Қайднома

Қидирув

Футболимиз армонига айланган Токио-2020 бошланмоқда

Футболимиз армонига айланган Токио-2020 бошланмоқда

  21.07.2021 08:18
  0
  437
Футболимиз армонига айланган Токио-2020 бошланмоқда

Ҳеч шунақа бўлмаганди. Футбол бўйича мамлакатимиз олимпия терма жамоаси Лондон-2012 ва Рио-2016га йўлланма ололмаганда ҳам, мухлислар бу қадар тушкунликка тушишмаганди. Токио-2020нинг бошланиши, унда Оксана Чусовитина ва Бобоусмон Ботуров делегациямиз байроқдори бўлишлари ҳақидаги хабар тарқалиши билан футбол мухлислари яраси янгиланди. Бир томондан ёзги Олимпиада ўйинларида қатнашиш борасида мутлақ рекордчи ҳисобланган Оксана Чусовитина делегациямиз байроқдори эканлигидан фахрлансак, бошқа тарафдан кўп жиҳатларни ўйлаб кишининг кўнгли эзилади. Қарама-қарши туйғулар гирдобидан чиқиш ва юксакликка кўтарилиш осон эмас, албатта. Авваллари футболчи олимпиячиларимиз ёзги Олимпиада йўлланмасидан қуруқ қолишганида, мундиал умиди мухлисларни ушлаб турарди. Энди шу умид ҳам йўқ...

Бирининг ортидан келган кейинги муваффаққиятсизлик мухлисларни анча шошириб қўйди. Бокс тили билан айтганда, аввал чап, кейин  эса ўнг қўл билан берилган кучли зарбалар ва том маънода нокаут! Футболимиз тарихида аввал бундай ҳолат кузатилган эмасди. Боз устига, сўнгги йилларда футбол бўйича мамлакатимиз ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари ҳам кичик мундиаллар йўлланмасини қўлга киритишолмади. Қўпол ўхшатиш бўлса ҳам таъкидлаш жоиз, бу - ўлганнинг устидан тепиш дегани. Вазиятлар ва фаолиятлари давридан келиб чиқиб, футболимиз мутасаддилар вақтинчалик чора-тадбирлар йўлини танлайверадилар, фурсат ўтаверади, тўрт йилликлар кетма-кет ортда қолаверади, раҳбарият ва ўйинчилар авлоди ҳам алмашаверади, натижадан дарак йўқ. Футбол аҳли эса кутиб чарчамоқда. Аёнки, чарчоқлар ичра энг оғир чарчоқ - кутиб чарчамоқ! Айниқса, мавҳумлик  бағрига кўмилган, номаълум муддат ва манзилларда ётган натижани кутиш ёши улуғ мухлислар учун оғирлик қилмоқда. Очиғи, ҳар сафар уларнинг кўнглини кўтариб, қалбларида келажакка умид уйғотиш тобора қийинлашиб бораётганини ўйласак, футболнинг миллат олдидаги миссияси нақадар катта аҳамиятга эга эканлиги яққол ойдинлашади.

Тан олиш керак, мулоқотлар чоғи  умид уйғотувчи сўзларимиз ишончсиз янграётгани ўзимизга ҳам сезилмоқда. Футболимиз келажагига, яқин йилларда қўлга киритилажак ютуқларга мухлисларни ишонтириш кун сайин қийинлашиб бормоқда. Тўғри, бугун келажак жамоаси «Олимпик» фаолиятда. Жамоа ўз ўйинлари билан соғлом рақобат муҳити қандай бўлиши кераклигини амалда исботламоқда. Буни ҳеч ким инкор этмайди. Бироқ мана шу «Олимпик» 2-3 йилдан сўнг юзага чиқадиган потенциали билан Париж-2024 йўлланмасини қўлга киритишга қодирми? Тўғриси, бу саволга ижобий жавоб қайтариш мушкул. «Олимпик», унинг мураббийи ва футболчиларига ҳурмат сақлаган ҳолда мазкур хулосани бугун, ҳозир айтишни лозим топдик.  Зеро, эртага кеч бўлмасин. Бугун жамоа таркибида ҳаракатчан, меҳнатсевар, тиришқоқ йигитлар тўп суришаётганига шак-шубҳа йўқ. Лекин улардаги савия ва маҳоратнинг ўсиш динамикаси катта мақсадларга эришиш учун етарли эмас, деб ўйлаймиз. Балки шунинг учун жамоа ҳозирнинг ўзида бир қанча футболчилар билан шартномани бекор қилгандир.

Демоқчимизки, Валерий Лобановский хотира турниридаги муваффақиятли қатнашув келажак учун кафолат бермайди. Гап олимпия ёшидаги футболчиларни тарбиялаш муаммолари билангина боғлиқ эмас. Айни чоғда футболимиз муҳитида кўзга ташланган истеъдодлар сарсон-саргардонликка учрашмоқда. Бугун Остон Ўрунов, Жасур Жалолиддинов, Бобур Абдухолиқов, Жасур Яхшибоев, Достон Турсунов каби истеъдодли йигитлар турли футбол муҳитлари ичра довдираб юришибди. Футболимиз жамоатчилиги эса бу жараёнда ажойиб томошабин. Кимлардир истеъдодларимизни қўлма-қўл қилишмоқда, у муҳитдан бунисига улоқтиришмоқда. Ўзбекистон футбол муҳити эса шунчаки, томошабин, томошабин бўлганда ҳам, лоқайд ва бефарқ томошабин.

Яқинда ҳамкасбимиз Саида Исмоилова алам билан «Миллионлар ўйиними ёки миллионерлар?!» номли мақола ёзди. Футболимиздаги аянчли аҳвол, ечимсиз муаммони кўрган аёл журналист куйиб-ёниб мулоҳазаларини билдиришдан ўзини тиёлмади. Нима, аёл журналистники мувозанатдан чиқарган бу муаммоларни футболимиз ичидагилар билишмайдими?! Билишади, жуда яхши билишади. Аммо ўзларини билмагандай тутишади. Лоқайдлик ва бефарқликнинг бундай сувюқмас намойиши дунёнинг бирор жойида бўлмаса керак.  Лоқайдлик ва бефарқлик занжирининг ҳалқалари бир-бирига шу даражада мустаҳкам боғланганки, қандайдир  муаммо ҳақида хабар ойдинлашса, бир овоздан индамаслик йўлини танлайди бу тоифа. Акс ҳолда, Мурод Хўжамбердиев - Раҳматовнинг фамилияси ва ёшини ўзгартириш билан боғлиқ масалага аллақачон ойдинлик киритиларди. Бир синчков нигоҳ сабаб жамоатчилик эътиборини тортган бу маълумот аслида ягона эмаслиги кўпчиликка аён. Бу каби иллатларга бош-қош бўлиб юрганларнинг ўзлари ҳам бир вақтлар ёшларини ўзгартиришган. Кимдир 53 эмас, балки 51 ёшга тўлгани ёки яна биров 34ни эмас, балки 37 ёшни уриб қўйгани ён-атрофдагиларга маълум. Футболимиз ичидаги кўпчиликда шундай иллат, тили қисиқлик бор.

Шунинг учун биров бировга тегмайди, бировнинг сирини очмайди. 14 ёшли ўғлининг  назорат ўйинида асосий таркибда майдонга тушиши учун мураббийга пора узатиб турадиган ота ҳам бу хусусда бировга тил ёрмайди. Яна кимдир легионер мураббий ва футболчилар шартномаси пардаси ортида «откат» борлигини билади-ю, ҳеч кимга чурқ этиб оғиз очмайди. Қойил! Бундай мустаҳкам, бир-бирини сотмайдиган ва шундай яшашни истайдиган, ўз манфаатини миллат футболи тақдиридан устун кўрадиган ишончли тармоқ - «сет» қандай яратилган экан-а?! Наҳотки, бу «сет»ни силкитадиган ва калава учини аста-секин тортиб, барча номаъқулчиликларни фош этадиган куч - ирода, виждон, юрак топилмаса бу футбол муҳити ичра?! Камбағалнинг боласи бокс тушиб, бойнинг фарзанди футбол ўйнайдиган замон қачонгача барқ уриб яшнайди?! Қачонгача унча кўп бўлмаган бир гуруҳ ўйинчилар шахсий манфаат ва яна қандайдир буюртмаларни бажариш мақсадида бир жамоадан иккинчисига ўтишаверади, шу тариқа футболимиз муҳитини айнитиб, унинг тараққиётини издан чиқаришаверади?!

Назаримизда, кимдир ёки кимлардир «Бундай ўйинлар жонга тегди, бундай ўйинлар ўзбек халқи ва футболи учун иснод!» - дейдиган вақт етиб келди! Муборак Қурбон ҳайити куни ушбу мулоҳаза-хулосаларимизни сиз билан ўртоқлашдик, азиз мухлис! Бунда ҳам бир ҳикмат бор. Илло, инсоф бериш Ўзига осон! Ҳайитингиз муборак бўлсин! Токио-2020да иштирок этадиган спортчиларимизга эса омад ва зафар тилаймиз!

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz