Қайднома

Қидирув

Эътироф: Барчаси Шомуродов йўли ҳақида

Эътироф: Барчаси Шомуродов йўли ҳақида

  13.07.2021 14:34
  0
  308
Эътироф: Барчаси Шомуродов йўли ҳақида

Россиялик блогер, YouTube тармоғидаги «КраСава» канали бошловчиси Евгений Савин юртимиз, аниқроғи, Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида бўлиб, Ўзбекистон миллий жамоаси ва «Женоа» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов ҳақида махсус кўрсатув тайёрлаб қайтганди. У яқинда етакчи футболчимиз фаолиятини қамраб олган видеомулоқотни эфирга қўйди. Элдор кўрсатув давомида муаллифнинг қизиқарли саволларига жавоб берган. Мавзулар турли-туман: Жозе Моуриньо ва «Тоттенхэм»нинг эътиборига тушгани, «Ювентус» томонидан бўлаётган қизиқиш, «Штутгарт» таклифи, вақтида бозорда ҳам ишлагани ва албатта, Ўзбекистон миллий жамоасининг қачон мундиалга чиқиши...

- Қизиқ, Элдор Шомуродов таътилни нега Дубай ёки шунга ўхшаш шаҳар эмас, айнан Жарқўрғонда ўтказмоқда?

- Ҳамиша хориждаман, ота-онамни кам кўраман. Шунинг учун бу сафар уйга келдим. Қолаверса, шу баҳона ўғлим туғилгани шарафига ош бердик. Бизда шундай одат бор.

- Тошкентдан бу ерга келсам, ҳаёт тарзи пастроқдек кўринди. Тўғрисини айт, одамлар сендан қарз сўрашадими?

- Мендан эмас, балки отамдан сўрашар...

- «Женоа»да кутилмаганда, 61-рақамни танладинг...

- Чунки 14-рақам банд эди. Кейин дўстим билан маслаҳатлашдим ва у Ростов вилоятида автомобиллар коди саналган «61»ни тавсия қилди, бу фикр ўзимга ҳам ёқди.

- Ўтган мавсум Эдин Жеко ва Алексис Санчесдек тўпурарлардан кўпроқ гол урганингни биласанми?

- Йўқ, бунга қарамагандим.

- «Рома»да иш бошлаган Жозе Моуриньо шорт-варақига тушганингдан хабаринг борми?

- Рости, бу ҳақда энди эшит­япман.

- Наҳотки?

- Ҳа. Лекин «Ювентус»дан қизиқиш борлигидан хурсандман, кейинги қадамни Туринда ташлаш - ажойиб.

Кўрсатув давомида ProSports Managеment компанияси раҳбари Герман Ткаченко сўзлари ҳам келтирилган. Унинг айтишича, Моуриньо олдинроқ Шомуродовни кузатиш учун «Тоттенхэм» скаутларини Россияга юборган экан. Ўшанда «Ростов» жамоаси «Маккаби» тўсиғидан ўтганида, Элдорнинг «Тоттенхэм»га йўл олиш имкони ошарди, бироқ бундай бўлмайди ва «шпорлар» варианти унутилади. Шунингдек, Ткаченко ҳужумчини «Штутгарт» ўз сафида кўришни хоҳлаганини таъкидлаган. Унинг айтишича, немислар футболчига ҳаттоки, тўйи куни совға ҳам юборишган. Элдор Германияга борганида эса, клуб стадиони ва шаҳардаги масжидни кўрсатишган. Савин яна Ткаченко ва Роман Абрамович дўст эканликларини эслатиб, Шомуродовнинг «Челси»га ўтиши хусусида сўраган. Элдор бу фаолиятининг энг чўққиси бўлиши мумкинлигини айтган, Ткаченко эса ҳаммасини бошқача изоҳлаган: «Роман билан дўстлигимиз қачон «Челси»га футболчи жўнатишда ёрдам бериши мумкин? Қачонки, «Челси» қайсидир клуб билан мижозимиз учун курашса».

- «Женоа» спорт директори Франческо Маррокку сендан кўп нарса кутаётганини яширмаяпти. Демакки, яхши таклиф тушса, қўйиб юборишга тайёр. Янги мавсум учун олдингга қандай марраларни қўясан?

- Ҳеч қачон аниқ маррага қараб ҳаракатланмайман, аксинча, ҳар бир ўйинда янада яхшироқ ўйнашга интиламан. Дейлик, 10та гол урсам, бундан қониқардим.

Савиндан ҳазил: «Элдор, келаси мавсум 10та гол ур, зора, бунинг учун Карпинга қўшимча пул беришса ва у Эстония эмас, бирор денгиз бўйида дам олса». Карпиндан ҳазил: «Шома, салом. Яхшимисан, қийшиқоёқ? Менга қара, келаси мавсум 10та гол уришинг шарт, шунда бизга қўшимча пул беришлари мумкин. Лоақал шу жойда фойданг тегсин».

- «Машъал» ўз майдонида «Бунёдкор» билан ўйнаганида, Ривалдо билан қўл ушлашиб майдонга тушган экансан...

- Аслида ҳар доим майдонга амаким билан тушардим. Ўшанда ҳаммаси ўз-ўзидан рўй берди - жамоамиз бошқа тарафга ўтди, кейин Ривалдо айнан мен турган жойга келиб қолди. 

- Элдор талқинидаги «А» сериянинг кучли 3 нафар футболчиси кимлар?

- Фақат ҳужумчиларни танлайман: Криштиану Роналду, Ромелу Лукаку ва Златан Ибрагимович.

- «Женоа» мухлислари билан боғлиқ бирор қизиқарли воқеа­ни айтиб бера оласанми?

- «Сампдория»га қарши ўйин олдидан меҳмонхонада йиғилдик. Кечки овқат пайти. Бирдан шовқин кўтарилди, қарасак, 3-4 минг мухлис дерби олдидан жамоамизни қўллаб-қувватлаш учун келибди.

- Италия ҳаётига мослашишда сени қийнаган 3та асосий жиҳат...?

- Биринчиси - турмуш тарзи, менталитет умуман бошқа. Иккинчиси - тил. Учинчиси - 2 ой ёлғиз яшаганим.

- «Ростов»да 10та гол урганингдан кейин «Галатасарой», «Штутгарт», «Севилья», «Валенсия» ва «Гент» клублари қизиқиши ҳақида хабарлар чиққанди. Энг жиддий таклиф қайси биридан тушганди?

- «Штутгарт»дан.

- Хўш, нега Германия эмас, Италияга йўл олдинг?

- Немисларнинг мени қишда сотиб олиш таклифлари «Ростов»га маъқул тушмаганди.

Элдорнинг айтишича, «Ростов»да ўйини ўхшамаган вақт уни бошқа жамоага ижара сафарига юборишни ўйлашган экан: «Орада шундай бўлдики, машғулотда оддий тўпни тўхтатолмай қолдим, ҳаттоки, югуришга ҳам қийналдим. Кейин хатони англаб, қаттиқ ишлай бошладим ва буни мураббий ҳам сезганини кўрдим. «Краснодар»га қарши ўйиндан кейин эса, у менга ишона бошлади. Мураббий ишончини сезсанг, ўйнашинг осон. Ҳа, орада мени «Балтика»га юбормоқчи бўлишди. Кейин «Арсенал», «Тосно», «Уфа» вариантлари юзага чиқди. Осиё кубоги ўйинлари эса ўз кучимга ишончни оширди. Голли серия шундан кейин бошланди».

- Агентингга бирор марта «Челси»га мухлислик қилишингни айтганмисан?

- Ҳа. Охирги довон «Челси» бўлиши ҳақида ҳам гаплашганмиз.

- Дрогбани ёқтиришингни кўп бора айтгансан. Уни учратиб қолсанг...

- О, билмадим. Балки бирга суратга тушарман. Аслида бировдан суратга тушиш ҳақида сўрашим қийин масала, лекин Дрогба дуч келса, хижолатни четга суриб қўярдим.

- Ҳалигача Миржалол Қосимов Ўзбекистоннинг энг кучли футболчиси сифатида таърифланади. Ундан ўзиб кетиш имкони борми?

- Ўйлашимча, бунинг учун жаҳон чемпионатига чиқишимиз лозим.

- Миржалол Қосимов, Максим Шацких, Одил Аҳмедов, Элдор Шомуродов... Ҳар бир авлод етук футболчиларга эга. Бироқ Ўзбекистон терма жамоа­си ҳамон ЖЧдан четда...

- Менимча, кучли чемпионатларда ўйнайдиган футболчилар сафи кенгайиши керак. Кучли чемпионат тажрибани оширади, етуклик сари етаклайди. Лекин вақт керак. Футболчиларда ҳам ўзига ишонч ортиши зарур.

- Ўзбекистонлик мухлислар ҳайратланган бирор воқеа ҳам борми?

- «Бунёдкор»да ўйнардим, ОЧЛ ўйини олдидан фан-клуб бошлиғи олдимга келиб, гол урсам ва ғалаба қозонсак, iPhone совға қилишини айтди. Жамоамиз ғалаба қозонди, мен гол урдим ва у ваъдасини бажарди.

Евгений Савин шу нуқтада Элдор тилга олган мухлис - Абдураҳмон Фозиловни ҳам суҳбатга тортди:

- iPhone совға қилганинг рост­ми?

- Ҳа, 4та гол учун 4та iPhone берганман.

- Ўзбекистонда энг илғор фан-клубга эга 3та жамоа...?

- «Андижон», «Навбаҳор», «Пахтакор» ва «Бунёдкор». Умуман олганда, Россиядан фарқли ўлароқ, мухлисларимиз анча маданиятли. Ҳар ҳолда, улар тажовузкор эмаслар.

- Элдор Шомуродовга дахлдор ҳурматга сазовор ҳолат...?

- Мухлисларда унга нисбатан ҳурмат жуда баланд. Пандемия даврида «Бунёдкор» ёшлар жамоаси Краснодардаги мусобақада иштирок этди. Карантин бошланиб, турнир тўхтаб қолди. Қатнов йўллари ёпиқ, жамоада пул тугаган. Бундан хабар топган Шомуродов Ростовдан Краснодарга келиб, 1,5 ойлик меҳмонхона тўлови, умуман, барча харажатни тўлаб берди. Кейин болаларнинг Ростов орқали Ўзбекистонга қайтишларига ҳисса қўшди. Ўзи бу ҳақда ҳеч қаерда гапирмаган.

Кўрсатувнинг энг қувноқ қисми Жарқўрғонда суратга олинган. Шомуродов жумладан, болалигида пахта тергани ва бозорда ишлагани ҳақида сўзлаган: «Ҳа, вақтида пахта теримига чиққанман, ҳамма чиқарди. Килограмм учун пахта ичига тош ташлардик. Бозорда ҳам ишлаганман - ота-онамга ёрдам берардим. Озиқ-овқат маҳсулотлари сотардик». Кўрсатув давомида Савин ва Шомуродов 2та мотороллерга ўтириб, Жарқўрғон кўчаларида ўзига хос пойга уюштиришган. Элдор болалигида шундай уловда бозорга юк ташиганини эслаган. У яна амакиси Илҳом Шомуродов фаолиятида катта роль ўйнаганини алоҳида таъкидлаган: «Илҳом акам мени ҳамиша руҳлантирарди. Пулга қизиқиб қолмаслигим учун энг сифатли бутсаларни олиб бериб, руҳан қўллаб-қувватларди».

Савин кўрсатувнинг алоҳида қисмини «Машъал» академиясига ажратиб, футболчининг биринчи устози Отажон Авезов ва мураббий Дилшод Аннаевнинг фикрларига ҳам қизиққан. Дастурда Самвел Бабаян ҳам бор - у Шомуродовнинг «Бунёдкор»га қандай ўтганини айтиб берган: «Ўшанда Элдорни «Пахтакор»га тортишга ҳаракат қилганмиз, кўпроқ пул таклиф қилганмиз, лекин «Машъал» ва «Бунёдкор»нинг битта компания томонидан молиялаштирилиши халақит берганди. Қолаверса, «Бунёдкор» ҳам чакки эмасди».

ШОМУРОДОВ «РОМА»ГА ЎТАДИМИ?

Италиялик таниқли журналист Николо Скиранинг хабар беришича, Элдор Шомуродов катта эҳтимолки, янги мавсумни «Рома» сафида бошлайди. У ҳаттоки, Жозе Моуриньо жамоаси «Женоа» билан ҳам­юртимиз трансфер баҳоси бўйича келишувга эришганини қўшимча қилди. Унга мувофиқ, «Рома» Элдор учун 14 млн. евро тўлайди. Инсайдернинг кейинги хабарига қарасак, Генуя клуби раҳбарияти Шомуродовга реал номзод топишга ҳам улгурган. Гап Киев «Динамо»си ҳужумчиси Владислав Супряга ҳақида кетмоқда. Николо Скиранинг қўшимча қилишича, томонлар 2026 йилгача мўлжалланган шартноманинг шахсий бандлари юзасидан келушувга эришишган. Олдинроқ «Женоа» Супрягани 1 йиллик ижара бўйича олиши ва кейин унинг трансферига 10 миллион евро тўлаши хусусида хабарлар тарқалганди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz