Қайднома

Қидирув

Баҳодирона олтин юриш

Баҳодирона олтин юриш

  12.08.2021 02:42
  0
  326
Баҳодирона олтин юриш

БЎЛСИН ДЕБОН «ПАХТАКОР»-79 ВА У КАБИЛАР РУҲИ ШОД, МУХЛИСЛАР КЎНГЛИ ОБОД
БАҲОДИР ЖАЛОЛОВ АЙЛАДИ РИЧАРД ТОРРЕС РЕЖАСИН БАРБОД...

Токио-2020 ва футбол олами воқеликлари шу қадар шиддатли тус олдики, мулоҳаза учун бош мавзу танлаш жуда қийин кечди. Ўтган шанба куни, яъни 7 август оқшоми ҳамкасбимиз Абдураҳмонхўжа Аҳмедов қўнғироқ қилиб, мулоҳазани «Пахтакор»-79 хотирасига бағишлашимни сўради. Ҳеч иккиланмай рози бўлдим. Зеро, «Пахтакор»-79 мавзуси ҳеч қачон эскирмайди ва футболимизнинг абадий оғриғи бўлиб қолаверади. Айни чоғда  ўша машъум ҳалокат эмас, балки ўзбек футболининг энг ноёб авлоди ҳақида ёзиш биз учун ҳамиша фахр-ифтихордир. Қандай фахрланмаслик мумкин?! Youtube тармоғида футбол тарихи билан боғлиқ кўплаб видеокўрсатувлар бор. Улар орасида Киев «Динамо»сининг 1975-1976 йиллардаги ютуқларига  бағишланган видеолавҳа алоҳида эътиборимизни тортди. Кўрсатув муаллифининг таъкидлашича, ўша пайт бир ўйинда «Динамо» футболчилари тўлиқ таркибда собиқ иттифоқ термаси либосини кийишган. Фақат захирадан бошқа клубнинг бир вакили майдонга тушган. Валерий Лобанов­ский назарига тушиб, Киев «Динамо»си таркибини «бузган» бу футболчи «Пахтакор»нинг ишонган тоғи Владимир Фёдоров эди. Ҳа,  Володямиз истеъдоди шу қадар юқори баҳоланган ва шундай истеъдод соҳиби «Пахтакор»ни жонажон клуби сифатида қадрлаган. Шундай жамоа, шундай футболчилар ҳақида ёзмаслик мумкинми?!

Эртаси - 8 августги воқеалар ривожи эса мулоҳаза ёзиш жараёнидаги умумий маромга ўз таъсирини кўрсатди. Шу куни бир қадрдонимизникида қиз узатилди. Кўплаб танишларимизга тўйга бориш лозимлигини эслатдик. Афсуски, уларнинг кўплари ҳижолатомуз вақтлари йўқлигини айтишди. Бири эса ҳақиқатни очиқ-ойдин тан олиб, дангалига кўчди: «Тўйга борсам, Баҳодир Жалоловнинг финал жангини кўролмайман-ку!» Одамлар «олтин финал» сабаб тўйга бормаётган бир паллада биз шу мавзусини мулоҳазага қўшмаслигимиз қайси мантиққа тўғри келади? Бу каби финаллар спортимиз тарихида ҳар куни кузатилавермайди-ку?! Ана, 5 карра жаҳон чемпиони унвонига тўймаган бразилиялик футбол афсунгарлари Дани Алвеш  сардорлигида Олимпиада олтин медалини иккинчи бор қўлга киритиш учун қандай курашишди? Улар 120 дақиқа давомида бутун дунёни унутиб, ҳаёт шу учрашувдаги ғалабадан иборат,  деган маънони уйғотишди-ку миллионлаб мухлисларда. Шундай экан, «Пахтакор»-79ни ҳам, Баҳодир Жалоловни ҳам, «Рома» таркибидаги илк учрашувидаёқ ўзи мустақил равишда топиб-тутиб гол урган Элдор Шомуродовни ҳам, борингки, «Барселона» билан ҳайрлашув чоғи кўз ёшлари билан футбол осмонини ғуборлардан тозалаган Лионель Мессини ҳам бир мулоҳаза доирасида ёзишга аҳд қилдик ўз-ўзидан. Зеро, ҳар доим ҳам маълум қолипларга амал қилиш шарт эмас. Истиснолар учраб туради ҳаётда. Боз устига, биз тилга олган мавзулар билвосита бир-бирига алоқадордир.

Ўйлаб қарасак, «Пахтакор»-79 - жаҳоннинг энг машҳур клублари билан тенгма-тенг ўйнаган жамоа. «Бавария»ни лол қолдирган Олег Блохин ва унинг шериклари қайси жамоа билан учрашувдан аввал хавотирга тушишган? Албатта, «Пахтакор» билан. Бугун жувонмард кетган шу жамоа руҳини шод қилишнинг энг мақбул йўли қайси? Жавоб оддий: унинг шонли йўлини шараф билан давом эттириш! Бу борада ҳозир ким яловбардор? Ҳеч шубҳа йўқ, Элдор Шомуродов! У «Бетис»га ургани каби гол уришда давом этаверса, «Пахтакор»-79, хусусан, техника ва тезликни гўё Элдорга мерос қолдирган Владимир Фёдоровнинг руҳи шод бўлаверади. Мана, алоқадорлик қайда?! 

Тасаввур қилайлик, ХХ асрнинг 70-йилларида Ўзбекистонимиз мустақил давлат бўлган. Аёнки, у ҳолда «Пахтакор»-79 вакиллари мамлакат терма жамоаси ўзагига айланишарди. Бошқача айтганда, жаҳон чемпионати ва Олимпиада ўйинларида Ўзбекис­тон шарафини ҳимоя қилишарди. Давр тақозоси билан бу тасаввур тасаввурлигича қолиб кетди. «Пахтакор»-79 ўз номи ва шуҳрати билан мангулик қаърига шўнғиди. Лекин бугун мустақиллик эркида яшаяпмиз ва «Пахтакор»-79 вакиллари орзу ҳам қилиб кўрмаган, тасаввурларига сиғмаган воқеалар Ўзбекистон спорт ҳаётида рўй бермоқда. Йўқ, «Пахтакор»-79 ўлмаган! У ҳаммасини кўриб турибди. Баҳодир Жалоловнинг Ричард Торресга қарши кечган финал учрашувини ҳам «Пахтакор»-79 бутун Ўзбекистон билан бирга томоша қилди, десак ҳеч муболаға бўлмайди. Ғолибларни тирикларнинг дуолари, олқишлари қўллаб-қувватлайди, шунинг баробарида ўтганлар руҳи улардан шодланади.

Токио-2020 жараёнида бир неча бор қитмирона хатоларга йўл қўйган ҳакамлар Баҳодир Жалоловга нисбатан ҳам «ҳунар» кўрсатишга уринишди. Агар яққол устунликни намойиш қилмаганидами, ҳакамлар катта эҳтимолки, Ричард Торресга ён босишарди. Умуман олганда, бизнинг боксчилар ва россиялик бадиий гимнастикачиларга нисбатан шундай ёвқараш муносабат сезилди Токио-2020 ҳакамлар гуруҳида. Россиялик журналистлар ҳамон бадиий гимнастика бўйича мусобақаларда Олимпиаданинг ҳалоллик тамойили бузилгани хусусида бутун дунёга жар солишмоқда. Таъкидлаш жоиз, бу йиқилган курашга тўймас қабилидаги гап-сўзлардан холи масала. Токио-2020да айрим ҳолларда ноҳақликлар кузатилгани рост. Фақат бу мавзу ўзбек спорт журналистикаси томонидан етарли даражада ёритилмади, холос. Мавжуд муаммоларни ёритилиши эса айрим ҳамкасбларимизга ёқмаётгани ғалати. Ҳақиқатни айтиш - журналистнинг бурчи. Мавжуд муаммони кўриб кўрмасликка олиш ва буни «қора кўзойнак тақмаслик» билан изоҳлаш ҳақиқий журналистга ярашмайди. Шуни билганми, Баҳодир Жалолов ортиқча гап-сўзларга ўрин қолдирмай, «олтин финал»нинг 2-3-раундларини яққол устунликда ўтказди. Жентльмен Кларкка қойил! У Алпомиш авлоди қошида мардона бош эгди! Ричард Торресга шундай мардлик етишмади. Бироқ бунинг учун уни айбламаймиз. У бўлажак учрашувларни ўйлаб, ҳақиқий рақибга алам-изтироб билан боқди. Ричардни тушуниш мумкин. Ахир қайси боксчи Олимпиада чемпиони бўлишни истамайди?!

Бор гап шуки, Буюк британиялик ва америкалик бокс­чилар ўзбек ўғлони мушти зарбини татиб кўришди! Тарих бир айланиб, шундай даврга қадам қўйдикки, ўзбек байроғи АҚШ ва Буюк Британия туғлари ўртасида баландлади. Аждодларнинг мардона руҳи шодлангани - шун. Жалолиддин Мангуберди номи Токио­да ғолибона янгради. Уч ғолибона юриш! Уч олтин қадам! Бу -  ғолибона юриш изчиллашаётанидан, тезлашаётганидан далолат! Мустақилликнинг олтин қадамлари, арзанда ва ардоқли шукуҳи - шу!

Шундай шукуҳли онларда Лио­нель Мессининг драмалари ҳақида ёзиш ўринлими? Бизнингча, даҳонинг кетиши мавзуси кейинги мулоҳазаларга қолдирилгани маъқул! Ҳозирча «Пахтакор»-79 хотираси қошида бош эгиб, олимпиячиларимизни шарафлаймиз!

Муҳаммад ВАЛИ

 

БАҲОДИР

Жаҳон жиловини кафтида тутган,

Темурни ҳам дунё баҳодир дерди...

Ўзи ерда. Қўли юлдузга етган

Баланд боболаринг зеҳни зўр эрди...

 

Сен ғолиб! Ринг узра дунёнинг кўзи,

Онанг оқ сутидек кўз ёшинг ҳалол!

Зарбингдан бир қалқиб қўйди Ер юзи,

Бошинг тошдан бўлсин, Баҳодир Жалол!

 

Ука, тўйларингда тик турай - насиб...

Хизматингда бўлсин менинг қирқ жоним!

Кел энди, қутлайин бағримга босиб,

Шоҳсупада турган Ўзбекистоним!

Қўчқор НОРҚОБИЛ, 2021 йил 8 август.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz