Қайднома

Қидирув

Клубларимизда қандай камчиликлар мавжуд?

Клубларимизда қандай камчиликлар мавжуд?

  12.08.2021 07:37
  0
  265
Клубларимизда қандай камчиликлар мавжуд?

Биласиз, миллий чемпионатимиз иштирокчи клублари ОФК талабига асосан, ҳар йили лицензиялаш жараёнидан ўтиши керак. 2020 йилдан эътиборан ПФЛ Про лига клубларини ҳам мазкур жараёнга жалб эта бошлади. Мақсад - клублар инфратузилмасини босқичма-босқич яхшилаш асносида Суперлига ва Про лига иштирокчилари ўртасидаги катта тафовутни йўқотиш.

- Йил аввалида «Клубларни лицензиялаш регламенти» ишлаб чиқдик. Ундаги айрим мезонлар ОФК белгилаб берган минимал талаблардан баландроқ. Агар клублар ушбу Регламентда белгиланган талабларни тўлиқ бажарса, унда ОФК лицензиясини қийинчиликсиз қўлга киритиши мумкин. Ҳозиргача клубларимиз дастлабки 4та мезон бўйича ҳужжатларни тақдим этди. Мавжуд камчиликлардан асосийси - стадионлар ёритиш тизими талаб даражасида эмаслиги. Зеро, ОФК 2021 йилдан қитъа миқёсидаги халқаро учрашувларни қабул қилувчи стадионлар учун талабларни қатъийлаштирди. Эндиликда ОЧЛ гуруҳ босқичи ўйинлари ўтказиладиган стадионларда ёруғлик даражаси 1800 люксдан кам бўлмаслиги керак («плей-офф» баҳслари учун минимал талаб - 1400 люкс).

ПФЛ талаблари ортидан сўнгги 1 йил давомида қатор клублар прожекторни яхшилаб олди. Мисол учун, «Турон» йўқ жойдан талаб даражасидаги прожекторни барпо қилди, «Қизилқум», «Сўғдиёна», «Пахтакор», «Локомотив» клублари ҳам ёритиш тизимига қўшимча янги лампалар ўрнатди. 25 августга қадар «Қўқон-1912» клуби стадионида ҳам минимал талабларга жавоб берадиган прожекторлар нур соча бошлаши айтиляпти. Бироқ масалани пайсалга солиб келаётган клублар ҳам бор. Шундан келиб чиқиб, Суперлиганинг 4та клубига ёз ойлари ўз майдонида ўйнаш тақиқи қўйилди. Иккинчи босқич ишлари 2022 йилги мавсумдан бошланади, бунда прожектори талаб даражасига етказилмаган юқори дивизион клублари нафақат ёз, балки бошқа фаслларда ҳам уй учрашувларини ўтказишдан мосуво этилади. 

Бундан ташқари, жорий йил ПФЛ клублар стадионларнинг хавфсизлик сертификатига эга бўлиши бўйича қатъий позицияда турди. Натижада барча клублар стадион хавфсизлик режасини ишлаб чиқди. Узоқ йиллар давомида аксарият жамоалар учун муаммо бўлиб келган хавф­сизлик сертификати эндиликда ҳаммада мавжуд. ПФЛ шунинг баробарида жамоалар академия­сини ташкил этишда пойдевор вазифасини ўтовчи «Клубда ёшлар билан ишлаш тизимини ривожлантириш бўйича дастур» ишлаб чиқилиши ва ҳаммаси стандартларга мос келиши масаласига жиддий қаради. Айни ҳолатда «Қўқон-1912», «Қизилқум», «Сўғдиёна», «Сурхон», «Арал Самали», «Хоразм» ва «Янгиер» клубларида бу борада камчиликлар мавжуд.

Навбатдаги масалада - клуб тизимида иш олиб борувчи мураббийларнинг махсус малака дипломига эга эмаслиги. Бу йил мазкур муаммо анча камайди, аммо тўлиқ бартараф этилгани йўқ. Хусусан, «Сурхон», «Қўқон-1912», «Турон», «Арал Самали», «Хоразм» ва «Янгиер» жамоаларида ёшлар таркиблари билан ишлайдиган мутахассисларнинг ҳаммаси ҳам «B» дипломига эга эмас. ОФК талабига кўра, клубнинг ёшлар билан ишлаш тизимида камида икки нафар «B» мураббийлик лицензияга эга мутахасис иш олиб бориши лозим. Шу шарт билан қолган барча мураббийлар «C» дипломи билан фаолият олиб боришлари мумкин. Ёшлар билан ишлаш тизимига оид яна бир муаммо — академия директори ёки болалар билан ишлаш тизимига масъул раҳбар «A» мураббийлик дипломига эга эмаслиги. «Сурхон», «Динамо», «Арал Самали», «Хоразм» ва «Янгиер» жамоаларида фаолият олиб бораётган мутахассислар бу талабга жавоб беришмайди.

Маълумот учун, ОФК белгилаб берган режага асосан, лицензия­лаш жараёни апрель ойида старт олди ва клублар июль ойи якунига қадар спорт, инфратузилма, ишчи-ходимлар, ҳуқуқий мезонлар бўйича, август ойида эса молиявий мезонлар бўйича ҳужжатларни тақдим этиши керак. Ҳозиргача клубларимиз дастлабки 4та мезон бўйича ҳужжатларни топширди. Тушуниш керакки, айнан август барча камчиликларни бартараф этиш учун ҳал қилувчи ойдир. Зеро, миллий лицензия ва ОФКники клубларнинг келаси мавсумда халқаро, ички мусобақаларда иштирок этиши масаласида устувор аҳамият касб этади.

Зоҳир АКРАМХОНОВ, ПФЛ Клубларни лицензиялаш ва халқаро алоқаларни ривожлантириш бўлими бошлиғи


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz