Қайднома

Қидирув

Вильфрид БОНИ: «ЯНА УЧ ЙИЛ ФУТБОЛ ЎЙНАМОҚЧИМАН»

Вильфрид БОНИ: «ЯНА УЧ ЙИЛ ФУТБОЛ ЎЙНАМОҚЧИМАН»

  28.07.2021 06:36
  0
  448
Вильфрид БОНИ: «ЯНА УЧ ЙИЛ ФУТБОЛ ЎЙНАМОҚЧИМАН»

32 ёшли ивуарлик ҳужумчи Вильфрид Бонидан FourFourTwo журнали мухбирлари интервью олишди. Мазкур суҳбатда Вильфрид Англиядаги фаолияти, COVID-19 пандемияси боис мавҳум бўлиб қолган келажакдаги режалари ҳақида тўхталиб ўтди.

- Тўнғич ўғлингиз, яъни 16 ёшли Жеффруа профессионал футболдаги илк шартномасини «Суонси» клуби билан имзолади. Энди «Либерти Стэдиум»да Бонининг янги рақсини томоша қиламизми?

- Албатта, шунга умид қиламиз. Жеффруа жуда иқтидорли. Унда менинг жисмоний кучим бор, лекин у мендан кўра тезроқ югуради. Иккинчи ўғлим Орфи ҳам «Суонси» академиясида таҳсил олмоқда. Улар Суонсида ўзларини худди уйларидагидек ҳис қилишади. Европага кетиш олдидан, анча ёш бўлганимда, оталик бахтига муяссар бўлганман. Ўшанда ишим ҳам, пулим ҳам йўқ эди. Футбол сабабли мактабни ҳам битира олмаганман. Отам ўқитувчи эди. У менга: «Вильфрид, ҳаётда футболдан ҳам муҳимроқ нарсалар бор. Илм олишга интил», - деганди. Унга тақдиримга футболчи бўлиш ёзилганини таъкидлагандим. Кейинчалик отам футболчилик касбимни тан олди ва муносабатларимиз яхшиланди. Отам 2018 йили вафот этишидан олдин, мен ва футболчиликда эришган ютуқларим билан фахрланишини айтганди. Ҳозир ўғилларимга мактабда яхши билим олишларини таъкидлайман. Улар «Суонси»нинг асосий таркибидан жой олишса, жамоа мухлислари мен учун аталган «Бони» қўшиғини яна куйлаш имкониятига эга бўлишади.

- «Суонси»даги дастлабки фаолиятингиз ажойиб кечганди...

- Ҳа, мазкур жамоадаги 2013-2015 йилллар мавсумидаги фаолиятим жуда муваффақиятли кечганди (ўшанда Вильфрид 54та ўйинда 25та гол урганди. У 2017-2019 йилларда ҳам суонсиликлар таркибида ўйнади. Аммо ўша даврдаги фаолияти омадсиз кечиб, 22та баҳсда 3 гол урганди, холос - IFF изоҳи). «Суонси» таркибига «Витесс»дан қўшилгандим ва 2012|2013 йиллар мавсумида ушбу жамоа сафида 31та гол уриб, Эредивизия тўпурари бўлгандим. Ўша мавсум миллий чемпионат баҳсларида «Фейеноорд», «Аякс» ҳамда ПСВ жамоаларини мағлубиятга учратишга муваффақ бўлгандик. Афсуски, «Витесс» билан бирорта совринни қўлга киритолмай, хайрлашишимга тўғри келди. Англияга борганимдан бахтли эдим ва «Суонси» сафида АПЛда ўзимнинг нималарга қодирлигимни намойиш этишга тайёр эдим. Шаҳар ва клубда тез орада ўзимни худди уйдагидек ҳис қила бошладим. Таъкидлаш жоизки, Суонсида ҳар куни ёмғир ёғарди! «Суонси»даги илк мавсумимда 25та гол урдим. Ўшанда голларимдан «Манчестер Юнайтед», «Манчестер Сити», «Тоттенхэм» ҳамда «Ливерпуль» жамоалари дарвозабонлари ҳам жабр чекишганди. «Манчестер Сити» дарвозасига янги йилда икки марта тўп киритгандим. Бу эса «шаҳарликлар»га ёқмаган ва шу боис, мазкур клуб менинг трансфер ҳуқуқимни сотиб олганди.

- «Витесс»да Boney M гуруҳи томонидан куйланган Daddy Cool сифатида машҳур эдингиз. Бироқ «Витесс» рамзи ҳисобланган бургут Хертог билан юзма-юз келганингизда, мардлигингиздан асар ҳам қолмаганди...

- Нидерландияда барча мени Daddy Cool дерди. «Витесс» стадиони дижейи гол урганимда, Daddy Cool қўшиғини қўярди. Бунгача бу қўшиқни эшитмагандим, лекин у менга ёқди. Ҳақсиз, Хертог олдида ботирлигимдан асар ҳам қолмаганди. Чунки бу узун тирноқларга эга бургут эди. Ўшанда клубдагилар футболчилар Хертог билан суратга тушишса, яхши бўлишини таъкидлашганди. Шундан сўнг, бургутни Арнем марказидаги кўприкка олиб келиб, у билан расмга тушишга ким жазм этишини кузатишди. Шунда мен бургутнинг эгаси бўлган қушбоқарга: «Ҳеч қачон бургут билан бирга расмга тушмайман. Ақлдан оздингми?» - дедим. Қушбоқарнинг бир кўзини боқаётган қушларидан бири чўқигани, айни пайт бир кўзли эканлигини кўриб қолдим. Шу боис, унга: «Сен ўз ишингни бир кўзинг билан ҳам бажаришинг мумкин. Аммо мен бир кўзимдан ажрайдиган бўлсам, футболчилик фаолиятимни якунлашимга тўғри келади», - дедим (кулади).

- 2007 йили «Ливерпул»да икки ҳафталик кўрикда бўлгандингиз. Ўша жараён қандай кечганди?

- Кўзларимга ишонмагандим. Ахир, Сами Хюйпя, Стив Жеррард ва Жейми Каррагер билан бирга машғулот қилгандим. Шунингдек, мазкур жамоада кейинчалик «Сток Сити»да йўлларимиз кесишган Питер Крауч ҳам бор эди. Ўшанда икки ҳафта давомида Рафаэль Бенитес қўл остида шуғуллангандим. Бу эса мен учун ажойиб тажриба мактабини ўтаганди. Боиси, Кот-д`Ивуар кўчаларида футбол ўйнашга одатлангандим. Ўшанда «Ливерпуль» савияси мен учун юқори бўлганди. Шу боис, жамоада қолиш учун унчалик ҳам интилмадим. Икки ҳафтадан сўнг Кот-д`Ивуарга қайтдим. Икки ойдан кейин эса Праганинг «Спарта» клубидан таклиф бўлди. У ердаги фаолиятимни ёшлар жамоасида бошлаб, кейинчалик тезда асосий таркибдан ўрин олдим.

- «Спарта»дан қандай хотиралар қолган?

- Мазкур клубда ўзимни бошқа оламга тушиб қолгандек ҳис қилгандим. Чехия шундай совуқ эдики, ўша ерда илк марта қорни кўрдим! Инглиз тилини умуман билмасдим. Лекин менга Прага шаҳрини сайр қилиш ёқарди. Ресторанга бориб, шаҳар айланардим. Маҳаллий аҳоли билан французча, инглизча гаплашардим, чех тилида эса озгина сўзларни билардим, холос. Бундан эса кўплаб инсонлар кулишарди. Аммо айнан шу омиллар чех тилини ўрганишимга туртки берди. Прагада кучимга куч қўшилди. Чехияда худди армиядаги аскар каби шуғулландим. Янги мавсум арафасида биз кунига 4 маҳалдан машғулот ўтказдик. Шунингдек, тоғда елкамизда гиря билан югурардик. Чехиядаги «ҳарбий тайёргарлик» мени тажовузкор қилиб тарбиялади. Ўзи шундоқ ҳам кучли генларга эга эдим - доимо бақувват йигит бўлганман. Туғилганимда вазним 8 килограмм бўлган. Онам жисмоний жиҳатдан жуда кучли аёл. У дзюдо бўйича «қора белбоғ» соҳиби!

- Премьер-лигадаги фаолиятингиз давомида омадсизлик ҳам юз берган, шундайми?

- Ҳа, айниқса, 2015 йилнинг январида «Манчестер Сити» таркибига қўшилганимда. Ўшанда мен «сингандим». «Шаҳарликлар» сафидан жой олишимдан олдин Кот-д`Ивуар терма жамоаси таркибида Африка Миллатлар лигаси мусобақасида иштирок этиб, мазкур турнир ғолибига айланган, ўзим ҳам яхши ўйин намойиш этгандим. Бу эса жуда ажойиб лаҳзалар эди. Бироқ қўшимча ўйинларни кўп ўтказгандим. Бундан ташқари, икки ҳафтадан сўнг, Африканинг 40 даражали иссиғидан Англиядаги бор-йўғи 5 даражали илиқ ҳавога қайтгандим. Менда дам олишга вақт ҳам қолмаганди. Кўп юкламалар қабул қилиб, кетма-кет жароҳат олдим ва ҳақиқий ўйинимни намойиш этолмадим. 2015|2016 йиллар мавсумини аъло даражадаги формада бошлашга аҳд қилиб, ўз ватанимдаги таътилдан сўнг, янги мавсум олдидан шахсий мураббийим билан Испанияга йўл олдим. Аммо у ерда безгак касалига чалинганим маълум бўлди. «Штутгарт»га қарши кечган ўртоқлик учрашувида эса бир нечта бармоғимни синдириб олдим. Ўша мавсум футболчилик фаолиятимдаги энг омадсизи бўлганди.

- «Шаҳарликлар» таркибидаги фаолиятингизни қандай баҳолайсиз?

- 2015 йилнинг кузида ажойиб формада эдим. Ўшанда 14та ўйинда 8та гол урдим, шунингдек, ўша йили Англия Лига кубогини ҳам қўлга киритдик. Бироқ жароҳат олганлигим боис, «Манчестер Сити» янги футболчиларни излашга тушди. Ҳужум чизиғидаги рақобат жуда кучли эди. Ўшанда ўзгача маҳоратга эга бўлган Серхио Агуэрога қарши рақобатлашишимга тўғри келди. Серхио машғулотларга доимо норози кайфиятда келар ёки кеч қоларди. Лекин у жарима майдончаси ичида рақиб учун ҳақиқий «қотил»га айланарди - юзага келган ҳар қандай ҳолатдан самарали тарзда фойдаланиб, голлар урарди. Кевин Де Брюйне ва Давид Сильва эса майдонда ҳақиқий «сеҳргар»га айланишарди. Ҳақиқатан ҳам, улар мен бирга фаолият юритган футболчилар орасида энг яхшилари эдилар.

- «Шаҳарликлар» рули Пеп Гвардиола қўлига ўтгач, ижара асосида «Сток Сити» сафига қўшилдингиз. Ушбу жамоадаги фаолиятингиз қандай кечганди?

- Бу ўзгача давр бўлганди. Яна спорт формамни тиклаб олгандим ва мавсумолди ўйинларида мунтазам равишда майдонга тушдим. Аммо дастлабки бир неча ойдан сўнг мени майдонга туширишмади. Хўш, бунга нима сабаб бўлганди? Тўғрисини айтсам, ҳозирча бу ҳақда гапиришни истамайман.

- Кейин «Суонси»га қайтдингиз...

- Ўзим учун қадрдон бўлган жамоага қайтганимдан жуда хурсанд бўлгандим. Лекин бу жамоа олдингисидан анча фарқ қиларди. Натижада «Суонси» Премьер-лигани тарк этишга мажбур бўлди. 2018 йилнинг февраль ойида, «Лестер» билан ўз майдонимизда бўлиб ўтган баҳсда тиззамдан жиддий жароҳат олдим. Жамоанинг қуйи лигага тушиб кетганлигини четдан кузатиш жуда оғир бўлганди. Майдонга 2018 йилнинг ноябрида қайтдим, лекин асосан захирадан майдонга тушдим. 2019 йилнинг январида эса, ўша мавсум Мисрда бўлиб ўтган Африка Миллатлар лигаси мусобақасида қатнашадиган миллий терма жамоамиздан чақирув олиш ниятида, ярим йил муддатга Қатарнинг «Ал-Араби» жамоаси билан шартнома имзоладим.

- Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» клубини тарк этганингиздан сўнг эркин агентга айландингиз. Кейинги режалар қандай?

- Саудиядаги фаолиятим жуда қизиқарли кечганди. Бироқ пандемия сабабли ўзаро келишув асосида шартномамни бекор қилишга қарор қилдик. Шундан сўнг, Суонсидаги уйимга қайтиб, «Ньюпорт» жамоаси машғулотларида қатнашиб турдим. Рождество байрамида коронавирусга чалиндим ва икки ҳафта давомида карантинда ўтиришга мажбур бўлдим. Ўшанда тўхтовсиз кун бўйи йўталардим. Айни пайт яхши спорт формасидаман ва янги саргузаштлар ҳамда чақириқларга тайёрман. Яна уч йил футбол ўйнамоқчиман. Кейин эса бизнес билан шуғулланиш ниятидаман. Шунингдек, Кот-д`Ивуарда ёш футболчилар учун хусусий футбол академияси очмоқчиман. Футболчилик фаолиятимни якунлаганимдан сўнг ўзимни мураббий ролида кўрмаяпман. Чунки бу стрессларга бой касб. Мен эса доимо табассум қилишни хоҳлайман.

Улуғбек УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz