Қайднома

Қидирув

Легионерларимиз: Норасмий дебютда чиройли гол

Легионерларимиз: Норасмий дебютда чиройли гол

  10.08.2021 02:02
  0
  329
Легионерларимиз: Норасмий дебютда чиройли гол

Илк учрашувда самарали ҳаракатлар. «Рома» Португалия йиғинидан ўрин олган навбатдаги назорат ўйинида маҳаллий жамоа - «Белененсеш»ни 3:1 ҳисобида енгди. Куни кеча Рим клуби билан шартнома тузган Элдор Шомуродов бу учрашув қайдномасига киритилмади. «Бўрилар» кейинги «ўртоқлик»ни шанба куни «Бетис»га қарши ўтказишди. Элдор бунисида янги жамоадаги норасмий дебютини нишонлади. Муҳими, майдонда 68-дақиқага қадар тўп сурган ҳамюртимиз драматик тус олган баҳсда ҳам гол урди, ҳам голда бевосита иштирок этди. Якуний натижага келсак, «бўрилар» 2:5 ҳисобида мағлубиятга учрашди. Бинобарин, иккинчи бўлимда «Рома» вакилларига 4 марта қизил карточка кўрсатилди (жумладан, бош мураббий Жозе Моуриньога ҳам). Хуллас, «Рома» ўйинни 8 киши бўлиб якунлади.

Айтиш жоиз, Элдор Шомуродовнинг кейинги трансфери суммасидан 20 фоизи унинг олдинги клуби - «Женоа»га тегади. Олдинроқ Генуя жамоаси улуши 10 фоизга тенг эканлиги айтилганди. «Рома» вакилининг тасдиқлашича, «Женоа» ҳамюртимизнинг натижаси (ўйинлар сони)га қараб, бонус ҳам олади. «Шарт­номада бонус формуласи аниқ кўрсатилган - 5 йил давомида клуб либосидаги 15, 30 ва 45-ўйин учун алоҳида тўланади. Умумий ҳисобда айтсак, «Женоа» Элдорнинг натижаси ортидан чамаси 2 млн. евро олиши мумкин», - деди Рим клуби вакили бу борада. Дарвоқе, Calciomercato хабарига қараганда, «Рома» ҳужумчи Эдин Жеко трансфери бўйича «Интер» билан деярли келишувга эришди. Кутилишича, миланликлар босния­лик учун 15 миллион евро тўлашади. Аслида Эдиннинг «бўрилар» билан шартномаси 2022 йилнинг ёзигача мўлжалланганди. Яна бир факт шуки, Элдор Шомуродов энди «Женоа» тарихидаги энг қимматбаҳо сотувлар рўйхатининг 9-ўрнида қайд этилади: 1. Кшиштоф Пентек - 35 млн. евро; 2. Диего Милито - 28 млн. евро; 3. Кристиан Ромеро - 26 млн. евро; 4. Пьетро Пеллегрини - 20,9 млн. евро; Стефан ал Шаарави - 20,3 млн. евро; 6. Диего Лаксалт - 19 млн. евро; 7. Ленардо Паволетти - 18 млн. евро; 8. Николо Ровелла - 18 млн. евро; 9. Элдор Шомуродов   - 17,5 млн. евро; 10. Жованни Симеоне - 17 млн. евро.

«Навбаҳор»нинг собиқ бош мураббийи Андрей Канчельскис ҳам Элдор Шомуродовни «Рома» сафидан жой олганига муносабат билдириб, ҳамюртимизни довюрак йигит сифатида мақтади: «Шомуродов қўрқмасдан Генуяга борди ва у ердан топ-клубга кўчди. Энди дунёнинг энг яхши мураббийларидан бири Жозе Моуринью қўл остида тўп суради. Довюрак йигит. Бизнинг футболчилар эса уйда ўтиришади, Россия паспорти туфайли ҳеч қаерга чиқишни хоҳлашмайди».

Остон Ўрунов «Спартак» қайдномасида. Ҳам­юртимиз Остон Ўрунов ниҳоят, «Спартак»нинг РПЛ-2021/2022 учун берган «заявка»сига киритилди. Демак, 20 ёшли ярим ҳимоячи «қизил-оқлар» сафида майдонга тушиши мумкин. Маълумот учун, «Спартак» РПЛнинг дастлабки 3та турида 2та мағлубиятни тан олди. Эслатма, Ўрунов ва Москва клуби ўртасидаги шартнома 2025 йилнинг ёзигача амалда бўлади.

«Трио» майдонда, фақат... Беларусь кубоги 1/8 финалидан ўрин олган «Энергетик-БГУ» - «Неман» ўйини меҳмон жамоанинг яққол ғалабаси билан якунлади. Аниқроқ айтсак, яқинда икки ҳамюртимиз - Шаҳзод Убайдуллаев ва Бобур Абдухолиқов ёнига ярим ҳимоячи Дониёр Абдуманноповни ҳам қўшиб олган «БГУ» 0:4 ҳисобида енгилди. Шаҳзод ва Бобур омадсиз ўйинда тўлиқ вақт ҳаракатланишди, Дониёр эса танаффусда алмаштирилди. БАТЭ бу раундда «Славия»ни 90+4-дақиқада урилган гол эвазига енгиб (сафарда - 2:1), чорак финалга йўл олди. Борисов жамоаси ярим ҳимоячиси Шаҳбоз Умаров тўлиқ вақт давомида фаол тўп суриб, ғалабага муносиб ҳисса қўшди.

«Сеонгнам» мағлуб. Ж.Корея «К»-лигаси 16-тури доирасидаги «Поханг Стилерс» - «Сеонгнам» ўйини тақдирини 72-дақиқада мезбонлар вакили урган ягона гол ҳал қилди. Меҳмон жамоа ярим ҳимоячиси Жамшид Искандеров мазкур ўйиннинг 76-дақиқасидагина захирадан майдонга тушди. «Сеонгнам» айни пайт чемпионат турнир жадвалида сўнгги ўринни банд этиб турибди. «K»-2 иштирокчиси «Тэжон Ситизен» турнирнинг 24-туридан ўрин олган баҳсни «Чоннам» майдонида ўтказиб, 0:0 ҳисобини сақлаб қолди. Меҳмон жамоа сафидаги Икром Алибоев учрашувда тўлиқ 90 дақиқа тиним билмади.

Хилма-хил натижалар. Хитой Суперлигаси 12-тури ҳамюртларимиз жамоалари учун турлича келди. Таркибида Одил Аҳмедов ўйнаётган ««Цанжоу Майти Лайонс» ўз майдонида «Гуанжоу Сити»га 0:2 ҳисобида ютқазган бўлса, «Чунцин Лифан» (Достон Турсуновнинг клуби) «Циндао Хайню»ни ягона гол эвазига енгди. Одил ўз жамоаси ўйинининг иккинчи бўлими бошидан майдонда ҳаракатланди, Достон эса аксинча, 35-дақиқадаёқ ўрнини захира вакилига бўшатиб берди. «Чунцин Лифан» кейинги тур ўйинини ўз майдонида ўтказиб, «Гуанчжоу Эвергранд» олдида «бош эгди» - 1:5. Достон Турсунов бунисида 88-дақиқагача майдонда бўлди. «Цанжоу Майти Лайонс» эса 13-турда «Шенжен»ни 2:1 ҳисобида енгди. Одил Аҳмедов жамоасининг ўз майдонида кечган баҳсида 85 дақиқа ҳаракатланди.

Кубок ўйинида гол. Қозоғистоннинг «Тобол» клуби Европа Конференциялар лигаси учинчи саралаш босқичи илк ўйинида «Жилина» (Словакия)га бас келолмади - 0:1. «Астана Арена» стадионида ўтган ўйинда жамоанинг янги ҳужумчиси Игорь Сергеев 86-дақиқача ҳаракатланди, бироқ самарасиз. Жавоб учрашуви 12 август кунига белгиланган. Якшанба куни эса «Тобол» Қозоғистон кубоги гуруҳ раунди 5-тури доирасида «Тараз»ни қабул қилиб, иродали ғалабани тантана қилди - 2:1. Жамоасининг бошланғич таркибида майдонга тушган Сергеев 69-дақиқада ҳисобни тенглаштирган гол муаллифига айланди.

Айтганча...

Элдор Шомуродов Осиёнинг энг қимматбаҳо футболчилари қаторига кирди. Аниқроқ айтсак, ҳамюртимиз трансфери бу борада 9-ўринга кўтарилди.

Осиёлик футболчиларга тааллуқли энг қимматбаҳо трансферлар

1. Шоя Накажима («Портимоненше» / «Ал-Дуҳайл») — 35 миллион евро

2. Сон Хюн Мин («Байер» / «Тоттенхэм») — 30 миллион евро

3. Хидетоши Наката («Рома» / «Парма») — 28,4 миллион евро

4. Хидетоши Наката («Перуджа» / «Рома») — 21,7 миллион евро

5. Чжан Чжэндун («Пекин Гуоан» / «Хэбэй Форчун») — 20,4 миллион евро

6. Алиризо Жаҳонбахш (АЗ / «Брайтон») — 19 миллион евро

7. Элкесон («Гуанжоу Эвергранд» / «Шанхай СИПГ») — 18,5 миллион евро

8. Чжао Юйцзе («Гринтаун» / «Хэбэй Форчун») — 17,8 миллион евро

9. Элдор Шомуродов («Женоа» / «Рома») — 17,5 миллион евро

10. Мунас Даббур («Зальцбург» / «Севилья») — 17 миллион евро


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz