Қайднома

Қидирув

Марко Асенсио: «Мени ҳаёт тарбиялади!»

Марко Асенсио: «Мени ҳаёт тарбиялади!»

  07.08.2021 04:48
  0
  373
Марко Асенсио: «Мени ҳаёт тарбиялади!»

«Реал» ҳужумчиси Марко Асенсио яқинда стартга чиққан Токио-2020 Олимпиадаси футбол турнирига Луис де ла Фуэнте бошқарувидаги Испания терма жамоаси етакчиларидан бири сифатида тайёргарлик кўрди. У Япония сафари арафасида AS нашрига эксклюзив интервью бериб, ҳозирги ҳолати ва спорт формаси чакки эмаслигини маълум қилди. Асосийси, Марко тизза соҳасидаги жароҳати туфайли юзага келган хавотирларни тарқатиб юборди.

- Аввало, жароҳатланганингиздан кейинги ҳолатингизга аниқлик киритиб олсак. Яқиндагина юксак савияга қайтиш учун озгина вақтга эҳтиёжингиз борлигини айтгандингиз. Хўш, нуфузли турнирга нечоғли тайёрсиз, умумий ҳолатингизни ўзингиз қандай баҳолайсиз?

- Айни пайт ҳаммаси яхши - кайфиятим зўр, қандайдир ноқулайликни ҳис қилмаяпман. Узоқ мавсумдан кейин 2 ҳафта мароқли ҳордиқ чиқардим. Шундай экан, ўйинларга 100 фоиз шай эканлигимни айта оламан. Нафақат, жисмоний чарчоқ, балки оғир шикаст­ланишдан кейинги руҳий тўсиқларга ҳам тўла-тўкис барҳам бердим. Қисқаси, хавотирга ўрин йўқ.

- Жиддий жароҳатдан кейин деярли 2 йил ортда қолди. Нохуш хотираларни бутунлай унутдингизми?

- Ҳа, оғир шикастланиш таъсиридан қутулиш осон эмас, албатта. Йил давомида маълум қийинчиликларни бошдан кечирдим. Мана, ниҳоят, якунланган мавсум кайфиятимни тиклаб, майдонга қайтдим. Энди 100 фоиз тайёрман.

- Трансферлар масаласида гап-сўзлар сира тинмаяпти. Айтингчи, Марко Асенсио бўлажак мавсумда ҳам «Мадрид»да ўйнайдими?

- Ҳа, бу аниқ.

- Ростини айтинг, бошқа альтернатив вариантларни ҳам кўриб чиқдингизми?

- Йўқ. Фаолиятимни айнан «Реал»да давом эттириш, шу ерда янада юксалиб, жамоамга кўпроқ манфаат келтиришни хоҳлайман. Клубга наф бера олишимни биламан - бу борада шубҳам йўқ.

- Доимо «Реал» билан юксак чўққиларни забт этиш ниятида эканлигингизни айтасиз. Наҳотки, режангиз бирозгина ҳам ўзгармаган бўлса...

- Соф «мадридчи» эканлигим кўпчиликка маълум. Болалигимдан шу руҳда улғайдим. Жамоанинг ҳар бир мағлубиятидан азобланаман, муваффақиятидан чексиз қувонаман. Бошқа гап ортиқча!

- Зидан кетди, Анчелотти қайт­ди. Дон Карло сиз учун - янги мураббий. У билан гаплашишга улгурдингизми?

- Қисқагина суҳбатлашдик ва мураббий жуда яхши таассурот қолдирди, ғояларини аниқ тушундим. Анчелотти ҳақида яна нима дейишим мумкин? Дон Карло - дунёнинг номдор клубларини бош­қарган, ҳар қайсиси билан муайян натижаларга эришган ўта тажрибали мураббий. Ундан кўп нарсаларни ўрганиш мумкин.

- Анчелотти даврида «Реал»нинг чин етакчиси мақомига кўтарилиш хусусида ҳеч ўйлаб кўрдингизми?

- Шундай бўлишидан умидворман, албатта ва бу борада тинимсиз ишлаяпман. Дон Карло тезкор самарани ёқтиради, бунга тайёр туришим ва у кутган даражада ўйин кўрсатишим шарт.

- Аввалги мавсум финишида яхши спорт формасида эдингиз. Бироқ Зидан етарлича имконият бермади. Бу ҳолат тараққиётингизга таъсир этмадими?

- Дарҳақиқат, мавсумнинг якуний босқичида савия бўйича талаб даражасига чиқдим, орада голлар сериясини қайд этдим. Лекин ЧЛ ярим финалидан кейин мураббийнинг ишончи пасайдими, бошланғич таркибдан жой бермай қўйди. Бу мен учун ачинарли ҳол, чунки жамоага ёрдамим тегадиган паллада кутиб ўтиришдан ўзга иложим қолмади. Ўзи футбол шундай - ниманидир бериши ҳам, олиб қўйиши ҳам мумкин.

- Оз имконият бергани туфайли Зиданга муносабатингиз ўзгармадими?

- Асло. Зизу билан ҳамиша самимий муносабатда бўлганман, унга ҳурматим баланд.

- Клубда ҳамма Зиданнинг кетишига қарши эди, бироқ... Мураббийнинг қарори сизни ҳайрон қолдирмадими?

- Ҳа, унинг кетишини истамагандик. Аммо ҳар ким ўз тақдирини мустақил ҳал қилади. Бунинг ўзига яраша сабаблари борлиги аниқ, фақат биз бехабармиз. Ишончим комил, Зизу тўғри йўлни танлади.

- Серхио Рамос ҳам жамоадан кетди. Унинг қарорини қандай изоҳлайсиз?

- Рамоснинг қарори ҳам Зиданникига ўхшаш. Ҳа, Серхионинг кетишини сира кутмагандим. Менимча, у шунчаки, фаолиятида янги саҳифа очишни хоҳлади. Нима дердим, омадини берсин.

- Жамоадан кетишини маълум қилганидан кейин Рамос билан бу масалада гаплашдингизми?

- Хабар жўнатиб, узоқ вақт мени қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирдим. Серхио - намуна бўлишга арзийдиган футболчи. Унинг «Мадрид» ва терма жамоадаги фаолияти ҳайратланарли.

- «Реал»да ҳам, терма жамоа­да энг ёш футболчилардан бири эдингиз. Олимпия термасида эса фахрий ва етакчилар қаторидасиз. Бу зиммангизга қўшимча масъулият юклаши тайин...

- Ҳа, муҳими, масъулият ўзимга ёқади. Клуб ва миллий жамоа сафида йирик мусобақаларда майдонга тушдим. Энди шу тажриба Олимпиадада ёшларга ёрдам беришимда асқотишига ишонаман.

- Олимпия жамоасида 3 нафар ёши катта футболчидан бирисиз. Айнан сизни таклиф этишларини кутганмидингиз?

- Бу буюк орзу эди. Луис де ла Фуэнте шуни рўёбга чиқарди. Терма жамоа билан Олимпиадада иштирок этиш - барча спортчиларнинг орзуси. Энди ишончни оқласам, бас.

- Евро-2020дан четда қолганингиздан афсусланмадингизми? Олимпиада бу аламни юва оладими?

- Олимпиадани бошқа йирик турнирлар ўрнини босадиган «товон» сифатида тилга олиш жоиз эмас. Евро-2020га таклиф қилишганида, бор кучимни сарфлашга тайёр эдим. Бироқ бундай бўлмади, жамоани майдон ташқарисидан қўллаб турдим. Энди олимпия термасига майдонда ёрдам бериш имконига эгаман. Бундан хурсандман, албатта.

- «Реал» Винисиуснинг Олимпиадада қатнашишига қаршилик қилди, сизни эса тўхтатолмади. Бу борада қандайдир шубҳа бормиди?

- Йўқ. Луис де ла Фуэнте қўнғи­роқ қилганида, тўлиқ тайёр эканлигимни айтдим.

- Мураббийнинг Олимпиадага тайёргарликдаги ўрнини қандай баҳолайсиз?

- Луис билан анчадан бери яхши танишман - малакали мураббий. Шунингдек, ўйинчилар кўнглига йўл топишга уста. Луис де ла Фуэнте раҳбарлигида кичик ёш тоифасидаги жамоаларда ҳам ўйнаганман. Ҳар қайси шогирди имкониятларини тўлиқ юзага чиқара оладиган мураббий.

- Олимпия ўйинлари бошқа турнирлардан сезиларли фарқланади. Дейлик, сизлар турли спорт вакиллари билан ёнма-ён юрасизлар.

- Бу масалада тажрибаси бор спортчилар маълумот беришди. Жумладан, Олимпиада бетакрор мусобақа эканлигини айтишди. Ўзи Олимпиада мусобақаларини болалигимдан томоша қиламан. Баскетболчилар, теннисчилар, бошқа атлетлар билан бирга бўлиш, фикр алмашиш - жуда қизиқарли.

- Испания олимпия термаси таркибидан 1996, 1998 ва 2000 йилларда туғилган футболчилар жой олишди. Бу борада фикрингиз қандай?

- Дастлабки машғулотларимиз чакки ўтмади - жамоада ички муҳит аъло даражада. Умуман, бир-биримизни яхши биламиз, энди майдон ташқарисидаги ҳамжиҳатликни ўйинга кўчиришимиз муҳим.

- Япониядан бахтиёр қайтишингизни таъминлайдиган сов­рин борми? Олтин медалдан ташқари, албатта.

- Яширмайман, асосий мақсад - чемпионлик. Бунга эришиш осон эмаслигини яхши биламиз, кучли жамоалар етарли. Лекин барча қатори мақсад йўлида бор куч-маҳоратимизни сарфлаймиз.

- «Реал» учун омадсиз кечган ўйинларда сизни жуда кўп танқид қилишди. Мухлисларнинг оғир жароҳатингиздан хабардор бўла туриб, «тош отиш»ларидан ранжимадингизми?

- Танқид - футболнинг бир бўлаги. Айрим танбеҳлар ўринли, бошқалари... Бунга кўникмасликнинг иложи йўқ. Ўйлайманки, тўғри йўлдан боряпман. Ортда қолган ойлар давомида оғир дамларни ҳам, қувончли онларни ҳам бошдан кечирдим. Янги мавсумда танқидлар ўрнини мақтовлар эгаллашидан умидворман.

- Ҳозир 25 ёшдасиз. Айтингчи, Марко Асенсионинг ёрқин дамлари олдиндами?

- Бунга ишончим комил. Ёшликда кўплаб унутилмас лаҳзалар гувоҳига айландим, ғалабалар ортидан танилдим. Шу жиҳатлар профессионал сифатида шаклланишим, майдонда тўғри қарор қабул қиладиган ҳолга келишимда муҳим роль ўйнади.

- Охирги савол: қайси жиҳатлар бўйича 2 йил аввалгига нисбатан кучайганингизни айта оласиз?

- Руҳий ва жисмоний томондан анча улғайдим. Жароҳатдан кейин қийинчиликларни енгиб ўтишни ўргандим. Шу сабоқлар майдонда ўз аксини топмоқда. Қисқаси, мени ҳаётнинг ўзи тарбиялади!

Муҳаммадсодиқ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz