Қайднома

Қидирув

Хонда Озарбайжонда шунчаки, «ёндирди»

Хонда Озарбайжонда шунчаки, «ёндирди»

  15.06.2021 02:12
  0
  505
Хонда Озарбайжонда шунчаки, «ёндирди»

Япония футболининг бош жаҳонгаштаси Кейсуке Хонда Бокунинг «Нефт­чи»си таркибида 2 ойча ўйнади ва «Қорабоғ»нинг 7 йиллик гегемонияси барҳам топишига ҳисса қўшди. Фахрий ярим ҳимоячи шунинг баробарида Бокуда туриб, япониялик  талабаларга инглиз тилидан сабоқ берди ва Африкада бошланган лойиҳаларга сармоя киритди.

Кейсуке Хонда - Япония футболи тарихидаги энг ёрқин легио­нерлардан бири. У жумладан, Россия чемпионатида ҳам чакки таассурот қолдирмади. Ранг-баранг соч турмагига эга Кейсуке ЦСКАга Нидерландиянинг «Витесс» клубидан келди (унинг устози Леонид Слуцкий бир неча йилдан кейин айнан шу жамоани ҳам бошқарди). Хонда РПЛдаги дебют мавсумидаёқ замбарак ўқидек жарима зарбалари билан барчани ҳайратга солди. Дейлик, ЧЛ 1|8 финалида «Севилья»га қарши кечган баҳсда айнан Кейсукенинг бетакрор зарбаси ортидан ЦСКА кейинги раундга чиқди. Бироқ Хонда ва «армиячилар» хайрлашуви анча оғриқли бўлди - футболчи муддати тугашига 1 йил қолган шартномасини узайтиришдан бош тортди. Клуб эса уни «сариқ чақа»га қўйиб юборишни истамади. Кейсуке якунда 2014 йилнинг қишида «Милан» сафига қўшилди. Аммо япон йигити «А» серия юлдузига айланолмадилар, «россонерлар» билан алоқани узганидан кейин эса, дунё бўйлаб сайр бошлади: Португалия, Бразилия, Австралия. Хонда орада ҳаттоки, Камбоджа терма жамоасида ишлашга ҳам улгурди. Қисқаси, жаҳонгашта футболчи мақомини олди.

Хонданинг фаолиятида кулгули бурилиш ҳам кузатилди - «Ботафого»дан қочиб, Португалияда қўним топди, аммо янги клубда атиги 3 кун ушланиб турди. 34 ёшида эса Озарбайжон чемпионатига юзланди. Аниқроқ айтсак, Кейсуке жорий йил март ойида мавсум охиригача мўлжалланган шартнома асосида «Нефтчи» сафига қўшилди. «Аслида олдимда яна бир вариант бор эди, аммо Европа клубида ўйнашни хоҳладим, - дея ўз танловини тушунтирганди Хонда. - Менга бундай имкониятни «Нефтчи» тақдим этди. Кўпчилик нега Японияга қайтмаганим хусусида сўрайди. Жавобим оддий: «У ерда 3 йил ўйнаб кўрганман ва энди қайтиш ўзим учун қизиқ эмас. Ҳамма яна аввалги клублардаги хатоларимни айтади, лекин ўзим ҳамиша янги чорловларни қидирганман. Мана, Озарбайжонда янги синов топдим. Албатта, «Нефтчи» билан яхши натижаларга эришмоқчиман. Тан оламан, фаолиятим давомида жуда кўп адашганман, хатоларга йўл қўйганман, аммо бу ерда ўзимни яна бир бора кўрсатмоқчиман».

Кейсуке Хонда 2 ой давомида «Нефтчи»нинг 7та ўйинида майдонга тушиб, 2та гол урди. Озарбайжон чемпионатининг айниқса, финиш қисми қизғин тус олди. «Нефтчи» охирги турда ўзидан атиги 1 очко олдинда бораётган пешқадам «Қорабоғ»ни қабул қилди. Қаторасига 7 мавсум чемпионлик байроғини сақлаб келган меҳмон жамоа 90-дақиқада ҳам ўзига мақбул ҳисоб (0:0)ни сақлаб турганди. Охирида ўйин якунланишига атиги 5 дақиқа қолганида майдонга тушган болгариялик Аҳмад Аҳмедов амалдаги чемпион дарвозасини нишонга олди ва «Нефтчи» 8 йиллик танаффусдан кейин тахтга кўтарилди. Асосийси, Хонда жамоаси «Қорабоғ»нинг 7 мавсумга чўзилган чемпионлик сериясини узиб қўйди. Дарвоқе, охирги 10 йилликнинг бошида катта иқтидор сифатида кўзга ташланган Эмин Маҳмудов ҳам Хонда қатори чемпионликни нишонлади.

Хонда «Нефтчи» шарафини ҳимоя қилишдан ташқари, япония­лик талабаларга онлайн тарзда инглиз тилидан сабоқ беришга ҳам вақт ажратди. У шунингдек, Африкада бошланган бир неча лойиҳага сармоя киритди.

***    Кейсуке Хонда энди Япония олимпия терма жамоаси таркибидан жой олиб, Токио Олимпиадасида иштирок этишни ўйламоқда: «Тушунаман, «заявка»га тушишим қийин масала, чунки терма жамоада жиддий рақобат бор. Боз устига, Олимпиадада қатнашадиган ёши катта футболчилар сони чекланган».

***        Oxu.Az маълумотларига қараганда, Хонда «Нефтчи»да маош олмаган. Клуб фахрий японга фақат уй ва автомобиль ажратган, холос. Хуллас, Кейсуке шунчаки, ўйин амалиётига эга бўлиб, спорт формасини тиклашни ўйлаганди, амалда эса тарихий ғалаба иштирокчисига айланди.

 

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz