Қайднома

Қидирув

Рақибини қўрқитишга қодир жамоа мухлисиман!

Рақибини қўрқитишга қодир жамоа мухлисиман!

  17.06.2021 08:49
  0
  371
Рақибини қўрқитишга қодир жамоа мухлисиман!

Мулоҳазаларим бошқалар, хусусан, футболчиларимизга аҳамиятсиздир, балки. Лекин ҳал қилувчи ўйин олдидан бир гап айтаман. Ҳар қайси футболчимиз кимгадир «Бугун сен учун ғалаба қозонаман, албатта!» - демаса, ке-йинги босқичга умид боғламасак ҳам бўлаверади. Ғалаба жондан азизми? Биров учун бериладиган савол эмас бу. Ҳар ким ўз олдига қўяди бу сўроқни. «Ғалаба жонимдан азиз!» дейишга куч топган, йўқ, табиатан шундай ўйлайдиган футболчи ҳақли равишда шон-шарафга бурканади. Чунки у майдонда шунга муносиблигини исботлайди. Мазкур мулоҳазаларни ёзиш арафасида жияним, «Челси» мухлиси Ўткирбек «Эриксен йиқилган паллада дадам ҳам йиғладилар, - деди ва қўшиб қўйди. - Маунт ҳам шунақа футболчи. У бўлмаса, Англия термаси хорватларни енгишга қийналарди». Сездимки, жиян Маунт учун ҳар доим қайғуради. Инглиз йигити йиғласа йиғлайди, кулса кулади. Дадаси ҳам Кристиан Эриксен учун бошқалар қатори шунчаки, қайғурмаган. Назаримда, Дания термаси етакчиси акамнинг севимли футболчисига айланиб улгурган. Мухлиснинг қалбидан жой олиш осон эмас аслида. Одил Аҳмедов пенальтини голга айлантиролмаганида, унинг ҳақиқий мухлиси қай аҳволга тушганини тасаввур қилиш қийин. Терма жамоамизнинг кўплаб мухлислари эса бу хусусда ўйлашмади. Аксинча, «Яна Жалол тепавериши керак эди, Шома тепса ҳам бўларди», - дейишди Одилни айблаб. Айбловлар борми, ҳамма бирдек Одил билан бирга эканлигини изҳор қилмадими, демак, ўйлаб кўришга арзийдиган сабаблар мавжуд. Исмат Хушев айтмоқчи, что-то нето... Мен бутун масъулиятни зиммамга олиб ҳақиқатни ёзган, ҳақиқатни сўзлаган пайтлар кўп бўлган. Илоҳим, Парвардигор бу йўлда собит айласин! Футболчиларимиз ҳам шундай ўйлашса, бас. Кимгадир ғалаба жондан азиз бўлмаса, майдонга тушмагани маъқул.

Рақиб қачон қўрқувдан титрайди?

Саудия Арабистони термаси ҳал қилувчи ўйинда ҳаяжондан пала-партиш ҳаракатланиши, қўрқувдан титраши мумкинми? Ўз майдонида тўп сурадиган, мухлислари астойдил қўллаб-қувватлаётган жамоа шундай аянчли аҳволга тушишига ишонасизми? Сизни билмадим, шахсан мен ишонаман. Россия терма жамоасининг аҳволи бунга яққол мисол. Майдон ва мухлислар фактори Бельгия термасини тўхтатолмади. Тимоти Кастаннинг жароҳатланиши ҳам Роберто Мартинес шакллантирган ўйинни бузмади. Аксинча, жамоадошлари янада яхшироқ тўп суриб, уни қўллаб-қувватлашди. Қўрқув туйғуси бўлмаса, жамоа шундай ўйнайди. Қўрқув -  мавжуд маҳорат, куч, имкониятни йўққа чиқарадиган ярамас иллатдир! Шу маънода айтсак, Дания термаси «шок» ҳолатини енголмади. Шунинг таъсирида пенальти  ҳам увол кетди. Ҳолбуки, жамоа ҳар жиҳатдан финнларни енгишга қодир эди.

Хўш, Саудия Арабистони қачон қўрқувдан титрайди? Бунинг учун Жалолиддин Машарипов хато қилишдан қўрқмай, олдинга ташланса, бас! Унинг дриблинглари тўхтаб қолмаса, охир-оқибат, саудиялик ҳимоячиларнинг оёқлари қалтирайди. Агар Машариповни тўхтатишса, Иброҳимхалил Йўлдошевни олдинги маррага олиб чиқиш лозим. Отабек Шукуров улар билан бирга ишлайди. Ҳа, бирга ишласа, яхши бўлади. Икки Одил эса бу пайт рақиб ҳужумларини қайтаради. Шу тариқа рақибда қўрқув уйғонади ва Ҳожиакбар Алижонов -Достон Ҳамдамов - Элдор Шомуродов триоси гол ураверади. Ҳа, рақиб бош жамоамиз комбинациялари ва тактикасини яхши билади. Бу жиҳатлар Саудия Арабистони термасини қўрқитолмайди. Қўрқитишнинг ягона амалий йўли - шахсий ташаббус ва дриблинг.

Олға чорламайман!

Терма жамоамизни олға бориш, ғалаба қозонишга ундамайман. Олға бориш, ғалаба қозониш - футболчиларимизнинг тўғридан-тўғри бош вазифалари. Йигитларимиз гол уришса, ғалаба қозонишса, уларни олқишлашга тайёрман. Агар кейинги босқичга йўлланма олинмаса, улардан ранжийман, албатта, узрларини қабул қилмайман! Негаки, улар ўзларини Ватан номидан майдонга тушмоққа тайёр ҳисоблашмоқда. Рақиб ҳам оламшумул эмас. Ўзбекистон - муҳаддислари билан Саудияни лол қолдирган юрт. Футболчиларимиз ҳам саудияликларни ҳайратга солишлари мумкин. Йўқ, шундай қилишлари шарт. Агар лол қолдиришолмаса, нима қилишади Саудияга бориб?! Сингапур ва Яман термаларига қарши кечган ўйинлардаги қийинчиликлар мутлақо тушунарсиз. Полвон ўзи йиқита оладиган рақибдан қўрқадими? Бунақаси кетмайди энди! Хўп, ўша Сингапур ёки Яман термалари гол урса, нима бўпти?! Эътибор бермай, шунга яраша муносиб жавоб қайтариб, кетма-кет голлар уриб ташлаш мумкин эмасми?! Мумкин! Терма жамоамиз чўчимай ўйнаса, кўп гол уришга қодир. Ардоқли шоиримиз Абдулла Орипов ушбу мисраларни терма жа-моамизга айтгандек:

Мен ёпиқ қўрғонда яшадим

                                 қўрқиб,

Нажот деворига  тирмашдим

                                 узоқ. 

Нега сен дунёга қарайсан,

                                 ҳуркиб,

Нега сен бўлишинг керакдир

                                  қўрқоқ?!

Хулоса

Яна якшанба оқшомида мулоҳаза билдирдим. Ўйингача икки кун бор. Лекин хулосам аниқ: дурангга рози бўлиб, бир амаллаб кейинги босқичга чиққан терма жамоани табриклашга кучим етмайди. Терма жамоамиз ғалаба қозонишини ва бу ютуқ учун уни баралла олқишлашни истайман!

Муҳаммад ВАЛИ
"ИнтерФУТБОЛ" нашри, 15-06-2021 ....


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz