнайди. Конференциялар Лигасига «Реал Сосьедад», «Бетис» ва «Вильярреал» йўл олди.

Сегунда тақдири олдинроқ ҳал бўлиб улгурганди. «Эйбар» ва «Вальядолид» Примерани муддатидан олдин тарк этиб улгуришганди. Шунингдек, сўнгги тургача лигада қолиш учун кураш олиб борган «Уэска» ҳам «қуйи»га равона бўлишди.

Англияда олтин ва кумуш медаллар соҳиблари муддатидан олдин аниқланган бўлсада, ЕЧЛга йўлланма берадиган ўринлар учун кураш охиригача давом этди. «Челси», «Ливерпул» ва «Лестер» жамоаларидан бири «ортиқча» бўлиши керак эди. «Вест Хэм», «Тоттенхэм» ва «Арсенал» жамоалари эса еврокубокларга йўлланма учун кураш олиб боришаётганди.

Сўнгги турнинг марказий учрашуви «Кинг Пауэр - Уолкерс» стадионида бўлиб ўтди. Унда «Лестер» «Тоттенхэм»ни қабул қилди. Ўйиннинг асосий қисмида майдон эгалари ҳисобда олдинда юришди. Бироқ Брендан Рожерс шогирдлари сўнгги дақиқаларда «қовун» туширишди. Аввалига бурчакдан узатилган тўпни дарвозабон Каспер Шмейхель ўз дарвозасига жойлаб қўйди. Кейин Гарет Бэйл катта саҳнага чиқди. Иккинчи бўлим ярмида майдонга туширилган футболчи ўн дақиқа ичида «дубль» қайд этиб, «Тоттенхэм»нинг 4:2 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади. Бунинг оқибатида «Лестер» ЕЧЛсиз қолиб кетди. Жорий мавсумда «тулкилар» 242 кун мобайнида турнир жадвалининг юқори тўртта ўрнида юришди. Аммо сўнгги турда бешинчи ўринга тушиб кетишди.

«Тоттенхэм» нафақат ўзи еврокубокларга йўл олди, балки «Челси»ни ҳам тортиб кетди. Сўнгги турда «Астон Вилла»га имкониятни бой берган «кўклар» «Лестер»нинг кўйига тушишлари мумкин эди. Ўз майдонида «Кристал Пэлас»ни мағлуб этган «Ливерпуль» эса учинчи ўринни эгаллади. «Арсенал» 1995 йилдан буён илк бор еврокубокларда иштирок этмайди.

Италияда ҳам скудетто масаласи олдиндан ҳал қилиб қўйилганди. Муддатидан олдин чемпион бўлган «Интер» сўнгги турда «Удинезе»ни 5:1 ҳисобида мағлуб этди. Охирги тур олдидан 78 очкога эга бўлган «Аталанта» мағлубиятга учраган тақдирда ҳам кучли тўртликдан чиқиб кетмасди. Қолган икки ўрин учун «Наполи» (76), «Милан» (76) ва «Ювентус» (75) кураш олиб боришди.

«Аталанта» «Милан» билан баҳсда 0:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Натижада икки жамоа ҳам ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритди. Миланликлар сўнгги паллада иккинчи ўринга чиқиб олишди. Жамоа 2013 йилдан буён илк бора Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритди.

Сўнгги тур олдидан учинчи ўринни эгаллаб турган «Наполи» камтарона «Верона» билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Бундан унумли фойдаланган «Ювентус» «Болонья»ни йирик ҳисобда мағлуб этди. Шу тариқа неаполликлар ЕЧЛ йўлланмасини «Юве»га ўз қўллари билан топширишди.

Европа Лигасида «Наполи» ва «Лацио» ўйнайди. «Рома» эса Конференциялар лигасида қатнашади.

Францияда «Лилль» 10 йиллик танаффусдан сўнг чемпион бўлиб, «ПСЖ»нинг гегемонлигига барҳам берди. Парижликлар охирги саккиз чемпионатнинг еттитасида бош совринга эга чиқишганди. Кристоф Гальтье шогирдлари мавсум давомида етакчилар қаторига киришганди. Аммо уларни ҳеч ким жиддий қабул қилмади. Буни қарангки, 22-турдан сўнг етакчиликни қўлга олган «Лилль» охиригача биринчи ўринни ҳеч кимга бўшатмади.

«Лилль» «Анже» билан бўлган баҳсда 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, чемпионликни нишонлади. Назарий жиҳатдан жамоа чемпион бўла олмаслиги ҳам мумкин эди. Аммо лилликлар ўт билан ўйнашмаган ҳолда, ўйинни ўз фойдаларига ҳал қилишди.

Сўнгги турда рақиб дарвозасини ишғол қилган Килиан Мбаппе 27та гол билан қаторасига учинчи мавсум тўпурарлар баҳсида ғолиб чиқди. У Мемфис Депай ва Виссам Бен-Йеддерларни еттитадан голга ортда қолдирди. 35 ёшида Туркиядан ташқарига чиқишга чўчимаган Бурак Йилмаз Лига 1 баҳсларида 16та гол уриб, «Лилл»нинг чемпион бўлишида ўзининг улкан ҳиссасини қўшди.

Шунингдек, «Монако» ҳам назарий жиҳатдан чемпион бўлиш имкониятига эга эди. Аммо жамоа сўнгги турда «Ланс»ни (0:0) мағлуб эта олмади.

Шу ўринда «Монако»нинг омади келди. Чунки «Лион» сўнгги турда «Ницца»ни мағлуб этганида, ЕЧЛ йўлланмасини илиб кетиши мумкин эди. Аммо Руди Гарсия шогирдлари ўз майдонлари 2:3 ҳисобида имкониятни бой беришди.

Энди «Лион» Европа Лигасида ўйнайди, «Марсель» эса Конферециялар лигасида иштирок этади. «Ним» ва «Дижон» қуйи дивизионга тўғридан-тўғри тушиб кетди. «Нант» эса ўтиш ўйинларида иштирок этади.

Ж.Бобохонов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz