Қайднома

Қидирув

Осиё футболи юлдузлари: Бадр ал Мутва тарихга кирди, аммо...

Осиё футболи юлдузлари: Бадр ал Мутва тарихга кирди, аммо...

  15.07.2021 02:00
  0
  348
Осиё футболи юлдузлари: Бадр ал Мутва тарихга кирди, аммо...

Баҳрайн термасига қарши кечган Араб кубоги-2021 саралаш учрашуви Қувайт миллий жамоаси ҳужумчиси Бадр ал Мутва фаолиятида алоҳида аҳамият касб этди. У бу учрашувда мамлакати бош жамоаси либосида 185-марта майдонга тушиб, футбол тарихига жаҳон рекордчиси сифатида кирди. Оддий айтганда, Бадр жаҳон миллий жамоалари сафида энг кўп ўйин ўтказган футболчига айланди. Қувайт футболи юлдузи бу борада Миср афсонаси Аҳмад Ҳассан томонидан 2012 йилнинг 22 май куни ўрнатилган рекордни янгилади. У ўшанда Того термасига қарши ўйинда Миср миллий жамоаси либосида 184-марта майдонга тушганди. Бироқ рекорд Бадр ал Мутванинг ўзига татимади, чунки қувайтликлар ўйинда 0:2 ҳисобида ютқазиб қўйиб, янги йўлга қўйилган турнирнинг асосий босқичидан четда қолишди. Шунга қарамай, ФИФА расмий сайти рекорд баҳона ниҳоят, мисрлик ҳимоячини ортда қолдириб, футбол тарихига кирган ал Мутва фаолиятига назар ташлашни лозим топди.

***    Бадр ал Мутва - футбол тарихида миллий жамоа сафида энг кўп ўйин ўтказган футболчи.

***    Қувайтлик ҳужумчи 9 йил олдин мисрлик ҳимоячи Аҳмад Ҳассан томонидан ўрнатилган рекордни янгилади. 

***    Бадр ал Мутва Қувайт миллий жамоасининг 185та ўйинида иштирок этган.

Сингапурдаги дебют

Қувайт миллий жамоаси бошқарувини қайта қўлга олган мураббий Пауло Сезар Карпегиани 2003 йилнинг 4 сентябрида, Осиё кубоги-2004 саралашидан ўрин олган Сингапур термасига қарши учрашувда Бадр ал Мутвага хал­қаро даражада дебют қилиш имконини берди. Бу жасоратли ҳаракат эди, албатта. Бинобарин, мазкур баҳс бразилиялик мутахассис учун жамоа тепасига қайтганидан кейинги биринчи ўйин ҳисобланарди. Қолаверса, у жамоа ҳужумини эндигина 18 ёшни қаршилаган йигитчада ишониб топширганди. Муҳими, ҳужумчи ролига ўтишидан олдин футболчилик фаолиятини «Ал-Қодисия»да дарвозабон сифатида (!!!) бошлаган Бадр ал Мутва ҳеч нарсадан ҳайиқмай, дебют учрашувидаёқ Карпегиани ишончини тўла оқлади. Яъни у биринчи учрашувини гол билан безади ва қувайтликлар ортга 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтишди.

5та ЖЧ саралаши

Бадр ал Мутва кейинчалик Al-Azraq («кўклар»)нинг 2004 йилги Осиё кубоги финал босқичига чиқишига ёрдам берди. У Хитой мезбонлик қилган турнирда ҳам қатнашди, шунингдек, 2011 ва 2015 йиллар ташкиллаштирилган Осиё чемпионати финал раундига борди, бироқ Қувайт термаси ҳар гал гуруҳ босқичидан нарига ўтолмай, ортга қайтаверди. Бўйи 175 сантиметрга тенг бақувват ҳужумчи халқаро дебютидан атиги 6 ой ўтгач, Германия-2006 мундиали квалификациясидан ўрин олган Малайзия термасига қарши ўйин билан ЖЧ саралашига ҳам киришди. Асосийси, янги даражадаги дебюти ҳам омадли чиқди - қаҳрамонимиз учрашувда ҳисобни очиб, жамоасининг ғалабасига катта ҳисса қўшди. Бадр ал Мутва шу тариқа Қувайт термаси билан ЖАР-2010, Бразилия-2014 ва Россия-2018 мундиаллари саралаш босқичларида ҳам иштирок этди, фақат ҳар сафар якунда жамоаси билан омадсизликка учради. Шунингдек, қувайтликлар Қатарда бўлиб ўтадиган ЖЧ-2022 саралаши иккинчи бос­қичида яна нўноқлик қилиб, курашдан эрта четга чиқишди.

 

Забт этилган янги марра

Шу ой бошида, ЖЧ-2022 саралаши иккинчи босқичи қайта бошланган паллада ал Мутва учун мисрлик Аҳмад Ҳассан рекордини такрорлашга атиги 3та ўйин етмаётганди. У Хитой Тайпейи термаси билан бўлган циклнинг охирги ўйинини асосий таркибда бошлади, Австралия ва Иордания жамоаларига қарши баҳсларда эса захирадан майдонга тушди. Шу тариқа Ҳассан томонидан нақ 9 йил аввал ўрнатилган рекордни такрорлади. Бироқ ушбу оламшумул натижа Қувайт миллий жамоасининг ЖЧ-2022 йўлланмаси учун курашда четга чиқиши билан «ювилиб» кетди. Натижада мамлакат футболининг бош фахрийси ва фидойиси узоқ йиллик фаолиятини жаҳон саҳнасига чиқмай туриб, якунлашини тушуниб, майдоннинг ўзида йиғлаб юборди. Кейин Қувайт футбол федерацияси президенти шайх Аҳмад ал Юсуф жамоа Баҳрайн термаси билан ўйин учун Қатарга жўнашидан олдин Бадр ал Мутвага алоҳида ҳурмат бажо келтирди ва бу ҳол унга бироз таскин берди... УМУМИЙ МАЪЛУМОТ

БАДР АҲМАД АЛ МУТВА

Туғилган санаси ва манзили: 1985 йил 10 январь (36 ёш), Ал-Қувайт (Қувайт)

Фуқаролиги: Қувайт

Бўйи: 175 см.; вазни:66 кг.

Амплуа бўйича: ҳужумчи

Клуб футболидаги фаолияти

2002-... - «Ал-Қодисия» (Қувайт), 400та ўйин, 277та гол

2007-2008 - «Қатар СК» (Қатар), 41та ўйин, 33та гол

2011-2012 - «Ал-Наср» (С.Арабистони), 9та ўйин, 13та гол

Терма жамоадаги фаолияти

*** 2003-... - Қувайт миллий жамоаси, 185та ўйин, 55та гол

 

Жаҳон миллий жамоалари сафида энг кўп ўйин ўтказган футболчилар

1. Бадр ал Мутва (Қувайт) - 185та

2. Аҳмад Ҳассан (Миср) - 184та

3. Серхио Рамос (Испания) - 180та

   Аҳмад Муборак (Уммон) - 180та

5. Криштиану Роналду (Португалия) - 179та

6. Муҳаммад ал Деайя (С.Арабистони) - 177та

   Клаудио Суарес (Мексика) - 177та

8. Жанлуижи Буффон (Италия) - 176та

   Амир Шафий (Иордания) - 176та

   Ҳуссам Ҳассан (Миср) - 176та

Изоҳ: қора қалин ҳарфда ёзилган футболчилар терма жамоадаги фаолиятини ҳали якунламаган.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz