Қайднома

Қидирув

Суперлигада қайси маънодаги интрига кучайиши мумкин?

Суперлигада қайси маънодаги интрига кучайиши мумкин?

  14.07.2021 02:20
  0
  659
Суперлигада қайси маънодаги интрига кучайиши мумкин?

Жаҳон футболи ҳамон Евро-2020 ва Америка кубоги-2021 шукуҳи оғушида. Ҳаттоки, Криштиану Роналдунинг айрим хос мухлислари ҳам бугун Лионель Месси учун хурсандлар. Футболни севган қалб учун бундан ўзгача йўл йўқ. Қачонки, футбол гўзаллиги олдинга чиққанида, юксакликка кўтарилганида, даҳолар танлаб ўтирилмайди - улар фақат олқишланадилар. Шу маънода Лео Месси даҳоси яна бир бора ўзини намойиш этганидан дунё футболи севинди, шодон қалқиб тушди. Фаолиятининг сўнгги босқичида миллий жамоаси билан чемпионликка эришгани Леонинг ўзини ҳам беҳад қувонтирди. Бунга қадар «альбиселестлар» билан 4та йирик финалда ғолиб бўлолмаган даҳо ниҳоят, бошини тик кўтарди. Қарангки, 2-ўрин шу дамгача на у ва терма жамоаси, на аргентиналик мухлисларни қониқтирди. Бу уйғун учлик фақат ғолиблик ҳақида ўйлади, чемпионликни орзу қилди ва ахийри ниятига етди. Бошқача айганда, «олтин йўл» Лео учун ҳаёт-мамот жанги бораётган майдонга айланди, гўё. У бу йўлда борини берди ва эзгу мақсадига эришди. Тақдир ҳам синовларга метин ирода билан бардош бергани боисми, бу сафар Мессини сийлади -чемпионликни унга раво кўрди...

Албатта, бугун Лионель Месси ҳақида ҳар қанча ёзсак, шунча оз. Ишончимиз комил, Криштиану Роналдунинг ашаддий мухлислари ҳам бундан ғашланишмайди асло. Зеро, юксак маънода тушуниладиган футбол тарафкашликни ёқтирмайди ва тан олмайди. Жаҳон футболи улкан шахслар ва тараққиёт йўлларига шундай қарайди, холисликни улуғлайди. Холис айтсак, миллий жамоамиз сафида  футболимиз шаъни учун жиддий қайғурадиган футболчилар бор, лекин улардаги бу туйғу ҳали Лионель  Мессидаги каби жонфидолик даражасига кўтарилмади. Агар йигитларимиз шундай даражага чиқишганида, бугун ЖЧ-2022 йўлидаги курашлар ҳақида ўйлаётган, ёзаётган бўлардик. Афсуски, ҳозир бошқача - футболчиларимиз ҳали халқ қаҳрамонлари рутбасига кўтарилишмади. Эҳтимол, улар миллий жамоа ғалабалари қаҳрамонлик кўрсатиш йўлидаги бир восита эканлиги ҳақида ўйлаб кўришмагандир, бундай юксак мезон уларнинг хаёлини банд этмагандир... Яна такрорлаймиз, агар шундай ҳолат кузатилганида,  вакилларимиз Саудия Арабистони термасига қарши ўйинда жон олиб, жон беришарди ёки гуруҳ босқичининг дастлабки ўйи­нида Фаластин жамоасига ютқазишмасди. Яна шу мавзу билан боғлиқ мулоҳазаларни билдираётганимиздан, эҳтимол, кимнингдир энсаси қотар. Йўқ, атайин яна шу мавзуга ёпишмадик. Лионель Мессининг чемпионлиги масаласи бизни табиий равишда шу мавзуга қайтарди. Кейинчалик ҳам яна қайсидир масалалар таъсирида шу оғриқли масалага яна ва яна қайт­сак, ажабмас. Ажабланишга не ҳожат?! Ахир бугун миллий жамоамиз ва унинг муаммоларидан ҳам муҳимроқ масала борми биз учун?! Аргентина термаси Лионель Месси билан шон-шарафга бурканаверсин! Биз уни узоқ-узоқлардан самимий олқишлаймиз! Бироқ  мудом ҳавас билан яшашнинг ҳам чек-чегараси бор-ку?! Ўзбекистонлик мухлислар қачонгача дунё футболи пешқадамларига ҳавас қилиб яшашади?! Кимлар учундир жаҳон чемпионати финал босқичидаги 2-ўрин фожиа ва омадсизлик саналсаю, ўзбекистонлик мухлис мундиал йўлланмаси орзуси билан яшаса ва бу орзу ҳар 4 йилда армонга айланаверса... Бу қандай кўргулик, қандай бедодлик?!

Тушуниб турибмиз, бугун ўзбек футболи молиявий муаммолар гирдобига ўралашиб қолди. Жамият ижтимоий-сиёсий бошқарувида жиддий ислоҳотлар ўтказилмагунча бу муаммодан қутулишнинг имкони бўлмаса керак. ЎФА молиявий муаммолар натижасида келиб чиқадиган ғавғолар олдини олиш учун легионерларга боғлиқ чеклов ва тақиқларни жорий қилмоқда ва ҳозирча шу билан чекланмоқда. Флорентино Перес «Реал» тараққиёти йўлида шахсий сармоясидан воз кечишга қудрат топгани хусусида ёзилаётган бир паллада ЎФА клубларимиз қарздорлик ортидан халқаро майдонда шарманда бўлмаслиги учун турли ҳуқуқий чоралар изламоқда. Ҳолбуки, ҳуқуқий чоралар излашдан аввал Ўзбекистон футболида жиддий молиявий ислоҳотлар ўтказиш зарур эмасми?! Тўғри, футболга  йирик миқдордаги сармоя жалб этиш мушкул. Буни кўпчилик яхши тушунади. Аммо шуниси ҳам борки, бу амалга оширса бўладиган иш! Фақат кимдир буни уддалашга қодир, бошқа биров эса эплолмайди. Ҳамма гап шунда - футбол тараққиёти учун хизмат қилишда футбол одами бўлиш ва уни яхши кўришнинг ўзи кам.  Шу кунларда «Алламжонов айбдор» номли китоб қўлма-қўл ўқилмоқда. Китобда Комил Алламжонов улкан ишларга қодирлик масаласини атрофлича очиб берган! Китоб футбол ҳақида эмас, лекин соҳа мутасаддилари уни ўқиб кўришса, яхши бўларди. Чунки  улар ҳозир  футболимиздаги муаммолар дарахтининг шохчалари билан андармон бўлиб юришибди. Ваҳоланки, ҳамма гап шу муаммолар дарахтининг илдизлари, хусусан, ўқ томири ва танаси билан боғлиқ. Қайсидир клубларни молиявий муаммолар туфайли Про лига ёки Биринчи лигадан четлатиш, Суперлига жамоаларига легионерлар борасида чеклов ва тақиқлар қўйиш - жуда осон ечим! Бу ечим ҳеч қачон муаммоларни ҳал қилиб бермайди.

Яширишнинг ҳожати йўқ: футболимиздаги молиявий муаммолар бошқарув жараёнида, терма жамоаларимиз ва клубларимизда малакали, дунё кўрган, дунё билан тиллаша оладиган менежерлар етишмаслиги билан изоҳланади. Балки бордир, буни билмасмиз ёки мутасаддилар ёш ва малакали менежерларни бошқарув жараёнига жалб этишни исташмас. Эҳтимол, шунинг учундир «Навбаҳор» мутасаддилари яна Самвел Бабаян номзодига тўхталишди. Бу клуб мутасаддиларига осон бўлган, деб ўйлайсизми?! Ишонаверинг, Бабаян номзоди - улар учун охирги чора. Не тонгки, минг-минглаб мухлисларга эга жамоа кўз олдиларида чўкиб бормоқда, инқирозга юз тутмоқда! Жамоани муаммолар гирдобидан қандай қутқариш мумкин?! Айни шу чигал ва мураккаб саволга жавоб излаш жараёни уларни Самвел Бабаян номзоди тўғрисида ўйлаб кўришга мажбурлаган. Чунки айнан Самвел Бабаян ва Виктор Жалиловнинг 1995-2001 йиллардаги фаолияти «Навбаҳор» тарихидаги олтин давр ҳисобланади. «МЮ»нинг беқиёс мухлиси Дониёрбек ўша даврдаги «Нав­баҳор»ни қўмсаб, собиқ «Дўстлик» клуби стадионида кечган қизғин ўйинларни тез-тез эслайди, бизни шу мавзуда ёзишга ундайди. Тошкент вилоятида яшовчи мухлиски ўша давр «Навбаҳор»ини  соғинаётган экан, наманганликлар ҳақида гапириш ортиқча! Улар учун «Навбаҳор» - ҳамиша севимли ва қудратли жамоа! Клубни олтин тарихини ёзган мураббий ва менежер улар учун ҳамиша қадрли. Буни тўғри тушунамиз. Мана, жамоа мутасаддилари яна ўша тандемга ишонч билдирмоқда. Нима ҳам дердик, бу - уларнинг ишлари! Бизнинг вазифамиз - мулоҳазаларни ўртага ташлаш. Демоқчимизки,  «Навбаҳор»нинг олтин тарихи ёзилган давр футболи ва бугунги футбол тараққиётини асло таққослаб бўлмайди. Бугун футбол бутунлай янги йўналиш, ўзгача суръатларда олға босмоқда! Виктор Жалилов аллақачонлар футбол  тараққиётининг дадил одимидан ортда қолган ва унга етиб ололмаслиги кундай равшан. Яъни унинг даври ўтди. Самвел Бабаян эса ҳар қанча изланмасин, тараққиёт сари талпинмасин, имкониятлари чегараланганлиги «Пахтакор» ва «Локомотив» клублари, миллий ва олимпия терма жамоаларимиздаги фаолиятида яққол кўзга ташланди.  Инкор этмаймиз, Бабаян фаолияти Суперлигада интрига кучайиши учун етарли. Бундай ҳолат аввал ҳам кузатилган ва мураббий интригалар марказида турган.

Хўш, Самвел Бабаян интригалар марказида турган даврдаги фаолияти билан футболимизга нима берди? У менежер, «Пахтакор»нинг масъул раҳбарларидан бири сифатида футболимизда ёрқин авлод етишиб чиқиши учун қандай ишларни амалга оширди? Аёнки, бу саволга ижобий жавоб қайтариш қийин. Нима деб ўйлайсиз, Самвел Бабаян Хитойга бориб, ўзгариб қайтганми ва «Навбаҳор» ундаги интрига вирусидан унумли фойдалансин. Биз шундай бўлиши тарафдоримиз. Ана, инглизлар орадан 55 йил ўтгач, финалга чиқишди ва унда мағлуб бўлишди. «Навбаҳор» ҳам шу тариқа олтин даврига қадам қўйса, не ажаб! Унгача «Скуадра Адзурра»ни иккинчи марта Европа чемпиони бўлгани билан табриклаб турамиз. Қойил, Роберто Манчини, тасанно, Жанлуижи Доннарумма, офарин, Жоржо Кьеллини ва ҳоказа... 

Муҳаммад ВАЛИ, InterFUTBOL газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz