Қайднома

Қидирув

ҚАНД ЎЙНАДИНГ, КАНТЕ!

ҚАНД ЎЙНАДИНГ, КАНТЕ!

  21.06.2021 02:42
  0
  265
ҚАНД ЎЙНАДИНГ, КАНТЕ!

Дарҳақиқат, ўз вақтида Тухелнинг «ПСЖ»га чорловини рад этган Нголо Канте ҳозир «Челси»да ўзининг энг ёрқин ўйинларини намойиш этмоқда. Айниқса, энг нуфузли клуб турнирининг ҳал қилувчи уч учрашувида шу ярим ҳимоячининг мукаммал ўйини ғолиблик масаласини ҳал қилди. Ёдингизда бўлса, ЕЧЛ рекордчиси - «Реал» билан кечган ярим финал беллашувларида финал йўлланмасини «кўклар» Пулишич (Мадридда), Вернер ва Маунтнинг (Лондонда) голлари ва Мендининг сэйвлари эвазига қўлга киритишганди. «Драгау»да ғолиб тақдирини Хаверцнинг ажойиб голи аниқлаб берди. Бироқ олий ҳакам - УЕФА бу учрашувларда айнан Кантени энг яхши футболчи сифатида эътироф этди.

Кантенинг қайси жиҳатлари ғолибликни таъминлади?

1. Узатмалари аниқлигининг 85 фоиздан кам бўлмаганлиги;

2. 6 (?) марта (5таси иккинчи ярим финалда) рақиб узатмаларини илиб олгани;

3. 7 марта (6таси биринчи ярим финалда) рақибларини алдаб ўтгани;

4. Мунтазам равишда зарбалар, муҳим узатмалар, яккакурашларда ғолиб чиқиш, тўпни рақиблардан тортиб олиш ва тўсиб қолишни амалга оширгани.

Бу фазилатларни УЕФА қай тарзда эътироф этди?

Турнир ташкилотчиси вакиллари 2та мазмунан бир хил фикр билдиришди:

Хинес Карвахаль: «У ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам ўта ишончли тўп сурди, жамоани муҳим мувозанат билан таъминлади. Майдоннинг барча ҳудудида тўпни илиб олиб, чизиқлараро аниқ узатмаларни амалга оширди ва ҳимоядан тезкор ҳужумга ўтишга замин яратди. Канте мукаммал ўйинни намойиш этди».

Жон Пикок: «Ўта кескин қарама-қаршиликда Нголо ўзининг фидойилиги ва тезлиги эвазига улкан ҳудудда ҳукмронлик қилди. У ҳимоядан ҳужумга ўтиш ва қарама-қарши йўналишда ҳам рақибларига имконият қолдирмади».

«Челси» унга қандай баҳо берди?

Ўзининг дастлабки ўйинидаёқ Канте Томас Тухелни лол қолдирганди: «Бу йигит фақат совринларни қўлга киритиш учун яралган! Шу боис, унинг сафимизда эканлигидан бағоят мамнунмиз. Кантенинг ўйини - лаззатнинг ўзи. Унда ҳар қандай мураккаб вазиятдан чиқиб кета олиш қобилияти мавжуд».

«Челси» мухлислари ҳам ярим финал жавоб учрашувидан кейин Нголони муносиб тақдирлашди. Стадион ташқарисида улар футболчининг машинасини қуршаб олиб, миннатдорчилик изҳор этишди. Хуллас, кўтаринки кайфиятдаги оломонни тарк этиш Кантега осон бўлмади.

«Стэмфорд Бриж»да Нголо ўзининг бешинчи мавсумини якунлади. «Лестер» таркибида мўъжизавий зафарга эришганидан кейин, у Риёд Маҳрез билан биргаликда «тулкилар» сафини тарк этганди. Энди тақдир тақозоси билан икки чемпион энг нуфузли соврин учун ашаддий рақиблар таркибида майдонга тушдилар.

Нима учун сўнгги йилларда Кантенинг савияси пасайиб кетганди?

2019 йилда Нголо ўзининг Маурицо Сарри давридаги ўйинларига қуйидагича изоҳ берганди: «Мураббийнинг 4-3-3 схемаси туфайли ўзим учун нотаниш позицияда тўп суришга мажбур бўлдим. Бир неча йилдан бери ўрта чизиқ марказида икки нафар шериклар билан ўйнагандим. Янги роль жамоа олға интилган паллада ҳужумларда иштирок этишни талаб қилади. Тўғри, босим кучлироқ, аммо менга ёқади».

Сарри эса орқароқда янада маҳоратлироқ ярим ҳимоячи тўп суришини мўлжаллаганди. Ундан кейин Фрэнк Лэмпард ҳам аввалига шу тактик схемадан фойдаланди, кейин Нголо зиммасига ягона таянч ярим ҳимоячиси вазифасини юклади. Афсуски, Канте ушбу позицияни ҳам мукаммал ўрганишга улгурмаганди. Чунки бу ролда жуда оз ўйнаганди.

Хуллас, бир позицияда ижрочидан ҳужумкор услуби (Кантега хос бўлмаган), иккинчисида юксак интизом (битта ўйинчи уддалай олмайди) талаб этиларди.

Албатта, Нголо мазкур позицияларда мураббий кўрсатмаларини адо этишга ҳаракат қилди, лекин бор салоҳиятини юзага чиқара олмади. Ваҳоланки, у ўз жамоадошлари орасида меҳнатсеварлиги билан танилганди. Қачон ўзи истаган даражада ўйин кўрсата олгани хусусидаги саволга футболчи қуйидагича жавоб қайтарди: «Қаторасига 10дан ортиқ ғалабаларга эришган Антонио Конте даврида ўзимни қушдек енгил ҳис этардим».

Ўшанда италиялик мутахассис 3-4-3 схемасида Канте - Матич дуэтидан фойдаланганди.

Тухель Кантени қай йўсин қайта қуроллантирди?

Томас Тухель Нголони кутаётганди. Париждалик пайтида у футболчини «ПСЖ»га чорлаган, бироқ Канте таклифни рад этганди. Уни «Челси»даги шарт-шароит тўла қониқтиргани боис, ҳатто «Реал» вариантидан ҳам воз кечганди. «Кантени узоқ йил ўз жамоамга жалб этишга уриндим. Ниҳоят, ўзим Лондонга келгач, режам рўёбга чиқди», - дейди Тухель.

Аммо режанинг амалга ошгани Нголога асосий таркибдан мунтазам жой олиш кафолатини берган эмасди. Айниқса, ҳамкорликнинг дастлабки даврида бир учрашувни тўлиқ ўтказгач, кейин иккинчи бўлимда захирадан майдонга туша бошлади. Масалан, ЕЧЛ «плей-офф» босқичи доирасидаги «Атлетико» ва «Порту»га қарши сафар учрашувларини Канте захира ўриндиғида ўтказди, Лондонда эса («Порту»га қарши шунчаки, расмиятчилик учун) бошланғич таркибда майдонга тушди.

Тухель ҳар қайси учрашувга ўйинчиларни рақибнинг тактик схемасига мослаб танлайди. Канте эса доимо ўзига билдирилган ишончни оқламоқда. Нголо тўлиқ иштирок этган ўйинлар таҳлили фикримизни тасдиқлайди - «МЮ», «Ливерпуль», «Лидс», «Вест Хэм» ва бошқа жамоаларга қарши беллашувларда у муваффақиятли тўп сурди. «Реал»га қарши кечган икки раундли баҳс эса барқарорликнинг гултожи бўлди.

Энди Нголо марказда ёлғиз эмас. Шунингдек, ўзи истагандек тўп суриш имкониятига ҳам эга бўлди. Очилмаган қирраларини намоён этиши учун унга эркинлик бериш кераклигини Тухель ҳам таъкидлаб ўтганди. «У майдонга тушганида, таркибимиз ярим кишига ортиқчадек туюлади. Унинг бу фазилатини муносиб баҳолаш ва унумли фойдаланиш лозим», - деганди мураббий «Атлетико» устидан эришилган ғалабадан кейин. Мазкур эътирофи билан Тухель ўтмишдошлари даврида Кантега осон бўлмаганлигига шаъма қилган бўлса, ажабмас.

Дарҳақиқат, Сарри ундан фақат ҳужумкорликни талаб қилган, Лэмпард даврида эса «Челси»ни тарк этиш тараддудига тушиб қолганди. Кузда матбуот орқали Канте ўрнига Деклан Райсни харид қилиш талаблари ҳам пайдо бўлганди. Хайриятки, «Челси» «Кантедан фойдалироқ ўйинчи» ўрнига мураббийни алмаштиришга қарор қилди.

Кантенинг кашф этилмаган салоҳиятини юзага чиқариш учун Тухелдан қандайдир даҳолик талаб этилмади. У шунчаки, франциялик шогирдини ўз ўрнига қайтарди ва ўзи ёқтирган юмуши билан шуғулланиш имкониятини берди. Натижа: Канте - ЕЧЛ ҳал қилувчи баҳслари қаҳрамони. Ҳатто Гвардиола ҳам уни зарарсизлантириш йўлини топа олмади.

«Челси»нинг энг камтарин суперюлдузи

«Реал»га қарши учрашувларда Нголо Канте гол ҳам ура олмади, самарали узатмани ҳам амалга оширмади. Лекин Мадрид ва Лондонда энг яхши футболчи сифатида эътироф этилди. Айниқса, жавоб учрашувидаги ғалабада унинг ҳиссаси салмоқли бўлди. Яъни, улкан ҳажмдаги ишларни аъло даражада бажарди.

«Нголо жуда ажойиб йигит, ўта тортинчоқ, доимо хотиржам ва кулиб туради. У ҳар қандай киши билан суҳбатга тайёр, аммо ҳеч ўзгармайди. Шунақа ўйинчиларнинг борлиги мени қувонтиради», - дейди мураббий.

Тухелнинг эътирофида жон бор. ЖЧ ғолиблиги, АПЛнинг икки карра чемпионлиги, ЕЛ ва ЕЧЛдаги зафарлар ҳам унинг табиатига заррача бўлсада салбий таъсир кўрсата олмади. У ҳамон «кўклар»нинг камтарин аъзоси мақомида қолмоқда.

Ўтган йили ОАВ Кантенинг автопарки янги «Мерседес» билан бойигани ҳақида хабар беришганди. «Лестер»даги чемпионлик учун барча ўйинчиларга клуб соҳиби BMW i8S совға қилган бўлсада, 2015 йилдан бери эски Mini Cooper S Кантега оид муҳим хабар эди. Бироқ «Реал»га қарши баҳслардан кейин ҳам ўша Cooper Нголонинг асосий транспорт воситаси бўлиб қолмоқда. «Стэмфорд Бриж»даги учрашув арафасида уни таниб қолган мухлислар Канте стадиондан чиққунича машинани пивода чўмилтиришди.

«Бу менинг дастлабки машинам. Очиғи, автомобилларга ортиқча қизиққан эмасман. Ҳатто болалигимда ҳам дабдабали машинани орзу қилмаганман. Мана шу «Мини» - мен учун энг қулай вариант. У билан чап томонлама ҳаракатга осон мослашиб олдим. Уни бошқа автога алмаштириш ниятидан йироқман», - деди Нголо.

«Лестер»да ҳафтасига 40 минг фунтдан маош олган футболчи истаган машинани харид қилишга қодир бўлсада, шу арзонгина «Мини»ни ҳам салондан эмас, дўстидан сотиб олганди. Енгил тўқнашув оқибатида шикаст етган ён томон кўзгусини ҳам янгилаш ўрнига, шунчаки, скотч билан елимлаб қўя қолди.

Энг ажабланарлиси (бунга ишониш қийин, албатта), агар жамоадошларининг заҳарханда киноялари бўлмаганида, Нголо ҳанузгача «11-трамвай», яъни яёв юрган бўларди. Мана бунинг исботи: «Лестер»даги дастлабки йилларда у базага енгил югуриш машқларини бажариш билан келарди. «Булон»га (Нголонинг дастлабки профессионал клуби) эса ўқишдан кейин (Канте - дипломли ҳисобчи) самокатда қатнарди.

Ўзининг илк автосига футболчи «Кан»да эга бўлди. Ўшанда у Renault Megan хизматидан фойдаланган. Албатта, эски автодан. Ахир у дипломли ҳисобчи-ку! «18 ёшда бакалавр дипломига эга бўлдим, кейин ҳисобчилик курсида таҳсил олдим. Дастлабки профессионал шартномани имзолагач, ўқишни тўхтатишга тўғри келди. Аммо олган билимларим зое кетмади», - дейди қаҳрамонимиз.

Бу эътирофни тасдиқламаслик имконсиз. Айниқса, авто масаласида. Тежамкорлик бобида Кантега тенг келадигани йўқ.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz