Қайднома

Қидирув

Ракурс: Жароҳат билан мислсиз жароҳат

Ракурс: Жароҳат билан мислсиз жароҳат

  15.06.2021 04:40
  0
  257
Ракурс: Жароҳат билан мислсиз жароҳат

Аргентинада жароҳатланган ярим ҳимоячи дарвозада турди ва клуби ғалабасига катта ҳисса қўшди. «Ривер Плейт» фахрийси Энцо Перес шу тариқа мамлакат миқё­сида қаҳрамонга айланди. Коронавирус туфайли нақ 25 нафар футболчини йўқотиш, алмаштиришсиз ўйнаш ва якунда ғалаба қозониш - «Ривер»дан такрорланмас сабоқ. Ҳа, нафақат Аргентина, балки бутун Жанубий Американинг энг машҳур клубларидан бири бутун тарихидаги энг «телбавор» ўйинини намойиш этди. Диққат қилинг, Либертадорес кубогидан ўрин олган Колумбиянинг «Санта Фе» клубига қарши ўйин қайдномасига атиги 11 нафар футболчини киритган «Ривер Плейт» рақибга муносиб қаршилик кўрсатибгина қолмай, қандайдир сеҳрли тарзда ғалаба қозонди. Боз устига, Аргентина клуби дарвозасини асли ярим ҳимоячи саналган фахрий ярим ҳимоячи қўриқлади. Камига унда жароҳат ҳам бор эди.

«Ривер Плейт» Либертадорес кубоги гуруҳ босқичи 5-тури учрашуви арафасида ўта ночор ҳолатга тушиб қолди: асосий жамоанинг 25 нафар (!) футболчиси  коронавирус туфайли карантинга олинди. Вирус фақат асосий ва қимматбаҳо футболчилар - ярим ҳимоячи Николас де ла Круз (18 миллион евро), ҳужумчи Рафаэль Сантос Борре (15 миллион евро) ва ҳимоячи Гонсало Монтиэль (12,5 миллион евро) эмас, барча-барчани «йиқитди». Жумладан, «Ривер» ихтиёрида бирор дарвозабон қолмади. Оқибатда клуб раҳбарияти КОНМЕБОЛ (Жанубий Америка футбол конфедерацияси)га мурожаат қилиб, «заявка»га ёшлар таркибидан лоақал 2 нафар кипер қўшишга рухсат беришини сўради. Бироқ илтимос рад этилди.

Иложсиз қолган «Ривер Плейт» ўйинни мавжуд захиралар билан ўтказишдан ўзга чора тополмади. Хуллас, учрашув қайдномасига атиги 11 нафар футболчи киритилди. Жумладан, олдинроқ жароҳатланган асли ярим ҳимоячи Энцо Перес дарвозабон сифатида кўрсатилди. Оддий айтганда, клуб шифокорлари сон суяги шикастланган 35 ёшли фахрийнинг дарвозада тура олишини айтишгач, у учрашувга оз-моз тайёрланди. Ўйин­га келсак, тушунарлики, «Ривер» жуда қийналди, ахир захира вакиллари билан, яна алмаштиришсиз ўйнаш... «Санта Фе» шунга яраша, майдонда катта устунликка эришди, дейлик, дарвозада ким турганини инобатга олиб, тез-тез зарба йўллади (жами 22 марта). Энцо Перес эса ҳеч нарсага парво қилмай, янги вазифани қойилмақом даражада яхши уддалади. Диққат қилинг, 35 ёшли фахрий 4та ажойиб «сэйв» кўрсатди ва фақатгина 1тагина ҳолатда тўп ўтказиб юборди. Асосийси, жамоадошлари Переснинг жасоратини жавобсиз қолдиришмади: Ангелери ва Альварес саъй-ҳаракатлари билан «Ривер» 2та гол уриб, ўта муҳим 3 очкога эга чиқди. Бу ғалаба «Ри­вер»га «D» гуруҳида 1-ўринни расмийлаштиришга имкон берди.

Табиийки, Энцо Перес учрашувнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинди - мутлақо ҳақли эътироф. Афтидан, «Ривер Плейт»нинг асл дарвозабонларига янги, жиддий рақобатчи чиққан кўринади. «Майдонга тушишдан олдин голкиперларимиз билан гаплашдик, уларга бир неча муҳим саволлар бериб, тегишли жавоблар олдим. Шунингдек, дарвозабонлар мураббийи ҳам зарур кўрсатмалари билан кўмаклашди. У жумладан, бор диққат-эътиборимни жарима майдони ичига қаратиш ва тўп узоқлашган пайт диагонал ҳаракатланишимни тавсия этди. Кейин майдонга тушдим, иштиёқ ва жасорат билан ўйнадим. Қисқаси, шунчаки, жамоамга ёрдам беришга уриндим», - дея таассуротлари билан ўртоқлашди асосий қаҳрамон учрашув тугагач, камтарликни унутмаган ҳолда. Ҳа, ажойиб воқелик! Футбол шундай сценарийлар билан янада гўзал!

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz