Қайднома

Қидирув

Енгганлар зўрми ёки енгилганлар?

Енгганлар зўрми ёки енгилганлар?

  09.06.2021 16:16
  0
  443
Енгганлар зўрми ёки енгилганлар?

ЕЛ ва ЕЧЛ финалларидан сўнг кўплаб мухлислар ўртасида айни сарлавҳага олинган масала юзасидан тортишув бошланди. Бунинг сабаблари кўпчиликка аён: аксарият мутахассислар ва мухлислар евромавсум якунида Манчестерда ўзига хос «дубль» тантанаси ҳукм суришини башорат қилишганди. Қарангки, «МЮ» ҳам, «Сити» ҳам ишонч­ни оқламади. Аввалига «қизил иблислар» мухлислари Оле-Гуннар Сульшер сурурини кутишди.
Бунга асослар етарли эди. Ахир «Вильярреал» қаердаю, «МЮ» қаерда?! Ҳеч муболағасиз фарқ ер билан осмонча. Буни ҳеч ким инкор этмайди. Бироқ «МЮ» шу инкор қилинмас ҳақиқат байроғини баланд-баланд кўтаролмади. Гари Линекернинг машҳур гапи ўзгаргани йўқ - ЕЛ финалига таниқли мураббийлар ўз жамоалари билан йўл олишаверади, лекин ғолибликни Унаи Эмери қўлга киритаведи. Мана, «Севилья»дан кейин навбат «Вильярреал»га келди. Камсуқум Херонимо Рульи ва довруқли Давид де Хеа ўртасидаги «дуэл»дан сўнг нималар бўлмади-я?!

Аслида «қизил иблислар» «сариқ сувости кемаси»ни чўктириб юборишни режалаштиришганди. Бироқ ҳаммаси қоғозда қолди. Охир-оқибат, де Хеа панд берди ва Унаи Эмери юксакларга парвозланди. Келаси мавсум «Вильярреал» янада улкан мақсадларни кўзласа, не ажаб?! Аввалги мақолаларимизда шодликдан юраги ёрилаёзган «Лестер» ва «Атлетико» ҳақида ёзгандик. «Вильярреал»нинг қувончи уларникидан ҳам ошиб тушди. Бу мавсум тақдир камтарларни сийламоқда, фаворитларни кўкрагидан нари итармоқда. Футбол осмонида ёрқин юлдузлар порламаётир. Гоҳ-гоҳ шунақаси ҳам учраб туриши керак. Тақдирнинг бу сийлови шу зайл давом этса, яқин кунларда Ўзбекистон футболи пешонаси ҳам ярақлайди, чоғи. «Вильярреал» илк бор нуфузли соврин соҳибига айланди. Ўзбекистон миллий жамоаси ҳам ЖЧ-2022 саралаш босқичидан омон-эсон ўтиб, ўз тарихида биринчи марта мундиал йўлланмасини қўлга киритса, биз ҳам «сариқ сувости кемаси» мухлислари каби хурсандчилигимизни ичимизга сиғдиролмай, довонлардан ошиб-тошамиз.

Вадим Абрамов худди Унаи Эмери сингари миллий жамоамиз таркибига бошқача ёндашди. Тарихда илк бор бош жамоамиз ҳимоя чизиғида футболимиздаги анъанавий лидерларга ўрин ажратилмади. Балки Анзур Исмоилов, Егор Кримец ва Фаррух Сайфиев ёш ҳимоячиларга нисбатан тажрибалироқдирлар. Вадим Карленович эҳтимол, била туриб  тажрибалилар хизматидан воз кечгандир. Балки буни ич-ичидан туйгандир. Ахир тақдир фаворитларни, тажрибалиларни қўлламаяпти. «Реал», «Барселона», «Ювентус», «МЮ», «Манчестер Сити», «ПСЖ» каби номдор клублар ва уларнинг суперюлдузлари ғолиблик қувончидан бебаҳра қолган бир паллада Вадим Абрамов бу хусусда ўйламаслиги мумкинми?! Ўйлайди! Аввал ўйламаган бўлса, энди ўйлаши шарт! Бизнингча, Вадим Карленовичнинг бош жамоамиз таркибига ёндашуви анчагина ўзгарган. Айни шу жиҳат мухлислар кўнглини тинчлантирмоқда. 

Гарчи ЕЛ финали натижаси мамлакатимиздаги минг-минглаб «МЮ»чиларни  гангитиб қўйган бўлсада, улар бир амаллаб ўзларида куч топиб, Дубайга отланган бош жамоамизга оқ йўл тилашди. Аммо футбол муҳитимизда мутлақ хотиржамлик сезилмади, барибир. Боиси 29 май тунида ЕЧЛ финали бўлиши керак эди. Мана, финал ҳам тарихга айланди. Таъкидлаш мумкинки, ЕЧЛ финалидан сўнг мамлакатимиз футбол жамоатчилигида том маънода хотиржамлик кузатилди. Энди кўнгилда кучли бешлик зам-замалари ҳам, ЕЛ ва ЕЧЛ финалларидаги ажабтовур воқеалар ҳам йўқ! Кўнгилда фақат ва фақат Ўзбекистон миллий жамоаси бор, унинг ғалабаларига ишонч ҳукмрон.

Майли, пича фурсат бор экан, яна ЕЧЛ финали таассуротларига қайтсак бўлади. Ўзи «Драгау»да нима юз берди? Хосеп Гвардиола академизми нима учун финалда қоқилди? Ёдингиздами, 2-3 ҳафта аввал «Бизга АПЛ чемпионлиги муҳим!» - деб мулоҳаза билдирган Гвардиоланинг сўзларига алоҳида эътибор қаратгандик. Ўшанда бутунликнинг магик моҳияти тўғрисида сўзлай туриб, Гвардиола ўзи билиб- билмай, мазкур яхлитликка дарз етказганини таъкидлагандик. Бошқача айтганда, «Сити» мухлисларини кўнглини оғритмаслик учун мулоҳазаларимизни очиқ-ойдин айтмай, ишора билан кифояланган эдик. Ҳолбуки, фаришталар АПЛ чемпионлигини муҳим ҳисоблаган Гвардиола сўзларига ўшандаёқ «омин» деб қўйишган... Аслида содир бўлиши лозим саналган, кутилаётган воқеага соя ташловчи мулоҳазаларни билдириш ҳар доим мақбул ҳисобланмайди. Гвардиола ожиз бандалигига борди ва бу  тамойилни бузди. Жаҳон футболидаги фикри залворли мутахассислардан сўрасангиз, уларнинг аксарияти «Манчестер Сити» маҳоратини юқори баҳолаши аниқ. Кўриб турибсизки, натижа бунинг акси. Учрашувдан сўнг бир неча мухлисдан «Челси» ғалабаси ва «Сити» мағлубияти сабабларини сўрадик. «Голни шунчалик хотиржам уриш мумкинлигини ҳаётимда илк бор кўрдим!» - дея таъкидлади Турон ФА академиги Темур Тўрабоев. Тушунарли, хотиржамлик - «Челси» ғалабасидаги ҳал қилувчи омил. «Эдерсон вазиятни баҳолашни эплолмади. Энг зарур паллада қовун туширди!» - дея  мулоҳаза билдирди Турон ФА академиги Ғуломжон Ҳамидов. Гап яна ўша машҳур хулосага тақалмоқда: дарвозабон - ярим жамоа! Фарғоналик таниқли репетитор Беҳзод Жўраев «Челси»ни билими ҳали юқори даражага етмаган, лекин талаба бўлишга ишонадиган ўқишга иштиёқманд абитуриентга ўхшатди. ЕЧЛ финали ҳақида билдирилган шу уч мулоҳаза бош жамоамизга ҳам тааллуқли, назаримизда. Дарҳақиқат, футболчиларимиз ҳаттоки, очиқ дарвозага ҳам кўп бора гол уролмаганлар. Сабаб - ҳаяжоннинг кучлилиги ва хотиржамликнинг йўқлиги. Дарвозабонни ҳам алдаб ўтиб, яна орқасига бир-икки қараб, кейин тўпни думалатган Кай Хаверцнинг хотиржамлиги - ҳақиқий ўрнак.

Тўғриси, наинки «Челси», бош жамоамиз ҳам ҳали абитуриентлик мақомида. Бош жамоамиз қачонки мундиал йўлланмасини қўлга киритса, ўшанда чин талаба мақомига эришади. Йўқ, кўн­г­лингизни туширманг. Бош жамоамиз ҳужжатларини шунчаки, олий ўқув юртига топширадиган лоқайд ва билимсиз абитуриентга қиёсланмаяпти. Ишонинг, бош жамоамиз бугун синовга тайёр, имтиҳондан ўтишга қодир. Болалар қалбидаги беғуборлик, соддалик ва самимийлик бугун қандай ардоқланаётган, шарафланаётган бўлса, биз ҳам асосий жамоамизни шундай туй­ғулар билан қўллаб-қувватлайлик! Шунда ҳаммаси хайрли ва гўзал бўлиши муқаррар!

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz