Қайднома

Қидирув

Жанни Инфантино: «Мақсадимиз - футболни глобал кўламга кўтариш»

Жанни Инфантино: «Мақсадимиз - футболни глобал кўламга кўтариш»

  12.08.2021 08:48
  0
  334
Жанни Инфантино: «Мақсадимиз - футболни глобал кўламга кўтариш»

Июнь ойи охирида Мадридда бўлиб ўтган EFE спорт бизнес-форумига махсус меҳмон мақомида таклиф этилган ФИФА президенти Жанни Инфантино тадбир ниҳоясида халқаро мусобақалар тақвими, савдо жараёнларининг мусаффолиги, аёллар футболининг ривожланиши каби бир қатор масалаларда ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.

- Сўнгги кунлардаги учрашувларни кузатар эканман, футбол яна кўнгилочар тадбирлар индустрияси чўққисида эканлигини тушундим. Шундай эмасми?

- Чиндан ҳам шундай. Ҳозирда футбол ЕВРО (УЕФА), Америка кубоги (КОНМЕБОЛ) ва «Олтин кубок» (КОНКАКАФ) турнирлари орқали бизга чексиз завқ бермоқда. Пандемия туфайли жаҳон футболи тўхтаб қолган даврни ҳам бошдан кечирдик. Уруш давридан кейин бунақа ҳолат кузатилмаётганди, ҳамма жиддий қийинчиликка дуч келди. Жабр тортган ва тортаётган кишилар жуда кўп. Гарчи стадионлар мухлисларга тўлишга улгурмаган бўлсада, футболнинг қайтгани рост. Бу нормал ҳаётга қайтаётганимиздан далолат беради.

- Трансфер бозорида қандай янгиликлар юз беради? ФИФА томонидан жорий этилаётган ҳисоб-китоб палатаси вазифаси нима?

- Агар COVID-19 арафасидаги ўтган йилни ёдга олсак, халқаро трансфер бозорида 7 млрд. доллар сарфланди. Унинг 700 млн.и бевосита агентларга тўланган бўлса, атиги 70 млн.и футболчиларни тарбиялаган клубларга тегди. Мақсадимиз - трансфер бозорини ислоҳ этиш. Чунки шунчалик улкан ҳажмдаги маблағнинг бирор-бир қоидага асосланмаган ҳолда сарфланишини ижобий баҳолай олмаймиз. Ҳисоб-китоб палатаси футболчилар тарбияси билан шуғулланаётган клублар ўз хизматларига яраша тақдирланишларини кафолатлайди. Боиси, у ҳар қандай трансфер қийматининг 5 фоизи футболчини вояга етказган клубга тегишини таъминлайдиган ҳамкорлик механизмига эга. Бу бизнинг қоидамиз. Лекин ҳақиқат шуки, ҳозир фақат 60 ёки 70 млн. берилмоқда. Нима учун? Чунки улар - шу маблағни олишлари мумкинлигини билмайдиган ёки адвокатлар орқали судга мурожаат қилиш учун пули бўлмаган кичик клублар. Шу сабабли биз бу жараённи автоматлаштириш ва унинг мусаффо бўлишини истаймиз.

- FIFPro янада адолатли ва пухтароқ тақвимни талаб қилганди. Наҳотки, мусобақалар шу қадар кўп бўлиши шарт? ЖЧни 48та жамоа иштирокида ўтказиш лойиҳаси атрофидаги вазият қандай?

- Бу кўпчилик футбол ассоциациялари, лигалар, клублар, футболчилар ва мухлисларнинг хоҳиш-истаклари эканлигига менда шак-шубҳа йўқ: биз футболнинг янада соғлом, рақобатбардош ва турли қинғирликлардан холи бўлишини истаймиз. Бунга эришиш учун халқаро турнирлар графигини таҳлил этишимиз лозим. Биз бу масалада тажрибаси ва профессионализми мукаммал даражада бўлган Арсен Венгердан шу жараёнга бош-қош бўлишини илтимос қилдик. Манфаатдор томонлар фикрини ўрганишни асосий иштирокчилар - футболчи ва мураббийлардан бошладик, келажак футболини қандай тасаввур қилишлари билан қизиқдик. Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати, ЖЧ, Евро, Америка кубоги, АМК, Осиё кубоги, клублар хусусида қандай фикрдалар? Сентябрь, октябрь, ноябрь, март ойларида бир қитъадан иккинчисига сафар уюштиришга муносабатлари қандай? Улар хорижда 2 учрашувни ўтказиб, ортга қайтишни афзал кўришадими ёки маҳаллий клублар билан 4 марта куч синашишни. Мана шу масалалар муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, мухлислар нуқтаи назарини ҳам пухта ўрганиб, барчани қониқтирадиган ечимни қабул қилишимиз талаб этилади. ФИФА президенти УЕФАнинг навбатдаги 44-Конгрессида ҳам халқаро мусобақалар тақвими борасида самарали ҳамкорлик зарур эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтганди.

Бизнинг бош мақсадимиз - футболни глобаллаштириш. Бу борада ўзимизга савол бериб кўрайлик. Албатта, футбол дунёдаги биринчи рақамли спорт тури. Эҳтирос, иштиёқ бобида чиндан ҳам яққол ажралиб туради. Лекин унинг имконияти, куч синашиш даражаси, ўйинчиларнинг муҳим турнирларда энг ёрқин ўйинларни намойиш этиш қобилияти глобал мақомида эмас. Менинг истагим, орзуим, бизнинг ғоя ва фалсафамиз - клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиқа оладиган 50та энг зўр клубга эга бўлиш, шунингдек, 50та мамлакатнинг энг кучли миллий термалари ўртасида ЖЧ ташкил этиш. Шуни уддалай олсак, футбол олий мақомига кўтарилади.

- Энди навбатни аёллар футболига берсак. Уни янада ривожлантириш ва кенгайтириш борасида қандай ўзгаришлар юз беради?

- Яқин 10 йил ичида аёллар футболи бошқа спорт турларига нисбатан юксак тараққиётга эришади. 10 йилдан кейин қаерда бўлишимни билмайман, аммо яна бир марта бу масалада суҳбатлашиб, рақамларни таққослашимиз, аёллар футболини турли спорт турлари ва эркаклар футболига қиёслаб, қанчалик илгарилаб кетганига гувоҳ бўлишимиздан умидворман. Мен фақат даромадни эмас, умумий кўрсаткичларни назарда тутяпман. Аёллар ўртасидаги Франция мезбонлигида ўтган сўнгги ЖЧ улкан муваффақиятга эришди. У 1,2 млрд. мухлис гувоҳлигида ўтди. Трибуналардаги ишқибозлар сони эса 1 млн.дан ошиб кетди. Фақат финалнинг ўзини 263 млн. мухлис томоша қилди. Биз бутун дунёда ривожлантиришни мақсад қилган спорт тури шу. ФИФА аёллар футболи ривожи учун 1 млрд. доллар ажратганининг боиси ҳам шу.

ФИФА ташаббуси билан ташкил этилган семинарлар ва турнирлар серияси COSAFAMedia ҳудудида уюшган футбол фаолиятининг тикланиши билан нишонланди. Бу Африкадаги ёш ўйинчилар, мураббийлар ва аёл футболчиларнинг янги авлоди ривожланиши йўлидаги муҳим қадам бўлди. Уругвайда бўлиб ўтган 17 ёшгача қизлар ўртасидаги ЖЧни яхши эслайман. Финалда Мексика ва Испания терма жамоалари ўзаро куч синашгандилар. Маълумки, бу мамлакатлар ҳеч қачон аёллар футболи ривожланган давлатлар қаторида бўлган эмаслар. Демак, ривожланишда давом этиш керак. Шунингдек, биз эркаклар футболидаги каби, аёллар футболида ҳам халқаро тақвимдан келиб чиққан ҳолда тегишли маслаҳатларни бериб борамиз.

- Энди ЖЧ-2030 мавзусига ўтайлик. Мезбонликка даъвогарлик қиладиган бир нечта номзодлар орасидан бизнинг Испания - Португалия савдосида қатнашиш талабномамизга қандай баҳо берасиз?

- ФИФАдаги ислоҳотдан кейин ҳатто унинг президенти ҳам овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Фақат 211та мамлакат овоз беради. ФИФА президенти сифатида мезбонликка номзод бўлиш истагидаги мамлакатлар сони ортиб бораётганини таъкидлаб ўтган бўлардим. Қизиқишнинг ортиб бориши нимани англатади? Кишиларнинг ФИФА жараёнларига ишончи ортиб бораётганини англатади. Тўғри, доимо шундай бўлган, дея олмайман. Аммо ҳозир биз шундай йўл тутяпмиз. Масалан, 2 йил аввал ЖЧ-2026 турнири учун танловни ошкора, мусаффо ва жамоатчилик олдида ўтказдик. Жараённи экспертлар кузатиб, текшириб турдилар. Хуллас, Испания ва Португалияга 2026 йилда Шимолий Америкада бўлиб ўтадиган турнирдан кейин бошқа ҳар бир мамлакатга берадиган кафолатни берамиз. Яъни, жараён яхлит ва мусаффо муҳитда ўтишини таъминлаймиз. Номзодлар қанча кўп бўлса, ФИФА ва унинг раҳбарига ҳам шунча яхши. Ғо-либлик энг муносиб номзодга насиб этиши тарафдоримиз!

- Ҳозир 2021 йилдамиз. ФИФАнинг кейинги 2 йили қай тарзда ўтишига қисқача изоҳ бера оласизми?

- Барча саъй-ҳаракатларимиз футболни чинакам глобал кўламга кўтаришга қаратилган. Биз уни ўстира олсак, ўзимиз ҳам улғаямиз. Футбол бутун дунёда ривожланиши учун, ҳеч кимни камсита олмаймиз. Футбол фақат сараланганлар учун эмас, ҳамма учун очиқ бўлиши лозим. Ҳатто қизиқувчиларнинг йирик вакилларига ҳам мана шу очиқлик манфаат келтиради. Мен қудратли ва митти номзод ўртасидаги фарқ тобора ошиб боради, деб ҳисоблайман. Биз ишни ёшлар ўртасидаги ЖЧларда иштирок этаётган футболчиларга имконият, уларни кузатаётган болакай ва қизалоқларга эса, орзу улашишдан бошлаймиз. Бу 2023 йилга мўлжалланган режа: футболни асл глобал кўламга олиб чиқиш. Биз садоқатли, ғояларга ташна бўлишимиз лозим. Биз шунингдек, жасоратли бўлишимиз керак, чунки айрим кишилар ўзгаришлардан қўрқишлари мумкин. Лекин мен ишонч ва кўтаринки кайфият билан олға интилишимиз керак, деб ўйлайман. Фақат шундагина футбол ҳақиқий биринчи рақамли спортга айланади.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz