Қайднома

Қидирув

Кашфиётми ёки қаҳрамон?

Кашфиётми ёки қаҳрамон?

  24.07.2021 07:47
  0
  337
Кашфиётми ёки қаҳрамон?

Журналистлар Евро-2020 якунларига қараб, 10 нафар футболчини бош кашфиёт сифатида эътироф этишди. Қизиқарли гуруҳ. Очиғи, қуйидаги футболчилардан айримларига нисбатан «кашфиёт» атамасини қўллаш бироз ноўрин. Лекин бундай йирик турнирлар баъзи юлдузларни янги қирраларини очиб беришини ҳам унутмаслик керак.

Жанлуижи Доннарумма (Италия). Жижи-2 - кашфиёт? Наҳотки? Хулоса чиқаришга шошилманг. Италиялик кипер бутун Евро-2020 давомида ўз позицияси бўйича энг умидли футболчилардан бири эканлиги ва Италия термасида чин «биринчи ра­қам»­га айланганини тўла исботлади. У деярли барча жиҳатларда мукаммал ўйин намойиш этиб, якунда мусобақанинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинди. Қисқаси, Европа чемпионати Жижи-2 энди оддий умидли йигит эмас, балки энг яхши дарвозабонлардан бири эканлигини кашф этди.

 

Йоаким Мэле (Дания). «Аталанта»нинг ўз вақтида яна бир сифатли трансферни амалга оширгани тасдиқланди. Мэле деярли барча учрашувларда ҳужумга қўшилиш фазилатини кўз-кўз қилиб, рақиб ҳимоячиларини таҳликада ушлаб турди. Евро-2020 олдидан Мэлени ҳеч ким танимасди, энди эса гранд клублар уни кузатув остига олди. Ҳа, чин кашфиёт.

 

Дензел Дюмфрис (Нидерландия). Ўнг қанот ҳимоячиси гуруҳ босқичининг энг яхши футболчиларидан бирига айланди. Тўлиқ вақт давомида тиним билмайдиган «мотор». Дюмфрис энди «Интер» эътиборида. Умуман олганда, Дензелнинг яқин орада кучли лигалардан бирига йўл олишига шубҳа йўқ.

 

Симон Кьер (Дания). Яна бир ностандарт танлов. Симон анчадан буён юқори савияда ўйнамоқда. Евро-2020 унинг бошқа фазилатларини кашф этиб берди. Кристиан Эриксен юрак хуружига тушган ҳолатни эсланг - айнан Симон Кьер биринчи бўлиб ёрдамга шошилди, кейин жараённи камералар нигоҳидан тўсиш учун жамоадошлари айлана бўлиб туришларини таъминлади. Қолаверса, ҳаммани тинчлантиришга уринди.

 

Леонардо Спинаццола (Италия). Афсуски, бу йигитга чемпионликни майдонда шериклари билан нишонлаш насиб этмади. Муҳими, Леонардо Бельгия термаси билан баҳсда жиддий жароҳатга йўлиқишидан олдин 2та ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлди. Умуман, Спинаццола ҳам ҳимоя, ҳам ҳужумда ўзини кўрсата олди.

 

Миккель Дамсгор (Дания). Аввалги мавсум «Сампдория»да аста-секин кўзга ташланган даниялик реактив тезлиги билан «Реал», «Барселона», «Тоттенхэм» каби грандлар эътиборини ўзига қаратди. 21 ёшли йигитча Кристиан Эриксен сафдан чиққанидан кейин рақиб жарима майдони яқинида ижодкорликни тўлиқ ўз зиммасига олди. Заргарона узатмалар, чиройли ҳаракат, кучли зарба - буларнинг ҳаммаси Дамсгорда мужассам.

 

Калвин Филипс (Англия). «Уч шерлар» таркибига қўққисдан бош суққан йигит. У жисмоний кучи ва меҳнатсеварлиги, ҳар бир тўп учун охиригача курашиш қобилияти билан ажралиб турди. Умуман, турнир давомида Англия термасининг ярим ҳимоя­си катта салоҳиятга эгалигини намойиш этди. «Лидс» вакили эса майдон марказини айниқса, Деклан Райс билан бирга «ёндирди», гўё.

 

Патрик Шик (Чехия). Агар Криштиану Роналду бўлмаганида, ҳозир чехиялик ҳужумчига нисбатан «Турнирнинг мутлақ энг яхши тўпурари» таърифини ишлатардик. Шик Евро-2020ни қандай бошлаганини бир эсланг - майдон марказидан гол! Унинг ўша голи Европа чемпионати «олтин коллекция»сидан жой олгани тайин.

 

Киффер Мур (Уэльс). Гарет Бэйл, Аарон Рэмси ва Ден Жеймс — Уэльс термаси айнан шу йигитларга катта умид боғлаганди. «Кардифф Сити» ҳужумчиси Киффер Мур эса шерикларининг креатив ҳаракатларига ўзгача мазмун олиб кириб, қайсидир маънода уларни сояда қолдирди. Ҳа, у турнирда 1тагина гол урди, аммо ҳамиша эффектли курашиб, АПЛ иштирокчилари рўйхатига тушди.

 

Жереми Доку (Бельгия). Ҳамма Бельгия футболидаги «олтин авлод»нинг кучи тобора камайиб бораётганини таъкидламоқда. Ёш Жереми Доку эса Европа чемпионатида муносиб ўйин кўрсатиб, мамлакат футболининг янги иқтидорларга бой эканлигига ишора қилди. Техник салоҳият, тезлик ва позиция танлаш - Докуда ҳаммаси жойида.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz