Қайднома

Қидирув

Де Хеа учун «унутилмас» мавсум

Де Хеа учун «унутилмас» мавсум

  12.06.2021 10:40
  0
  272
Де Хеа учун «унутилмас» мавсум

Якунланган мавсум «МЮ» дарвозасини қўриқлаган Давид де Хеа фаолиятидаги энг омадсиз даврга юз тутдики, буни унутиши қийин. Чинакам муваффақиятсизлик даври: испан кипери ҳаддан ортиқ кўп «қовун» туширди ва ҳаттоки, рақобатни бой бериш ҳолатига келди. ЕЛ финалининг пенальтилар серияси эса Давид учун омадсизликнинг чўққисига айланди...

«МЮ» ЕЛ финали фаворити эди, бироқ қайсар «Вильярреал» буни тан олмади. Гданьскда ҳал қилувчи ўйин пенальтилар сериясига қадалди ва 11:10 ҳисобида якунланди. Якуний зарбани айнан Давид де Хеа кўкка совурди. Бунга қадар «нуқта»га яқинлашган 21 нафар футболчи ҳам гол урганди. Қисқаси, «Вильярреал»­нинг барча ўйинчиларидан гол қабул қилиб олган Давид якунда бош антиқаҳрамонга айланди-қўйди. «МЮ» бош мураббийи Оле-Гуннар Сульшер 100 дақиқа давомида таркиб бўйича бирор ўзгаришга қўл ургани йўқ, кейин қолган вақтда захирадан 5 нафар янги кучни майдонга ташлади, фақат де Хеани ўйинда қолдирди. Майдонга тушган захирачилар серияда бехато зарба йўллашди, испаниялик кипер эса 11та «дуэл»да енгилгани етмаганидек, охирги уринишда ҳам ғолиб чиқолмади. Умуман олганда, де Хеа охирги марта 2016 йилнинг апрель ойида «Эвертон»га қарши баҳсда пенальти тўсган эди. Аслида у бутун фаолияти давомида 62та пенальтидан 11таси (18 фоиз)да ғолиб чиққан. Лекин бу кўрсаткичи «МЮ»даги рақобатчиси Дин Хендерсонникидан анча паст. Манчес­тердан яна ижара келишуви бўйича кетишни истамаган ушбу кипер жами 19та пенальтидан 8таси (42 фоиз)ни муваффақиятли тўсган. Таққослаш учун айтсак, Дин якунланган мавсум АПЛнинг 13та ўйинида «МЮ» дарвозасини қўриқлаб, 4тасида гол қўйиб юбормади. ЕЛда эса 4 марта майдонга тушиб, 3та «қуруқ» ўйин ўтказди.

Сульшер февраль ойида Хендерсонга тўхталиб, унга ачинишини айтганди: «Очиғи, Динни таркибдан четда қолдиришим тобора қийинлашмоқда, чунки у майдонга тушганида, чиндан ҳам, зўр ўйнамоқда». Норвегиялик мутахассис март ойида де Хеани ҳам алоҳида қўллаб-қувватлади: «Бизда шубҳасиз 1-рақам тушунчаси йўқ. Фақат ўйнаш керак. Кўр эмасман, кўриб турибман: охирги ҳафталар ОАВда Давидни ҳисобдан чиқариб улгуришгани ҳақидаги мақолалар кўпайди. Лекин бу мутлақо нотўғри ёндашув. Давид ҳамон топ даражада».

Давид де Хеа АПЛ-2020|2021да 26та ўйин ўтказди (9таси «қуруқ») ва уларда гол билан тугаган кўплаб хатоларга йўл қўйди. Оқибатда ҳақли танқидлар бўронига учради. Масалан, «МЮ» афсонаси Пол Скоулз баҳорда клубнинг ожиз томони сифатида айнан де Хеа ижросидаги тартибсиз ҳаракатни кўрсатди. Гари Невилл эса испан киперига жасурлик етишмаётганини айтиб, уни ҳаттоки, қўрқоқликда айблади. Мисол учун, де Хеа «Эвертон» билан баҳсда тўпни шунчаки, рақибга туҳфа қилди ва бу хатоси дарвозасининг ишғол этилиши билан якунланди. Бу аввалги мавсум бошидан буён унинг ижросида кузатилган 7-«қовун» (гол билан тугаган хатолар) бўлди.

Ҳа, де Хеа баъзида ўта ёрқин ўйин намойиш этди. Дейлик, «Рома»га қарши кечган ЕЛ ярим финалининг иккинчи ўйини (2:3)да нақ 10та «сейв» амалга оширди. Бу унинг «МЮ»даги фаолияти давомида кузатилган 3-яхши кўрсаткичи. Бироқ испан кипери энг муҳим палла - финалнинг пенальтилар сериясида заррача ёрдам беролмади. Ваҳоланки, Англия ОАВда ёзилишича, унда «Вильярреал»нинг барча асосий пенальтичилари қандай зарба йўллашлари ҳақида «шпаргалка»-маълумот йўқ эмасди. Давид де Хеанинг учрашувдан кейинги кўриниши эса - соф қайғу ва драма...

Гданьск финали пенальтилар серия­сида «Вильяр­ре­ал»­нинг охирги зарбасини ижро этган дарвозабон Херонимо Рульи фао­лия­ти давомида илк марта «нуқта»га яқинлашиб, гол урди. Таъкидланишича, у учрашувдан олдинги машғулотларда ҳам пенальти тепиб кўрган эмас. Яъни Унаи Эмери кўрсатмасига биноан, бу жараёнда фақат дарвозада турган. Диққат қилинг, Рульи ҳаттоки, ёшлар жамоалари ва мактаб йилларида ҳам бирор марта пенальти тепмаган экан. Қаранг, у вазият тақозоси билан биринчи «дуэл»да Давид де Хеага рўбарў бўлди ва тепишда ҳам, тўсишда ҳам ҳамюртини доғда қолдирди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz