Қайднома

Қидирув

Осиё футболи юлдузлари: Суюкли, мерган ва яхши йигит- Сон Хюн Мин ҳақида (3-қисм)

Осиё футболи юлдузлари: Суюкли, мерган ва яхши йигит- Сон Хюн Мин ҳақида (3-қисм)

  23.06.2021 09:39
  0
  284
Осиё футболи юлдузлари:  Суюкли, мерган ва яхши йигит- Сон Хюн Мин ҳақида (3-қисм)

Давоми. Бошланиши газетамизнинг 43 (1843) ва 45 (1845)-сонларида.

СОН ХЮН МИННИНГ ЧЎҚҚИ САРИ ЙЎЛИ. Газетамизнинг аввалги сонларида нафақат Жанубий Корея, балки бутун Осиё футболининг бугунги бош юлдузи фаолиятига бағишланган катта мақола билан таниша бошлагандик. Демак, бугун Сон Хюн Миннинг футболдаги йўлида кузатилган «қалин» чизгиларга бағишланган материалнинг якуний қисмига етиб келдик.

***

Сон Хюн «Тоттенхэм»да ўйин масаласида ўсгани сайин унинг машҳурлиги ҳам ошиб бормоқда. Кореялик камтар йигит «шпорлар» сафидаги иккинчи мавсум барча мусобақалар ҳисобидан 21та гол урди, жамоа эса ички чемпионатда 2-ўринга чиқди (охирги 54 йилдаги энг яхши натижа). Энг муҳими, Сон Хюн ўша мавсум бошида АПЛда ой лауреа­тига айланган осиёлик биринчи футболчи бўлди ва кейинчалик апрелда ҳам юксак эътирофга эришиб, бу борада «дубль» қайд этди. Хуллас, унинг учун Англиядаги бошланғич муаммолар бутунлай ортда қолди. Бу орада Жанубий Корея термасининг ЖЧ-2018га доир катта умидлари атиги 2та ўйин натижасига кўра, пучга чиқди, лекин Сон Хюннинг ўзи Россия мундиалини безаган голлардан бирига муаллифлик қилди. Фақат шуниси борки, корейслар ўша баҳсда шведларга ютқазиб қўйишди. Гуруҳ босқичи 3-турида эса, кореяликлар чинакам характер кўрсатиб, Германия термасини нокаутга учратишди - сенсацион ғалаба. Бу Сон Хюн учун миллий жамоа сардори сифатида биринчи олий даражали ўйин эди.

***

Тинчлан, «Тоттенхэм»! Орадан яна 3 ой ўтгач, Сон Хюн ўз мамлакатини шон-шарафга буркаб, ниҳоят, ҳарбий хизмат масаласини бир ёқли қилди. У кейинчалик Индонезия пойтахти - Жакарта яқинида жойлашган Сибинонг шаҳарчасида кузатилган воқеани фаолиятидаги энг буюк лаҳзалар сифатида таърифлади. Жанубий Корея термаси Осиё ўйинлари-2018 финалида японларни енгди ва футболчи шодлигидан бутун майдон бўйлаб югуриб чиқди - у бирданига 2та нишонни урганди. Яъни ўз мамлакатига олтин медаль тортиқ этиш баробарида 21 ойлик ҳарбий мажбурият муддатини 3 ҳафталик тезкор ўқув-машғулотларига алмаштирди. Бунда «шпорлар»нинг мавсумнинг биринчи ойида унинг кетишига рухсат беришларига тўғри келганди, барибир. Тушунарлики, Сон Хюн жамоадошларига халқаро турнир қанчалик муҳимлигини кўп бора тушунтирган. «Яқин дўстим Хван Хи Чан ЖЧда Сон Хюн Мин билан бирга ўйнаган, кейинчалик улар кўп вақтни бирга ўтказишган, - дейди Осиё ўйинларида ғалаба қозонган жамоа таркибига 21 ёшида кирган Хван Ин Бум. - Бир сафар дўстим билан телефон орқали гаплашганимда, ҳозиргина саунадан чиқишганини айтди ва гўшакни Сон Хюнга берди. Тўғриси, олдин у билан бирор марта гаплашган эмасдим, шунинг учун бироз ҳаяжонландим. Сон Хюн эса, буни сезиб, гапни қисқа қилди: «Ҳой, яхши формада тур, Осиё ўйинларидан ғолиб сифатида қайтишимиз шарт». Айни шу далласи менда катта ишонч туғдирди». Хван Ин Бум шундан буён Жанубий Корея термасининг доимий футболчисига айланди ва Сон Хюн маҳоратига ҳам, инсоний фазилатларига ҳам бевосита гувоҳ бўляпти: «Терма жамоага бирор ёш футболчи чақирилса, унинг ёнига биринчи бўлиб айнан сардоримиз боради. Бу иккимизнинг биринчи учрашувимизни эслатади - сардор мени жуда илиқ кутиб олган ва далда берганди. Асосийси, Сон майдонга тушишдан олдин йигитлар билан алоҳида гаплашиб олади. Ўйин бошлангани ҳамони ҳаммамиз сардорнинг майдонда қандай ҳаракатланишини кўриб, беихтиёр ундан қолишмасликка интиламиз».

***

Кореялик футболчи Осиё ўйин­ларидан қайтгач, муваффақиятни еврокубокларда давом эттирди. Дейлик, ЧЛ чорак финалида «Манчестер Сити»га қарши кечган жавоб ўйинида айнан Сон Хюн Мин барчасини 180 даражага ўзгартириб юборди - аввалига майдондан чиқиб кетадигандек кўринган тўпга эга чиқиб, ҳисобни тенглаштирди, яна 3 дақиқадан кейин эса, «Тоттенхэм»нинг ғалаба голини урди. «Қандайдир тартибсиз ва таҳликали ўйин, лекин Сон Хюн ҳеч нарсага парво қилмай, барчасини бир зумда тинчитди, - деганди Райан Мейсон учрашувдан кейин FFT каналига берган интервьюсида. - Энг оғир паллада ишни энг юқори даражада бажариш жуда қийин. Бунақаси фақат жаҳон даражасидаги футболчилар қўлидан келади. Сон Хюн айни шу даражадаги ижрочи». Кореялик журналист Ли Сон Мо эса, ўша оқшом Etihad меҳмонхонасида нималар юз берганини фахр билан эслайди: «Сон Хюн биринчи голини урганида, «Сити» мухлислари бунга бепарво қарашди: «Оҳ-ҳо, майли, ҳаммаси яхши, йўлланма бизники, барибир». Яна 3 дақиқадан кейин Сон «шаҳарликлар» дарвозабонини иккинчи марта ожиз қолдирди ва меҳмонхонага бутунлай сукунат чўмди. АПЛнинг энг яхши жамоаси, афсонавий Хосеп Гвардиола дружинасига қарши ўйинда кореялик йигит қандайдир 3 дақиқада 2та гол урса-я... Шунда бор овозим билан бақиришни ўйладим, аммо мени «Сити»нинг минглаб мухлислари ўраб туришганди. Қисқаси, ҳамюртим голларини нишонлашдан чўчидим: «Агар ҳозир қичқирсамми, ўлишим аниқ... Жанубий Кореянинг энг буюк футболчиси ким? Паркми Сон ёки Ча Бом Кун? Бу масалада доимий тортишув бор. «Сити»га қарши ўша ўйинга қадар шахсан мен Парк Жи Сунни энг кучли футболчимиз сифатида кўрсатардим. Аммо ўша оқшом бу борада фикримни ўзгартирдим: «Сон Хюн энди Паркдан олдинда!» Фао­лиятим давомида Жи Сундан кўп бора интервью олганман, унинг ўзи ҳам бир сафар Сон Хюн барчадан ўзиб кетганини айтганди. Ҳозир эса Миннинг Осиё футболининг барча замонлардаги энг яхши футболчиси эканлигига шубҳам йўқ. Осиёлик буюк футболчиларни эсласангиз, уларнинг кўплари ажо­йиб жамоавий ижрочи сифатида ном қозонишган. Жумладан, Парк Жи Сун ҳам. Яъни улар - бош юлдузлар соясида қолган қаҳрамонлар. Аммо Сон Хюн мутлақо бошқача - унинг бир ўзи ўйин боришини ўзгартириб юбориши мумкин, рақибни якка ҳолда енгишга ҳам қодир. Асосийси, Сон осиёлик футболчи ҳам дунёда энг зўрлар қаторига чиқиши мумкинлигини исботламоқда». «Шпорлар» ўша мавсум ўз тарихларида биринчи марта ЧЛ финалига чиқишди. Ҳал қилувчи баҳснинг яна Сон Хюн кўз ёшлари билан тугагани эса, бошқа масала. Мадрид финалида «Ливерпуль» чиндан ҳам, кучли эди. Ўша йил якунида Сон Хюн Мин яна бир натижа қайд этди - «Олтин тўп» соврини сўровида 22-ўринни олди. Бу Осиё футболи вакиллари учун энг юқори натижадир.

***

АПЛда эса ҳаммаси бошқача сценарий бўйича тус олди - кутилмаган йил. Ҳар ҳолда, тартибли ўйнашни хуш кўрувчи корейс йигити миллий чемпионатнинг атиги 17та учрашувида 3 марта қизил карточка олди. У аввалига апрель ойида «Борнмут» вакили Жефферсон Лермага нисбатан қўполлик ишлатгани туфайли майдондан четлатилди, кейин ноябрда, янги мавсум доирасида «Эвертон» билан бўлган баҳсда Андре Гомешга жиддий жароҳат етказди. Сон билан тўқнашув оқибатида португалиялик ярим ҳимоячини майдондан шифокорлар замбилида олиб чиқиб кетишди. Ушбу даҳшатли ҳолат кореялик футболчига қаттиқ таъсир қилди - у йиғлаб юборди ва рақибидан зудлик билан кечирим сўради. Эътиборли томони, АПЛ кейинчалик тўқнашувни кўриб чиқиб, Сон Хюн дисквалификациясини бекор қилди - унинг ҳаракати «қизил»га тортмасди. Яна бир ойдан кейин қаҳрамонимиз «Челси» ҳимоячиси Антонио Рюдигер қовур­ғасига тепгани учун четлатилди. Сон бунисида чиндан ҳам, ноўрин ҳаракатланганини тан олди. «Менимча, ҳаммаси шунчаки, омадсиз вазиятлар оқибати. Сон Хюн аслида қизил карточка даражасида қўполлик ишлатадиган футболчи эмас», - дейди Кевин Виммер. Тўғри, корейс футболчиси Леверкузенда ҳам бир сафар тажовузкор ҳаракати учун майдондан четлатилганди. «Ўша йигит мени икки марта тепди, кейин ўрнимдан туриб, уни туртиб юбордим, - дея ўша воқеани эслаганди Сон Хюн. - Ҳамиша мулойимлик билан табассум улашиш яхши, лекин майдонда фақат ғалаба қозонишни истайман». Мағлубликни тан олмайдиган футболчи шундай характери билан Жозе Моуриньо ишончини қозониб, унинг қўл остида жуда яхши ўйнади. Португалиялик мутахассис «Тоттенхэм» бош мураббийи сифатида 2019 йилнинг декабри, яъни Сон Хюн қизил карточка олган «Челси»га қарши баҳсдан бироз олдин иш бошлади. «Беназир» Жанубий Корея фахрини ўша ойнинг ўзида бошқача таърифлади: «Соналдо Назарио». Гап шундаки, Сон «Бернли» билан ўйинда тўпни ўз жамоаси жарима майдони яқинида қабул қилиб олганча фантастик юришни амалга ошириб, фантастик гол урди. Дарвоқе, якунда ўша ҳаракат Сон Хюнга ФИФА томонидан йилнинг энг чиройли голи муаллифига ажратилган мукофотни олиб келди. «Унинг Пушкаш номидаги соврин соҳибига айланганидан бағоят хурсанд бўлдим. Сон чиндан ҳам, ўта гўзал гол урди. У бунга тўлиқ лойиқ, муваффақият йўлида нечоғли кўп ишлаганини яхши биламан» - бу Сон билан «Гамбург»да бирга ўйнаган ва ҳалигача унинг ўйинларини кузатиб келаётган бразилиялик Зе Робертонинг эътирофи.

***

«Бернли»га қарши кечган ўша сеҳрли учрашув вақтидан чамаси 2 ой ўтгач, Сон Хюн «Астон Вилла» билан баҳсда қўлини синдириб олди, лекин жароҳат жиддийлигини сезмай, 89 дақиқа тўп суриб, 2та гол урди. Бироқ шу муаммо ортидан четга чиқишига тўғри келди. Боз устига, бу вақт­да клубнинг яна бир етакчиси Гарри Кейн ҳам сафда эмасди. Оқибатда «шпорлар» ЧЛда «РБ Лейпциг»га йўл бўшатишди ва АПЛнинг навбатдаги 3та ўйинида атиги 1 очко олишди. Коронавирус чемпионатни тўхтатиб қўйган паллада эса, барча футболчилар оддий шаклдаги индивидуал маш­ғулотлар билан чекланган бўлсалар, кутилмаган танаффус Сон Хюнга қўшимча имконият яратди. Яъни Осиё ўйинларидан кейин 3 ҳафталик ҳарбий хизматга бўш вақт тополмаётган футболчи юзага келган вазиятдан унумли фойдаланди. Хуллас, Сон Хюн апрелда, 28 ёшга тўлишидан 3 ой олдин Жежуга йўл олди. Миллат фахри махсус курс якунида ҳаттоки, отиш бўйича мукофот ҳам олди. Фақат бу сафар тўп эмас, балки ўқ отиш ортидан. «Бу жуда ғалати - кулади Виммер. - Ўзи ҳар жиҳатда биринчи бўлиш айнан Сонга хос. Қолаверса, у ҳамиша нишонни тўғри оларди! Ниҳоят, барчасини уддалагани ва ҳарбий ишлар билан боғлиқ масалани ҳал этгани айни муддао. Ҳарқалай, энди бор эътиборини футболга буриши мумкин. Биламан, Сон Хюнни айнан ҳарбий хизмат мажбурияти кўп ўйлантирган. Чунки у армияга қачон бориши ва хизмат қанча давом этишини билмасди». Ли Со Монинг айтишича, армия сафари футболчининг фақат шахсий ҳаёти эмас, балки спортдаги фаолияти учун ҳам муҳим бўлди: «Ишончим комил, ҳарбий кўникма унга катта ёрдам беради. Мажбуриятдан қутулиш эркинлик туйғуси баробарида мағрурлик ҳиссини уйғотиши турган гап. Энди Сон Хюн бемалол баралла гапиришга ҳақли. Шахсан ўзим ҳам Жанубий Корея фуқароси сифатида йигитлик бурчимни адо этганман ва армияда хизмат қилиш қандай ғурур бағишлашини яхши биламан. Қизиқ, АПЛдаги неча нафар футболчи ҳарбий тайёргарликни ўтаган? Эшитишимча, Салоҳни Миср армиясига чақиришган, аммо у боришга мажбур эмасди. Эҳтимолки, Сон фаолияти ўртасида хизматни ўтаган ягона футболчидир».

***

Моуриньони қутқарган ўйинчи. Мавсумнинг чўзилиб кетгани Сон Хюнга имкон берди - у хизматдан қайтиб, ўйинларда яна иштирок этишга улгурди. Аниқроқ айтсак, финиш маррасига 4та тур қолган паллада «шпорлар» турнир жадвалида атиги 10-ўринни эгаллаб тургандилар. Кейин жамоа Сон Хюннинг голи ёрдами билан «Арсенал»дан 3 очко тортиб олди. Якунда «Тоттенхэм» еврокубоклар зонасига кирди - 6-ўрин. Сон Хюн эса қаторасига иккинчи мавсум «Тоттенхэм»нинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинди. «Арсенал» дарвозасига урилган ўша гол бутун жамоа кайфиятини ўзгартирди, - дейди Ли Со Мо. - Ўйлайманки, Сон шу орқали Моу­риньонинг истеъфога чиқишдан қутқариб қолди. Чунки Жозенинг биринчи мавсумида «шпорлар» унча ишончли ўйнашмади ва унинг ишдан бўшатилиши эҳтимоли ҳақида миш-мишлар ҳам тарқалганди». Моу­риньонинг ўзи Сон Хюн ўйинини мақтаб, ҳаттоки, «Эвер­тон»га қарши ўйин пайти Уго Льорис билан юзага келган келишмовчиликда кореялик йигит юқори жанговар руҳини намойиш этганини таъкидлади.

***

Мавсум-2020-2021 айнан Сон Хюннинг фаоллиги туфайли «Тоттенхэм» учун ижобий руҳда бошланди. «Шпорлар» ноябрь - декабрь оралиғида АПЛ турнир жадвалини бошқариб туришди. Январда эса корейс йигити «Брентфорд» билан уй учрашувида клуб либосидаги 101-голини нишонлаб, уни Лига кубоги финалига етаклади. «Тоттенхэм» 2008 йилдан буён ички турнирларда соврин ютишга бу қадар яқин келган эмасди. Қолаверса, Соннинг ўзи мавсумдаги голлари сонини 16тага етказди (бу бутун фаолиятидаги энг юқори кўрсаткичидан атиги 5та кам эди). Корейс футболчисининг ҳар икки оёғи билан бирдек зарба йўллаш қобилияти кучли эканлиги ҳам тасдиқланди. Статистик маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, у охирги 5 йилда заифроқ оёғи билан АПЛдаги энг кучли ҳужумчиларга нисбатан кўпроқ гол урган. Самарали узатмалар меъёри ҳам шу даражада бўлди: 14та. Февралнинг охирига келиб, Гарри Кейн ва Сон Хюннинг даҳшатли боғлами янги поғонага кўтарилди. Дейлик, Кейн сентябрь ойида «Саутгемптон» дарвозасини 4 бора ишғол қилган бўлса, уларнинг барчасига Сон ассистентлик қилди. «Иккисининг комбинацион ҳаракати дарҳақиқат, даҳшатли, - деганди мавсум якунида «Тоттенхэм»ни бошқарган Райан Мейсон. - Агар жамоангизда Гарри ва Сон бўлишса, ҳар қандай рақибни мағлуб этишингиз мумкин - уларга гап йўқ. Айниқса, Хюн Мин мавсум давомида бетакрор голлар урдики, уларга қараб лол қоласиз. Корейснинг устун томони - тезлик ва ижро сифати».

***

Сон Хюн Мин - АПЛнинг энг кучли футболчиларидан бири ва ҳарбий мукофот соҳиби. Савол, у бажаролмайдиган иш борми? «Сон таом тайёрлашда нўноқ, - дейди Виммер бу борада кулиб. - Бир сафар Кайл Уокер ва Бен Дэвис билан бирга Жанубий Кореяга бордик, маҳаллий ТВ меҳмони бўлдик. Чекимизга корейсча таом пишириш тушди, якунда махсус ҳакамлар ишимизга баҳо беришди. Аслида мен таом пиширишда жуда ёмонман, лекин Сон Хюндан яхшироқ балл олдим». Кореялик йигит шунингдек, ҳали «Тоттенхэм» футболчилар учун севимли машғулот - крикетни ҳам ўзлаштиргани йўқ. Яна гольф ўйнашни ҳам билмайди: «Коптокни иложи борича узоққа отасиз, кейин уни қидирасиз - бу зерикарли». Футбол - Сон Хюн учун мангу муҳаббат, ваҳоланки, у сезиларли натижаларга эришганига қарамай, клуб даражасида ҳали кубок ютгани йўқ. «Тоттенхэм»да қандайдир соврин ютиш - бу Сон учун катта мақсад, - дейди Виммер. - У билан сўнгги марта гаплашганимда, охирги 5 йил ичида юқори даражада ўйнагани, мавсумдан мавсумга кучайиб бораётганини қадрлаши кераклигини таъкидладим. Аммо ўзи ҳали тўлиқ хурсанд эмас - янада юксалишни, янада такомиллашишни хоҳлайди. Менимча, Сон эртами-кеч, кубок ютади, барибир. Ҳозирча унга фақат шу нарча этишмаяпти». Агар Сон Хюн буни уддаласа, барча даврларнинг осиёлик энг яхши футболчиси мақомини мустаҳкамлаши тайин. «Фикримча, Жанубий Кореяда яқин 100 йил ичида Сон Хюн каби футболчи чиқмаса керак, - дейди «Тоттенхэм» юлдузи билан деярли 15 йил олдин бирга шуғулланган ва унинг зарбаларидан ўзини олиб қочган Вон Чан Ён. У Сон Хюн Миннинг нақадар кучли эканлигини бошидаёқ билганди. Энди буни бутун дунё билади.

 

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz