Қайднома

Қидирув

Эътироф: БРАЗИЛИЯЛИК НОЗИКТАЪБ ИТАЛЬЯН

Эътироф: БРАЗИЛИЯЛИК НОЗИКТАЪБ ИТАЛЬЯН

  28.07.2021 09:00
  0
  352
Эътироф: БРАЗИЛИЯЛИК НОЗИКТАЪБ ИТАЛЬЯН

Тарихга айланиб улгурган Евро-2020 турнирининг Италия ва Испания терма жамоалари ўртасида кечган ярим финал (1:1, пен. сер. - 4:2) беллашуви арафасида ҳозир «Лацио» бош мураббийи лавозимини эгаллаган, ўз вақтида «Наполи» ва «Челси» клубларини бошқарган Маурицио Сарри қуйидагича фикрни баён этганди: «Агар Жоржиньо Еврода ғолиб чиқса, «Олтин тўп» номзодига айланади. У шунчалик нозик табиатли ўйинчики, ҳамма уни тушуна олмайди. Бунинг учун ўйин давомида фақат унинг ҳаракатларини кузатиш керак. У шу қадар ақл билан ўйнайдики, ҳаракатлари оддийдек туюлади. Унинг буюклиги мана шунда».

Испанияга қарши Жоржиньо ўзининг энг зўр ўйинини кўрсата олмади: биринчи бўлимда «қизил фурия» вакиллари уни тўла-тўкис зарарсизлантириб, қўл-оёқларини боғлаб қўйгандек бўлишди. Айниқса, Дани Ольмо ва 18 ёшли Педри Жоржиньога тўп билан муомала қилиш имконини беришмади. Бироқ Саррининг бахтига, Жоржиньо барибир, ўйинни бош қаҳрамон мақомида якунлади: пенальтилар сериясида бразилиялик итальян ҳал қилувчи бешинчи зарбани амалга оширди. Ўша лаҳзада футбол олами «Челси» вакилининг «нуқта»дан зарба йўллашда деярли хато қилмаслигини хаёлидан ўтказган бўлса, ажабмас. Жоржиньо ишончни оқлади: ўта хотиржам, ҳатто Унаи Симонни бироз масхара қилган ҳолда доғда қолдириб, Италияни финалга, Испанияни ўйига равона қилди.

Умуман, Жоржиньо Еврони қойилмақом тарзда ўтказди. Мана, унинг айрим кўрсаткичлари:

*** Ҳатто ўзи учун кўнгилдагидек кечмаган Испанияга қарши баҳсда ҳам, у 7 марта рақиблари узатган тўпларни эгаллаб олди. Евродаги бирорта учрашувда бирор-бир футболчи бундан яхшироқ натижа эриша олмаган.

*** Ярим финаллар арафасида эълон қилинган маълумотларга кўра, рақиб дарвозасига зарба йўллаш билан якунланган ҳужумлардаги иштирок борасида Жоржиньо 25 балл билан етакчи учликда эди. Фақат Педри ва Ляпорт ундан 2 очкога олдинда эдилар.

*** Жоржиньо ҳар бир учрашувда ўртача 3,1 марта рақиблари узатган тўпларни илиб олади, бу борада «Челси»даги жамоадоши Н`Голо Канте билан ёнма-ён бормоқда.

Французлар Швейцария терма жамоасига имкониятни бой беришларидан аввал, кўпчилик мутахассислар Кантени «Олтин тўп-2021»га асосий даъвогар сифатида баҳолашганди. Жоржиньо 29 марта тўп назоратини Италияга олиб берди, 391 узатмани 95 фоизли аниқлик билан амалга оширди. Яъни, 371 узатма жамоадошларига етиб борди ва шу давр ичида бирорта ҳам сариқ карточка олмади. Унинг ўйинга қанчалик берилиб кетганлигини шу кўрсаткичлардан билиб олиш мумкин. Телетрансляцияларда у марказий доира ичида турган симёғочдек ва тўпни икки метрга узатаётгандек кўринади. Аслида эса, у тўп билан майдоннинг барча ҳудудларида муомала қилади.

Жоржиньонинг «Олтин тўпи» хусусида букмекерлар нима демоқдалар?

2018 йилда Лука Модрич «Реал» билан ЕЧЛда зафар қучган ва Хорватия билан ЖЧ финалига чиққанди. Жоржиньо бу вазифани ортиғи билан адо этди: у «Челси» билан ЕЧЛда, «Скуадра Адзурра» билан Евро-2020да ғолиб чиқди. Модрич 2017|2018 йиллар мавсумини Ла Лигада ягона гол билан якунлаган бўлса, бразилиялик итальян АПЛ мавсумини 7та гол билан ниҳоясига етказди.

Дунёнинг энг йирик букмекерлик идораси бу йилги «Олтин тўп» мукофотини «Барселона» ва Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси қўлга киритишини тахмин қилмоқда. Унинг коэффициенти 3га тенг. Иккинчи фаворит - Гарри Кейн (5), кейинги ўринлар Роберт Левандовски ва Килиан Мбаппеларга (7) тегишли. Криштиану Роналду ва Н`Голо Кантеларга 9, Неймарга 10 балл берилган. Жоржиньонинг имконияти янада камтарин - 41. Таққослаш учун келтирадиган бўлсак, Чиро Иммобиле (15) ва Лоренцо Инсинье (17) ҳам ундан олдиндалар.

Лекин Евро-2020 турнири натижалари номзодлар рўйхатида сезиларли ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Финалдаги «лотерея»да Жоржиньо гол ура олмаган бўлсада, Доннарумманинг сэйви Италияни турнир ғолибига айлантирди. Ана шу ҳал қилувчи баҳс йўлланмасини эса, «Скуадра Адзурра»га айнан бразилиялик нозиктаъб итальян пенальтилар сериясига муваффақиятли нуқта қўйиш орқали туҳфа этганди.

Ёдингизда бўлса, ЖЧ-2006 финали арафасида Ballon d“Or Фабио Каннаварога насиб этиши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келган эмасди. Боиси, афсонавий Зайниддин Зидан асосий номзод эди. Аммо Марко Матераццининг инсонга хос бўлмаган ҳақоратига эркакча жавоб қайтарган Зизу қизил карточка билан жазоланиб, майдонни тарк этди. Оқибатда устунлик «Скуадра Адзурра» томонига ўтди, Каннаваро эса шунчаки, ҳимоячи эмас, мустаҳкам қояга айланди. Фабионинг «Олтин тўп»га эга бўлишига ҳатто «Ювентус»нинг «В» серияга тушиб кетишига сабаб бўлган можаро ҳам халал бера олмади.

Медиа вакилларига нафақат сифатли ўйин, балки таъсирчан воқеалар ва ёрқин образлар керакми? Марҳамат, Жоржиньода бундай жиҳатлар бобида ҳам муаммолар йўқ: шу мақомга эришгунга қадар у қашшоқ Бразилиядан Веронагача бўлган олис йўлни босиб ўтди, маблағи бўлмагани сабабли ташландиқ монастирда яшади. «Верона» ёш футболчиларга клуб базасида шароит билан таъминлай олмагани боис, уларни монастирга жойлаштиришга мажбур бўлганди. Марҳамат, қаҳрамонимизнинг ўша даврдаги турмуш тарзи билан танишинг:

«У ер монахлар ва академия тарбияланувчилари ўртасида тақсимланганди. Биз 6 киши мўъжазгина хонада 1,5 йил яшадик. Бизга ҳафтасига 20 евро ҳақ беришарди. Лекин у ердаги кишилар биз билан яхши муносабатда бўлишар ва ғамхўрлик қилишарди».

Айнан «Верона»да Жоржиньо илк бора Маурицио Сарри билан учрашган: бўлажак мураббий Венеция провинцияси клубида 3 ой (2007 йил, декабрь - 2008 йил, февраль) фаолият юритган ва бразилиялик озғин йигитчага эътибор қаратганди. 6 йилдан кейин Сарри уни «Наполи»га олиб кетди. Маурицио «Челси»дан таклиф олгач, тез орада Жоржиньо ҳам Лондонга йўл олганди. Афтидан, италиялик мураббий санта-катариналик шогирдига нисбатан фақат сигареталарга кучлироқ боғланиб қолгандек.

Коэффициенти 17 баллга баҳоланган Лоренцо Инсинье «Олтин тўп»га Жоржиньо бошқа номзодларга нисбатан муносиброқ, деб ҳисоблайди: «У нуфузли совринни олишга ҳақли. Мухлислар ҳам фақат уни тилга олмоқдалар. У «Челси»да ажойиб ўйин кўрсатмоқда. Италия терма жамоасида у билан ёнма-ён тўп суриш - биз учун шараф! У ҳайратомуз ўйинчи. Биз уни профессор, деб чақирамиз».

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz