Қайднома

Қидирув

Саад Нотиқ: «ЖЧга чиқиш учун уюшқоқлик керак»

Саад Нотиқ: «ЖЧга чиқиш учун уюшқоқлик керак»

  23.06.2021 12:42
  0
  515
Саад Нотиқ: «ЖЧга чиқиш учун уюшқоқлик керак»

Ироқ терма жамоасининг ЖЧ финал раундида дебют қилганига 35 йил бўлди. Ўша жамоа етакчиси, марҳум Аҳмад Ради Бельгия термасига қарши баҳсда машҳур дарвозабон Жан-Мари Пфаффни ожиз қолдириб, мамлакат футболи тарихида йирик мусобақадаги биринчи ва ҳозирча ягона бўлиб турган голни урганди. Мана, Ироқ футболининг янги авлоди энди Қатар-2022 мундиалида иштирок этиб, узоқ танаффусга барҳам бериш ҳаракатида. Словениялик Сречко Катанец бошқараётган «Месопотамия шерлари»да айниқса, ҳужум чизиғи кучли - биргина Моҳаннад Али кўп нарсага қодир. Шунингдек, ҳимоя ҳам чакки эмас. Орқа чизиқ вакилларидан бири Саад Нотиқ сафдошларининг ниҳоят, якуний мақсадга эришишларига ишонмоқда. У ЖЧ саралаши иккинчи раунди финишига 2 тур қолган паллада FIFA.com сайти мухбирлари билан гаплашишга вақт топди ва Қатар мундиалига боришига шубҳа қилмаслигини билдирди.

Маълумот учун

Саад НОТИҚ

Туғилган санаси ва манзили: 1994 йил 19 март Найаф (Ироқ)

Бўйи: 188 см., вазни:80 кг.

Ўйнаган клублари: «Масафи Ал-Васат» (Ироқ), «Ал-Кува Ал-Жавия» (Ироқ), «Ал-Араби»(Қатар). Ҳозирда «Ал-Шорта» аъзоси

- Ҳозир гуруҳда пешқадамлик қиляпмиз, демакки, кейинги бос­қичга чиқиш имкониятимиз катта, - деди Саад Нотиқ Ироқ термаси салоҳияти ҳақида. - Саралаш ўйинларига қадар яхши тайёргарлик даврини ўтадик, жумладан, 2та ўртоқлик учрашувида майдонга тушдик. Ҳозир жамоамиз яхши ҳолатда ва ўйлайманки, ироқлик мухлисларни қувонтириш қўлимиздан келади. Мураббийнинг ўрни муҳим, албатта. Катанец айниқса, ҳимоявий ҳаракатлар устида кўп ишлади, ўз навбатида, бу гуруҳ ўйинларида самара беряпти.

Саад Нотиқ ҳозирги бир қатор жамоадошлари билан Ироқ ёшлар термасининг 2013 йили Туркия мезбонлик қилган U-20 тоифасидаги ЖЧ ярим финалига чиқишига катта ҳисса қўшганди. Ўшанда ироқликлар финал йўлида Уругвай термасига аламли тарзда ютқазишган, кейин 3-ўрин учун баҳс­ни ганаликларга шунчаки, топшириб қўйишганди. Шундан 3 йил ўтиб, ҳимоячи 2016 йилги Рио Олимпиадасида ватани шарафини ҳимоя қилди (Бразилияда 2та ўйинда майдонга тушди). Қисқаси, Нотиқ бебаҳо тажриба орттириш баробарида гуруҳ босқичида Неймар етакчилигидаги Бразилия термаси билан муносиб тарзда дуранг қайд этилишига ёрдам берди. «20 ёш тоифасидаги жаҳон чемпионатида эришган ютуқдан мураббийимиз Ҳаким Шокир билан беҳад завқландик. Асосийси, Туркияда улкан тажриба тўпладик. Кейин Олимпиада-2016да ҳам муносиб ўйнадик, аммо гуруҳ бос­қичидан ўтолмадик, - дея эслайди Саад аввалги икки йирик мусобақани. - Булар бизга кўп завқ улашган ва катта тажриба берган ажо­йиб лаҳзалар. Ҳар икки йирик турнирдаги иштирок барчамизга ижобий таъсир кўрсатди. Менимча, буни амалда исботлаш учун энди жаҳон чемпионатига чиқишимиз керак. Шахсан мен Қатар мундиали иштирокчилари қаторидан жой олишимизга шубҳаланмайман. Олий мақсадга эришиш учун қўлдан келганича ҳаракат қиламиз. Уюш­қоқликни юқори даражада ушлаб турсак, бас».

Саад Нотиқнинг таъкидлашича, Ироқ футболининг сўнгги йиллардаги ажойиб кўрсаткичлари асосан U-20 тоифасидаги жамоа­да бирга ўйнай бошлаган йигитлар ўртасидаги ўзаро тушуниб ҳаракатланиш билан боғлиқ. «Кўпчилигимиз узоқ вақтдан буён бирга ўйнаяпмиз, баъзилар билан 2013 йилдан бери. Ҳаммасини 20 ёш тоифасидаги жамоада бошладик, кейин Рио-де-Жанейрода олимпия термаси сифатида ўйнадик. Мана, энди бош жамоадамиз. Якуний натижа шуки, ҳозирда футболчилар ўртасида ўзаро тушуниб ҳаракатланиш юқори даражага чиқди ва бунинг ижобий таъсирини кўриб турибмиз. Албатта, жаҳон чемпионати каби йирик халқаро турнирда ҳам бирга майдонга тушишдан умидвормиз. Лекин қайтараман, 2022 йили Қатарга бориш учун ҳозирги авлоднинг янада ҳамжиҳат бўлиши ва қўллаб-қувватланиши талаб этилади. Шундагина мақсадга эришиб, сайёрамизнинг энг сара жамоалари билан рақобатлаша оламиз».

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz