Қайднома

Қидирув

Легионерларимиздан дараклар: 70 минг евро эмас, бунинг ярми...

Легионерларимиздан дараклар: 70 минг евро эмас, бунинг ярми...

  27.07.2021 06:46
  0
  296
Легионерларимиздан дараклар: 70 минг евро эмас, бунинг ярми...

«Тобол» Сергеев трансферига қанча тўлаган? Олдинроқ «Тобол» клуби «Пахтакор» тарбияланувчиси Игорь Сергеев трансфери учун «Актобе»га 70 минг евро тўлагани ҳақида хабар тарқалганди. Бироқ Костанай клуби буни тасдиқлагани йўқ. «Тобол» матбуот хизматининг маълум қилишича, трансфер баҳоси ОАВда берилган суммадан икки баравар кам. «ОАВда «Тобол» Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеевни катта маблағга сотиб олгани ҳақида хабар берилди. Кўрсатилган сумма ҳақиқатга тўғри келмайди. Жамоа Сергеев трансферига айтилган суммадан икки баравар кам сарфлади. Қолаверса, белгиланган маблағ «Актобе»га бўлиб-бўлиб тўланади», - дейилади «Тобол» матбуот хизмати баёнотида. Маълумот учун, Сергеев шу билан хориж клублари томонидан 3-марта сотиб олинди. Бунга қадар Игорнинг трансфер ҳуқуқи учун «Ал-Дафра» 1,5 млн. евро, «Пекин Гуоан» эса 500 минг евро (6 ойлик ижара учун) тўлаганди. Ўз ўрнида битта факт - Игорь Сергеев «Тобол»нинг энг қимматбаҳо футболчи ҳисобланади. Унинг трансфери жаҳон бозорида 1,5 млн. еврога баҳоланмоқда. Айтганча, «Тобол» ҳафта ўртасида Конференция лигаси иккинчи саралаш босқичи доирасида «Хайдук» (Хорватия) меҳмони бўлди. Сплит шаҳрида ўтказилган баҳсда мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Игорь Сергеевга келсак, ҳамюртимиз ўйинга 57-дақиқасида қўшилди. Жавоб ўйини 29 июль кунига белгиланган. Якшанба куни «Тобол» мамлакат кубоги гуруҳ босқичи 3-турида «Махтаарал» билан тўқнашиб, 3:3 ҳисобини қайд этди. Ҳамюртимиз бу учрашувда 57 дақиқа тўп сурди.

Ҳисоб - 26:0, Мўйдиновдан «дубль». Эстония кубогидан ўрин олган «Тулевик Вильянди» - «Лелле» ўйинида ноёб ҳисоб қайд этилди - 26:0. Мезбон жамоанинг голларидан 2таси ҳамюртимиз, ёш ҳимоячи Абубакр Мўйдинов ҳисобига ёзилди. Ўйинда 2та «гекса-трик» (6та гол) кузатилганини ҳам айтиш керак.

«Ўртоқлик»да яна гол. Янги мавсумдан олдин Австрияда йиғин олиб бораётган «Женоа» нав­батдаги ўртоқлик ўйинида маҳаллий «Ваккер» жамоаси билан куч синашди ва 4:1 ҳисобда ғалаба қозонди. Австриядаги дастлабки назорат ўйинида гол урган Генуя клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов бу сафар ҳам рақиб дарвозасини ишғол қилди. Режага мувофиқ, «Женоа» 24 июль куни «ПСЖ»га қарши майдонга тушиши керак эди. Бироқ бу ўйин қолдирилди. Маълум бўлишича, ўйинни бекор қилиш ташаббуси «Женоа»дан чиққан. Сабаб - коронавирус билан боғлиқ ҳолат.

Iltempo хабарига кўра, «Рома»нинг Элдор Шомуродовга қизиқиши ҳали сўнмаган. Римликлар ҳаттоки, 26 ёшли ҳужумчимиз трансферига испаниялик Педрони қўшишга ҳам тайёрлар. Бу борада «Рома» бош директори Тьягу Пинтунинг шахсан ўзи «Женоа» вакиллари билан алоқага чиқди. Футболчимизнинг трансфери чамаси 15 миллион еврога баҳоланмоқда. Римликлар Шомуродовнинг кейинги трансфер суммасидан маълум фоизини «Женоа»га беришга ҳам розилар. Яна бир вариант­га кўра, Жозе Моуриньо жамоаси Элдорни кейинчалик харид қилиш ҳуқуқи ёки мажбурий трансфер шарти асосида ижара келишуви бўйича олишга ҳам рози. Рим клуби директори келишувга испаниялик Педрони қўшиш вариантини илгари суриши ҳам мумкин. Чунки Жозе Моуриньо бу футболчига унча ишонч билдирмаяпти. Манба маълумотида таъкидлашича, агар Рим клуби расман таклиф юборса, Шомуродов уни ҳеч иккиланмасдан қабул қилиши мумкин. Олдинроқ португалиялик мутахассиснинг ўзи ҳам ҳужумчимизни шогирдлари қаторида кўришни хоҳлаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Эслатма, Элдор «Женоа»га ўтган йили «Ростов»дан 7,5 миллион евро эвазига ўтиб, 4 йиллик шартнома тузганди. У «А» сериянинг якунланган мавсуми доирасидаги 31та ўйинда қатнашиб, 8та гол урди. Охирги маълумотларга қараганда, «Женоа» бош мураббийи Давиде Баллардини клуб раҳбариятига мурожаат қилиб, Шомуродовни сотмай туришни сўраган. «Матч ТВ» шарҳ­ловчиси Нобель Арустамян ҳам олдинроқ «Женоа» Элдорни жорий ёз қўйиб юбормаслигини маълум қилганди. Қолаверса, генуяликлар айни пайт ҳужумда ҳамюртимиз билан ўйнашга муносиб номзод қидирмоқда. Умуман олганда, «А» серия клубларининг Ўзбекис­тон миллий жамоаси вакилига қизиқаётгани ҳақида бирин-кетин хабарлар тарқалмоқда. Хусусан, шу ой Calciomercato нашри «Рома» қизиқиши ҳақида ёзди ва Рим клуби директорлар кенгаши Шомуродов номзодини рўйхатга қўшганини маълум қилди. Қолаверса, ҳамюртимизга «Ювентус» томонидан қизиқиш борлиги юзасидан бот-бот хабарлар чиқмоқда. Бу маълумотни биринчи бўлиб Tuttosport нашри эълон қилганди. Шомуродовга яна бир эҳтимолий даъвогар - «Интер». «Матч ТВ» маълумотига кўра, жамоанинг янги устози Симоне Инзаги ҳужумда Ромелу Лукакуга янги шерик топмоқчи. Ҳамюртимизнинг ўзига келсак, у «Женоа» бош мураббийи Давиде Баллардини қарорини ҳурмат қилади ва ҳозирча бошқа клубга ўтмаса керак. Ҳар ҳолда, Элдор яқинда Генуяга оиласини ҳам олиб кетди.

Умаров ҳам еврокубокларда. Беларуснинг БАТЭ клуби УЕФА байроғи остидаги янги турнир - Конференциялар лигаси саралаши иккинчи босқичида Батуми «Динамо»сини ягона гол эвазига мағлубиятга учратди. Жамоа сафидаги ҳамюртимиз Шаҳбоз Умаров Грузияда бўлиб ўтган баҳснинг 90-дақиқасигача фаол ҳаракатланиб, ғалабага муносиб ҳисса қўшди. 

Достон Турсунов ўша Феллайнига қарши. Хитой Суперлигаси 8-туридан ўрин олган «Шандонг Луненг» - «Чунцин Лифан» баҳси 3:1 ҳисобида тугади. Меҳмон жамоа сафида тўп сураётган Достон Турсунов тўлиқ 90 дақиқа давомида ҳаракатланди. Ҳамюртимиз жумладан, майдонда Маруан Феллайнига қарши тўп сурди.

Алибоев жамоасида ғалаба. «Тэжон Ситизен» Жанубий Корея «К»-2 лигаси 22-турида «Пусан И~Парк»ни қабул қилиб, 3:1 ҳисобида ғалабага эришди. Бу ютуққа 90 дақиқа давомида тиним билмаган ярим ҳимоячи Икром Алибоев ҳам сезиларли ҳисса қўшди.

Бир бўлим ҳаракат. Виталий Денисовнинг янги клуби - «Балтика» МФЛ (иккинчи даражали дивизион) 3-турида «Оренбург»ни қабул қилиб, дуранг натижа билан чекланди - 1:1. Бошланғич таркибда майдонга тушган терма жамоамиз собиқ ҳимоячиси танаффусгача ҳаракатланиб, кейин ўрнини захирачига бўшатиб берди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz