Қайднома

Қидирув

Франк Кессие: «Ваъда шу – «Милан»да қоламан»

Франк Кессие: «Ваъда шу – «Милан»да қоламан»

  04.08.2021 07:27
  0
  395
Франк Кессие: «Ваъда шу – «Милан»да қоламан»

Футболчилар шартномаси муддати тугаши - «Милан» учун ҳақиқий бошоғриғи. «Россонерлар» жорий ёз шунинг ортидан икки асосий ўйинчи - Жанлуижи Доннарумма ва Ҳоқон Чалханоглуни текинга қўйиб юборишди. Ваҳоланки, уларнинг умумий трансфер қиймати 100 миллион еврога тенг (тransfermarkt портали маълумоти). Навбатдаги катта хавф - шартномаси 2022 йилнинг ёзигача мўлжалланган Франк Кессиени йўқотиш. Sky Sport хабарига кўра, Кот-д`ивуарлик ярим ҳимоячи «Милан»дан йилига 6 миллион евро миқдорида маош сўрамоқда, клуб эса бонуслар билан бирга 4-5 «лимон» таклиф қилмоқда. La Gazzetta dello Sport нашри мухбири Олимпиада-2020 иштирокчиси билан боғланиб, музокара жараё­ни ҳолатига қизиқди.

- Франк, ўзи «Милан»да қолишни истайсизми ёки...?

- «Россонер» эканлигимдан фахрланаман ва охиригача клубда қолиш ниятим бор. Мухлисларнинг «Президент, ягона президент», деб куйлашлари ёқади («Президент» - Кессиенинг лақаби). Вақтида айнан «Милан»ни танлаганимдан хурсандман. Қисқаси, ҳеч қаерга кетмоқчи эмасман. Мухлислар хавотирини тушунаман, лекин улар тинчланишсин: ҳамиша ўз сўзимга содиқ қоламан. Ҳозир Токиодаман, олимпия ўйинлари тугаши билан Миланга қайтаман ва шартнома муддатини узайтириш масаласини ҳал қиламиз. Ўйлайманки, ҳеч қандай муаммо туғилмайди. Албатта, Паоло Мальдини ва Фредерик Массара билан доимий равишда алоқадаман. Улар фикримни яхши билишади.

- Майдонда ҳеч қачон чарчамайсиз, югуришдан асло тўхтамайсиз. Бунинг сири нима?

- Жисмоний ҳолатим хусусида нима дейишим мумкин? Нега чарчашим керак? Югуриш, ҳимояланиш ва тўп қайтариш асл вазифам-ку. Қанча кўп ўйнасам, ўзимни шунча яхши ҳис этаман. Ғайратим жўшмоқда, ҳозир клубдошларим ва Стефано Пиоли билан қучоқлашиб кўришиш онларини сабрсизлик билан кутяпман.

- «Милан» ниҳоят, ЧЛга қайтди. Бош евротурнирдаги иштирок бўйича нима дея оласиз?

- Биздан нима кутишлари мумкин? Олдимизда узундан-узун мавсум турибди. Албатта, ЧЛга чиқишни хоҳлагандик ва бунга эришдик. Энди «Милан»нинг Европадаги шуҳратига мос ўйнашимиз шарт. Миллионлаб кўнгилларни қолдиришга ҳаққимиз йўқ.

- Доннарумма ва Чалханоглу кетишди, бунга муносабатингиз...

- Ҳа, икки етакчи футболчининг жамоа билан хайрлашгани яхши эмас, ҳар ҳолда, улар ўйинимизнинг муҳим қисмига айланиб улгуришганди. Қолаверса, Жанлуижи ҳозир дунёнинг энг яхши дарвозабони ҳисобланади. Лекин менда бошқалар қарорини муҳокама қилиш ваколати йўқ. Яхшиси, фақат ўзим учун жавоб бераман. Қайтараман, уларнинг кетишгани яхши бўлмади, аммо «Милан»га янги кучли футболчилар келишди.

- Жумладан, Жиру...

- Янгилар ҳақида нима дердим? Жиру жамоага фойда келтириши мумкинми? Ибрагимовичнинг жароҳати туфайли «Милан» ҳужумда қийналганини инкор этмайман. У ҳар доим майдонда бизга ишонч бағишлайди. Ўйлайманки, Жиру мақтовларимга муҳтож эмас. Унинг биз билан бирга ўйнашидан хурсандман, албатта.

- Деярли барча асосий рақобатчиларда мураббий алмашгани «Милан» фойдасига ишлаши мумкинми?

- Муайян жамоанинг янги мураббий қўл остида қандай ўйнашини ҳеч қачон тахмин қилолмайсиз: у кетма-кет ғалаба қозониши ёки қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Муҳими, «Милан»да бундай савол йўқ. Бизда синовлардан ўтган тузилма мавжуд. Умид қиламанки, бу асосий қуролимизга айланади.

- Сизнингча, Ибрагимович ҳамон асосий пенальтичими?

- Шундай. Златан ҳужумчи ва унга голлар керак. Агар Ибра тепишни истаса, қаршилигим йўқ. Бордию, хоҳламаса, унда ҳар доим тайёрман.

- Олимпиададан қайтгач, шарт­нома муддатини узайтиришингиз аниқми?

- Ваъда шу - «Милан»да қоламан. Демакки, яқин орада келишувни ҳам янгилаймиз.

У.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz