Қайднома

Қидирув

Эрлинг Холанд кетмайди!

Эрлинг Холанд кетмайди!

  11.08.2021 07:44
  0
  334
Эрлинг Холанд кетмайди!

- Ҳали 3 йиллик шартномам бор ва қаергадир кетишни ўйлаётганим йўқ. Ғалабалар нашидасини суриш учун шу ердаман. Бу гап жорий ёз Дортмунд «Боруссия»сидан қайсидир гранд клуб сафига ўтиши кутилган норвегиялик Эрлинг Холандга тегишли. Демак, ёш голеадор катта эҳтимолки, янги мавсумни ҳам Бундеслигада бошлайди. Ҳар ҳолда, Бад-Рагац машғулотлар базасида журналистлар билан қисқача гаплашган Эрлинг ўз трансфери ҳақидаги миш-мишларга қарата «зарба» йўллади, гўё.

- Умид қиламанки, бунинг ҳаммаси атиги гап-сўзлар, холос. Бир футболчи учун жуда катта сумма. «Боруссия»да барчаси менга маъқул. Эрлинг ХОЛАНД (трансферига 175 миллион евро таклиф этилаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат).

- Охирги хабар: «Холанд 175 миллион евро эвазига «Челси» сафига қўшилмоқда». Бунга нима дейсиз?

- Кеча кўришганимизни ҳисобга олмасак, чамаси бир ой давомида шахсий агентим билан гаплашмадим. Шунинг ўзи барчасини англатиб турибди: «Борус- сия»дан кетиш ниятим йўқ. Бинобарин, яна 3 йиллик шартномам бор. Асосийси, Дортмундда ҳаётдан завқланяпман. Бошқа гапга эҳтиёж бўлмаса керак.

- Хўш, истиқболингизни қандай тасаввур қиляпсиз? Ички потенциалингизничи?

- Ўнг ва чап оёғим, бошим билан янада кўпроқ гол уришим керак. Ўйлайманки, ўйинимни ҳали ҳар жиҳатдан кучайтириш салоҳиятига эгаман. Қисқаси, юқори нуқтага чиққанимча йўқ.

- Охирги 2 мавсумда катта силжишга эришдингиз. Мухлислар энди сиздан янада кўпроғини кутишлари тайин...

- Ҳаммасига турлича қараш мумкин. Дейлик, агар юзага келган имкониятлардан тўлиқроқ фойдаланганимда, Бундеслигада бош тўпурар бўлардим. Бироқ пойгада 1-ўринни эгалламадим. Чунки кўплаб қулай вазиятлардан самара чиқаролмадим. Шундай экан, фойдаланиш даражасини оширишим шарт.

- Бош мураббий Марко Розе билан ишлаш қандай экан?

- Уни олдиндан яхши биламан, Рене Марич, Александр Циклер ва Патрик Айбенбергерни ҳам. Ҳар ҳолда, «Зальцбург»да қисқа вақт Розе қўл остида ўйнаганман. Умид қиламанки, бу сафар бошқача бўлади, яъни ҳамкорлигимиз узоқроқ давом этади, унинг раҳбарлигида етарлича ўйнайман.

- Янги мавсумда қайси марраларни кўзламоқдасиз?

- Биринчи навбатда, янада ривожланиш ҳақида ўйлашим керак. Жамоа сифатида эса барқарор ўйнашимиз талаб этилади. Агар изчил ўйинни йўлга қўя олсак, ғалабалар келаверади, менимча. «Зальцбург»нинг Марко Розе  бошқарувида қандай ўйнаганига қаранг: майдонда 11 нафар футболчи борини берди, «ер тишлаб» ишлади, ҳамма бир-бири учун курашди.

- «Боруссия» ўтган мавсум Германия кубогини қўлга киритди. Биллур соврин жамоанинг ҳозирги салоҳиятига мосми?

- Клубнинг қайсидир турнирда ғалаба қозониши жуда муҳим эди, жумладан, шахсан ўзим учун ҳам. Умуман, айнан ғалабалар нашидасини суриш учун шу ердаман. Афсуски, Германия кубогидаги зафарни мухлисларимиз билан бирга нишонлаш насиб этмади. Ўйлайманки, бу ғалаба жамоа кучига куч қўшди.

- Янги клубдошингиз Дониэлл Мален ҳақида нималарни биласиз?

- Ҳозирча у билан бафуржа гаплашганим йўқ. Ўйлайманки, Мален аллақачон мухлислар олдида стадионга тушиш онларини интизор ҳолда кутмоқда. Албатта, бирга самарали ўйнашимиздан умидворман. Биринчи учрашувдаёқ Дониэллга бор гапни айтдим: «Имкон қадар кўпроқ тўп узатишинг шарт, акс ҳолда, хафалашиб қоламиз» (кулади). Ҳужумда жуфтлик бўлиб тўп сурсак керак. У жамоа ўйинини кучайтириш учун шу ерда. Ишонаманки, Мален «Боруссия»га ижобий энергия бағишлайди. Фақат   Бундеслигада ўйиннинг бошидан охиригача бор кучини ишга солса, бас. Ахир катта клублар тоифасига киривчи «Боруссия»га бежиз келмаганини исбошлаши зарур.

Журналистлар базада Евро-2020дан кейин «Боруссия» Д. машғулотларига нисбатан кечроқ қўшилган Рафаэль Геррейруга ҳам юзланишди. «Бор эътиборни клубга қаратиш вақти келди. Кўряпманки, бизда жуда яхши жамоа бор», - деди португалиялик ярим ҳимоячи.

 

Жамоага қайтиш...

- Клуб ихтиёрига қайтиш ҳамиша ёқимли, ахир кўп йиллардан буён шу ердаман, ўрганиб қолганман. Энди машғулотларда зўр бериб ишлашга тайёрман.

 

Евро-2020 1/8 финалидаги мағлубият...

- Ютқазиш аламли, албатта, аммо ҳаёт давом этмоқда. 5 йил олдин Европа чемпиони бўлгандик, футболда эса ҳар сафар ғалаба қозониш имконсиз, айниқса, қитъа биринчилигида. Нима дердим, кейинги йирик турнирни кутамиз. Лекин ҳозир бор эътиборим фақат ва фақат «Боруссия»да.

 

Янги мавсум режалари

- Асосий мақсад - иложи борича жароҳатдан қочиш. Шунда яхшироқ ўйнашим ва жамоага максимал даражада наф келтиришим мумкин. Албатта, муваффақият учун жамоавий ўйинни яхшилаш зарур. Бунинг устида анча ишлаш талаб этилади. Майдонда ҳам, ундан ташқарида ҳам бир-биримизни яхшироқ тушунишимиз ва кўпроқ шуғулланишимиз керак. Яна мураббий талабини тўғри тушуниш ҳам муҳим. Тез орада биринчи соврин - Германия суперкубогини қўлга киритиш имконияти туғилади. Албатта, мавсумни ғалаба билан бошлашни истаймиз. Кўр-япманки, бизда яхшигина жамоа бор.

 

Майдондаги севимли

позицияси

- Энг яхшиси - чап қанот. Лекин мураббий қаерга қўйса, ўша жойда ўйнайман. Мураббий қарорига ҳамиша ҳурмат билан қарайман. Марко Розе билан аллақачон гаплашдим, аммо ўйин фалсафаси ҳақида эмас. Олдимизда етарлича машғулотлар ва ўйинлар бор, уларда мураббийнинг ёндашуви аниқ-равшан кўринса керак.

- Унга бор гапни айтдим: «Имкон қадар менга кўпроқ ассистентлик қилишинг керак, акс ҳолда, хафалашиб қоламиз. Эрлинг ХОЛАНД (Дониэлл Мален трансферига муносабат).

Д.АЛИМОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz