Қайднома

Қидирув

«Барса»га - 3,2 млн., «Зенит»га - 0 ёки ФИФАнинг КОМПЕНСАЦИЯ ТИЗИМИГА НАЗАР

«Барса»га - 3,2 млн., «Зенит»га - 0 ёки ФИФАнинг КОМПЕНСАЦИЯ ТИЗИМИГА НАЗАР

  25.07.2021 11:33
  0
  300
«Барса»га - 3,2 млн., «Зенит»га - 0 ёки ФИФАнинг КОМПЕНСАЦИЯ ТИЗИМИГА НАЗАР

Халқаро футбол уюшмаси маълумотларига қараганда, Евро-2020 давомида 18та миллий жамоанинг 30 нафар футболчиси жароҳатланди. Шундан камида 8 нафарининг тикланиши учун бир ойдан кўпроқ вақт кетади. Пандемия давридаги молиявий ҳолатни ҳисобга олсак, бу клублар учун кучли зарба, албатта. Лекин футболчисини терма жамоалар турнирида йўқотган клублар энди ўз ҳолича ташлаб қўйилмайди. Муҳим факт: ФИФА терма жамоа ўйинидаги жароҳат ортидан камида 4 ҳафтага сафдан чиққан футболчи учун унинг клубига компенсация тўлайди. Ўзи клублар жароҳат масаласида 80 йилдан буён адолат излаётганди, ФИФА эса яқиндагина таслим бўлди.

Футбол тақвимида миллий жамоалар ўйинларини аниқ муддатларга белгилаш тизими ишлаб чиқилганидан сўнг муаммо кўлами янада ортди - клублар футболчиларни соғлом юбориб, жароҳатланган ҳолда қабул қилишарди. Бироқ ҳеч ким клубларни даволаниш муддати давомида футболчиларга маош тўлаш мажбуриятидан озод қилишни ўйламади. «Биз муайян футболчининг йиллик маошига 6000-7000 фунт ажратамиз, - дея нолиганди ўз шахсини яширган Англия клубларидан бирининг менежери узоқ 1934 йили Guardian нашрига берган интервюсида. - У эса терма жамоа ўйинидан умрбод ногирон бўлиб қайтиши ҳеч гап эмас. Боз устига, умуман маъноси йўқ ўртоқлик учрашувидан». Мавжуд ҳолат клублар ва миллий федерациялар ўртасидаги муносабатларга «заҳар» сочди. Хусусан, терма жамоалар раҳбарияти клубларнинг футболчиларни қўйиб юборишдан бош тортишидан шикоят қилди. Яна ФИФА кунлари арафасида футболчиларни тўсатдан жароҳатланишлари кўпайди - сохталик. Тушанарлики, ўртоқлик ўйинида орттирилган жароҳат ҳам баъзан футболчининг бутун фаолиятига нуқта қў­йиши ёки уни йирик турнирлардан четга чиқариши ҳеч гап эмас. Оддий мисол, 2006 йили жуда яхши спорт формасида бўлган «Ливерпуль» ҳужумчиси Жибриль Сиссе Хитой термаси билан «ўртоқлик»да оёғини синдириб олди ва Германия мундиали томошабинига айланди. Бугунги кундан ёрқин мисол - АПЛнинг энг кучли қанот ҳимоячиларидан бири Трент Александр-Арнольд Австрия термасига қарши назорат баҳсида худди шундай вазиятга тушиб қолди ва Евро-2020да ўйнашдан маҳрум бўлди.

Қисқаси, терма жамоалар ихтиё­рида жароҳат орттириш ҳолатларидан кўп азият чеккан клублар менежерлари охирги йилларда бу масалада ошкора жанг бошлаш позициясига келишди. Бир қарашда, икки томон ҳеч қачон келишолмайдигандек туюлганди, аммо Польша ва Украинада ташкиллаштирилган Евро-2012 арафасида вазият ўзгарди - ФИФА|УЕФА «Клубларни ҳимоя қилиш дастури» номли ҳужжатни расмийлаштирди. Моҳиятан олганда, бу ўзига хос суғурта ҳисобланади. Яъни мазкур ҳужжат терма жамоалар ўйинида жароҳатланган футболчилар учун клубларга маълум миқдорда компенсация тўлашни кафолатлайди. Хўш, тизим қандай ишлайди?

1. Футболчи клубдан миллий жамоага кетган кундан ортга қайтишига қадар суғурталанган ҳисобланади.

2. Суғурта нафақат ўйинлар, балки машғулотлар ва ҳаттоки, саёҳатлар, қўйингги, терма жамоа ихтиёрида ўтган бутун вақтни қамраб олади (масалан, футболчи жамоа айби билан қандайдир бахтсиз ҳодисага учраса ҳам, компенсация берилади).

3. Компенсация тўлови футболчининг сурункали хасталикларига тааллуқли эмас, фақат юрак тизими муаммолари бундан мустасно (юрак хуружи, қон томирларига боғлиқ муаммолар ва ҳоказо). Дейлик, «Интер» айни шу бандга мувофиқ, даниялик Кристиан Эриксен учун товон пули олади.

4. ФИФА жароҳатланган футболчи сафга қайтишига қадар унинг шартномада белгиланган маошини тўлиқ ўз зиммасига олади. Аммо битта муҳим жиҳат бор - тўлов жароҳат давомийлиги 28 кундан ошсагина амалга оширилади. Оддий айтганда, бу банд фақат нисбатан оғир жароҳатларга тааллуқли. Қисқаси, футболчи 3 ҳафтадан кейин сафга қайтишга тайёр бўлса, клублар ҳеч нарса олмайди.

5. Чекловлар ҳам мавжуд: ФИФА жароҳатланган футболчининг клубига максимал 1 йил муддат учун товон тўлайди. Бунда бир футболчига тўланадиган умумий сумма 7,5 миллион евродан ошмайди.

Келинг, энди барчасини аниқ мисол билан кўриб чиқамиз. Франция миллий жамоасининг «Барселона»га тегишли ҳужумчиси Усмон Дембеле Евро-2020да сон мушаклари соҳасидан жароҳатланди. Хабарларга қараганда, у 4 ой муддатга сафдан чиқди. Дембеленинг клубдаги ҳафталик маоши 212 минг фунт (250 минг евро)га тенг. Агар ташхис расман тасдиқланса, ФИФА «Барселона»га Дембеленинг 3 ойлик маоши (тахминан 13 ҳафта) миқдорида товон тўлайди. Бу чамаси 2 миллион 756 минг фунт (3,2 миллион евро)ни ташкил этади. Яна бир томони, ФИФА фақат маошни қоплайди. Яъни шартномада белгиланган бонус тўловлари ҳисобга олинмайди. Шунингдек, футболчини даволаш харажати ҳам қопланмайди. Терма жамоада жароҳатланган пайт шартномага эга бўлмаган футболчи учун ҳеч қандай товон берилмайди, албатта. Мисол учун, «Зенит» ва Юрий Жирков ўртасидаги битим 1 июль куни якунланган эди. Демак, Питер жамоаси Россия термаси ўйинида сафдан чиққан фахрий футболчи учун ФИФАдан пул олишга умид боғлолмайди.

Экзотикнамо бандлар ҳам бор. Масалан, Европа иттифоқи ёки АҚШ томонидан санкцияга учраган клубларга товон берилмайди. Шунга асосан айтсак, Андрей Семёнов Евро-2020да жароҳатланган тақдирда ҳам, «Ахмат»га компенсация тўланмасди.

УЕФА томонидан Евро-2020 учун компенсация сифатида тўланадиган умумий сумма тахминан 16,7 миллион еврони ташкил этади, шундан деярли ярми (максимал сумма - 7,5 миллион евро) «Интер» ҳисобига Кристиан Эриксен билан юз берган воқеа товони сифатида тушади. Бу клуб харажатининг катта қисмини қоплайди. Эслатма, даниялик футболчининг «Интер»даги йиллик маоши 10 миллион еврога тенг.

Евро-2020да жароҳатланган футболчилар

АВСТРИЯ

Валентино Лазаро («Интер») - сонининг орқа қисми. Тикланиш муддати - 1 ойдан камроқ

БЕЛЬГИЯ

Тимати Кастань («Лестер») - кўз қафаси деворининг синиши. Тикланиш муддати - 2 ой. Ҳафталик иш ҳақи: 67 минг фунт

Эден Азар («Реал») - сон мушаклари. Тикланиш муддати - 1 ойдан камроқ

Симон Миньоле («Брюгге») - тизза жароҳати. Тикланиш муддати - маълумот йўқ

Носир Шодли («Истанбул») - мушаклар шикастланиши. Тикланиш муддати - маълумот йўқ

ДАНИЯ

Кристиан Эриксен («Интер») - юрак тизими муаммолари. Тикланиш муддати - узоқ вақт. Ҳафталик маоши - 243 минг фунт

Андреас Кристиансен («Челси») - тиззаости пайлари чўзилиши. Тикланиш муддати - маълумот йўқ

АНГЛИЯ

Дин Хендерсон («МЮ») - сон жароҳати. Тикланиш муддати - маълумот йўқ

ФРАНЦИЯ

Усмон Дембеле («Барселона») - сон шикастланиши. Тикланиш муддати - 4 ой. Ҳафталик иш ҳақи - 212 минг фунт

Люка Динь («Эвертон») - соннинг орқа юзаси. Тикланиш муддати - 1 ойдан кам

Жюль Кунде («Севилья») - лат ейиш. Тикланиш муддати - 1 ойдан кам

Кингсли Коман («Бавария») - мушаклар шикастланиши. Тикланиш муддати - 1 ойдан кам

ГЕРМАНИЯ

Лукас Клостерманн («РБ Лейпциг») - пай чўзилиши. Тикланиш муддати - 3 ҳафта

Йонас Хофманн («Боруссия» М.) - тизза жароҳати. Тикланиш муддати - 1 ҳафта

ИТАЛИЯ

Леонардо Спинаццола («Рома») - пай чўзилиши. Тикланиш муддати - 1 йил. Ҳафталик маоши - 98 минг фунт

НИДЕРЛАНДИЯ

Люк де Йонгг («Севилья») - тизза жароҳати. Тикланиш муддати - 1 ой

ПОЛЬША

Якуб Модер («Брайтон») - тизза жароҳати. Тикланиш муддати - 1 ой

ПОРТУГАЛИЯ

Нуну Мендеш («Спортинг») - мушак шикастланиши. Тикланиш муддати - 2 ҳафта

РОССИЯ

Юрий Жирков (клубсиз) - сон мушаклари чиқиши. Тикланиш муддати - 2 ой

ШОТЛАНДИЯ

Грант Хэнли («Норвич») - тиззаости пайлари чўзилиши. Тикланиш муддати - 5 ҳафта. Ҳафталик иш ҳақи - 25 минг фунт

СЛОВАКИЯ

Иван Шранц («Яблонец») - тиззаости пайлари чўзилиши. Тикланиш муддати - 1 ой

ИСПАНИЯ

Пабло Сарабия («ПСЖ») - мушаклар шикастланиши. Тикланиш муддати - 2 ҳафта

Альваро Мората («Ювентус») - мушаклар шикаст­ланиши. Тикланиш муддати - 1 ҳафта

Эрик Гарсия («Барселона») - оёқ бош бармоғи томирининг узилиши. Тикланиш муддати - 3 ҳафта

ШВЕЙЦАРИЯ

Бреэль Эмболо («Боруссия» М.) - тиззаости пайларининг чўзилиши. Тикланиш муддати - 2 ҳафта

ТУРКИЯ

Умут Мераш («Гавр») - мушаклар шикастланиши. Тикланиш муддати - 1 ҳафта

УКРАИНА

Денис Попов («Динамо» К.) - товон шикастланиши. Тикланиш муддати - 3 ҳафта

Артём Беседин («Динамо» К.) - тизза бўғимлари шикастланиши. Тикланиш муддати - 6 ой. Ҳафталик маоши - маълумот йўқ

Сергей Кривцов («Шахтёр») - тизза жароҳати. Тикланиш муддати - маълумот йўқ

УЭЛЬС

Коннор Робертс («Суонси») - тос суяги жароҳати. Тикланиш муддати - 3 ой. Ҳафталик иш ҳақи - 14 минг фунт


Муҳаммадсодиқ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz