Қайднома

Қидирув

Мураббийлар: Шайхлар олтини «ўғриси»

Мураббийлар: Шайхлар олтини «ўғриси»

  11.07.2021 10:10
  0
  346
Мураббийлар: Шайхлар олтини «ўғриси»

Кристоф Галтье - сўнгги йил мобайнида «ПСЖ»нинг Лига 1даги гегемонлигига барҳам берган учинчи мураббий. Бунгача фақат Рене Жирар («Монпелье», 2012 йил) ҳамда Леонарду Жардим («Монако», 2017 йил) шундай қаҳрамонлик кўрсатишганди. Умуман, «Лилл»нинг чемпионлиги - чиндан ҳам ўзгача воқеа.

«ПСЖ»нинг йиллик бюджети «Лилл»нинг бюджетидан тўрт мартага кўпроқ. Transfermarkt «Лилль» таркибини 298 млн. еврога, «ПСЖ»никини эса 825 млн. еврога баҳолади. Таъкидлаш жоизки, икки мавсум мобайнида Галтье «Лилл»да янги футболчилар учун 150 млн. евро сарфлади, ўз вақтида «ПСЖ» биргина Мбаппенинг ўзига тахминан шунча маблағ тўлаганди. Умуман олганда, «Лилль» молиявий томонлама нисбатан бақувватроқ саналган «Лион» ҳамда «Монако» каби клубларни ҳам ортда қолдирганидан фахрланса арзийди.

«Лилл»га шундай муваффақиятни келтирган икки кишини алоҳида эътироф этиш ўринли. Биринчиси - спорт директори Луис Кампос. У мавсум-2016|2017да чемпион «Монако»га асос солганди, «Лилль» таркиби билан ҳам унинг ўзи шуғулланади. Кампос нафақат жамоага иқтидорли ёшларни олиб келади, балки уларни сотиш орқали клубга йирик даромад келтиради.

Иккинчиси - мураббий Кристоф Галтье. Бу шахс футболга полициячи отаси сабабли кириб келган (ўйинлар пайти стадионда ишлагани учун у ерга ўғлини ҳам олиб борган), Йохан Кройфф ҳамда Мишель Платини порлаган даврларда улғайган, улардан ҳужумкор футбол фалсафасини ўрганган. Энди эса, 10 йиллик мустақил фаолияти давомида тажрибаларини ривожлантирмоқда.

«Лилль» халоскори

Ҳозир бунга ишониш қийиндир, аммо мавсум-2017|2018да «Лилль» Лига 1ни тарк этиш хавфси остида қолганди. Мавсум ўртасида Галтье бош мураббийлик курсисида Марсело Бьелсанинг ўрнини эгаллади. Аргентиналик мутахассис қўл остида жамоанинг ишлари юришмади - Кристоф келган пайт «Лилль» жадвалнинг 18-поғонасида бораётганди. Қўшимчасига, молиявий мажбуриятлар бажарилмагани сабабли, клубга нисбатан қишки трансферлар ойнасида янги футболчиларни рўйхатдан ўтказишга чеклов қўйилганди. Галтье амаллади ва «Лилл»ни элитада сақлаб қолди. Кейинги мавсумни эса жамоаси билан иккинчи поғонада якунлади.

Галтье ажойиб ўсишга эришди, кўплаб ёш футболчиларни кашф этди. Жумладан, Николя Пепе ва Рафаэл Леау танилиб, тез орада мос равишда «Арсенал» ва «Милан»га ўтишди. Ўша мавсум якунларига кўра, «Лилль» ўз футболчилари сотувидан 150 млн. евро ишлаб олди.

Моуриньодан зада

Коронавирус сабаб охирига етмаган ўтган мавсумни «Лилль» тўртинчи ўринда якунлади, лекин Галтьенинг ёшлар билан ажойиб тарзда ишлагани туфайли трансфер бозорида йирик сумма - 100 млн. ишлади. Тўғри, сумманинг бундай кўриниш олишига асосан икки футболчи сабаб бўлишди - Виктор Осимхен 70 млн. эвазига «Наполи»га ўтган бўлса, ҳимоячи Габриэл учун «Арсенал» 26 млн. тўлади.

Ҳозирда «Лилл»нинг асосий жавоҳири - форвард Жонатан Дэвид бўлиб, ўтган йилнинг ёзида Бельгия чемпионатидан келганди. Канадалик футболчи учун бошланиши яхши кечмади, клубдаги дастлабки 25 ўйинида атиги 2та гол урди, оқибатда, унинг трансфери энг катта муваффақиятсизлик сифатида баҳоланди. Аммо Дэвид барибир, ўйинини топди, баҳорда очилиб, мавсумни 13та гол билан якунлади. Албатта, кутилмаганда 35 ёшли Бурак Йилмаз жамоанинг ҳужумдаги бош юлдузига айланди. Туркиялик футболчини фахрий Лоик Ремига ўринбосар сифатида олинганди, лекин Йилмаз чемпионатда 16та тўп киритиб, жамоасининг энг яхши тўпурари бўлди. Ваҳоланки, у баҳорда жароҳат сабаб 13та ўйинни ўтказиб юборганди!

Галтье фақатгина ҳужум чизиғи вакилларини тарбиялаш билан чекланмайди. Дарвозабон Майк Меньян тез орада «Милан» билан шартнома имзолайди, Ренату Саншеш эса яна бир бор ўзининг топ даражадаги таянч ярим ҳимоячиси эканлигини исботлади. «Лилль» чемпионатнинг сўнгги мавсумида бор-йўғи 22та гол ўтказиб юборди, бу эса Франциядаги энг яхши кўрсаткич бўлди. Галтье ўзининг кенг дунёқараши сабаб футболчилар билан тезда тил топишади. 2009 йили «Сент-Этьен» бошқарувини қўлга олишидан аввал у 10 йил давомида Франция, Англия, Греция ва ҳатто БАА клубларида бош мураббийларга ассистентлик қилган.

Муаммо шундаки, Кристоф кўпинча экспорт учун ишлайди - унинг қўл остида қайсидир футболчи порласа, уни дарҳол нисбатан бадавлатроқ клуб сотиб олади. Ўтган мавсум ўрталарида Галтьенинг икки ёрдамчисини «Тоттенхэм» олиб кетгани эса мураббийни ранжитди: «Ҳа, жуда хафаман, чунки нотўғри вақт танланди, олдинда бизни «ПСЖ»га қарши баҳс кутиб турибди. Ҳар кимнинг ўзига яраша иш юритиш услуби бўлади. Моуриньо менга ҳатто қўнғироқ ҳам қилмади, фақат спорт директоримиз билан гаплашди. Ажойиб ҳаракат, шунчаки, қойил».

Галтье фаолиятида ўсиш кутилмоқда

Кристоф йўлга қўйган футбол эҳтиросга тўла. Унинг жамоа ҳеч қачон зерикарли ўйин кўрсатмаган ва ҳужумда максимум куч билан ўйнайди. «Лилль» ўйини Галтьенинг характерини акс эттиради - у ҳеч қачон ҳиссиётларини яширмайди. Мисол учун, апрелда «Лион» устидан қозонилган 3:2 ҳисобидаги ғалабадан («Лилль» дастлаб 0:2га ютқазаётганди) кейин мураббий камералар қаршисида ўмбалоқ ошди.

Унинг чемпионликдан кейинги чиқиши ҳам ёрқин бўлди. Унинг учун бу чиндан ҳам ўзгача муваффақият эди: «Лига 1да «ПСЖ»ни ортда қолдириш - истисно тариқасидаги воқеалардандир. Ҳозир онам реабилитация марказида, онажоним, сизни яхши кўраман. Отам ҳозир самоларда. Отажон, бу сиз учун. Ажойиб. Бу жамоани қанчалик севишимни тасвирлаб беролмайман. Уларни жуда яхши кўраман!»

Умуман олганда, Галтье учун ота-она мавзуси жуда муҳим саналади. Тарихдан бунга етарлича мисоллар келтириш мумкин:

* Галтье футболга меҳр қўйганлар оиласида улғайган, телевизорда турли ўйинлар томоша қилинарди. Баъзан қаҳрамонимиз шўхлик қилса, отаси уни ухлашга жўнатарди. Шундай паллада онаси жонига оро кирарди - ўғлининг ётоқхонаси эшигини очиқ қолдирарди. Кристоф шу тариқа хонасидан туриб телевизор кўрарди.

* Галтьенинг айтишича, «Лилл»да эришган ютуқлар - онасининг хизматлари самараси. Агар волидаси бўлмаганда, 2017 йили ушбу жамоага ўтмасди: «ушбу лойиҳага ишончим комил эмасди. Ростини айтсам, омадсизликка юз тутаман, деб ўйлагандим. Лекин онам тўғри қарор чиқаришимда ёрдамлашди».

* Галтье Марселда туғилиб, болалик даврини тўлиқ ўша ерда ўтказган. Фақат бир марта Лионга борган, полициячи бўлиб ишлаган отасини ўша ерга кўчиришганди. «Отам «Марсел»га мухлислик қиларди. Унга Лиондаги футбол ёқмасди. Буни менга кўп айтарди. Марселга қайтганимизда, ҳаётим шу ўйинга бурканди. Отам клуб иштирокидаги учрашувларни кўрсатишдан чарчамасди», - дея эслайди Кристоф.

* Ота-онаси ҳақидаги гапларидан яна бир иқтибос: «Мен катта юлдузга айланмадим. Тўғри, кучли клубларда ўйнадим. Аммо жуда кўп муваффақиятсизликларга йўлиқдим, оқибатда фаолиятимни якунлаш ҳақида ҳам ўйлай бошладим. Барчасига тушкун кайфият сабаб бўлганди, лекин ота-онам шундай паллада менга мадад беришган».

Галтье учун оила шу қадар муҳимки, ҳатто лавозими пасайишига ҳам қаршилик билдирмайди - фақат яқинлари ёнида бўлса, бас. L~Equipe ва Франциянинг бошқа нашрлари ёзги мавсумлар оралиғида Кристофнинг «Ницца»га кетиши ҳақида ёзишди. Солиштириш учун: «Лилль» - чемпион, «Ницца»нинг жойи эса 9-поғона.

Галтьенинг иш шароитини тез-тез ўзгаришига сабаблардан бири ҳам айнан оиласидир. Мураббийнинг кўплаб қариндошлари яшайдиган Марсель билан Лиллни автомобилда босиб ўтиладиган 10 соатли масофа ажратиб туради. Ниццадан туриб ҳисоблаганда эса бу кўрсаткич икки соатга тенг бўлади.

Эҳтимолли кўчиб ўтишни ишга тааллуқли бошқа сабаблари ҳам бор. Биринчиси - Галтьега ойлик маошини икки марта оширишга ваъда беришди. Ҳозир у ойига 180 минг евро олади. Иккинчиси - «Ницца» раҳбарлари лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш йўлида жамоага катта маблағ ажратишларини билдиришди.

Галтье мавсум якунларига кўра, Францияда энг яхши мураббий номига лойиқ кўрилди. У чин маънода, ҳам тактик жиҳатдан, ҳам футболчилар билан ишлаш масаласида, ҳам раҳбарият билан ҳамкорлик ўрнатишда катта ишни амалга оширди. Бироқ Кристофнинг «Лилл»даги фаолияти ниҳосига етди - у клубни тарк этишини билдирди. Эҳтимол, келгуси мавсум Галтьени «Ницца»да эмас, нисбатан кучлироқ жамоада кўрармиз. Балки у ерда натижаларга эришиш салоҳияти фақат «андердоглар» билан чекланмаслигини исботлар.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz