Қайднома

Қидирув

Якун: «Лилль» - ўзгача чемпион

Якун: «Лилль» - ўзгача чемпион

  25.07.2021 15:00
  0
  346
Якун: «Лилль» - ўзгача чемпион

Европа миллий чемпионатлари якунига етгани ҳамоно ҳамма бор эътиборини қитъа биринчилигига бурганди табиий равишда. Мана, энди бироз кеч бўлсада, лоақал кучли 5та лига якунларига дахлдор эътиборли воқеликларга алоҳида тўхталиш мумкин. Биринчи навбатда, Лига 1да «ПСЖ»дек рақибни ортда қолдирган «Лилл»ни эътироф этиш керак. Чиндан ҳам, бу йил миллий чемпионатларда ғолиб чиққанлар орасида бу жамоа ўзигагина хос айрим жиҳатлари билан яққол ажралиб турди. Дейлик, Лига1да ажабтовур инқилобни амалга оширган «бульдоглар»ни 35 ёшдан ошган икки нафар фахрий асосий етакчилар сифатида олға бошлашди Демак, gol.ru сайтининг Франция чемпионига аталган мақоласи билан танишамиз.

Умуман олганда, «Лилль»-2020|2021га дахлдор ажобтовур фактлар шу қадар кўпки, уларга қараб, кўҳна Европа тарихда ҳали бундай ғайритабиий чемпионга дуч келмаганини осонгина тушуниш мумкин:

***Диққат қилинг, «Лилль» ортда қолган мавсум давомида атиги 3та жамоага ютқазди. Йўқ, «ПСЖ» ёки «Монако»га эмас, балки якуний турнир жадвалида тегишлича, 12, 16 ва 19-ўринларга жойлашган камтарин «Брест», «Анже» ва «Ним» клубларига...

***«Лилль» хавфли вазиятлар (xG) яратиш  бобида Лига1да атиги 10-кўрсаткични қайд этди. Европанинг кучли 5та лигасига қарасак, Франция чемпионати ғолиби бу борада бор-йўғи 36-қаторда.

***Яна бир антиқа факт: «Лилль» етакчиларидан бири Бурак Йилмаз  жамоа сафига қўшилишига қадар 18 йил (бутун фаолияти давомида) фақат Туркияда ўйнаганди ва у 35 ёшидагина хориж сафарига чиқди. Ана шу «қария» 27та ўйинда 15та гол уришдан ташқари, 5та самарали узатмага муаллифлик қилди.

***Кейинги яққол далил: «Лилль» - ҳимоя чизиғининг мустаҳкамлиги бўйича кучли лигалар иштирокчилари орасида мутлақ етакчи. «Бульдоглар» ўз дарвозалари яқинида хавфли вазиятларнинг юзага келишига жуда кам йўл қўйишди. Ҳаттоки, «Манчестер Сити», «Атлетико» ва «Челси» каби орқа чизиғи мустаҳкам клублар ҳам якунланган мавсум бу масалада «Лилль» олдига тушолмади.

Тўхтанг, тўхтанг. Мустаҳкам ҳимоя қўрғонига эга жамоа чемпион? Қанақасига? Ким 37 ёшида ҳаммадан барвақт машғулотга киришади? Аслида бунинг ажабланадиган томони йўқ. «Лилль» шунчаки, Диего Симеоненинг энг ёрқин классик «Атлетико»сини эслатади - мукаммал даражага олиб чиқилган ҳимоя қўрғони. Ҳар бир футболчи қаерда қандай ўйнаш кераклигини яхши билади, жамоадошининг режасини бир қарашдаёқ сезади. «Лилль» схема бўйича икки чизиқли ихчам чизги (4-4-2) асосида ўйнади. Ҳимоя ва ўрта чизиқда ҳаракатланадиган футболчилар ўртасидаги масофа минимал даражада қисқа. Яна синхрон ҳаракат йўлга қўйилган. Жамоа шунинг эвазига рақибларни ўз жарима майдони яқинида тўхтатди, бунда юқори прессинг қўлламади ҳам. Яъни рақибни майдон маркази ва жарима чизиғи оралиғида зарарсизлантирди. Бир қарашда, ҳаммаси жуда оддий, ортиқча мураккаблик йўқдек. Бироқ бу услубда муваффақиятга эришиш учун асосан 2та жиҳатни уйғунлаштириш талаб этилади:

А). Юксак эътибор - ўйиннинг бошидан охиригача ҳушёрликни йўқотмаслик.

Б). Ўйинчилар ўртасида узлуксиз алоқани таъминлаш. Улар мавсум давомида имо-ишоралар орқали кўрсатмалар беришлари ва доимий мулоқотда бўлишлари билан кўзга ташланишди.

Энди навбат жамоани шоҳсупага олиб чиққан қаҳрамонларга:

***37 ёшли Жозе Фонте. Сардор. У суперпарҳезга риоя қилади. Машғулотларни ҳаммадан олдин бошлайди, залда кўп шуғулланади, жамоадошларини руҳлантиради. Фонте ўз тажрибасига таянган ҳолда, ҳимоя қўрғонини ташкил этди, ҳаммадан кўп кўрсатма бериш билан ўйинни бошқарди.

***Жозе Фонте ёнида ўғли қатори йигитча - 21 ёшли нидерландиялик Свен Ботман ҳаракатланди. Европанинг энг яхши ёш марказий ҳимоячилари қаторига қўшилган футболчига қишда «Ливерпуль» харидор бўлди. Свеннинг устун жиҳатлари - аниқ узатмалар, юксак техника ва вазиятни ҳис этиш қобилияти. «Лилл»да йўлга қўйилган тартибли футбол Ботманнинг орқа чизиқда янада ишончлироқ тўп суришини таъминлади.

***Бенжамен Андре - таянч зонаси ҳоқони. У рақиб узатмаларини кесиб қўйиш ва тўпни тортиб олиш бобида Лига1да учинчи яхши натижага эришди. Андрени алдаб ўтиш осон эмас, чунки у ўйин равишини осонгина «ўқийди». Бу йигит 3, балки 2 йилдан кейин қайсидир топ-клубга йўл олса, ажабмас.

***Лига1нинг мавсумдаги энг яхши дарвозабони - Майк Меньян. Яқинда «Милан» сафига қўшилган кипер якунланган мавсум PSxG кўрсаткичи бўйича ҳар ўйинда «Лилл»ни 4,6та голдан қутқариб қолди. У бу борада кучли лигалардаги голкиперлар орасида 15-яхши натижага эга бўлди.

Шундай мустаҳкам ҳимоя чизиғини бош мураббий Кристоф Гальтье шакллантирди. Қулаётган жамоани қабул қилиш ва бошқалар ишига аралашмаслик. Кристоф 2017 йилнинг декабрида «Лилль» бошқарувида иш бошлаганида, жамоа аутсайдерлар сафида юрганди. Айнан унинг ҳаракатлари эвазига жамоа 17-ўринга кўтарилиб, элитада ўрнини сақлаб қолди. Бунгача Гальтье 9 йил давомида «Сент-Этьен»ни бош­қарганди - барқарор, лекин айтарли ютуқсиз. Мураббий ўзига хос сирли жиҳатларга эга эмас, у ўйинчилар билан яхши муносабат ўрнатиш эвазига қатъий интизом жорий этди, холос. Албатта, шу жиҳатнинг ўзидан ҳам истаганча сир топиш мумкин. Жамоани мураккаб механизм мурватларидек бир маромда ишлашига қандай эришиш мумкин? Мураббийни барча футболчилар доимо диққат билан тинглашлари ва кўрсатмаларини тўла-тўкис адо этишлари учун нима қилиш керак? Гальтьенинг ўзи бу масалада бир оғиз ҳам гапирмаган. Шунчаки, «Лилл»нинг асосий қудрати жамоавий ўйинда эканлигини таъкидлаган, холос. Лекин у яшил майдон ташқарисида қатъий қоидага амал қилади - мураббий ваколатига кирмайдиган ишларга асло аралашмайди. Дейлик, трансферлар масаласига ҳам. «Моддий масалаларга аралашиш, трансферлар борасида музокара жараёнига қўшилиш - мураббий учун вақтни беҳуда ўтказиш», - деганди Гальтье.

«Лилл»да бош мураббий юз ўгирган барча масалалар билан Луиш Кампуш шуғулланди. Гап Европадаги энг таниқли спорт директорларидан бири ҳақида кетмоқда. ЧЛ ярим финалига чиққан, «ПСЖ»дан чемпионликни тортиб олган «Монако»ни айнан шу мутахассис яратганди - Париж грандининг азалий рақиби. Килиан Мбаппени ҳам айнан Кампуш кашф этган. Тома Лемар, Антони Мартиаль, Бенжамен Менди, Бернарду Сильва, Фабиньо, Тьемуэ Бакайокони ҳам. Кампуш Порту университетида Жозе Моуриньо билан битта факультетда таҳсил олган. Кейин Жозе каби Португалия клубларини бош мураббий сифатида бошқарди, вақти келганда, машҳур касбдоши жамоа­ларини мағлубият домига тортди. Лекин сезиларли муваффақиятга эришолмади. Португалия­лик экспертлар Кампушни заиф мураббий, зукко музокарачи сифатида эътироф этадилар. У 2005 йили футболдан зерикиб, ўзини бизнес ва муаллимлик соҳаларига урганди. Моу 7 йилдан кейин хусусий ресторани ва мактабида ишлаб юрган касбдошини «Реал» скаутлик хизматига таклиф этди. 2013 йили эса Кампуш «Монако»ни қайта шакллантиришга киришди: мураббийлар штаби, клуб менежменти, хизматчилар тизимини ўзгартирди. Шунингдек, скаутлик тизими ва рақибларга қарши тайёргарлик услубини ишлаб чиқди. Ҳа, шу ишларнинг барчасини ёлғиз ўзи уддалади - 1 йилда самолётларда Ер ва Ой оралиғига тенг масофани учиб ўтди. Тинимсиз югур-югурлар ва кескинлик туфайли ҳолдан тойгач, 2016 йили янги муҳит сари йўл олди.

Кампуш «Лилл»да кашф этган иқтидорлар сафи янада узун: Николя Пепе, Виктор Осимхен, Рафаэль Леау, Фоде Балло-Туре, Жонатан Иконе, Зеки Челик, Жонатан Бамба, Жозе Фонте, Свен Ботман, Бурак Йилмаз, Юсуф Язижи. Умуман, Кампуш даврида жамоанинг трансферлар баланси: }169 млн. еврони ташкил этди. Хуллас, Кампуш } Гальтье қ чемпионлик. Бироқ бу ажабтовур, ғайритабиий зафарнинг давоми йўқ. Кампуш энди клуб тизимида эмас. Чунки яқинда «Лилль» соҳиби улкан қарзга ботиб қолган жамоа тизгинини инвестиция жамғармасига топширди. Гальтье эса осойишта «Ницца»га йўл олди. Маоши икки баравар кўп, қолаверса, оиласига жуда яқин маскан...

Эҳтимолки, «Лилль» бир лаҳзага «портлаган» ва чемпионлик унвонини олганидан кейин парчаланиб кетган жамоага айланар... Бироқ нима бўлганда ҳам, унинг йўли жуда чиройли ва асосийси, қизиқарли чиқди...

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz