Қайднома

Қидирув

Иван Газидис: «Бетакрор модель яратиш зарур»

Иван Газидис: «Бетакрор модель яратиш зарур»

  17.06.2021 06:36
  0
  547
Иван Газидис: «Бетакрор модель яратиш зарур»

Иван Газидис: «Бетакрор модель яратиш зарур»

«Милан» Италия «А» сериясининг ортда қолган мавсумида анча вақт турнир жадвалини бошқариб турди, финиш яқинлашгани сари эса, ўз мухлисларини анча ҳаяжонга солди. Муҳими, «россонерлар» якунда ЧЛ ҳудудидан жой олишди. Италияда шундай катта «томошалар» кўрсатган жамоа бош директори Иван Газидис яқинда Corriere dello Sport нашрига «Милан» стратегияси бўйича кенг қамровли интервью берди.

- Суҳбатни ноодатий тарзда бошласак: Ибрагимович билан қандай муносабатда бўлиш керак?

- О, Ибра қизиқарли шахс. У одамларни икки тоифага ажратиш қобилиятига эга: ўзини яхши кўрувчилар ва ёқтирмайдиганлар... Фикримча, Златан бу қобилиятни ўзи ривожлантирган ва шу аснода қўшимча мотивация олади. Қисқаси, Ибра билимли, ақлли йигит, мулоқотда эса содда ва самимий. Тушунинг, жамоада ҳурмат топиш учун майдонда шердек бўкиришнинг ўзи етарли эмас. Бунда инсоний фазилатлар, дейлик, мулойимлик ҳам жуда муҳим.

- Умуман, Ибра ҳамма ўйлагандек эмасми?

- Албатта, унинг маълум характери кўпчиликка ёқади. Ахир Ибра аввало, ақлга сиғмас даражада кучли мотиватор. Ҳеч қачон тўхтамайди, ҳамиша янада юқорилашга интилади. Шунинг баробарида камтарликни ҳам ўрнига қўяди, гарчи бошқача гапирсада.

- Ибрагимович ва Пиоли бир-бирини тўлдиргандек...

- Ҳа, ажойиб мувозанат. Златан юмшоқ томони, Пиоли эса алоҳида характери билан ҳайратга солди. У катта эҳтиросга эга, шу билан бирга кучли.

- «Милан» таркибини ёшартириш зарурлиги ҳақида кўп гапирасиз. Лекин жамоа етакчиси ҳозир 39 ёшда. Энди 35 ёшли Жируни ҳам олиб келмоқчисизлар...

- «Милан»да иш бошлаган куниёқ ёшлар атрофида жамоа тузишга ҳаракат қилишимизни айт­ганим рост. Аммо таркибда етакчи ролига қодир тажрибали футболчилар ҳам керак. Шахсан мен ҳеч қачон Ибра трансферига қарши чиқмаганман. Аксинча, у аввалига келишдан бош тортди, тўғрироғи, «Гэлэкси»дан кетишни истамади. Муҳими, қатъий туриб, футболчини кўндирдик. Бир маълумот - «Милан»да Фабрегасни ҳам кўришни астойдил хоҳлагандим, бироқ ўхшамади.

- Дарвозабон Доннаруммани қўйиб юборишга қарор қилдинг­лар. Мино Райоланинг айтишича, бу Жижининг шахсий танлови экан...

- Тафсилотлар, хронологияга тўхталмоқчи эмасман. Жижи ва Райола ўртасидаги муносабатлардан ҳам бехабарман. Аммо охирги сўз ҳар доим футболчида қолади, барибир. Жижи ҳамиша ўзини чин профессионаллардек тутди. Мисол учун, «Аталанта»ни енгиб, ЧЛга чиққанимизда, айнан у ҳаммадан кўп қувонди. Қисқаси, Доннарумма ҳурматга лойиқ йигит, демак, танловини ҳам тўғри қабул қилишимиз керак. Унга нисбатан ҳеч қандай ғаразимиз йўқ. Ҳа, кетишига маълум сабаблар бор, лекин бу ҳақда гапирмайман.

- Доннарумма кетмоқда, Романьоли трансферга қўйилди, Ибра деярли 40 ёшда. Мино Ра­йоланинг «Милан»га таъсири камаймаяптими?

- Йўқ, мақсадимиз унинг мижозларидан қутулиш эмас. Яъни Ра­йола билан муаммо йўқ, муносабатларимиз ҳамон яхши. Қайтараман, кўпинча қарорни агент эмас, футболчи қабул қилади.

- Ҳамиша иккинчи рақамли шахс бўлгансиз, энди дунё футболидаги энг катта клублардан бирини бошқаряпсиз. Бундай қадамни қандай изоҳлайсиз?

- Тўхтанг, ҳамиша иккинчи ролда юрганимга амин эмасман. Дейлик, 1994 йили дўстим билан бирга MLSга асос солдик. Қолаверса, «Арсенал»да бош директор эдим, яъни биринчи рақамли шахс. Ҳа, Венгер нафақат мураббий, балки менежер ҳам эди, шунинг учун клубда спорт ишларига камроқ таъсир ўтказардим. Аммо MLSда чемпионат директори бўлганман. Дастлаб бевосита спорт ишлари билан шуғулландим. Дейлик, футболчиларни чорладим, ҳакамлар билан ҳамкорлик қилдим, шунингдек, таҳлил ишларию, техник масалалар ҳам ваколатимга кирарди. Демакки, «Ми­лан»га ўтиш - сакраш эмас.

- Кўпинча прогрессив футбол ҳақида гапирасиз. Бу нимани англатишини тушунтириб берсангиз...

- Футбол мунтазам ўзгармоқда. Янгиликларга мослашмаган мамлакатлар эса бир қадам ор­қада қолмоқда. Прогрессив футбол - бу аниқ тушунча эмас, балки ёндашув фалсафаси, яъни спорт қандай ривожланиши мумкинлигини акс эттиришдир. Масалан, ҳозир ўйин назоратидан прессинг­га ўтиш муҳим - барчаси 5 сонияда ҳал қилинади. Яккама-якка дуэллар янада муҳим роль ўйнай бошлади. Италия футболида такрорланадиган нақшларга эга маълум ўйин схемалари мавжуд эди. Энди ҳаммаси ўзгармоқда - яккама-якка ўйнайдиган жамоалар бор. Буни айниқса, «Аталанта» қойиллатяпти, унга қарши туриш жуда қийин.

- Хўш, «Милан»нинг ўз услуби борми?

- Келинг, бошида қандай қи­йинчиликларга дуч келганимизни эслайлик. Аввало, молиявий ҳолатни тартибга келтириш талаб этиларди, чунки йўқотишлар салмоқли эди, шунинг баробарида натижаларни яхшилаш зарурати... Агар мавжуд моделдан андаза олганимизда, вазифаларни бажаролмасдик. Қисқаси, жамоа бирор янгиликка эҳтиёж сезаётганди, акс ҳолда, умидсиз вазиятдан чиқиб кетолмасдик.

- Италиядан қачон Европа даражасидаги чинакам рақобатбардош жамоа чиқади? Бунинг молиявий ҳолатга қандай таъсир қилишини яхши биласиз.

- Ҳозир шу йўналишдамиз. Кўникиш осон эмас, лекин ўзга йўл йўқ. Қувонарли ҳолат шуки, қаерга кетаётганимизни яхши биламиз. Кўпчилик аллақачон бу йўлни босиб ўтиб, муваффақиятга эришди. АПЛ тараққиётида стадионлар асос бўлди. Англия футболи ривожланишдан тўхтаган паллада ҳукумат янги стадионлар қуришни бошлади. Қулай шароитлар мухлислар ва футбол ўртасидаги муносабатни яхшилади. Мана, ареналарга оила бўлиб кириш урфга айланди, чунки хавфсизлик ва тажриба сифатлари кескин яхшиланди. Даромад ва маблағни оқилона сарфлаш қобилияти ҳам олдинга сезиларли қадам ташлашда қўл келди. Футбол ривожига таъсир кўрсатган бошқа омиллар ҳам бор. Масалан, Sky. Худди шу ҳолат АҚШда ҳам кузатилди. MLS ташкил топган пайт стадионлар умуман йўқ эди. Ҳозир уларнинг сони 20тага яқин, ҳаммаси янги, замонавий ареналар.

- Аммо Италияда енгилмайдиган рақиб бор - бюрократия.

- Бу катта муаммо. Ечимини тезроқ топиш керак. АҚШда ҳам шундай муаммолар учраганди. Ким ҳам футболга миллионлаб доллар сармоя киритиб, таваккал қилади? Охири шундай ишга жазм этадиган кишини топдик - Лос-анжелеслик Фил Аншуц. У 7 кишидан иборат бошланғич сармоядорлар гуруҳида эди. Фил фақат футбол учун мўлжалланган қимматбаҳо стадион моделини яратди. Модель шу қадар зўр эдики, бошқалар ундан андаза олишди. Демак, агар Миланда янги стадион қуришни хоҳласак, уни дунёдаги энг зўрларидан бирига айлантиришимиз шарт. Шу орқали Италияда ҳам муваффақият бошланиши мумкин.

- Афсуски, шерик танлашда хато қилдинглар. Suning гуруҳи маълум сабабларга кўра, сармоя киритмайди.

- Оптимистик қарашларни сақлаб қоламан, гапим нафақат «Милан», балки бутун Италия футболига тааллуқли. «Ювентус» ўз стадиони билан устунликка эришди. Футбол келажаги ҳақида ўйлашда маданий ва ақлий чегаралардан чиқиши керак. Мана, англияликлар фақат ўзларига қарашни тўхтатишди, тарихий анъаналардан воз кечишди ва олдинга қадам ташлашди.

- Италияда «Тоттенхэм»никидек катта лойиҳани амалга ошириш мумкин эмас - стадион учун деярли миллиард фунт стерлинг... Бу жуда катта қарз, оқибатда жамоага сармоя киритиш рад этилиши, рақобатдошлик паса­йиши мумкин. Боз устига, Италияда ҳамма тезкор натижа сўрайди...

- Инглиз клублари ҳам худди шундай босим остида - «Тоттенхэм», «Арсенал», «Ливерпуль», «МЮ»... Оддий мисол: «Тоттен­хэм»­нинг эски стадиони 60 минг ўриндиқли эди, шунинг учунми, «Арсенал» арена сиғимини 61 минг­га кўтарди. Лекин нима қилаётганингизни теран тушунишингиз керак. АҚШда MLS лойиҳаси устида иш бошлаганимизда, ОАВ вакиллари бунга ишонишмади. Mythical League Soccer («Афсонавий футбол лигаси») - улар шундай ёзишди. Журналистлар яна АҚШда футбол ҳеч кимга керак эмаслиги, бу чет элликлар ўйини эканлигини таъкидлашганди.

- Суперлига. Ҳозир УЕФА билан келишиш тарафдоримисиз ёки санкцияларни қўллайсиз?

- Назарда тутилган форматдаги Суперлига тугади. Аммо ло­йиҳани яратиш ҳаракати олиб келган муаммолар қолмоқда. Футбол мутасаддилари нега шундай бўлгани, нима қилиш зарурлиги, тизимни қандай яхшилаш ҳақида жиддий ўйлашлари керак. Ғолиблар ва мағлублар ҳақидаги гаплардан хавотирга тушяпман. Чунки ғолибларни кўрмаяпман. Иш судгача етиб борди, аммо энг яхши ечим - музокара. Одамлар очкўзлик ҳақида гапиришди. қаранг, «Милан» ўтган йили 200 миллион евро йўқотди. Бундай ҳолатга тушмаслик учун балки очкўзлик керакдир? 200 миллион зарар тизимда нимадир тўғри ишламаётганини кўрсатиб турибди.

- Бобан, Мальдини, Массара - оригинал танловлар.

- Биринчи ўринда жамоа туради, энг муҳими шу. Демакки, жамоага мос одамларни топиш шарт. Четдан қараганда, ҳар ким ўзига хос доирада ишлайдигандек туюлиши мумкин, аммо аслида бундай эмас. Дейлик, Мальдинига заррача шубҳаланмагандим, унинг энг юқори даражали спорт директорига айланиши мумкинлигини билардим. Амалда шундай бўлди ҳам.

- Трансферлар учун маблағ борми? Мухлислар энди ҳаттоки, чемпионлик ҳақида ўйлашмоқда.

- Жамоанинг бутун йўли кўриниб турибди. Ўтган йиллар давомида 1-2 янги жиҳатни билиб олдик. Энди шунга мувофиқ ишлаш керак. Қийинчиликлар локдаундан олдин ҳам бор эди. Бу йилги трансферлар бозори аввалгиларидан фарқланади. Мақсадимиз - шижоатни пасайтирмай, жамоани янада яхшилаш, шунинг баробарида молия­вий барқарорлик ҳақида ўйлаш. Асосий эътибор ёш футболчиларга қаратилган, аммо тажрибалилар ҳам керак. Қувонарли томони, мухлисларимизда ишонч кучайди. Очиғи, ҳеч қачон бунақасини кўрмаганман - тиффозилар жамоа билан бирга эканликларини кўрсатиш учун «Каза Милан»га келдилар. Бу жуда таъсирли воқеа.

 

 М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz