Қайднома

Қидирув

Жалолиддин Мангуберди: «Ким Саудияга кўп гол урса, мендирман ўшал!»

Жалолиддин Мангуберди: «Ким Саудияга кўп гол урса, мендирман ўшал!»

  12.06.2021 05:09
  0
  699
Жалолиддин Мангуберди: «Ким Саудияга кўп гол урса, мендирман ўшал!»

Муҳтарам мухлис! Вакилларимизнинг Сингапур терма жамоаси устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонишларини ишонч билан кутгандим ва амалда шундай бўлди ҳам. Душанба тунини гол - юлдузлар ёритди, гўё. Отабек Шукуров таъкидлаганидек, футболчиларимиз нам ҳавога кўниккан Сингапур терма жамоасига нисбатан жазирамага чидамли эканликлари тасдиқланди. Ўйин соат 23:00 бошлангани ҳаттоки, уларга қулайлик яратди, рақибга қараганда, устунлик берди. Айниқса, Иброҳимхалил Йўлдошев - Жалолиддин Машарипов тандеми алоҳида ажралиб турди. Ҳар икки футболчи юксак техникасини истаганча ишга солди ва сингапурлик ҳимоячиларни роса довдиратди. Бошқа футболчиларимизга ҳам гап йўқ. Голлар муаллифларига тасанно!

Йўқ, буёғига давом эттиролмадим. Ҳайрон бўлаётганмидингиз? «Ўйин чамаси тунги соат 01:00да якунланган бўлса, «ИнтерФутбол» қандай қилиб уни шарҳлашга улгурди экан», деб ажабланаётганмидингиз? Узр, бу ҳам бир орзу-да. Газетамизнинг қувонч варақлари муҳим учрашувлардаги ғалабалардан сўнг шошилинч тарзда чоп этилиб, зудлик билан мамлакатимиз бўйлаб тарқатилишини орзу қиламиз. Қачонлардир шундай конвейер механизм йўлга қўйилишини кутиб яшаймиз. Орзуга айб йўқ. Ахир биз орзулар мамлакатида яшаймиз. Футболчиларимиз мухлислар назарида орзулар майдонида тўп суришади. Не бахтки, улар бу майдонда ўйнашдан чарчашмаяпти. Илоҳим, чарчашмасин. Зеро, агар чарчашса, футболимиз инқирозга юз тутади. Шунда бугунги муаммолар ҳолва бўлиб қолади. Қаранг, мухлислар бош жамоамизнинг ке­йинги босқичга чиқиш имкониятини ҳисоб-китоб қилишда ҳар қачонгидан ҳам фаоллик кўрсатишмоқда. Қойил, уларга! Шунчаки, респект!

Очиғи, ушбу мисралар якшанба оқшоми мавҳумлик гирдоби ичра ёзилмоқда. Душанба куни терма жамоа ўйнайди, мақола эса якшанба тунида топширилиши зарур. Вазиятдан чиқиш учун тепадаги бошланмани танладик. Ишончимиз комил, мазкур мулоҳазаларни ўқиётган паллада кайфиятингиз аъло, чунки бу пайт бизнинг хаёлотимиз ҳақиқатга айланган бўлади. Шундай экан, хаёлий, аммо ёқимли бошланмани тўғри қабул қилишингиздан умидвормиз. Ҳа, мавҳум хаёлотларда ҳар ким ўзича қандайдир чора излаб топади. Вадим Абрамовнинг ҳозирги бош вазифаси ҳам шу: у биров хаёлига келмайдиган шундай йўл ўйлаб топсинки, 15 июнь оқшоми терма жамоамизни ҳеч бир куч ғалаба қозониш иштиёқидан қайтаролмасин. Осиё футболида битта ҳақиқат бор, уни ҳеч ким инкор этолмайди. Яъни Миржалол Қосимов ва Сервер Жепаров, Александр Гейнрих ва Максим Шацких вақтида маҳорат бобида саудиялик футболчилардан устун бўлишганки, асло кам саналишмаган. Афсуски, турли омиллар ортидан уларнинг иқтидори ва кенг имкониятларидан унумли фойдаланилмади. Бугун Одил Аҳмедов ва Жалолиддин Машарипов, Элдор Шомуродов ва Отабек Шукуров Осиё футболи юлдузлари қаторидалар. Иброҳимхалил Йўлдошев, Ҳусниддин Алиқулов ва Ойбек Бозоров каби йигитларимиз порлашга шай юлдузлардир. Факт шуки, мавжуд потенциал Саудия Арабистони термасини енгишга қодир. Терма жамоамиз нима учун ҳозирги имкониятдан фойдаланолмаслиги керак?! Бу самара келтириши шарт саналган имкон! Мазкур ҳолатдан яна фойдаланолмаслик мутлақ мантиқсизликдир. «Тўп юмалоқ, майдон текис» қабилидаги изоҳлар мантиқсизликни яширадиган мантиқсиз гап-сўзлар, холос. Кучни мақсад, истак, иштиёқ бошқаради. Мақсадга бўйсунмаган куч мантиқсизликнинг кўр-кўрона қулидир. Футболимиз, хусусан, терма жамоамиз ҳозиргача шу қул исканжасида яшади, фаолият юритди. Энди қул исканжасидан чиқадиган, мавжуд кучни мантиққа муносиб, мақсадга мувофиқ ишга солиб тўп сурадиган вақт келди.

Ўйна, ўйнаш давринг келди,

Уйғониб, тўп сур терма!

Сен томон куч - ишонч елди,

Рақибга имкон берма!

Шеърни яна давом эттириш мумкин. Бироқ мухлисларни ҳам ҳисобга олиш керак. Негаки, уларга шеър ёқади-ёқмайди. Бинобарин, мухлислар учун битта шеърдан терма жамоамиз урадиган 10та гол муҳим. Қисқаси, бу пайт шеър ёки қўшиқ кўнгилга сиғмайди. Бироқ Жалолиддин Мангубердининг машҳур сўзларини унутмайлик: «Ким юртга содиқ бўлса, мендурман ўшал!» Буни футболчиларимизга қарата, бош­қачароқ талқинда айтамиз: «Ким Саудияга кўп гол урса, мендирман ўшал!» Хуллас, жасорат вақти келди, йигитлар!

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz